Инсон ўзинг      Бош саҳифа

МАЙСАЛАР УСТИДАГИ ТОМЧИ-ТОМЧИ ЁШ

Рауф Парфи танлаган бадиий ифодалар оддий ва гўзал, улуғ шоир талқин этаётган мазмун-моҳият, шу йўсинда, оддий ўқувчига ҳам тушунарлидек туюлса-да, у яратган ҳар бир шеърий образ замирида рамзий маънонинг чуқур қатламлари ётар, парфиёна ижодда хаёлотнинг мураккаб олами жилваланаркан, даъваткор руҳ шеър шайдосини воқеликка яхшироқ назар солишга ундарди.

МАЙСАЛАР УСТИДАГИ ТОМЧИ-ТОМЧИ ЁШ

Парфи буюк қалб эгаси эди. Инсонларга хос олий туйғу – муҳаббатга лиммо-лим қалбнинг эгаси. Ҳар бир шеъри, қандайдир маънода, юрагининг суврати эди. Муҳаббатнинг оташин кафтида ёниб турган Кўнгил акси.

Рауф Парфи янги давр адабиётининг Машраби эди, дегимиз ҳам келади ғайриихтиёр. У шоҳ Машраб каби ўзликни идрок этиш, ўзликни англаш йўлида ҳаётини сарфлади. Ижодида ҳам бу ғояни бот-бот тараннум этди.

Шарҳловчиларнинг «шоир нигоҳидаги юрак – бу ўзлик» дейишларига ҳам қўшилмасликка илож йўқ. Юрак ва ўзлик...

Қизиқ, Рауф Парфи шеърида унинг юрагини кўрамиз деймиз-у, у... у ўз юрагини...

У ўнгидамас, тушида кўраркан ўз юрагини.

Букун бир туш кўрдим.

Тушимда Бухорода юрган эмишман.

Ул айирди мени ҳушимдан,

Юрагимни кўрган эмишман...

Дейлик, парфиёна шеърни тушуниш – шоирнинг қалб кечинмаларини вужуддан ҳис этмоқ учун инсонда юрак бўлиши керак. Парфидек мураккаб хилқатни англаш, бир умр унга ҳамдам ва ҳамроз – муносиб ёстиқдош бўлиш учун-чи?

Она табиатнинг ҳам баъзи ишлари қизиқлигини биламиз. Бир шоиримиз айтганидек, у гулчеҳра қизларни яратади-ю, ҳусннинг ўзи кифоя дегандек, юрак бермай боғларга сочиб юборади.

Аммо Парфининг ҳаётига кириб келган Дилором ҳам ҳусн, ҳам ақлда ягона эди. Меҳрибон дили бор эди Дилоромнинг. Дилороми эди! Аммо...

Сўнгги қисматдоши Сулҳида-чи?

Қалби пок, меҳри қайноқ Сулҳида ҳам шоирнинг юрагида қолди. Шундай бўлмаса, «мувашшаҳ» шеърий санъатидан (бош ҳарфлардан одамларнинг исми чиқади) санъаткорона фойда ланиб сўнгги умрдошининг номини меҳр билан шундай муҳрлармиди:

Сўзинг гулханида руҳим исинди,

Ул юлдуз, ойларнинг сўзин ўқирдим.

Лабларим ёрилди, тишларим синди,

Хаёлимдан олтин қафас тўқирдим.

Иймон қайда?

Билмас қаттол жувонмарг,

Дам кўкка боқадир, дам ерга боқар.

Аламзор қўйнида эзилган бир барг.

Енгил-елпи турмушга одатланган кимсагина хотин олиб хотин қўяверишни ўзига эп кўради, дейишади.

Ор-номуси кучли бўлган-ку Рауф Парфининг?!

Ор-номуси кучли бўлганлар орасида ҳам, бундан чиқди, «хонавайрон»лар чиққан.

Бир неча маротаба турмуши бузилди

Парфининг. Ёстиқдошлар орасида ажралиш пайти даҳанаки жанглар бўлгандир, аммо юзага келган низо ва тушунмовчилик нафрат ҳиссини уйғотиб юборишга қодир бўлмаган.

Шундай бўлса-да, Рауф Парфии арзимаган сабаб билан рафиқасини ранжитиб қўйганидан, жажжи қизчасининг салгина эркалиги ҳам кўнглига сиғмай қолганидан кўп афсус чеккан.

Айниқса, қизалоғи Севинчни жонидан ортиқ кўрган.

Нимадир содир бўлиб хонавайрон бўлганида шоирнинг чил-чил синган юраги саргардон севгиси билан юм-юм йиғлаган.

Ростин айт, мен озлик қилдимми сенга?!

Айт, бир юрак озми?

Мана! Тўйдим-ку!

Ўжар севгим билан тегдим жонингга,

Кечир, рашким билан қийнаб қўйдим-ку.

Яна оила қурган, яна турмуши бўлмаган ва янги оиласига уй-жойини қолдириб, тўнини елкасига ташлаганча чиқиб кетган қаландарнамо шоир кимнидир уйида, қай бир рассом ё ҳайкалтарошнинг устахонасида тунаган, тундан-да қора кунини ўтказган. Танҳоликда...

Танҳолик жонини қийнар, ёлғизланиб қолган юрак... кимнидир соғинарди. Уйдан чиқиб кетибоқ соғина бошларди! Бу соғинч шоирнинг юз-кўзларида, дардли шеърларида ўз ифодасини топарди: «Барибир сени соғинаман, севгилим...» Чеккан оҳ-нолаларида, олган нафасларида, юрган йўлларида, ўнгу сўлларида намоён бўларди бу соғинч.

Қизиқ, ажралиб ҳам севинаверсанг. Соғинаверсанг...

Ҳаммага умр тилаб, бахт тилаб умрини ўтказди Рауф Парфи. Тилаги шу эди: «Ҳеч кўнгил ёлғизланиб қолмасин!» Ёлғизликнинг бети қурсин. Унинг совуқ еллари Рауф оғанинг суяк-суягигача етиб борар, бераҳм тақдирнинг ажабтовур амри билан бир уйда муқим яшаш имконидан маҳрум бўлган сарсон шоир меҳр олови, меҳр тафтини излаб тағин бировнинг эшигини қоқарди.

Ўз уйинг бўлганми бировнинг уйи?

У шунчаки яшамади, шунчаки севмади, дейди замондошларидан бири.

Шундай яшади, шундай севдики...

Наилож, нима бўлишига қарамай, тазодларга бой бўлган ҳаёт саҳнасида ҳар ким пешонасида борини кўраркан: у муҳаббат майдонига мард бўлиб кирган одамми, севгини Илоҳий қудрат деб билганми...

Шоир уйга сиғмай ҳовлига чиқарди. Осмонга қараб хаёл суришни одат қилганди. Ана, дардларини эшитган тўлин ой қип-қизаргандай. Саҳаргача куйиб чиқмадими у ҳам?

Тонгда майсалар устида томчи-томчи ёш кўринарди...

Муҳаммад ШОДИЙ




Ўхшаш мақолалар

Она мушук ва меҳр  мўъжизаси

Она мушук ва меҳр мўъжизаси

🕔15:48, 26.06.2025 ✔143

Ҳар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.

Батафсил
Тинчлик қадри  «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»

Тинчлик қадри «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»

🕔15:27, 08.05.2025 ✔205

Иккинчи жаҳон урушининг тугаганига 80 йил тўлди. Бу анча узоқ муддат. Бир инсоннинг умридай, эҳтимол ундан ҳам ортиқ. Лекин ўша машъум урушнинг мудҳиш асоратлари ҳали-ҳамон ўчгани йўқ.

Батафсил
Оилани  камбағалликдан  эркак  қутқаради

Оилани камбағалликдан эркак қутқаради

🕔16:16, 17.04.2025 ✔210

• Азим Тошкентнинг Олмазор тумани «Юқори Себзор» маҳалласида 83 ёшли, Ўзбекистон халқ устаси Маҳмуджон Мамажонов яшайди. Табаррук ёшда ҳам меҳнат қилишдан бир лаҳза тўхтамаган ҳунармад уста меҳнатга муҳаббати йўқ одамни бой яшашга рағбати йўқ одам, деб ҳисоблайди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Она мушук ва меҳр  мўъжизаси

    Она мушук ва меҳр мўъжизаси

    Ҳар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.

    ✔ 143    🕔 15:48, 26.06.2025
  • Тинчлик қадри  «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»

    Тинчлик қадри «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»

    Иккинчи жаҳон урушининг тугаганига 80 йил тўлди. Бу анча узоқ муддат. Бир инсоннинг умридай, эҳтимол ундан ҳам ортиқ. Лекин ўша машъум урушнинг мудҳиш асоратлари ҳали-ҳамон ўчгани йўқ.

    ✔ 205    🕔 15:27, 08.05.2025
  • Оилани  камбағалликдан  эркак  қутқаради

    Оилани камбағалликдан эркак қутқаради

    • Азим Тошкентнинг Олмазор тумани «Юқори Себзор» маҳалласида 83 ёшли, Ўзбекистон халқ устаси Маҳмуджон Мамажонов яшайди. Табаррук ёшда ҳам меҳнат қилишдан бир лаҳза тўхтамаган ҳунармад уста меҳнатга муҳаббати йўқ одамни бой яшашга рағбати йўқ одам, деб ҳисоблайди.

    ✔ 210    🕔 16:16, 17.04.2025
  • Инсоният нуфуси  аслида  қанча?

    Инсоният нуфуси аслида қанча?

    Ерда ҳисобдагидан бир  неча млрд кўпроқ одам  яшаётган бўлиши мумкин

    ✔ 227    🕔 09:10, 10.04.2025
  • САБОҚ

    САБОҚ

    Кунларнинг бирида акам талаба дўстлари билан пахта даласига бориб, ёввойи ўтларни кетмон билан чопиб юришганида олдиларидан учта каттакон тухум чиқиб қолибди. Худди қушнинг уясига ўхшаб кўринибди уларга.

    ✔ 217    🕔 09:24, 07.04.2025
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар