«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилОналар ва болалар ўлимининг олдини олишга доир ислоҳотлар ўз натижасини беряптими?
Оналар ва болалар орасидаги ўлим ҳолларини камайтириш дунё бўйича энг глобал масалалардан биридир. Ўзбекистонда ўтган йиллар давомида бу борада муайян ишлар қилинди. Аммо муаммо комплекс ҳал этилмас экан, статистик рақамлардаги кичик ўзгаришлар билан мақтаниб бўлмайди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сўнгги вақтда инсон саломатлигини муҳофаза қилиш борасида тизимли ишлар бошланди. Аввало жойларда бу борада кўплаб муаммолар ҳамон сақланиб қолаётгани рўй-рост айтилди ва аҳолимизнинг барча қатлами учун қулай бўлган, сифатли ва замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш, касалликларни барвақт аниқлаш вазифалари қўйилди. Шубҳасиз, бу ислоҳотлар марказида оналар ва болалар орасидаги ўлим ҳолларини камайтириш масаласи туради.
Хўш, давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган топшириқлар ижроси юзасидан қандай ишлар амалга оширилмоқда? Ўзбекистонда оналар ва болалар ўлимига қандай омиллар сабаб бўлмоқда ва уларни бартараф этишга қаратилган чора-табдирлар натижаси кўриняптими?
Булар ҳақида атрофлича маълумот олиш учун Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи Марат САДИКОВ билан суҳбатлашдик.
– Мамлакатимизда аёллар соғлиғини мустаҳкамлаш, репродуктив саломатлигини мониторинг қилиш, оилаларнинг тиббий маданиятини ошириш, тиббиёт муассасалари моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти, замонавий диагностика усулларини жорий этиш бўйича босқичма-босқич чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, – дейди Марат Садиков. – Ўтган уч йил давомида соҳага оид олтита норматив ҳужжат қабул қилинди.
Соҳага оид Давлат дастурлари узвийлик билан ҳаётга татбиқ этилгани натижасида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида қатор ютуқларга эришилди. Жумладан, энг илғор тажрибаларга асосланган она ва бола скрининг хизмати, перинатал муассасалар тармоғи яратилди. Ҳомиладор аёллар ва чақалоқларни перинатал ҳамда неонатал скринингдан ўтказиш орқали уларда туғма ва ирсий касалликларни эрта аниқлаш йўлга қўйилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра (2015 йил Европа регионида саломатликнинг асосий кўрсаткичлари), оналар ўлими кўрсаткичи Ўзбекистонда Ўрта Осиё бўйича энг паст ҳисобланади. Мамлакатимизнинг ушбу кўрсаткичга эга бўлиши нафақат марказий шаҳарларда, балки барча туманларда, ҳаттоки, марказдан энг узоқ жойларида ҳам бирламчи акушерлик ёрдами ташкил этилгани билан эришилди.
Юртимизда болалар ўлими билан боғлиқ сўнгги вазият давлат статистика кўрсаткичларига кўра, 2017 йилга қараганда 2018 йилда яхши томонга ўзгарган. Жумладан, 2018 йилда гўдаклар ўлими кўрсаткичи 9,9 промиллини ташкил этди (2017 йилда бу кўрсаткич 11,5 промиллига тенг бўлган). Гўдаклар ўлимининг структурасида 63,6 фоизни неонатал ўлим ташкил этади. «Соғлом она – соғлом бола» мақсадига эришишда демографик ҳолатни яхшилаш энг муҳим ҳисобланади.
– Айни пайтда мамлакатимизда оналар ва болалар ўлимини камайтириш бўйича «йўл харитаси»нинг асосий мезонлари нима ва бунинг натижаси қачон кўзга ташланади?
– Соғлиқни сақлаш тизимидаги, шу жумладан, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишдаги ҳолатни яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш Концепцияси тасдиқланган. Концепцияда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, болалар ва оналар саломатлигини муҳофаза қилишдаги муаммоларни ечиш учун мақсад ва вазифалар белгиланган.
2019-2021 йилларда Концепцияни амалга ошириш жараёнида «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида»ги қонун, Президентнинг 2019 йил 7 сентябрда «Кам учрайдиган (орфан) ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Республика болалар ихтисослаштирилган ва регионал кўп тармоқли тиббиёт марказлари давлат бюджети маблағлари ва халқаро молия институтлари ҳисобидан ташхислаш ва даволаш асбоб-ускуналари билан жиҳозланиши болаларга халқаро стандартларга мувофиқ юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатишда муҳим ўрин тутади.
Болалар ўлимини камайтиришда эмлаш ҳам катта аҳамиятга эга бўлиб, бугунги кунда эмлаш календари 13 та антигенга қарши 12 вакцинани ўз ичига олган.
Ўзбекистонда овқатлантириш соҳасидаги муаммоларни ечиш интеграл ёндашув асосида олиб борилади. Оналар ва болалар орасида овқатланишни яхшилаш ҳамда микронутриентлар етишмовчилигининг олдини олиш мақсадида қисқа муддатли (6 ойгача бўлган болаларни истисносиз кўкрак сути билан эмизиш), ўрта муддатли (ун фортификацияси, тузни йодлаш) ва узоқ муддатли (шифокор ва ташкилотчилар учун «илк 1000 кун» дастури бўйича семинарлар, соғлом овқатланишга қаратилган аҳолининг овқатланиш одатларини ўзгартириш) тадбирлар ўтказилмоқда.
Барча вилоят перинатал марказларида аёлларга ихтисослаштирилган, юқори технологияли жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган каминвазив (лапароскопик) гинекология бўлимлари ташкил этилди. Бирламчи тизим муассасаларида «Аёллар маслаҳатхона»лари, кўп тармоқли марказий поликлиникаларда «Қизлар саломатлиги хонаси» ҳамда «Перинатал скрининг хонаси» ташкил этилди.
2017-2020 йиллар давомида 439 та объектда, жумладан перинатал марказлар, туғуруқ комплекслари ва бирламчи тизим муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, улардан 384 та (87,5 фоиз) объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди.
2013-2019 йиллар давомида 159 дан ортиқ турдаги тиббий асбоб-ускуналар туғуруқ ва болалар тиббиёт муассасаларига етказилган. Ўз ўрнида жами 221 та тиббиёт муассасаси, жумладан туман, шаҳар марказий шифохоналари ва марказий кўп тармоқли поликлиникалар, оилавий поликлиникалар моддий-техник базаси мустаҳкамланди.
Турли йўналиш бўйича 212 та мутахассис Германиянинг нуфузли клиникаларида, Корея Республикаси Пусан университетида бир йиллик курсларда малака оширди.
Самарқанд ва Андижон вилоятларида болалар кўптармоқли тиббиёт марказларининг ва Республика перинатал марказининг тузилмасига ўзгартиришлар киритилди ва неонатал хирургия бўлимлари ташкил қилинди. Наманган ва Хоразм вилоятлари болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ва Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникасида кардиожарроҳлик бўлимлари, Тиббиёт академияси кўп тармоқли тиббиёт марказида эса инвазив жарроҳлик бўлими ташкил этилди.
Барча вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ҳузурида Тошкент шаҳар ўсмирлар диспансери ҳамда Республика перинатал маркази қизлар гинекологияси бўлимлари ташкил этилган.
– Оналар ва болалар ўлими кўрсаткичи юқори бўлган давлат бу –Ҳиндистон. Бунга экологик муҳитни ҳам сабаб қилиб кўрсатишимиз мумкин. Ўзбекистонда оналар ва болалар ўлимига сабабчи омиллар хақида маълумот берсангиз?
– Дунёда ҳар куни 830 нафарга яқин аёл ҳомиладорлик ва туғиш билан боғлиқ бўлган ҳолатлар туфайли вафот этади (ЖССТнинг 2014 йилга оид маълумоти). Катта ёшли аёлларга қараганда, ўспирин қизларда ҳомиладорлик натижасида асоратлар ва ўлим хавфи юқори. 1990-2015 йиллар учун дунёда оналар ўлими деярли 44 фоизга камайган.
Аёллар ҳомиладорлик ва туғуруқ пайтида ҳамда ундан кейинги асоратлар туфайли вафот этишади. Бундай асоратларнинг аксарияти ҳомиладорлик пайтида ривожланади ва унинг олдини олиш мумкин. Ҳомиладорлик назоратга олинмаса бундай пайтда кўп аёллар аҳволи ёмонлашади. Мисол учун, 75 фоиз ҳолатда оналар ўлимига олиб келадиган асоратлар сирасига қон кетиш (асосан туғуруқдан кейинги қон кетиш), турли инфекциялар, ҳомиладорлик пайтида юқори қон босими, туғуруқдан кейинги нохушликлар, хавфли аборт кабилар киради.
Ҳомиладор аёлларни самарали қамраб олиш ва тўлиқ туғуруқдан кейинги парвариш муаммосини ҳал қилиш бошланғич соғлиқни сақлаш муассасаларида «Аёллар клиникалари» фаолиятини босқичма-босқич ташкил этиш орқали амалга оширилади.
«Саломатлик мактаблари»да маҳаллалар билан олиб борилаётган идоралараро ишлар ҳомиладор аёлларни патронаж қилиш, туғуруқ ёшдаги аёлларни сурункали экстрагенитал касалликлари билан аниқлаш ва уларни яхшилаш бўйича ўз вақтида чоралар кўриш масаласини ҳал этишга ёрдам беради.
Ўзбекистонда болалар ўлимининг сабабларидан бири – бу соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида профилактик, патронаж ва ташхис диагностика ишлари самарадорлигининг паст эканлиги. Аҳоли патронажидаги болалар ва фертиль ёшдаги аёлларни қамровчи патронаж 72-77 фоизни ташкил қилади. Умумий амалиёт шифокорларининг билим савияси ва кўникмалари етарлича бўлмаганлиги сабабли болалар ва оналарга керакли ҳажмда тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти мавжуд эмас.
Муаммолардан бири, жойларда, айниқса, чекка ҳудудларда кадрлар етишмовчилиги ҳамда чақалоқларга оғир ҳолатларда тиббий ёрдам кўрсатиш учун замонавий жиҳозлар таъминоти билан боғлиқ.
– Маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда болалар ўлимининг 57 фоизи неонатал давр — ҳаётининг илк 27 кунида содир бўлмоқда. Кўриниб турибдики, туғуруқхоналардаги шароит, шифокорлар малакаси ва чақалоқни назорат қилиб туриш ҳам бунга боғлик жараён. Айнан шу масалада қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Чақалоқларга ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ошириш учун соғлиқни сақлаш амалиётига Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан тавсия этилган неонатал ёрдамнинг замонавий тамойиллари татбиқ этилган. Булар – чақалоқлар реанимацияси замонавий тамойиллари, соғлом ва бемор болаларни парвариш қилиш, кўкрак сути билан боқиш, инфекцион назорат, онадан болага ОИТС ўтиши профилактикаси. Чақалоқлар реанимацияси реанимация протоколларига киритилиб, республика тиббий муассасалари амалиётига кенг татбиқ қилинган.
2018 йилдан бошлаб давлат бюджети маблағлари ҳисобидан перинатал марказлар сурфактант билан таъминланмоқда. Бу жуда кам ва экстремал кам вазн билан чала туғилган чақалоқларнинг яшовчанлик коэффициенти ошиши, бронхопульмонал дисплазия билан касалланиш камайишига олиб келади. Шу билан бирга, чақалоқларда геморрагик касалликларнинг олдини олиш мақсадида фитаминадион (витамин К) препарати бола ҳаётининг биринчи дақиқаларида қўлланилмоқда.
Кам вазнли чақалоқларга тиббий ёрдам сифатини оширишда замонавий, халқаро даражада тан олинган парвариш усуллари, стандартлар, даволаш ва ташхислашда клиник протоколларни татбиқ қилиш бўйича ишлар йўлга қўйилган.
Ҳозирда вазирлик томонидан ҳудудий перинатал ҳамда тузилаётган туманлараро перинатал марказларнинг моддий-техника базасини кучайтириш ҳамда уларни оғир ҳолатларда оналар ва болалар транспортировкаси учун жиҳозланган реанимобиллар билан таъминлаш бўйича халқаро молия институтлари билан иш олиб борилмоқда.
– Сир эмас, бугун кўп туғуруқхоналарда жой етишмаслиги кузатилмоқда. Мисол учун, 3-4 ой аввал Навоий шаҳридаги Перинатал марказида хоналар ва жой етишмаслиги сабабли, ҳомиладор аёллар шифохона ичидаги йўлакларга жойлашиб даволанишаётгани, Ургут туманида «йўлда туғилган» чақалоқ ҳақидаги хабарлар тарқалди. Мана шундай ҳолатларнинг олдини олиш учун қандай амалий ишлар қилинмоқда, келгуси режалар қандай?
– Навоий вилоят перинатал марказининг ҳомиладорлар хасталиги бўлими 40 ўринга мўлжалланган бўлиб, марказ биносининг иккинчи қаватида жойлашган. Мазкур ҳолатнинг юзага келишига сабаб – бугунги кунда марказнинг мавжуд эски биноси капитал таъмирланмоқда. Шу туфайли бўлимлар янги қурилган бинога тирбанд қилиб жойлаштирилган. Қирқ ўринга жами 63 нафар аёл даволаш учун қабул килинган. Оғир хасталиклар билан мурожаат қилган ҳомиладор аёллар, албатта, стационар шароитда назоратга олинмоқда.
– Ўтган йили ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн интервьюсида шундай деган эди: «Биз Ўзбекистон ҳукуматининг болалар ҳаётини сақлаб қолиш бўйича хатти-ҳаракатларини юқори баҳолаймиз. Афсуски, янги туғилган чақалоқлар ўлими кўрсаткичлари юқорилигича қолмоқда. Буни қабул қилиб бўлмайди, чунки янги туғилган болаларнинг аксариятини кутқариб қолиш мумкин эди...» ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар ва бу масалада жаҳон тажрибасига ҳам мурожаат қилиняптими?
– Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳар йили дунёда бир ойгача бўлган 2,6 миллион бола вафот этади. Яна бир миллион боланинг ўлим ҳолати туғилган кунида содир бўлади. Яна 2,6 миллион бола ўлик туғилади. Болалар ўлимининг 80 фоиздан ортиғи муддатидан олдин туғуруқ, туғуруқ жараёнидаги асоратлар ва инфекциялар, сепсис, менингит ҳамда зотилжам туфайлидир.
Умуман олганда мамлакатимизда болалар ўлими кўрсаткичлари барқарор равишда камаймоқда. Туғуруқ ва болалар муассасалари моддий-техник базасини яхшилаш ва зарур замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, ЖССТ тавсияларига кўра қабул қилинган даволаш стандартлари ҳамда миллий протоколлар бўйича мутахассисларни ўқитиш ва малакасини ошириш каби ишлар амалга оширилмоқда.
Республикада 2014 йилга қадар ҳомиладорликнинг 28 ҳафта ва ундан ортиқ муддатларида тана вазни 1000 грамм ва ундан ортиқ туғилган чақалоқ тириқ туғилган деб ҳисобланган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларига кўра (ҳомиладорликнинг 22 ҳафта ва ундан ортиқ муддатларида тана вазни 500 граммдан бошлаб чақалоқларни қайд этиш), 2014 йил 1 июлдан бошлаб республикада, МДҲнинг бошқа давлатларидек, тирик ва ўлик туғилиш мезонлари қабул қилинди. Республикада экстремал ва ўта кам вазнли чақалоқларнинг туғилиши, дунёдаги каби ўртача бир фоизини ташкил этади.
Ўзбекистонда Минг йиллик ривожланиш мақсадларининг барчасига эришиш, хусусан, гўдаклар ва оналар ўлимини камайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Агар 1996 йилда ўта кам вазнли ва жуда кам вазнли янги туғилган чақалоқларнинг яшаб қолиш даражаси 9 фоизни ташкил этган бўлса, 2018-2019 йиллар давомида 500-999 грамм туғилган чақалоқлар орасида яшаб қолиш фоизи аввалги йилларга нисбатан 40-50 фоизгача, 1000-1500 граммгача туғилган чақалоқлар орасида 57 фоиздан 70-80 фоизгача кўтарилишига эришилди. Бу барча ҳолатлардан фарқли, чақалоқларнинг 50 фоизи неонатологларнинг саъй-ҳаракатлари билан яшаб қолиши ва давлат томонидан барча зарур шароитлар яратилгани исботидир.
Бугунги кунда Ўзбекистонда неонатал хизмат янги сифат даражасига кўтарилди ва ушбу йўналиш бўйича ривожаланишда давом этмоқда. Мутахассисларнинг билим ва кўникмалари доимий равишда такомиллаштирилмоқда, туғуруқ ва болалар муассасаларининг моддий-техника базаси яхшиланмоқда. Неонатал хизматни яхшилаш борасида мақсадли дастурларни изчил амалга ошириш бўйича домий ва кенг кўламли ишлар бажариляпти.
Республикада болалар ўлимини камайтириш мақсадида ЮНИСЕФ ва ЖССТ билан ҳамкорликда жаҳон тажрибасига асосланиб «Болалар касалликларини интеграл усулда олиб бориш», «Кўкрак сути билан боқишни қўллаб-қуватлаш», «Чақалоқларни парвариш қилиш», «Гўдак ва эрта ёшдаги болаларни овқатлантириш», «Болаларнинг ўсиш ва ривожланиш мониторинги ҳамда патронаж тизимини такомиллаштириш» каби дастурларни амалга татбиқ этиш давом этмоқда.
– Барвақт ва узлуксиз туғуруқнинг олдини олиш, ҳомиладор аёлнинг шифокор кўригида бўлиши, гўдаклар саломатлигини назорат қилиш бўйича тарғибот ва чора-тадбирлар ижроси қай даражада бормоқда?
– Ўзбекистонда аёллар, болалар ва ўсмирларга кўрсатилаётган акушер-гинекологик хизматини ташкиллаштириш ҳамда кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янада ошириш мақсадида «Аёллар маслаҳатхоналари», «Перенатал скрининг хоналари» ташкил этилди ва туғуруқ муассасалари замонавий жаҳон стандартлари талабига мос равишда жиҳозланди. Ҳар ҳафтанинг сешанба куни ҳудудлардаги кўп тармоқли марказий поликлиникаларда участкалар кесимида ҳомиладорликка нисбий ва мутлақ монелиги бор аёллар тафтиши ўтказилиб, уларни контрацептив воситалари билан қамраб олиш умумий амалиёт шифокорларини жалб қилган ҳолда биргаликда амалга оширилмоқда. Шунингдек, ҳар ҳафта малакали акушер-гинеколог ва неонатологлар томонидан мутахассисларга оналик ва болаликни муҳофаза қилишга доир миллий стандартлар ва протоколларга тўлиқ амал қилган ҳолда иш юритиш кўникмасини ошириш бўйича дарслар ташкиллаштирилган.
Жорий йилнинг ўтган даврида республика ҳудудларида репродуктив саломатлик борасида жами 14 минг нафар МФЙ мутахассислари ва патронаж ҳамширалари билан уларни ўқитиш ва қайта тайёрлаш бўйича семинарлар ўтказилди. Шунингдек, никоҳланувчи шахслар билан суҳбатлар ўтказилди.
Гўдаклар саломатлигини назорат қилишда туманлар даражасида соғлиқни сақлаш тизимини кучайтириш модели, патронаж тизимида қўллаб-қувватловчи кураторлик ишлари амалга оширилмоқда ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик, зарарли одатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича тарғибот ва тушунтириш ишлари мунтазам олиб борилмоқда.
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил