«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилХалқимиз яна бир севимли фарзандини йўқотди
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шуҳрат Қаюмов 51 ёшида вафот этди.
Таниқли сухандон ва санъаткор Шуҳрат Қаюмов узоқ йиллар Ўзбекистон телевидениесида фаолият кўрсатган. «Ассалом Ўзбекистон», «Оҳанрабо» кўрсатувлари орқали миллионлаб мухлислар қалбига кириб борган.
Таҳририятимиз жамоаси марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдиради.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, олий тоифали сухандон Шуҳрат Қаюмовни кўпчилик фақат шу хислати орқалигина таниган эди. Кейинчалик хонанда сифатида ҳам халқнинг қалбидан муносиб жой эгаллади. Аммо унинг моҳир педагог экани балки кўпчиликка унча маълум бўлмаса керак.
Шундай инсонни куни кеча сўнгги манзилга кузатдик...
Ундан унутилмас хотиралар қолди.
Ҳазрат Навоий: «Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила, Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила», дея васф қилган эдилар. Бу хотиралар устоз Шуҳрат Қаюмовдан сабоқ олган минглаб инсонларнинг бири сифатидаги ёднома битиклардир. Мақсадимиз – ҳар бир инсон ҳаёти давомида шундай яшаса, лоақал биргина кишига тириклик сабоғидан бир ҳарф ўргатса, умри зое кетмаган бўлади. Шуҳрат Қаюмов эса, умрининг ҳаммасини шундай хайрли ишларга сарфлай олган инсонлардан бири эди.
Нафас олишни ўргандик
Бу воқеага ўн беш йилча бўлди.
Институтда «Шуҳрат Қаюмов келиб дарс бераркан», деган хабар тарқади. Бир куни қайсидир тадбирда меҳмон сифатида Шуҳрат аканинг ўзлари келиб қатнашдилар. Халқимизнинг севимли санъаткори, машҳур инсон бир чеккада жимгина тадбирни кузатиб ўтирди. Кўпчиликнинг нигоҳи унда эди. Тадбирдан сўнг домлалар Шуҳрат Қаюмовнинг дарс бериши ҳақидаги гапларга аниқлик киритишди. Олий тоифали сухандондан илтимос қилингани, улар ҳам Аллоҳ йўлида қилинажак бундай ҳаракатда қўлидан келганича ёрдам беришга розилик билдирганини эълон қилишди. Шуҳрат ака талабаларнинг овозларини эшитиб кўрмоқчи бўлди. Ҳар ким нимадир ўқиб берди. Шуҳрат ака талабаларни ўзига хос иштиёқ ва қизиқиш билан тинглади. Ҳар бир талабага алоҳида-алоҳида рағбат уйғотадиган сўзлар айтиб турди.
Машғулотлар бошланадиган куни аудиторияда одам кўп эди. Талабалардан ташқари ўқитувчилар, ҳатто проректорлар ҳам Шуҳрат Қаюмовнинг машғулотига киришган эди. Биринчи машғулот биз учун жуда кутилмаган тарзда ўтди.
Нотиқлик ва унинг моҳияти, ҳаётий зарурати, нутқдан фойдаланишнинг айниқса бизнинг касбимиздаги аҳамияти ҳақида тушунчалар бергач, бизга ҳеч кутилмаган савол бердилар.
– Биз ҳаётимиздаги жуда кўп нарсаларга унча аҳамият бермаймиз. Лекин ўзимизча кўп нарсани биламан деб ҳисоблаймиз. Оддий нарсаларга эътиборсизлигимиз ҳаётимиздаги катта неъматлардан маҳрум қолишимизга сабаб бўлади. Масалан, биз қандай нафас оламиз? Шу ҳақда ўйлаб кўрганмисиз?
Аудитория сув қуйгандек жим. Бу биз учун жуда ғалати савол эди. Қандай нафас олардик? Шу, ҳамма қатори ўпкамиз билан нафас оламиз-да!
Шунда Шуҳрат ака талабалардан бирини олдинга чиқариб, «Қани, нафас олинг-чи?» деди. Талаба ўпкасини тўлдириб нафас олди. Кейин нафасини минг бир ҳаяжон билан елкаларини силкитганча чиқара бошлади.
– Нафас олганда энг фаол аъзо бу ўпка деймиз. Аслида эркак киши тўғри нафас олганда қорин бўшлиғи кўпроқ иштирок этади. Ишонмасангиз буни ўзингиз текшириб кўришингиз мумкин. Масалан, ухлаганингизда қандай нафас оласиз? Ҳозир буни ҳаммамиз бирга кўрамиз.
Кейин ҳалиги талабани парта устига ётқизиб нафас олишни буюрди. Талаба ҳамманинг кўз олдида қорнига нафас йиғиб, сўнг уни бўшатганини кўриб турдик.
– Ухлаганда инсон ўзини бошқармайди ва тўғри нафас ола бошлайди. Қорин бўшлиғига нафас йиғилади ва у бир меъёрда секин-секин тўғри тақсимлаб чиқарилади. Нутқ жараёнида эса, олинган нафас матннинг маъно жиҳатдан тўхталиш жойигача етишига аҳамият қаратиш керак.
Шунда биз шунча йиллардан бири нотўғри нафас олиб юрганимизни пайқаганмиз... Шуҳрат Қаюмов ҳамманинг кўз олдидаги, лекин ҳеч ким аҳамият бермайдиган ҳақиқатни бизга усталик билан кўрсатиб, асослаб берган эди.
«Онамни хафа қилдингиз!»
«Тўйларга худди бутун баданимдан қон оқаётгандек зирқираб бориб келаман, – деган эди бир гал ўзаро суҳбатлардан бирида. – Яқинда бир тўйда жуда ғалати ҳодиса бўлди. Бир қиз олдимга келиб: «Нега шунча одамни олдида онамни хафа қилдингиз? Нима, бирон жойингиз камайиб қоладими?!» деб йиғлаб менга бақириб кетди. Дастлаб нима ҳақида гап бўлаётганини илғаёлмадим. Кейин, ўша қизнинг онаси менинг олдимга келиб вальс тушишни таклиф қилгани, мен унинг таклифини рад этганим эсимга тушди. Тўйда ҳар хил одам бўларкан-да. Мен бегона бир аёл билан ўйин тушиб юришни тасаввур ҳам қилолмайман. У эса, ўзини камситилган ҳисоблаб хафа бўлган экан.
Менга «Сиз Ҳажга боргансиз-а? Нега ҳалиям қўшиқ айтасиз?» деган саволни жуда кўп беришади. Баъзан бундай саволлардан зада бўлиб кетади одам.
«Эй, барака топгурлар, менинг устозларим бор. Катта уламоларнинг маслаҳатини олганман. Улар менга сиз айтаётган гапни айтишмаган», деган сўзларни тушунтиролмай қийналиб кетаман...
Бир йили ўқишга кириш натижалари эълон қилинганда Шуҳрат акани университет олдида кўриб қолдик. Қизлари ўқишга имтиҳон топширган экан. Шуҳрат ака машинада қизларини олиб келиб, натижаларни кўриб яна қайтиб кетдилар. Ўшанда бутун эл танийдиган Шуҳрат Қаюмов «мен фалончиман, қизимни ўқишга киритмоқчи эдим», деб бирон кишига бирон марта оғиз очмаганини билганмиз. Аслида Шуҳрат акада мол-давлат ҳам, таниш-билиш ҳам етарли эди. Лекин у ҳаётда ўз таври-одати бор инсон эди. Бундай ишларни қилишга виждони йўл қўймасди.
Самимият зарурати
«Овоз Аллоҳ берган бир неъмат, – дерди Шуҳрат ака. – Лекин кўпчилигимиз унинг қадрига етмаймиз. Мен турли жойларда юрганимда жуда яхши овозга эга инсонларни кўраман. Улар негадир Аллоҳ берган нодир овозларининг қадрини билишмайди. Ундан қандай фойдаланишга аҳамият қилишмайди. Шунчалик нодир овозни хор қилиб, бўғилиб ё чийиллаб гапиришади. Шундай овозларни эшитсам, худди яп-янги машинани кимдир қўпол қилиб қириб ташлагандай таассурот қолади менга. Мана, масалан, мен (у шундай деб овозини дарров ўзгартириб оларди) овозимни бузиб гапирсам нима бўлади? Овози хотин кишиникига ўхшаб қолибди, деб ҳамма устимдан кулади. Тўғрими? Мана, ҳозир сизларга ҳам бу овозим кулгили туюляпти. (Энди у яна ўз овози билан давом этади) чунки одамлар менинг ҳақиқий овозим қандайлигини билишади. Бузилган овозни қабул қилишолмайди...»
Бизнинг овозимизни созлаш, машқ қилдириш учун асосан Эркин Воҳидовнинг шеърларини тавсия қилардилар. Ўқишимиз маромига етмаса, бирдан кутилмаганда сўраб қолардилар: «Сизни биринчи синфга ким олиб борган?» ёки «Онангизни яхши кўрасизми?» Энди биз хаёлан илк бор биринчи синфга чиққан кунларимизни эслаб кетардик. Ҳаяжонланардик. Қўмсардик. Бир амаллаб икки-уч жумла гап айтиб берардик. Шунда Шуҳрат ака «Ана, кўрдингизми? Ўз ҳаётингиздаги воқеани анча таъсирли, самимий гапириб беряпсиз. Энди машқ қилаётган матнингизда ҳам худди шундай самимият бўлиши керак. Ундаги ҳар бир сўзни юракдан ўтказинг, ҳис қилинг, кейин тингловчига ҳис қилдира оласиз. Айтаётган гапингиз олдин сизни таъсирлантирмаса, ўзингизга манзур бўлмаса, бошқаларга кераги бўлмайди», дер эди.
Баъзида машғулот пайтида бизга ҳаётда энг зарур бўладиган ҳақиқатларни ҳам шу нутқ ўрганиш асносида айтиб кетардилар. «Бу ерда фақат йигитлар қатнашаётганидан фойдаланиб, сизларга бир гап айтаман. Ҳали ёшсиз. Орангизда кўпчилик оила қурмаган.
Бир нарсани билиб қўйишингиз керак: гапингизнинг таъсири биринчи навбатда турмуш ўртоғингизда сезилиши керак. Сиз унга яхши ва чиройли гап билан таъсир қила олмасангиз, иш уриш-жанжалга ўтиб кетади.
Нутқ фақат саҳнада ё кўпчиликнинг олдида туриб ваъзхонлик билан бошқаларни қойил қолдириш дегани эмас. Аввало, оилангиз, аҳли аёлингиз, фарзандларингиз сизнинг нутқингиз таъсирчанлигини ҳис қилмас, шундан фойда топмас экан, бошқаларга гапиргандан ҳеч маъни йўқ. Буни эсдан чиқармаслик керак...»
Ҳаёт ҳикматига йўғрилган бундай сабоқларни Шуҳрат Қаюмовнинг ҳар бир дарсидан олиш мумкин экан. Энди ўйлаб қарасам, Шуҳрат аканинг бутун умри қисқа бир дарсдай ўтибди. У бутун умрини халқнинг назарида ўтказди. Бировдан уяладиган, ҳижолат бўладиган гап айтмади, иш қилмади. Умрини ҳамма рози бўладиган тарзда яшаб ўтказишга ҳаракат қилди.
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил