Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Йўқлик сари йўл

ёхуд ҳақиқат пардаси ортидаги сирлар

Йўқлик сари йўл

Худди ҳаётдаги каби бадиий асар дунёсида ҳам ўлим билан боғлиқ саҳналарнинг бўлиши қонунийдир. Реал воқеликда фавқулодий ёки тасодифдек туюлган инсон ўлимига нисбатан ботинимизда бир изоҳ истаги, сабаб қидириш хоҳиши доим бор, буни инкор қила олмаймиз. Баъзан бадиий асарни ўқиб бўлгач, муаллифдан мутлоқ рози бўлмаслигимизнинг остида ҳам мана шундай «ҳаёт тажрибаси» турган бўлиши, эҳтимол. Агар муайян мазмун тизимидан қаҳрамон ўлимига оид мантиқий жавоб топа олсак, унинг ростдан ҳам табиий ўлим билан қазо қилганига ишонсак, муаллифга нисбатан розилик ҳиссини туямиз.

Маҳоратли ёзувчилар да бундай саҳналар мантиқан асосланган бўлади. Баъзи муаллифлар ўз асарларини ўлимдан хабар берувчи жумла билан бошлайдилар ва ўлим саҳнаси балан тугатадилар. Бошқа бирлари асарнинг ўзи табиий равишда қаҳрамонимни ўлимга олиб келди , дея ўқувчини ишонтиришга уринадилар. Аммо, тан олишимиз керак, ўлим деган муқаррар ҳодиса ҳеч қачон муайян ўлчам ёки мантиққа сиғмайди. Шу сабабдан ўлимга илкис дуч келган одам кўнглида «ҳали ёш эди-ку!», «яшаши мумкин эди!», «эсиз, яхши одам эди-да!», «ўладиган одамга ўхшамасди-я!», «ие, наҳотки!», «йўқ, мумкин эмас!» сингари эмоционал саволлар доим мавжуд бўлган. Бадиий асар қаҳрамонининг ўлими ҳам, худди шу сабаб, аксар ҳолларда тўғридан-тўғри қабул қилинмайди. Негаки, ўлимга нисбатан муносабатларнинг бу қадар кўплиги ва хилма-хиллиги инсон табиати, ботини билан боғланувчи бир психологик ҳолат.

Аслида ўлим, барча воқеа-ҳодисалар сингари, мутлоқ илоҳий ҳодиса. Илоҳий ҳодисалар эса башарий мантиқдан ҳаддан зиёд юксакда туради. Айни сабабдан бўлса керак, комил иймон эгалари ўлимга дуч келганларида «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун» («Шубҳасиз, биз Аллоҳникимиз ва Унга албатта қайтгувчимиз»), дейдилар. Кўп ҳолларда тиришқоқ мантиқчилар ҳам, қисмат билан келишувни истамайдиган қайсарлар ҳам ўлим олдида бутун махлуқот ожиз эканини англашга мажбур бўладилар. Тақдирга тадбир йўқлигини тушунадилар ва унга тан берадилар. Ўйлаймизки, бадиий асар тизимига ўлимга муносабатнинг шу, сўнгги қоидаси яхши сингдирилса, ўқувчини ишонтириш қийин бўлмайди. Ҳар қандай тоифа, даражадаги ўқувчи бундай ўлим саҳнасига ишонади, уни эътирозсиз қабул қилади.

Бадиий ижодсиз яшай олмайдиган шоир-ёзувчининг мақсад-муддаоси, аввало ўзини, сўнг ўқувчини айтган сўзига ишонтириш экан, ишонтириш санъатининг йўл-йўриғи, ҳақиқати қаерда? Унга қандай эришиш мумкин?  Бу ҳақли саволнинг энг тўғри ва мантиқли жавобини, шубҳасиз, Ҳазрат Мир Алишер Навоий ижодидан топамиз. Ўқиганларга маълумки, универсал эпик жанр бўлган Навоий «Хамса»сида ўлим саҳналари тасвири кам эмас. Искандар Зул-Қарнайн, Фарҳод, Мажнун, Ширину Лайли ўлими тасвири бизни ишонтирадигина эмас, қалбимизга изтироб лаззатини солиб кириб йиғлатади ҳам. «Хамса»даги бир ғаройиб ўлим тасвири шоҳ Баҳром образи билан боғлиқ. Е.Э.Бертельс Навоий «Хамса»сига оид тадқиқотида шоҳ Баҳромнинг фожиавий ўлими ҳақида шундай хулосани илгари суради: «Қайд этиш жоизки, ушбу ҳодиса (яъни Баҳромни ер ютиши) нинг сабаби муайян маънода Баҳром қилмишлари оқибатидир. У қилмиши боис ўз ўлимига сабабчи бўлади». Филология фанлари доктори Саидбек Ҳасанов ҳам айни масала тўғрисида Бертельсга яқин хулосага келади. Навоий Баҳромини Фирдавсий, Низомий, Деҳлавий Баҳромлари билан қиёслар экан, шундай ёзиди: «Сабъаи сайёр» муаллифи шоҳ қаҳрамонликлари ва адолатини мадҳ этиб ўтирмаганидек, унга хос салбий жиҳатлар ҳақида ҳам бир нарса демайди. Навоий унинг ишратпарастлиги ва бунинг ҳалокатли оқибатларига кўпроқ урғу беради». Биламизки, Шоҳ Баҳром «Хамса»даги ошиқ-маъшуқарақиб тизимида муайян мақомни эгаллайди. Аммо у, биринчи навбатда, шоҳ. Салтанат ва улусга жавобгар бир шахс. Шоҳ сифатида баҳоланганда унинг кимлиги ишқининг даражасига қараб эмас, салтанатни қандай бошқаргани, раъият ишига муносабатига қараб белгиланади. Ўртага ижтимоий масала тушгандан кейин Баҳром шахсияти (яъни образи) золим ёки одил деган икки мезонга кўра ўлчанади. Агар мезон шайини адолат томонга босиб турса, у одил шоҳ, аксинча бўлса, золим шоҳ сифатида баҳола нади. Навоий «Сабъаи сайёр»идаги бадиий воқелик таҳлили бизни Баҳромга нисбатан золим шоҳ хулосасини илгари суришга олиб келади. С.Ҳасанов бадиий-тарихий асарларнинг барчасида шоҳ Баҳром шахсиятидаги уч сифат такрор-такрор тилга олинганини таъкидлайди: ов ишқи, аёл ишқи ва айш-ишратга берилиш. Навоий шоҳ Баҳром образида мана шу уч хусусиятни бадиий мантиқ асосида далиллайди ва ўнлаб бошқа образлар, катта-кичик сюжетлар тизимида поэтик тасвирини беради. С.Ҳасанов тўғри таъкидлаганидек, «Сабъаи сайёр»нинг бирор ўрнида муаллиф Баҳромга нисбатан очиқ антипатиясини намоён этмайди. Аммо бадиий воқеликнинг тизимли тасвири орқали рецептив жараённи Баҳром золим шоҳ деган ягона умумлашмага олиб келади. «Тарихи мулуки ажам»да эса шоҳ Баҳром исмига қўшиб айтиладиган «гўр» сўзи унинг овга (ёв войи эшак ови) ҳаддан ташқари ружу қўйгани билан боғлиқлигини алоҳида таъкидлайди. «Хамса»даги шоҳ Баҳром йўли ов билан бошланиб, ов билан якун топади. Ўртадаги барча воқеалар шу икки ов ўртасида бўлиб ўтади. Баҳром ҳаёт мазмунини овда топиб, ов шукуҳи билан яшаб юрган беғам бир шоҳ эди. Ов кунларининг бирида даштда Монийни учратиб қолди, Дилоромнинг суратини кўрди ва ошиққа айланди. Шоҳлик имкониятидан (яъни салтанат ва улус ҳисобидан) Дилоромнинг маҳрини тўлади, мақсадига эришди. Ов сабаб Дилоромдан кўнгли қолди. Ов сабаб ундан воз кечди. Яъни ундаги бир неча йиллик ҳижрон изтиробларига ҳам ов сабаб бўлди. Ҳижрон изтироблари якун топиб, саодатли висол замони бошланди. Аммо бу узоқ давом этмади. Баҳром эҳтиёжларини на ёр висоли, на салтанат суриш шукуҳи қондира олди. У яна овга ружу қўйди. Ов сабаб у ёрдан мангуга жудо бўлди. Ов сабаб ўлим топди. Ов сабаб уни ер ютди. Баҳром «ер ости» фуқаросига айланди.

Балки тарихда яшаб ўтган Баҳром гўр ҳаёти, баъзи бир элементлар мос тушса ҳам, бу тарзда ўтмагандир. Аммо Навоий ўз бадиий концепциясини далиллаш учун тарихий Баҳром табиатидаги мана шу жиҳат хамиртуриш вазифасини ўтаган. Метафорик қатламга ўтар экан, золим шоҳ образига хос барча компонентларни бир ракурсда жамловчи, айни пайтда бошқа компонентлар ҳаракатини таъминловчи универсал двигатель бўлиб хизмат қилган.

Булар шоҳ Баҳром образи билан боғлиқ хусусий томонлар. Энди бу образ фожиасини таъминлаган умумий жиҳатларга диққат қаратамиз.

Баҳромнинг май ва овга бўлган ишқи ижтимоий мавқеига путур етказди, жисмини емирди, руҳиятини туширди, ёрдан ажратди, элдан ажратди, салтанатдан ажратди, Аллоҳнинг зикридан, чин аброр-одам йўлидан чалғитди. Баҳром фожиасининг асоси ҳам шунда. Баҳром, биринчи навбатда, ёлғиз одам. Унинг вазирлари, кўплаб мулозимлари, лашкарбоши ва лашкарлари, мунажжимлари, ҳакимлари, табиблари бор. Уларнинг ҳаммаси Баҳром буйруғига маҳтал. Баҳром нима истаса муҳайё. Аммо унинг дўсти йўқ. У қалбини ҳеч кимга оча олмайди. У подшоҳлиги боис халқ (ёки авом)ни ўзига дўст тута олмайди. Мулозимлар эса уни фақат ҳукмдор сифатида биладилар. Унинг учун бир дарддош, дўст бўлишга ўзларини нолойиқ ҳисоблайдилар. Ёр ҳам унинг учун кўнгил хушловчи, лаззат воситаси, холос. Аммо бу ҳам ўткинчи лаззат. Баҳром эса тугамайдиган, меъдага тегмайдиган лаззат қидиради, бу лаззатни ҳукмдорлик, фотиҳлик, жаҳонгашталик, бунёдкорлик, ҳатто муҳаббатдан ҳам эмас, айнан, овдан ва майдан топади. Психологик ҳодиса сифатида ов нима ўзи? Таъқиб этиш, банди қилиш, ўлдириш. Бу эса зулм дегани. Баҳромнинг тил-забонсиз, пайкон олдида ожиз гўрларга нисбатан зулми зулмнинг қайси даражасига киради? Албатта, зулмнинг ўта тубан даражасига киради. Бундай зулм фақат тубан одам томонидан содир этилиши мумкин. Баҳром ўзидаги қонга бўлган эҳтиёжини ожиз жониворлар воситасида қондиради. Демак, унинг ўзи ҳам ожиз ва худпараст. Ҳаёт ҳақиқати шундаки, худнамолик (эгоизм) оқибатида рўй берган ўлим (гарчи, Баҳром бил ан бирга бу тун бошли лашкарни ер ютган бўлсада) чин фожиа эмас. Чунки у бизда улуғвор туйғулар, ачиниш, катарсис («изтироб оловида покланиш») ҳолатларини туғдирмайди. Бу ҳодиса остида комик пафос сас беради. Шуурингизда: «Арзимаган ов (гўшт) шунча одам ҳаётига арзийдими?» деган заҳарханда бош кўтаради.

Бундан келиб чиқадики, Баҳром фожиаси кундалик ҳаёт воқелигида қоришиқ ҳолатда учрайдиган фожиа ва комедия уйғунлиги – турмуш трагикомизмидир.

Шоҳ Баҳром нуқтаи назаридан «Хамса»даги бошқа достон бош қаҳрамонларининг зиддини акс эттиради. Агар Фарҳод ўзининг руҳий-маънавий эҳтиёжларига сўнгсиз риёзат, машаққатли меҳнат билан даво топишга интилса, Мажнун дунёдан воз кечиш орқали ошиқлар султони даражасига етди. Искандар эса Аллоҳга сидқ ва сўзсиз итоат орқали набийлик мақомига лойиқ бўлди, одил шоҳ тимсолига айланди. Баҳром бу имкониятларнинг ҳаммасини нафси амморага бой берди, Яратганни унутди. Оқибатда ўз қилмишига муносиб жазо олди. Уни ер ютди. «Хамса»да талқин этилган шоҳ Баҳром образи фаолияти кўп жиҳатдан ислом шариати ва Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига зид. Аввало, золимлиги, фақат жамиятга эмас, табиатга-да зулм қилиши уни «аламли азоб» соҳибига айлантиради. Иккинчидан, у ҳаддан ортиқ «худнамо». Ўзидан ўзгани яхши кўра олмаган одам ҳеч бир ёмонликдан қайтмайди. Пайғамбаримиздан: «Ўзингизга раво кўрган яхшиликни биродарингизга ҳам раво кўрмагунингизча (комил) мўмин бўла олмайсиз», деган ҳадис бор. Учинчидан, у ўз ҳаётини нафси амморага бой берди. Умрини май ва сабабсиз ўлдириш (кўнгилочар ов)дек фойдасиз ва мудҳиш ишга сарфладики, буларнинг ҳаммаси Аллоҳ Низомига хилофдир.

Хуллас, Навоий «Хамса»сидаги бу ғаройиб ўлимнинг туб илдизлари ягона нуқтага бориб туташади: Қуръони каримдаги ҳукмлар ва суннатга амал қилмаслик. Бу ўлим саҳнаси тасвирида реал одам ўлимидан кўра инсоният ботинида Қиёмат қадар яшайдиган кибру манманлик, зулм, ёлғон каби уч қусурнинг ўлимига асосий урғу берилган. Шу боис бу ўлимнинг Навоийга хос маърифий талқини ва руҳий-маънавий таъсири «Хамса» доирасида қолиб кетмайди. Идрок этиш жараёни ҳосиласи ўлароқ умумбашарий ҳаёт сарҳадларда қайта ва қайта тирилаверади.

Узоқ ЖЎРАҚУЛОВ,

филология фанлари доктори, ТошДЎТАУ профессори




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔81

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔58

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔76

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар