Бир йигит олим кишининг ҳузурига келди. Олим жуда ҳам парҳезкор, ҳаёт синовларида чиниққан, олижаноб киши эди. Салом-аликдан сўнг улар ўртасида қуйидагича суҳбат бўлиб ўтди:
— Ҳазрат, мумкин бўлса, бир савол билан мурожаат қилмоқчиман?
— Бемалол, тортинманг.
— Оила қурганимга бир неча йил бўлди. Аёлим билан яхши яшаяпмиз. Оғир ишларни юкламайман. Имкон қадар унга ёрдам бераман. Баъзан идиш-товоқ, хоналарни тозалашга ҳам ёрдамлашаман. Муаммо шундаки, онам аввалгидек эмаслар. Ўзгариб қолганлар. Мени қизғоняптиларми ёки аёлим кўнгилларини яхши ололмаяптимикан? Билолмай ҳайронман.
Аёлимнинг ҳар бир ишидан камчилик қидирадиган бўлиб қолганлар. Тўйимиздан бир-икки ой ўтиб шундай бўлиб қолдилар. Аёлим онамни жуда ҳам яхши кўради. Онам эса уни тергайверадилар. Эҳ, онамга бирор гап айтиб хафа қилиб қўймасам, дейман. Ҳазрат, шунга ўхшаш ҳолларда онамга ноҳақликларини тушунтирсам бўладими?
— Турмуш ўртоғингизга ёрдам беришингиз таҳсинга лойиқ. Менда ҳам бир савол бор: Тўйдан аввал ҳам уйларни тозалармидингиз?
— Тушунмадим, бунинг нима алоқаси бор? — бироз ажабланди йигит.
— Яъни айтмоқчиманки, аёлингизга уй юмушларида ёрдам берганингиздек, онангизга ҳам овқат тайёрлаш, идиш-товоқ ювиш каби ишларда ёрдам берганмисиз?
— Онам ўзлари бажарар эдилар.
— Тушунарли. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг. Кечагина хонадонингизга келган жуфтингизга ёрдам берибсиз-ку, умр бўйи саодатингиз учун хизмат қилган онангизга ёрдам бермабсиз?! Яна мендан: «Онамга ноҳақлигини айтсам бўладими?» — деб сўрайсиз. Ким ҳақу, ким ноҳақ?
Қачон онангизга ўз қўлингиз билан таом тайёрлаб бергансиз? Қачон бошларидаги рўмолларини ювиб бердингиз? Қачондир онангизга гул совға қилганмисиз? Узр, ука, қаттиқ гапирдим. Аёлингизга ёрдам беришингиз жуда яхши.
Бунга ҳеч ҳам эътирозим йўқ. Кўпчилик эркаклар қилолмайдиган ишни қиляпсиз. Тасанно! Лекин онангизга нисбатан қилган ишингиз адолатсизлик. Онангизнинг қадрига етмайсизми?! Гарчи сиз учун хатодек туюлса ҳам, она тарафдан келган хатоларга кўз юмилади, сабр қилинади. Ахир, онангиз сизга сабр қилган-ку.
Кечаси йиғлаб уйғонганингизда неча марта уйқусидан кечиб сизга қараган?! Нега сизга: «Ноҳақ йиғлаяпсан!» — демаган?! Нима учун: «Бемаврид касал бўлдинг!» — демаган? Яна давом эттирайми?!
— Йўқ, Ҳазрат. Хатойимни тушундим. Етарли бўлди. Раҳмат сизга, яхши сабоқ бердингиз.
— Қадрдоним! Инсон икки нарсада афсусланади. Бири жаннат бўлса, иккинчиси онадан айрилиш. Жаннатга кирган ҳам, кирмаган ҳам афсусланади: Жаннатга киролмаган: «У дунёда нега амал қилмадим?! Ахир, жаннат ҳақ экан-ку!» — деса, жаннатга кирган инсон: «Нега у дунёда кўпроқ амал қилмадим?!» – дейди.
Худди шунингдек, онаси вафот этгандан кейин бири: «Нима учун тирикликларида хизматларини қилмадим-а?!» — деса, бошқаси: «Нега ҳаётликларида кўпроқ хизматларини қилмадим. Дийдорларига тўймабман-а!» — дейди. Онадек меҳрибон инсон йўқ. У сиздан дунёларни сўрамайди, унга бироз меҳр ва эътиборнинг ўзи кифоя!
Муҳаммад Алихон
ШУКРУЛЛАЕВ
Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли
🕔15:43, 15.05.2026
✔121
МУҚАДДИМА
Ҳақиқий ёзувчи-шоирлар ҳақиқатни ёзишни хуш кўради. Дунёнинг қайси бир четидаги адолатсизлик уларга худди ўзининг уйида рўй бераётгандек туюлади. Қайдадир адолатнинг барқарорлиги ёки ғалабаси уларнинг руҳиятини кўтаради. Улар ҳар бир яхши одамнинг муваффақиятидан қувонади, одамларнинг муаммолари эса уларнинг ҳам дардига айланади.
Батафсил
Унутилмас умр ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон
🕔09:06, 08.05.2026
✔114
...Уйига ҳалок бўлгани ҳақида қорахат жўнатишади. Яқинлари, бир ўғли билан уйда қолиб, зор-интизор кутаётган аёли қайғули хабардан қаттиқ изтиробга тушишади. Қишлоқ аҳли, яқинлари унинг учун аза тутишади. Ўша машъум қорахатдан сўнг орадан саккиз ойча вақт ўтиб...
Батафсил
Дарахтлар – менинг дўстларим
🕔16:47, 30.04.2026
✔136
...Хурсанд аммам энам билан тенгдош, иккиси ҳам қутлуғ саксон ёш остонасида. Ҳордиқ куни меҳмон бўлиб келди, мириқиб суҳбатлашдик. Нимагадир, аммамни болаликдан опа, деб қадрлаймиз, тўнғичларимиз шундай атаган, биз уларга эргашган бўлсак керак.
Батафсил