Оила хуржун      Бош саҳифа

ҲАММА НОРОЗИ

(мендан бошқа, албатта)

ҲАММА НОРОЗИ

 

Одамларга ҳайронман. Ҳар нарсадан камчилик топишади. Қўйиб берсанг, ҳавонинг ҳиди бор, деб нафас ҳам олмай қўйишади. Яхши нарсалар қанча кўп бўлса, шунча нолийди-я?!

Мана, масалан, жияним қўл телефонидан нафратланади. Ҳали жирингламай туриб, ким қўнғироқ қилмоқчи бўлганини кўрсатмасмиш. Телефон дегани: «Ҳурматли палончи, сизга пистончихон ҳозир қўнғироқ қилмоқчи, шунга нима дейсиз, қилаверсинми?» деб огоҳлантириши керак экан. Аттанг, телефонни ихтиро қилаётган даҳо бу томонини ҳисобга олмабди-да. Шуни деб жияннинг умри «мазмунсиз» ўтиб кетяпти-ю. Бу бечора матоҳ (ўзининг номи узун, эслаб қолиш қийин) қуёшга тутиб турсангиз ўзи билиб, қувват йиғиб олса; одам ажратмай, кимни кўрсатсангиз, шуни расмга туширса, мусиқанинг қайси тилдагисини танласангиз, ванғиллатиб қўйиб берса; болохонангизнинг томига чиқсангиз ҳам уйи кўринмайдиган дўстлари­нгиз билан худди ёнма-ён тургандай гаплаштириб қўйса; ҳис-туйғуларни ифодалаш яна ҳам осон бўлиши учун иккингизни бир-бирингизга телевизордагидек кўрсатиб турса, энди ўзингиз инсоф билан айтинг, яна нима қилиб берсин бу «сабзи тахта»?..

Янгам туну кун оҳ-зор қилади: «Эр бўлиб, шуни ҳам олиб беролмади­нгиз-а...», «...Арзимайманми?», «Жоним азобда қолди», «Сизга теккунча...» деб акамнинг қулоқ-миясини ейди, асабларини бир чеккадан ишдан чиқаради. Акамга: «Олиб беринг, янгам ўзини бир нима қилиб қўймасин», десам... Нима эмиш, уйдаги бор маҳсулотларни чамалаб, тайёрлаш мумкин бўлган бир ҳафталик таомлар рўйхатини тузиб берадиган мослама керакмиш. (Тасаввурнинг бойлигини қаранг! Бунақаси ҳали ихтирочиларнинг ҳам хаёлига келмаган. Келган бўлса ҳам яратишгача бормагандир-ов!)

«Малол келмаса, атрофингга сал қара, уйингда чангютгич, совитгич, иситгич, ювгич, қуритгичлар бўлса, ҳаттоки керакли масаллиғни солиб қўйсанг, таомни ўзи пиширгичлар ҳам бор. Сенга яна қанақа ...гич керак ўзи?» дейдиган йўқ...

Акам эса, (уйланаётганида бекорга янгамни танламаган-да) янги «Captiva»ни сўккани сўккан. Қўл бошқарувисиз ўзи юрадигани керак экан.

«Шу кунларда машинанинг тезлигини ошириб-камайтиравериб қўлнинг, бир газни, бир тормозни босавериб оёқнинг томири тортишиб қоляпти, — дейди акам. — Машина дегани қўлингни теккизмасанг ҳам ўзи юраверса-да. Мана, от, эшак деганига қара, устига минсанг бўлгани, ўзи чопқиллаб кетаверади. Ҳеч қаерини босиш, бураш, чуқалаш ҳам шарт эмас. Замонавий бўлмай қолсин, уйдан ишга бориб келгунча роса заҳмат чекаман. Харид қилаётганимда сотувчи йигит: «Ҳаётингизни осонлаштиради, ишонаверинг» деб, жилмайиб ҳам берган эди. Соддаман-да, дарров ишонақолибман. У ҳозир ҳам жилмайиб, кўнгли тоза, ишонувчан қанча одамга мана бу даҳмазани алдаб сотаётган бўлса, ажаб эмас...»

Тунов куни эски ошнамни учратиб қолдим. Тилимдан: «янги иш қалай, яхшими?», деган гап чиқиб кетса бўладими. Шу бошлиғини ёмонлашга тушиб кетса, денг. Аввал кўринишини, кейин гапиришини, камига юришини ўхшатиб, таърифлади. Ўн дақиқанинг ичида ошнамнинг қарғишларидан шўрлик бошлиқнинг барча уруғ-аймоғи, ҳатто иккинчи хотини ҳам бегона бўлмади.

«Энг ёмон одатини мен сенга айтай, — дейди ошнам терга ботган пешонасини артиб. — Қайси даврада бирга ўтирсак, дарров мўйлаби қалтираб, мени мақташга тушади. «Дўстларим, бу ходимимиз ҳақида икки оғиз гапирсам...», «...ташкилот ҳақида гапиратуриб, энг яхши ходимимизни тилга олмасам бўлмайди-ёв...», деб бошлаб қолади.

«Хурсанд бўлмайсанми, галварс, яхши-ку, — дейман ошнамнинг нолиши асабимга тегса-да. — Эвазига пул тўлайман, десам ҳам мени ҳеч ким бундай мақтамайди. Шу хом каллангга шунча алқов эшитсанг, бунинг нимаси ёмон экан, а?»

«Ҳамма гап шунда-да, хумпар, бошлиқ мени мақтайман, деб нуқул тутиб беряпти. Ҳар гал мени мақтаса, кетидан саволга кўмиб ташлашади. Бунақанги саволлардан, ўзинг боя айтганингдай, хом каллам шошиб қол­япти-да...»

Яқинда турмушга чиққан синглим кунора қўнғироқ қилиб, куёвдан шикоят қилади. Айтишича, ҳар икки гапнинг бирида ҳақорат қилар экан.

«Биринчи бор «айиқ» деди, индамадим, — дейди синглим. — Кейинги куни «мушук» деди, яна тилимни тийдим. Бир куни эрталабдан «товуқ» деса бўладими. Ўзингиз гаплашиб қўймасангиз бўлмайди, акажон. Бугун менга шундай деса, индамасак, эртага сизларга навбат келмаса, деб қўрқаман-да…»

Куёвдан ўзи нима гап, деб сўрасам, бечора минг ҳижолат бўлиб дейди:

«Мен синглингизни эркалатиб: айиқчам, мушукчам, товуқчам дегандим. Бироз ошириб юборибман, шекилли. Ҳечқиси йўқ, агар унга ҳайвонлар ёқмаса, бошқа нарса ўйлаб топарман...»

Ён қўшним уйини ўлгудай ёмон кўради. Қачон қарамай, «Уй эмас бу, харобанинг ўзи», деб қулоқ-миямни ейди. Худди уйини мен шу ҳолатга солгандай. Кечаси эса, бизникига чиқиб ухлайди. Том босиб қолишидан қўрқармиш. Ахир йигирма беш йилдан бери бу уйнинг биронта бурчаги уста кўрмаса, бирор жойига тузатиш, ямоқ қилинмаса, том босмай, нима қилсин?

Эҳ, буларнинг дастидан бу ёқда менга кун йўқ. Олдингда биров оҳ-ҳасрат қилаверса, бунақада яшаб бўладими, ахир? Ўзим бирор кимдан норози бўлиш, шикоят қилиш, нолиш нималигини билмайдиган беозор одам бўлсам. Ҳаммасининг дардини эшитолмайман-ку ахир. Менинг ҳам ўз ташвишларим бор, шуларни ўйламай бошқаларнинг дардини эшитаверсам, нима, муаммоларимни ўрнимга ўшалардан биттаси ўйлармиди? Арзимас нарсалар учун нолигунча, менга ўхшаб эътиборсизроқ, вазминроқ бўлишса кошкийди.

Булар эса мендан ҳам норози-да. Нима эмиш, мен уларнинг дардини тинглаб, жим турармишман.

Шаҳноза РАЖАБОВА




Ўхшаш мақолалар

Сайёр қабул –  айёр қабул

Сайёр қабул – айёр қабул

🕔13:48, 24.01.2023 ✔956

(Ҳажвия)

Маҳалла фуқаролар йиғинида ишлайман. Иш шундай болалаб кетганки асло сўраманг. Бир зум ҳам тиним йўқ. Кечаси соат ўн иккига яқин уйга келиб, овқат ейишни ҳам насия қилиб ухлагани ётгандим, эрталаб тонг саҳарлаб раис телефон қилиб қолди.

Батафсил
«Одамларни  ўйлайман!..»

«Одамларни ўйлайман!..»

🕔17:02, 16.12.2022 ✔894

(фельетон)

– Энди, жўражонлар, электр энергетикаси – бу жудаям жиддий нарса-да, – деди электр энергетикаси учун масъул идора бошлиғи Мазарип Қултўраев улфатлари билан суҳбатда. – Айниқса, ҳозирги аёзли кунларда бунинг долзарблиги ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлади. Мана мен, куну тун одамларни ўйлайман: светсиз ўтирганлар сон мингта, улар қандай кун кечиряпти, дейман.

Батафсил
«Антимайлиз» мажлиси

«Антимайлиз» мажлиси

🕔11:06, 23.10.2022 ✔981

(Тил байрамига совсем алоқаси йўқ)

Атимбек Порсаевич кечагина катта мажлис ўтказганига қарамай, бугун шошилинч равишда ходимларини яна йиғилишга тўплади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Сайёр қабул –  айёр қабул

    Сайёр қабул – айёр қабул

    (Ҳажвия)

    Маҳалла фуқаролар йиғинида ишлайман. Иш шундай болалаб кетганки асло сўраманг. Бир зум ҳам тиним йўқ. Кечаси соат ўн иккига яқин уйга келиб, овқат ейишни ҳам насия қилиб ухлагани ётгандим, эрталаб тонг саҳарлаб раис телефон қилиб қолди.

    ✔ 956    🕔 13:48, 24.01.2023
  • «Одамларни  ўйлайман!..»

    «Одамларни ўйлайман!..»

    (фельетон)

    – Энди, жўражонлар, электр энергетикаси – бу жудаям жиддий нарса-да, – деди электр энергетикаси учун масъул идора бошлиғи Мазарип Қултўраев улфатлари билан суҳбатда. – Айниқса, ҳозирги аёзли кунларда бунинг долзарблиги ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлади. Мана мен, куну тун одамларни ўйлайман: светсиз ўтирганлар сон мингта, улар қандай кун кечиряпти, дейман.

    ✔ 894    🕔 17:02, 16.12.2022
  • «Антимайлиз» мажлиси

    «Антимайлиз» мажлиси

    (Тил байрамига совсем алоқаси йўқ)

    Атимбек Порсаевич кечагина катта мажлис ўтказганига қарамай, бугун шошилинч равишда ходимларини яна йиғилишга тўплади.

    ✔ 981    🕔 11:06, 23.10.2022
  • «Озроқ пул...»

    «Озроқ пул...»

    «Эй хумпар! Кап-катта олий маълумотли, бола-чақали одам ёнимга пул деб келишга уялмадингми?..» – менга шундай танбеҳ бераётган, дафтаримдан кўчириб мактабни амаллаб тугатган «иккичи» тадбиркор дўстим олдида бошимни эгиб мулзам бўлиб турар эканман, унга учрашиб хато қилганимни сездим.

    ✔ 1007    🕔 19:52, 17.06.2022
  • Омманинг  маданияти  ёхуд «оммавий маданият»га қарши  курашишдан олдин нимани ўрганишимиз керак?

    Омманинг маданияти ёхуд «оммавий маданият»га қарши курашишдан олдин нимани ўрганишимиз керак?

    Комила стюардессаликка ишга жойлашганидан кейин дастлаб уни Хитойга бориб келадиган самолётга «белгилашди». Шунақа «от бозори»да ишлаб турса, яхшилаб пишиса, озроқ вақтдан сўнг «ответственни» рейсларга ўтказиладиган бўлди.

    ✔ 897    🕔 21:58, 17.02.2022
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар