Замон ўтиши билан инсон кексаяр экан, қиёматгача нафақат одамнинг бўйи пасайиб боради, балки ҳадиси шарифга кўра инсоннинг қуввати ҳам заифлашиб боради.
Бундан эллик йил, юз йил олдинги аёллар билан бугунги аёлларни жисмонан мутлақо солиштириб бўлмайди. Айниқса, шаҳар аҳолисида.
Алҳамдулиллаҳ, шаҳарларда турмуш шароити яхши, қишлоқларимизда ҳам анча яхшиланиб боряпти. Аммо бунинг бир жиҳати борки, ёшларимиз болаликдан жисмоний меҳнат қилмай ўсяпти. Шаҳарлик қизлар қишлоқдагилардек челаклаб сувлар кўтармайди, кетмонлаб далада ишламайди. Шунинг учун кўпчилигининг жисми бироз нозик, аксари чиниқмаган...
Қизларимиз — бўлғуси оналар, рўзғор бекалари бўлиб етишиши керак. Оналик учун эса мустаҳкам соғлик керак, чунки ҳомиладорлик ҳам, фарзандни дунёга келтириш ҳам жисмоний жиҳатдан чакана синов эмас. Нима учун сўнгги пайтларда аксар келинчакларимиз туғруқхонада қийналишяпти? Нима учун чақалоқни она қорнидан жарроҳлик амалиёти билан олишга тўғри келяпти? Қоринни кесиб, туғдириб олиш қаердан келиб чиқди? Яқин вақтларгача бу нарса йўқ эди-ку, шу вақтгача келинларимиз ўзи бемалол туғар эди-ку? Энди эса ҳали шамоллаган, ҳали қони кам, фарзандини ўзи туға олмайди, заиф дейди, кучи йўқ дейди ва ҳоказо. Хуллас, фарзандни кесиш жарроҳлиги йўли билан дунёга келтириш ҳолати кўпайган. Аммо бу оддий нарса эмас, ниҳоятда жиддий жарроҳлик амалиёти бу. Бунинг ўзига яраша асоратлари бўлади. Наркоз қилинади, кейинги ҳомиладорликка таъсири бўлиши мумкин ва ҳоказо.
Бугунги кунда қизларимизнинг аксарияти оилавий турмушга, оналикка жисмонан тайёр бўлмай туриб узатиляпти, деган хулоса пайдо бўляпти. Мақсадимиз порлоқ келажак бўлса, бу келажакни соғлом авлод қуриши керак бўлса, соғлом авлод етиштириш учун оналарнинг соғлиғини асрашимиз, уларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатини ҳисобга олиб туриб турмушга узатишимиз керак.
Шариатимизда қизларнинг балоғатга етиш ёши ҳайз кўрган пайти деб белгиланган. Бу ҳукмни ҳеч ким инкор қила олмайди. Бироқ бу қизларни шу ёшданоқ эрга бериб юбориш керак дегани эмас. Қизларнинг турмушга чиқиш ёши Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг замонларида, саҳобалар даврида бутунлай бошқача бўлган. Бугунги кунда, бизнинг диёримизда бу ёш билан у ёшнинг орасида катта фарқ бор. Ҳазрати Оиша сиддиқа онамиз (розияллоҳу анҳо)ни Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га узатишганда тўққиз ёшда бўлганлари ҳадисларда айтилган. Аммо қизларнинг вояга етиш ёши бу ҳадисдан олинмайди. Ҳадисларда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг никоҳларида бир пайтнинг ўзида тўрттадан кўп аёл бўлгани, у зотнинг ифтор қилмай, улаб рўза тутишлари каби кўпгина масалалар айтилганки, уларга кўр-кўрона амал қилинавермайди, баъзилари у зотга хос бўлган деб истисно қилинади ва ҳоказо.
Хаворижларга ўхшаб, «Аллоҳнинг ҳукми билан амал қилмаяпти», «Шариатни ҳоким қилмаяпти», деб бонг урувчилар ҳам бор. Шариатни устун қилиш шаръий масалаларда, фарзу вожибларда бўлади, мубоҳ ва жоиз масалаларда эмас. Мубоҳ ва жоиз масалаларда шариатни қоим қиламан деб, ўзимизни қийин аҳволга солиб қўйишимиз керак эмас. Шаръан жоиз бўлгани билан ёшлар орасидаги тафовут катта бўлгани учун урфан бизда жоиз эмас.
Бир фараз қилиб кўринг, келин билан куёвнинг орасида ёшда тафовут катта бўлса, қандай бўлади? Қиз ёш, аммо эркак қиздан йигирма ёш, ўттиз ёш катта бўлса қандай бўлади? Отаси тенги, баъзан бобоси тенги одамга узатиш ҳолатлари ҳам бўлган. Бугунги кунда бу нарса бизнинг урфимизга тўғри келмайди, балки фақат фитнага олиб келади. Ўн етти яшар қиз бола ўзидан йигирма, ўттиз ёш катта эркакка турмушга чиқди, дейлик. У ҳар куни кўча-кўйда ўзи тенги ёш йигитларни кўради, телефонда, телевизорда, интернетда ўзи тенги ёш, навқирон йигитларни кўради-да, уларни уйидаги эри билан қиёслаб, фитналанади. Шунинг учун шариатимизда шароит ҳам эътиборга олинади, урф ҳам эътиборга олинади.
Оилаларимиз мустаҳкам бўлиши учун шуларнинг барчасини инобатга олишимиз зарур.
Раҳматуллоҳ ТЕРМИЗИЙ,
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби
Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?
🕔07:32, 04.08.2025
✔126
Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шаклланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Батафсил
Фаровонлик нима?
🕔12:10, 15.05.2025
✔184
Унинг мезони эрталабки бадантарбия, кун бўйи саломат юриш, кам овқатланишга одатланиш, оила билан саёҳатга чиқиш, китоб мутолаа қилиш, кутубхонага бориш, дорихона-ю шифохонага мурожаат қилмаслик, тўй-маъракаларни камхарж ўтказиш кабилар билан ўлчанса ажабмас.
Батафсил
Тарғибот юқори даражада, лекин зўравонлик икки баробар ошган
🕔15:59, 12.12.2024
✔371
Зўравонликка учраганлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ташкил этилган ишонч телефонига қилинган мурожаатлар сони ноябрь ойида октябрга нисбатан икки баробар ошгани қайд этилди.
Батафсил