«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилҚонун посбонлари қўллаган қийноқлар бир инсон ўлимига сабаб бўлди
Ижтимоий тармоқлар ва бир қатор сайтларда Андижонда ички ишлар органлари ходимлари томонидан Андижон шаҳри, «Наврўз» маҳалласи, Маҳжурий кўчасида яшовчи 1976 йилда туғилган Алижон Абдукаримовнинг ички ишлар бўлинмасида ноқонуний ушлаб турилгани, калтаклангани ва натижада вафот этгани ҳақида маълумотлар тарқалган.
Ўзи нима бўлган эди? Нима учун аҳвол шу даражага бориб етди? Нима учун ички ишлар тизими ходимлари ноқонуний хатти-ҳаракат қилди, каби бошқа қатор саволлар бугун барчани қизиқтириши табиий.
Марҳум Алижон Абдукаримов 1976 йилда Андижон шаҳрида таваллуд топган. Савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланган. Маҳалладошлари, оила аъзоларининг айтишича, маҳалланинг тўй-маъракаларида, жамоат ишларида фаол, тинч тирикчилик ўтказиб келган фуқаро бўлган. Ички ишлар бўлимида ҳисобда турмаган, дейилади ЎзА тарқатган мақолада.
А.Абдукаримовнинг турмуш ўртоғи, 1986 йилда туғилган Махсума Абдуллаева ҳамда унинг акаси Зокиржон Абдукаримовнинг таъкидлашларича, жорий йил 29 май куни тунги 21:00 ларда фуқаро кийимида бўлган, ўзларини ички ишлар ходими, деб таништирган уч нафар киши келиб, А.Абдукаримовни куч билан олиб кетишмоқчи бўлган. Дод-фарёд солиб, йўлларини тўсган ҳомиладор хотинини ҳам четга суриб ташлаб, турмуш ўртоғининг қўлларини қайириб, уйидан олиб чиқиб, машинага солиб олиб кетишган.
Шу воқеадан кейин хотини, синглиси қариндош-уруғларига хабар беришади. Улар вилоят ички ишлар бошқармаларига боришиб, А.Абдукаримовнинг ходимлар уйидан олиб чиқиб кетишганини айтиб, унинг қаердалигини суриштиришган. Орадан бир-икки соат ўтиб, улар Андижон шаҳар ички ишлар бошқармаси 4-бўлинмасида ушлаб турилганидан хабар топишган. Бўлинмага бориб, сўраб-суриштиришганида А.Абдукаримов ҳақида бирор бир аниқ жавоб айтилмаган. Лекин у тонггача ушлаб турилган, марҳумнинг яқинлари эса тонггача бўлинма эшиги олдида кутиб турганлар.
Эрталаб соат 6:00 ларда бўлинмага тез ёрдам машинаси келган ва ҳушсиз, калтакланган А.Абдукаримов Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази вилоят бўлимига олиб кетилган. Касалхонада бир неча кун ҳушсиз ётиб, вафот этган.
– Укамнинг бирор жиноят қилганидан хабарим йўқ, – дейди А.Абдукаримовнинг акаси Зокиржон Абдукаримов. – Айтишларича, қандайдир олди-бердида воситачилик қилган, ўртада қанчадир пул йўқолган экан. Ахир бундай келишмовчиликнинг юзага келиши ҳар бир инсон билан бўлиши мумкин бўлган ҳолат. Балки, укамнинг қандайдир айби бордир ёки уйдан мажбур олиб чиқиб кетишгани учун ходимларга қаршилик қилган, сўккан бўлиши мумкин. Наҳотки, шунинг учун фуқаро ўладиган даражада калтакланса?
Биз яшайдиган маҳалла Андижон шаҳар ИИБ 2-бўлинмаси ҳудудига киради. Нима учун у 2-бўлинмага эмас, айнан 4-бўлинмага олиб кетилди. Умуман, содир бўлган воқеа бутун оиламизни оғир вазиятга тушириб қўйди. Нима бўлганда ҳам энди укамни ҳеч ким ҳаётга қайтара олмайди. Мақсадимиз, адолат қарор топсин, айбдорлар қилмишига яраша жазосини олсин.
Ички ишлар органлари ходимларининг Андижондаги қилмиши бўйича Ички ишлар вазирлиги расмий баёнот берди. Жумладан унда шундай дейилади: «Мазкур ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан зудлик билан хизмат текшируви тайинланиб, ўтказилган текширув хулосасига кўра, фуқаро А.Абдукаримовнинг ички ишлар бўлимида ноқонуний ушлаб турилганлиги ва бошқа ноқонуний ҳолатлар бўйича бир қатор ходимларга нисбатан кескин интизомий жазо чоралари қўлланилган.
Хусусан, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ички ишлар бўлими жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакиллари катта лейтенант Ф.Хусанбоев, катта лейтенант Э.Райимжонов ва катта лейтенант Қ.Қодиров ички ишлар органларидан бўшатилган. Андижон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи подполковник С.Усманов ва Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник П.Мамажонов эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган. Бундан ташқари, 19 нафар раҳбар ва ходимларга турли кўринишдаги қатъий интизомий тартибдаги жазолар қўлланилган.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдек муқаддас бурчига хиёнат қилган ҳеч бир ходим кечирилмайди. Юзага келган мазкур ҳолат бўйича ваколатли органлар томонидан адолатли тергов-суриштирув ишлари амалга оширилади ҳамда қонун устуворлиги ва жиноятга жазо муқаррарлиги таъминланади».
Хўш энди нима бўлади? Айбдорлар қилмишига яраша жазо оладими?
Мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик, фуқаролик жамиятини қуриш, қонун устуворлигини таъминлаш учун бутун халқимиз ҳаракат қилмоқда. Демократик жамиятда қонун барча учун баробар бўлиши керак. Юртимиздаги ислоҳотлар мазмун-моҳиятининг, жамият тараққиётининг ана шу қоидасини, энг аввало, ҳуқуқ-тартибот идораларининг ҳар бир ходими чуқур англаб етиши керак. Зиммасидаги бурч, масъулиятни англамаган ходим халқимиз тинчлик-осойишталигининг посбони бўлган идоралар шаънига қаро доғ туширмайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди.
Юқоридаги ҳолат юзасидан ваколатли идоралар томонидан текширувлар ўтказилиб, албатта, адолат қарор топишига ишонамиз.
Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ
* * *
Мазкур воқеага Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул КУШЕРБАЕВ ўзининг Телеграм каналида қуйидагича муносабат билдирди:
Ахборот технологияларининг кенг ривожланиши ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ортидан амалда ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги ўзгаришлар сабаб, бугун кўп соҳалар қатори ҳуқуқни мухофаза қилиш тизимидаги қонунбузилиш ҳолатлари ҳам жамоатчилик томонидан очиқ муҳокама қилинмоқда.
Турли ахборот манбаларида берилаётган қийноқлар билан боғлиқ маълумотлар бу каби салбий иллатлар афсуски тизимда узоқ йиллар давом этиб бугунги кунларга ҳам уланиб кетаётганлигини кўрсатмоқда: самарқандлик аёлнинг ечинтирилиши, ички ишлар биносида одамнинг ўлиб қолиши, андижонлик фуқаронинг қийноқларга солиниши, Бош прокуратура терговчиларининг «Бекобод иши» доирасида одамларни шафқатсиз қийноққа солиши ва куни кеча Андижонда қийноқлар оқибатида бир инсоннинг ўлиши аслида инсон ҳуқуқларини таъминлашни бўйнига олган идораларнинг айрим «психологик бузилган» шахсларидан оддий одамларни ҳимоя қиладиган алоҳида кучли тузилма зарур бўлиб қолганлигини кўрсатмоқда. Балки омбудсман ваколатларини ошириш керакдир. Билмадим...
Энг қизиғи тизимга нисбатан ижодий пародия қилган ижодкорларни ҳам кечирим сўраттириш даражасига етиб келган «фаришта» тизим раҳбарияти ўз ходимлари қонунбузилишининг оғир кўринишларига йўл қўйганда ҳам ҳокисор халқ олдида ҳеч бўлмаса бир бор кечирим сўрамаса. Манманлик ва кибр ҳам шунчаликми, ахир уларга ваколат берган, кўкларга кўтариб сийлаган шу халқ эмасми? Ваҳоланки, тизимни кулгига олган ижодкорлар ҳам танқид қилаётган бошқалар ҳам улар каби «одам ўлдириш» даражасига боришмаяпти.
Истаймизми-йўқми, ҳар бир тизимдаги камчилик ёки ютуқ бевосита ушбу соҳага раҳбарлик қилаётган шасхларнинг қобилияти, халққа садоқат, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлида ишни ташкил қила олишига боғлиқ.
Афсуски, жамоатчиликка маълум бўлиб қолаётган сўнгги воқеалар (аслида бундан ҳам кўп бўлиши мумкин) ички ишлар тизимига раҳбарлик қилиб келаётган шахсларнинг фаолиятига бўлган ёндашувни қайта кўриб чиқишни тақазо этмоқда. Ҳозирги вазиримизни халқпарвар, деб эшитганман. Аммо бўлиб ўтган ҳолатлар уларнинг истеъфо вақти етиб келганини кўрсатяпти.
Ҳурматли вазиримиз халқ олдида тизимнинг обрўси тушиши, одамларнинг эътирозлари, ходимларнинг босар-тусарини билмай ИИБда қийноқ, ўлдириш каби ишларни «табиий ҳолга айланиб» боришида энг минимал даражада бўлсин айбдор. Ва биз бу каби ишларни уларнинг раҳбарлик даврида кўпроқ эшитяпмиз.
Ҳозир энг муҳими тизимни фуқаро билан инсон сифатида муносабат қила оладиган даражада ислоҳ қилишга тайёр, Президент ташаббуси билан инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида қилинаётган ишларни юқори даражага олиб чиқишга қодир кадрлар билан тўлдириш ва ортиқча юклардан халос этиш зарур.
Бизга халқ берган ваколат, Президент билдирган ишончни инсон ҳуқуқларини бузиш эмас, таъминлаш йўлида ишлатиб, халқни рози қилиш учун меҳнат қиладиган «тили ва иши бир» қонун ҳимоячилари керак.
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил