Дунёда турфа тақдирли инсонлар яшайди. Уларнинг матонатли ҳаёт тарзи нафақат имконияти чекланган кишилар, балки соппа-соғ бўла туриб муваффақиятсизликдан нолиб яшайдиганлар учун ҳам ўрнак бўлиши мумкин.
Оёқ-қўлсиз туғилиб, матонат тимсолига айланган Николас Вуичич билан турмуш қурган Канае Мийаҳара исмли америкалик япон қизи ҳақида эшитганмисиз? У қиз ўзининг комилликка тўла инсоний қалб соҳибаси эканини исбот қилолди. Аслида японларда комил инсон тушунчаси қайси тамойиллар асосида шаклланишини ўқиб-изланиб ўрганиш мушкул. Буни англаш учун буюк қалб соҳиби бўлиш керак.
Қўшкўпир туманига келин бўлиб келган япониялик Микако Сугаварани ҳам катта қалб эгаси дейиш мумкин. У Ғозовот қишлоғида яшовчи Нурбек Рўзметов билан турмуш қуриб, бахтли ҳаёт кечирмоқда...
Нурбек акаси Умиджон ва бошқа ҳамқишлоқлари билан Тошкентда қурилиш фирмасига ишга кирди. Уларнинг зиммасига янги қурилган катта бир ошхона биносининг сўнгги пардозлаш ишлари топширилган эди. Ишчилар бинонинг тайёр бўлган қисмида ётиб юришарди.
Кунлардан бир кун... фалокат оёқ остида деганларидай, саҳармардонда бинода ёнғин чиқди. Олов кўз очиб юмгунча бинонинг ҳамма жойини эгаллаб олди. Чўчиб уйғонган йигитлар ташқарига чиқишга уриндилар, бироқ қоронғида чиқиш йўлагини топа олмасдан аччиқ тутунда бўғилиб ҳушдан кетишди.
Бу фалокат туфайли Нурбек олтмиш фоиз куйиш жароҳати олди. У Тошкентда касалхонада даволанарди. Кутилмаганда шифохонага Япониядан уч нафар шифокор хизмат сафари билан ташриф буюришди. Уларнинг орасида Микако Сугавара ҳам бор эди. Унинг зиммасига Нурбекка қараш вазифаси юклатилган эди. Микако беморнинг боши узра парвона бўлиб, иссиғи ва қон босимини ўлчаб қўяр, қошиқ билан овқат едирарди. Бу меҳрибончилик Нурбекка ижобий таъсир қилиб, тез тузала бошлади. Аммо танасининг ҳамма жойи куйгани боис қайта-қайта жарроҳлик амалиётини бошдан кечирди. У икки йил касалхонада ётиб даволанди.
2011 йил кузида Нурбек қўлтиқтаёққа суянганча касалхонадан уйига қайтди. У шунга ҳам жуда хурсанд бўлди. Ахир у деярли жонсиз танага айланиб қолганди-да.
Микако озроқ муддат хоразмлик йигитдан хабар олиб турди. Сўнг эса ўз юртига жўнаб кетди. Нурбек унга ўрганиб қолган экан, ўзини жуда ёлғиз ҳис қила бошлади. Аксига олиб, қизнинг телефон рақамини ҳам олмаганди. Россияда ишлаётган оғаси Умидбекдан интернет орқали Микакони излаб топишни илтимос қилди. Ният холис бўлса, Худо мададкор бўларкан, орадан беш йил ўтиб Нурбек Микакони топди.
Микако Сигавара Тошкентда ишлаган йиллари ўзбек тилини жуда яхши ўрганиб олганди. У Нурбекка эҳтиромга тўла хабарлар ёзди, телефон орқали гаплашиб туришди. Бир куни йигит халоскор япон қизини Хоразмга таклиф қилди.
– Япониядан Хивага сайёҳ бўлиб келган Микакони тантана билан кутиб олдик, – дейди Нурбекнинг онаси Гавҳаржон биби. – Ўн кун давомида ўғлим унинг ёнидан бир қадам нари жилмади. Кўнгли унга боғланиб қолганини ўшанда ҳис қилдим.
Ёшлар турмуш қуришга қарор қилишди. Олдинига Микаконинг ота-онаси қаттиқ қаршилик билдирди. Қизининг қарори қатъийлигини кўргач, тўйга изн беришди. Тўй Қўшкўпирнинг Ғозовот қишлоғида бўлиб ўтди. Куёв ҳамроҳлигида япон қизи ўзбекона либосларда тавозе билан даврага қадам қўйганида барча меҳмонлар уларни олқишлашди.
– Келинимнинг ота-онаси ҳам тўйга етиб келишди. Уларга ўзбекона миллий таомлар жуда ёқди. Палов еса ҳам, боғимиздан анжир териб еса ҳам «Оҳ, мазали!» деб қўйишарди. Уларнинг қўлидан «Ўзбекча-японча сўзлашгич» китобчаси тушмасди, – дея гурунгни давом эттиради Гавҳаржон биби.
– Микако менда ҳаётга, яшашга умид уйғотди, касаллик ва изтироблар билан мардона курашишга ундади. Ўлмай қолишим сабаби у деб ўйлайман, – дейди тўлқинланиб Нурбек қароқларига севинч ёшлари жиққа тўларкан. – Биз унга Гўзалой деб ўзбекча исм қўйдик. Микаконинг бизнинг она тилимиздаги маъноси шу экан. Баҳорда у менга қўчқордек ўғил туғиб берди. Исми Нажотбек. Чақалоққа ўзбекча алла айтишини кўрсангиз эди…
Хоразмнинг олис бир қишлоғидаги Рўзметовлар хонадонида япониялик келинчак ўзбекона кийинганча қўни-қўшниларга таъзим қилади, ҳовли супиради, ош дамлайди, боласига аллалар айтади. Ҳозир унинг касби акушер-гениколог.
– Мен хоразмлик ёшларга япон тилини ҳам ўргатишим мумкин. Бунинг учун тегишли рухсатнома олиш ниятидаман. Қўшниларнинг болалари: «Микако бийи (янга), бизга япон тилини ўргатинг», деб келишади. Бундан жуда хурсанд бўламан, чунки тил билган қалбларга йўл топади. Мен ўзбекчани яхши билганим учун ҳам Нурбекнинг кўнгил ҳисларини англаб ета олдим, – дейди Микако Сигавара.
Эрпўлат БАХТ,
Меҳрибон ТИЛЛАЕВА
Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли
🕔15:43, 15.05.2026
✔121
МУҚАДДИМА
Ҳақиқий ёзувчи-шоирлар ҳақиқатни ёзишни хуш кўради. Дунёнинг қайси бир четидаги адолатсизлик уларга худди ўзининг уйида рўй бераётгандек туюлади. Қайдадир адолатнинг барқарорлиги ёки ғалабаси уларнинг руҳиятини кўтаради. Улар ҳар бир яхши одамнинг муваффақиятидан қувонади, одамларнинг муаммолари эса уларнинг ҳам дардига айланади.
Батафсил
Унутилмас умр ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон
🕔09:06, 08.05.2026
✔115
...Уйига ҳалок бўлгани ҳақида қорахат жўнатишади. Яқинлари, бир ўғли билан уйда қолиб, зор-интизор кутаётган аёли қайғули хабардан қаттиқ изтиробга тушишади. Қишлоқ аҳли, яқинлари унинг учун аза тутишади. Ўша машъум қорахатдан сўнг орадан саккиз ойча вақт ўтиб...
Батафсил
Дарахтлар – менинг дўстларим
🕔16:47, 30.04.2026
✔136
...Хурсанд аммам энам билан тенгдош, иккиси ҳам қутлуғ саксон ёш остонасида. Ҳордиқ куни меҳмон бўлиб келди, мириқиб суҳбатлашдик. Нимагадир, аммамни болаликдан опа, деб қадрлаймиз, тўнғичларимиз шундай атаган, биз уларга эргашган бўлсак керак.
Батафсил