Америка Қўшма Штатлари Марказий разведка бошқармаси бир машҳур адибнинг асарини 1957 йили Италияда чоп эттирди. Асар қўлёзмаси океан ортига қандай қилиб етиб боргани ҳозиргача сир бўлиб қолмоқда...
Ҳар томонлама қатъий панжараланган бир мамлакатдан кимнингдир асари олиб чиқиб кетилиши ва ҳатто хорижда нашр этилишига ақл бовар қилмасди. Ҳар ҳолда бу иш муаллифнинг иштирокидан холи бўлмаганини ҳамма бирдай тахмин қилаётган эди.
Кўп ўтмай, ҳукумат бу ишга танқидчиларни жалб қилиб, романни «ўрганиш»га киришди. Натижа шу бўлдики, «асар давлат қурилиши моҳиятини бузиб кўрсатган» деб топилди. Ҳатто адабиётга умуман алоқаси йўқ мажлисларда ҳам нотиқлар аввало шу асарни имкон борича қоралаб, сўнг бошқа масалаларга ўтишар эди. Шуниси ҳайратланарлики, ўша нотиқларнинг аксарияти ўзлари боплаб лойга булғаётган асарни ўқиш у ёқда турсин, лоақал муқовасини ҳам кўришмаган эди.
«Ҳозир бу гаплар жуда ҳам ғайритабиий ва кулгили туюлиши мумкин. Лекин аслида худди шундай бўлган, – деб хотираларини давом эттиради филология фанлари доктори, профессор Санжар Содиқов. – Мен ўша пайтда 8-синфда ўқир эдим. Радиодан юқоридаги чиранишларни эшитиб, ҳайратдан ёқамни ушлаганман».
Кутилмаганда айни шу асари учун мазкур муаллифга Нобель мукофоти берилиши эълон қилинди. Бундан саросимага тушиб қолган ҳукумат одамлари энди бошқача йўл тутишди. Ўша пайтдаги мутасадди раҳбарлардан бири бу масалага муносабатини шундай баён қилди: «Майли, истаса, муаллиф бориб Нобель мукофотини олсин, лекин бу ватанга қайтиб келишни хаёлига ҳам келтирмасин».
Бу узил-кесил қарор эди. Муаллиф олдида икки йўл турарди: ё ўз ватанидан ажралиб, Нобель мукофоти орқасидан келадиган бойлик ва шон-шуҳратга эришиш ёки ҳаммасидан воз кечиб, ватанда қолиш.
Асар муаллифи ёзувчилар уюшмаси аъзолигидан ўчирилди. Барча шон-шуҳрат ва бойликдан кечиб эришгани ўз ватанида шундай хўрликларга чидаб яшади. Ҳақорату хўрликлар, туҳмату бўҳтонлар ёзувчи орадан икки йил ўтар-ўтмас, оламдан кўз юмиши билан ҳам якун топмади. Асар яна ўттиз йилча нашр қилинмай қолди...
«Ватандан кетиш мен учун ўлим билан баробар», деб мактуб ёзган эди ўша пайтда асар муаллифи давлат раҳбарига.
Ойни этак билан ёпиб бўлмаганидай, ўша пайтдаги мавжуд тузим емирилиши билан кўп таҳқирларга учраган асар дунёнинг турли тилларида нашр этила бошлади. Шу воқеаларнинг гувоҳларидан бири – Санжар Содиқов асарни ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилиб, ўзбек китобхонларига тақдим этар экан, асарнинг аянчли қисмати ҳақида юқоридаги маълумотларни ҳам баён қилган.
Бу бахтиқаро асар – машҳур рус ёзувчиси Борис Пастернакнинг «Доктор Живаго» романи эди.
Мамлакат келажаги ҳам, иқтисодиёт ривожи ҳам билимли авлодга боғлиқ
🕔10:54, 11.09.2025
✔95
«Мени ташвишга солаётган масала – ёшларимизни касб-ҳунарли қилиб, доимий даромад топиши учун шароит яратиш. Агар буни тўғри йўлга қўйсак, маҳаллада камбағал ва ишсиз қолмайди».
Шавкат МИРЗИЁЕВ
Батафсил
«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»
🕔11:20, 29.05.2025
✔249
Китоб ўқимаган, китобга ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.
Батафсил
Китоб – ҳаётингизни абадий ёритувчи маёқ
🕔12:13, 24.04.2025
✔291
Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди
Батафсил