Хаёлингизга келган тўмтоқ ва тумтароқ фикрларни қувиб ташланг-э! Отамзамонлар қоптими ҳозир!? Кимгадир «бола пули», «суюнчи пули» ё бўлмаса «моддий ёрдам» ёзиб бериш эвазига ўнта сўм-йигирмата сўмнинг пайида юрмаяпти бугунги раислар. Улгурганча улгуржи ишлашяпти ҳозиргилари...
Хўш, маҳалла раислари миллионлаб даромадни қаердан олишяпти? Томорқадан! Ҳа, томорқадан! Қандай қилиб, дейсизми? Унда бир Бағдодга келиб кўринг. Яқин шарққа эмас, албатта Фарғонанинг Бағдодига-да!..
Иброҳимжон ака ўтган кузда томорқасининг 2 сотихига иссиқхона қурди. Қургандаям, ҳавасга: кирган борки, чиққиси келмайди, денг. Тарам-тарам бодринг ҳосили қаричдан узун, помидор муштдан катта – аллақачон бўзариб-қизариб турибди.
– Ҳозирги замонда бировга гап уқтиришнинг ўзимас, – дейди «Шўроқер» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Иброҳимжон Жалолов суҳбат аввалида. – Қуруқ гапдан кўра амалий ишга иштиёқманд одамларимиз. Шунинг учун, томорқа – даромад манбаи эканини қуруқ гап билан айтиб кетавермай, ўзим шу нарсани амалда синаб кўришга жазм қилдим. Банкдан кредит олиб, икки сотих ерга иссиқхона қурдирдим. Барака топишсин, «Бағдод томорқа хизмати» МЧЖ йигитлари қойиллатиб беришди буни. Кеч кузда кўкат экиб, икки миллион сўмга пулладим. Бу йил эса она табиат уйғониб-уйғонмасдан помидор, бодринг, қалампир – ўзимда бор кўчатларни экдим. Мана, кўриб турибсиз, ҳадемай бозорга чиқарсак ҳам бўлади. Келаси йилдан гидропоника усулида қулупнай етиштиришниям йўлга қўймоқчиман. Хуллас, иссиқхона – кони фойда экан, зарар кўрмайсиз экан. Фақат хоҳиш, қунт, сабр ва меҳнатга ошнолик бўлса, бўлди!
Раиснинг омилкорлиги бошқа ҳамкасбларию, маҳалладошларгаям юқяпти секин-аста...
«Пахтаобод» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ваҳобжон Зияев битта тухумни 20 минг сўмдан пуллаяпти-вееей! Ишонинг, бир дона тухум – 20 минг сўм-а! Яна, харидор дегани ўзи қидириб келади…
Гап шундаки, паррандачилик – Ваҳобжон аканинг хоббиси. Яқин икки йилдан бери ноёб зотли товуқларни парвариш қилади, кўпайтиради. Уларнинг тухуминиям, жўжасиниям сотади. Қаерда, денг! Интернетда онлайн дўконлар орқали. Ўзим гувоҳман, харидорнинг кети узилмайди.
– Куни кеча Олтиариқдан излаб келишди, – дейди раис. – Тўплаб юргандим, 30 та тухумни кўтарасига олиб, кўтариб кетишди. Шунақа, зотдор паррандаларни парвариш қилиш ҳам зўр даромадли иш. Шуни инобатга олиб, инкубатор шароитда уларни кўпайтириб, қизиққанларга сотяпмиз, тавсия қиляпмиз. Яқинда инкубация аппарати сотиб олиб, ҳовлимизга ўрнатмоқчиман. Ана шунда ишимиз янаям жонланади.
Ваҳобжон ака куркачилик билан ҳам шуғулланади: дастлаб 300 бош курка боққан бўлса, энди 1000-1500 бош куркани «кўрдим» демайди. Буям, жуда сердаромад соҳа экан, денг: раис акамиз бир йил тўй қилса, бир йил уй қуради, уларданам ортиб қолса, машинани янгилайди.
– Шукр, биргина давлатнинг ойлигига қараб қолмаяпмиз, – дейди хонадон соҳиби. – Ишдан бўш вақтларимда, асосан, эрта тонгда шу паррандаларни парваришлаб, қўшимча даромад олишнинг ҳаракатида бўляпмиз. Уч ўғилнинг ҳаммасини олий маълумотли, уйли-жойли қилдик – бариси оилавий тадбиркорликни йўлга қўйганимиз, биримиз – ўн, ўнимиз – юз бўлаётгани ҳисобига.
Ваҳобжон ака ўзи билган нарсани маҳалладошларгаям ўргатяпти. Шу кунгача ҳудуддаги 15 та оилага 1000 бошга яқин жўжани имтиёзли нархда тарқатди. Керак бўлса, бирма-бир ўша хонадонларга бориб, парваришдаги полапонларни кўздан кечириб келади, маслаҳатлар беради.
Умуман олганда, Бағдодда шунақа омилкор маҳалла раислари сафи кенг. Биз ҳали, боғдорчилик билан шуғулланадиган Сиддиқжон Умаров («Обод юрт» МФЙ раиси), чорвачиликни ўзлаштирган Тўлқинжон Раҳмонов («Қароқчитол» МФЙ раиси) ва яна, қуёнчилик, гулчилик, асаларичилик билан машғул қанчадан-қанча тадбиркор оқсоқоллар ҳақида гапирмадик. Кези келса, улар ҳақида ҳам қоғоз қоралаш ниятимиз бор.
Давлатжон ПОЛВОНОВ,
Бағдод тумани
Микро кўкатнинг макро фойдаси
🕔15:27, 16.10.2025
✔40
Сўнгги ўн йилликларда озиқ-овқат биологияси ва диетология соҳаларида микрокўкатларга бўлган қизиқиш кескин ортди. Бу ёш ниҳоллар ташқи кўринишда оддий кўкатларга ўхшаш бўлса-да, озиқавий таркиби ва биологик хусусиятлари жиҳатидан улардан сезиларли даражада фарқ қилади.
Батафсил
Экологик хавфсиз, юқори даромадли иссиқхоналар – Навбаҳорда
🕔10:49, 11.09.2025
✔124
Бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган қулай инвестициавий муҳит туфайли турли йирик лойиҳалар, жумладан, қишлоқ хўжалиги, экология, ичимлик сув таъминоти ҳамда замонавий турар жой қурилиши йўналишида кенг кўламли ишларга гувоҳ бўляпмиз.
Батафсил
Agrobank – томорқачига кўмакчи
🕔15:36, 27.03.2025
✔311
«Агробанк» акциядорлик тижорат банки томонидан Президентимизнинг 2025 йил 6 мартдаги «Маҳаллаларда томорқалардан самарали фойдаланишни ташкил этиш орқали аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга қаратилган ишларни янада жадаллаштириш тўғрисида»ги фармойиши ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Батафсил