«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилСиёсий партиялар ўзлари илгари сураётган ғояларига қанчалик содиқ
Мамлакатимиз катта бир сиёсий воқелик арафасида турибди. Жорий йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига умумхалқ сайловлари бўлиб ўтади. Бу йилги сайловларнинг кўп жиҳатдан долзарб ва аҳамиятли экани айтилмоқда. Чиндан ҳам демократик йўлдан собит илдамловчи ҳар бир мамлакат учун сайловлар катта бир синовдир.
Аввало, бу сайлов узоқ давом этган турғунликдан сўнг жадал ўтказилиши эълон қилинган ислоҳотларнинг ростакамлигини синайдиган синовдир.
Иккинчидан, халқимизнинг бу гал арзирли, оқил, фидойи, ҳақиқатпарвар инсонларга овоз бериш-бермаслиги, сиёсий онги ўсган-ўсмаганлигини синайдиган синовдир.
Учинчидан, дунё аҳли, халқаро ҳамжамият олдида янги ислоҳотларимизни намойиш қиладиган, Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг ўтаётган илк парламент сайловидир, халқаро иззат-обрўйимизни белгилайдиган синовдир.
Қайси партия кимни
Бош вазир сифатида кўрмоқда?
Ўзбекистон Конституциясига асосан Бош вазир номзоди Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан Президентга кўриб чиқиш учун таклиф этилади.
Бунда, Президент тақдим этилган Бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиққанидан кейин уни Олий Мажлис палаталарининг кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун киритади.
Бош вазир номзоди унинг учун тегишинча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг ярмидан кўпи томонидан овоз берилган тақдирда тасдиқланган ҳисобланади. Яъни, Бош вазирни тасдиқлаш жараёни аниқ тартибга солинган бўлиб, унда нафақат сайловларда кўп овоз олган партиянинг фикри, балки Президент, сенаторлар ва бошқа депутатларнинг фикри ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Очиғини айтиш керак, шу пайтгача сайловлар олдидан Ўзбекистондаги бирорта сиёсий партия сайловда кўп овоз тўплаган тақдирда Бош вазир лавозимига кимни номзод қилиб кўрсатиши хусусида баёнот бермаган эди. Бу галги сайловларнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, сиёсий партиялар, агар Қонунчилик палатасида энг кўп депутатлик ўринларини олса Бош вазир сифатида кўрсатмоқчи бўлган номзодларини жамоатчиликка ошкор қилди.
Хўш, мамлакатимиздаги бешта партия Бош вазир лавозимига кимларни номзод қилмоқчи?
• Ўзбекистон Халқ демократик партияси: Очилбой Раматов, Бош вазир ўринбосари, транспорт вазири;
• Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси: Русланбек Давлетов, адлия вазири (бундан ташқари соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов номзоди ҳам ўрганилмоқда);
• Ўзбекистон Либерал демократик партияси: Абдулла Арипов, Ўзбекистоннинг амалдаги Бош вазири;
• Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси: «Бизда икки номзод аниқ, аммо ҳозирча жим турамиз»;
• Ўзбекистон Экологик партияси: Одил Темиров, «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси (шунингдек, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев ҳамда «Agromir group» ассоциацияси директорлар кенгаши раиси Шавкат Жалолов номзодларига ҳам эътибор қаратилмоқда).
Ҳақиқатда Ўзбекистон сиёсий ҳаётида бундай дадил баёнот билан чиқиш ҳолати камёб ҳодиса. Бош вазирликка номзодлар суриш ҳодисаси сайловларда ва партиялар фаолиятида алал-оқибат ўзгаришлар бўлаётганидан дарак, десак бўладими?
Афсуски, сиёсий партиялар томонидан ғалабага эришганларида илгари сурилиши мумкин бўлган номзодларнинг аксарияти амалдаги ҳукумат аъзоларидир, яъни парламент бугун назорат қилиши, ҳисобот сўраши керак бўлган амалдорлар. Бошқача айтганда ислоҳотларимизнинг, иқтисодимиз ва ижтимоий ҳолатимизнинг бугунги аҳволи учун жавобгар шахслардир. Агар партияларнинг таклифи шу номзодлар бўлса ва ҳукумат тузилишида бугун улар олдинга сурган номзодлар ҳукуматни ташкил этса, демак бугунги ҳукумат деярли ўзгармайди.
Айтиш мумкинки, мана шу билан сиёсий партиялар ҳали сайлов бошланмасидан ўзларининг ғўрлигини намойиш қилмоқда. Бирор партия ўз етакчисини Бош вазир сифатида тасаввур қила олмаяпти. Ҳолбуки, партиялар ўз лидерларини Президентликка номзод сифатида сурган эди. Савол туғилади: сиёсий партиялар таркибларида ҳукуматни бошқара оладиган инсонлар йўқми ёки уларнинг етакчилари бўлғуси ҳукуматни бошқара олмайдими? Ҳокимиятни орзу қилмайдиган сиёсий кучни партия деб бўладими ўзи?!
Айни пайтда қизғин кечаётган сайловолди ташвиқотларида айни мана шу партиялар мавжуд аҳволни тинимсиз танқид қилмоқда ва бунга масъул бўлганларни, яъни ҳукумат вакилларини номзод сифатида тақсимлаб олган?! Энди ўйлаб кўринг, дунёнинг кўз ўнгида бу ҳолат ислоҳотларимизга ҳам, сайловларимизнинг рутбасига ҳам соя солмайдими?
Эътибор беринг, йиллар мобайнида «халқпарвар» ҳисобланган, ўз номига «халқ» сўзини тиркаган, транспорт тўлови ошиб кетганлигини, автотранспорт хизмати сифатсизлигидан, темир йўл ва авиачипталар монополлаштирилганидан, чипталар қимматлигидан қақшаб нолиган Халқ демократик партияси вазиятни ўзгартириши керак бўлган лавозимга Транспорт вазирини номзод қилиб кўрсатмоқда.
«Адолат» социал-демократик партияси эса бугун қанча адолатсизликлар ҳақида жар соляпти, аммо амалдаги адлия вазирини номзодликка танлаган. Тиббиётнинг аянчли аҳволи, касалхоналарда дори воситалари етишмаслиги ва касалларнинг ўзига юкланиши, туғруқхоналардаги тамагирликлар, тез ёрдамнинг кеч қолиши каби ҳолатлар йил бўйи ижтимоий тармоқларда танқид қилиб келингани ҳолда бу партия соғлиқни сақлаш вазирини ҳам номзод сифатида кўрсатяпти. Контракт пуллари ошиб, стипендиялар пасайтирилган, коррупция ҳакалак отган олий таълим тизими юзага келган бир ҳолатда ушбу соҳага масъул вазир ҳам «Адолат» партияси томонидан номзод сифатида кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистон Либерал демократик партияси амалдаги Бош вазирни ўрнида қолдириш ниятида. Демак, бугунги ислоҳотларнинг боришидан партия қониқмоқда.
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси: «Бизда икки номзод аниқ, аммо ҳозирча жим турамиз», – демоқда. Агар оқиллик деб билсак буни, барибир, бу партиянинг ҳокимият учун сирли тарзда курашиши ғалатидир.
Экологик партия умуман мантиқсиз бир вазиятга тушди: атроф-муҳитни ифлослайдиган энг улкан соҳа раҳбарини экологик партиядан номзод сифатида кўрсатди. Шунингдек, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида электр энергияси таъминоти билан боғлиқ муаммолар мавжуд бўлиб турган бир пайтда ушбу соҳа раҳбарини Бош вазирликка номзод сифатида кўрмоқда.
Халқ нимани истайди?
Умуман олганда, парламент тизимидан муддао – парламентни халқ кесимидаги кайфиятлар, орзу истакларни, дарду ташвишларни ифода этиши керак бўлган муҳим институтга айлантириш. Зотан, давлат ҳокимиятининг манбаи – халқ, дейилган Ўзбекистоннинг Бош қомусида. Халқнинг ҳаммаси бошқарувда қатнаша олмаслиги учунгина у ўз вакилларини сайлайди. Бу вакиллар халқнинг айни пайтдаги фикру ўйлари, дарду ташвиши ифодачисидир ва шу тахлит юзага келиши керак. Халқда қандай қарашлар, фикрлар бўлса, партиялар шу фикрларнинг ифодачиси бўлиши зарур. Қайсидир фикрни халқ кўпроқ амалга ошишини истаса, шу фикрни олға сурган партия кўпроқ овоз олади ва парламентда ҳам етакчи партия бўлади.
Агар халқда бир фикр бўлса-ю, парламентда бошқача бўлса, сайлов ҳам, парламент ҳам номига бўлади ва бундай парламент фаолиятига ва уни сайлашга сарфланадиган харажатларни бошқа зарур ишларга сарфлаган маъқулдир.
Халқ адолат истайди – «Адолат» партияси суд-ҳуқуқ, адлия тизими одил бўлишини, коррупцияни илдизи билан (илдизигача эмас!) йўқотишни мақсад қилиши керак ва шундай қилса, халқнинг катта қисмидан овоз ола олади. Либерал-демократлар либерализм ғоясини унутгандай, унинг мақсади демократик қадриятлар бўлмоғи керак. Халқ олигархияни ҳам, ашаддий капитализмни ҳам истамайди, демак либерал-демократик қарашларни иқтисодга ҳам (бозор механизмларини жадал жорий этиш, монополияни тугатиш), ижтимоий ҳаётга ҳам, жамиятга ҳам (нодавлат секторини, фуқаролик жамиятини ривожлантириш) татбиқ этиш лозим. Халқда миллатнинг ўзлигини англамаслигидан, она тилининг хўрланганидан, миллий тарихнинг сохталаштирилганидан, миллатнинг дунёга сочилиб бораётганидан улкан норозилик бор ва шу дардларни бош ғояси қилса, «Миллий тикланиш»га овоз беради. Худди шу каби бошқа партиялар ҳам «ихтисослашиши» лозим.
Демак, ҳар бир сиёсий куч ўзининг ана шу «ихтисослиги»га муносиб бўлган, ана шу ғояларини ҳаётга татбиқ эта оладиган номзодларни халққа тақдим этиши зарур. Акс ҳолда сайлов сийловга айланиб кетиши ҳеч гап эмас.
Карим БАҲРИЕВ
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил