«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилБу масалага қачон эътибор қаратилади, келажагимиз ахир?
Фарзандларимизни китоб ўқишга ўргатиш, одамларда китобхонлик маданиятини юксалтириш қанчалик аҳамиятга эга эканини гапиришнинг ўзи ортиқча. Илм-фанни ривожлантиришнинг энг биринчи талаби ҳам китоб ўқишдир. Сўнгги вақтларда ёшларни кўпроқ китоб ўқишга тарғиб этиш, рағбатлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бироқ китоб ўқиш ва мутолаа нега ҳар кунги овқатланиш каби ҳаётий эҳтиёжга айланмаяпти? Китобхонлик маданияти юксалишига қандай омиллар таъсир кўрсатмоқда?
Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 13 сентябрда қабул қилинган «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарори юртимиз ёшлари, уларнинг маънавий-маданий ҳаёти, эртасини ўйлаб қилинган катта иш эди. Мазкур ҳужжат ижроси учун йўл харитаси белгиланиб, дастур амалга оширилмоқда. 2020 йил 14 декабрда эса Вазирлар Маҳкамасининг «2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги 781-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу ҳар икки дастурнинг юртимиз ёшлари ва келажаги учун аҳамияти юксаклиги боис катта ҳаяжон билан қарши олганман. Лекин иккала дастурни кўздан кечирганда, айрим номутаносибликларга кўзим тушиб, шу борада айрим таклифларимни тайёрладим. Чунончи, биринчи дастур тўлиқ ижро этилганда иккинчи дастурнинг мазмун-моҳияти бутунлай бошқача кўринишда бўларди, фикри ожизимча.
Хуллас, аввало Президент қароридаги айрим бандлар хусусида. Ушбу қарорга йўл харитаси илова қилинган. Унинг «II. Китоб маҳсулотлари умумий буюртмасини шакллантириш, чоп этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш, ихтисослаштирилган китоб дўконлари фаолиятини ривожл антириш» бўлимининг тўртинчи (Аҳоли, айниқса ёшлар дунёқарашини кенгайтириш, интеллектуал савиясини ўстириш, маънавий оламини бойитишга оид илмий-маърифий, бадиий адабиётлар (жумладан, электрон шаклда) бўйича умумий буюртмалар рўйхатини шакллантирувчи экспертлар гуруҳини тузиш – ижро муддати 2017 йил октябрь) ва бешинчи (Жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш бўйича
давлат буюртмалари бериш, уларни кўп нусхада юксак сифат билан нашр этиш ва молиялаштириш тизимини йўлга қўйиш, китоб тарқатиш тизимини янада ривожлантириш ва китоб маҳсулотларининг нархини шакллантириш ва сотиш бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқиш чораларини белгилаш – ижро муддати 2017 йил октябрь) бандлари бажарилмаган ёки зарур даражада бажарилмаган.
Оқибатда бугун мактаб ва бошқа таълим муассасаларининг кутубхона фонди ёшлар сиёсати борасида давлат томонидан қўйилган талабларга жавоб бермайди. Аҳоли билан ишловчи жамоат кутубхоналарида ҳам вазият деярли шундай. Аслида, давлат раҳбари таъкидлаганидек, ёшларни аввал ўқитиш, уларда зарур билим ва кўникмаларни шакллантириш ўта муҳим саналиши керак эмасми?!
Менинг таклифим, дастурда кўрсатилган масъул ташкилотлар 4- ва 5-банд ижросини таъминлаш баробарида қуйидагиларни амалга ошириши мақсадга мувофиқ:
Китоблар учун ягона буюртма электрон порталини ишга тушириш. Унда буюртмачилар сифатида Халқ таълими, Олий таълим вазирликлари, мамлакатимиздаги китоб дўконлари ва шунга ўхшаш китоб олувчи ташкилотларни киритиш ҳамда бажарувчи сифатида АОКА раҳбарлиги остидаги нашриётларни белгилаш (мулкчилик шаклидан қатъи назар) керак бўлади.
Чунки айни пайтда республикада чоп этилаётган китоблар жуда кам тиражда чиқаётгани боис, барча туманларга, чекка қишлоқ ва маҳаллаларга етиб бормаяпти. Шунинг учун бугун чоп этилаётган юксак савияли китоблардан ҳам кўпчилик бехабар. Айниқса, мактаб кутубхоналаридаги ҳолат анча аянчли. Мактабдаги ўқитувчи ва ўқувчилар учун энг ардоқли бўлиши керак бўлган жойга эътибор жуда суст. Айрим мактабларда бадиий адабиётлар кам, борлари ҳам эскириб кетган. Илмий-оммабоп адабиётлар-ку айтарли йўқ. Китоблар камлигидан мактаб ўқувчилари ўқиши учун китоблар уйга берилмай қўйган.
Яна бир гап. Мактаблар 2000 йилдаёқ лотин алифбосига тўлиқ ўтиб бўлганига қарамай, ҳозирда ҳам аксарият ўрта таълим муассасалари кутубхона фондининг салмоқли қисмини кирилл алифбосидаги китоблар ташкил қилади.
Илм-фанни оммалаштириш, ёшларни касбга йўналтириш, илм-фанни амалиёт билан боғлашда муҳим восита бўлган болалар учун турли фанлар ва ихтисосликлар йўналишидаги илмий-оммабоп китоблар мактаб ва бошқа кутубхоналарга деярли етказиб берилмаяпти.
Ҳомийлик ва бошқа хайрия марафонлари орқали тизимлаштирилмаган ва таълим мақсадларига номувофиқ бўлган турли, тўғрироғи, қўлга илинган адабиётлар тақдим этилиши ҳам ёшларда китобхонлик маданиятини ошириш ўрнига уларни китобдан узоқлаштиряпти. Чунки ҳомийлар баъзан кирилл ёзувидаги «ўтмай қолган» китобларни ҳам совға қилади, аксарият мактаб ўқувчиси учун кирилл алифбоси китоб мутолааси учун бегона алифбо сана лади. Бироз варақлаши мумкиндир, кейин ҳафсаласи совийди. Боланинг нима ўқиши ҳам жуда муҳим, албатта.
Мактаб кутубхона ларини тўлиқ лотин алифбо сидаги китоблар билан таъминлаш ва таълим мақсадларига эришиш учун ҳам ягона буюртма тизими жуда муҳим. Бинобарин, мактабларга кутубхона фонди учун давлат томонидан йилига унча катта маблағ ажратилмаса керак. Кам миқдордаги маблағ билан кўп китоб етказиб беришга эса фақат ягона буюртма тизими орқали эришиш мумкин. Бинобарин, ёш авлодни ёшликдан китобга ошно қилиш учун мактаб кутубхонасидан қулайроқ ва самаралироқ восита йўқ. Мактабдаги энг илғор, замон билан ҳамнафас, ҳамма имкон топди дегунча интиладиган жой айнан кутубхона ёки ўқув зали бўлиши керак.
Ҳозирда китоблар таннархи масаласида икки-учта нашриётдан сўраб-суриштирганимда, тахминан шундай жавоб олдим: 10 босма табоқ, юмшоқ ва рангли муқовали адабиёт 1000 тиражда чоп этилса, бир донасининг нархи 19500 сўмга тушади. 10 000 тиражда чоп этилса – 7000 сўм. 100 000 тиражда – 5000 сўм.
Юқорида келтирганимиз 781-сонли қарорга илова қилинган йўл харитасида шу бир йилликдаги (2021 йил учун) ишларда бундай тизим йўлга қўйилиши ҳақида сўз юритилмагани боис, Президент қарорининг 4- ва 5-бандларини тўлиқ ижро этиш ўта зарурлиги англашилади. Чунки ёшларнинг умумий билим савиясини ошириш, уларни илм-фанга қизиқтириш, касбга йўналтиришда вақт йўқотмаслик керак. Шундай қилиб, 4-бандга асосан таълим муассасалари учун чоп этиладиган бадиий асарларга Махсус бадиий кенгаш, илмий-оммабоп асарлар учун Илмий кенгаш шакллантириш керак бўлади (Масалан, Республика таълим марказида). Уларнинг тегишли таҳлилидан ўтган асарлар нашр қилинади ва мамлакатда мавжуд 11 мингдан зиёд кутубхона ва ахборот-ресурс марказларига сотилади (тақдим этилмайди!).
Бунда йилига камида 100 та бадиий (миллий ва жаҳон адабиёти намуналари) ва 100 та илмий-оммабоп (макт аб ва бошқа таълим муассасаларида ўқитиладиган фанлар, замонавий касблар ва ҳоказолар йўналишида) жами 200 номдаги китоб чоп этишни мақсад қилиш керак.
Мактаблар мисолида олсак, 10 мингта мактаб битта асарни 10 тадан олса, ўша китоб тиражи 100 минг бўлади. Бошқа муассасалар, туман (шаҳар) кутубхоналари, китоб дўконлари ва бошқалар яна жами ўртача 50-100 мингтагача олиши мумкин. Шунда битта асар ўртача 150-200 минг тиражда чоп этилиб, бир донасининг таннархи босма табоғига қараб, 2000 сўмдан 15000 сўмгача чиқиши мумкин холос. Ўртача 8000 сўм атрофида бўлади. Китоб таннархини янада арзонлаштиришнинг турли йўллари ҳам бор, албатта.
Мактаб йилига таълим мақсадларига мос ва ҳамоҳанг 200 номдаги 2000 та китоб учун эса жами 2000х8000=16 миллион сўм сарфлайди. Ўқувчилар сонига қараб каттароқ мактаблар ҳар бир асардан 20 тага буюртма бериши ҳам мумкин.
Шу билан мактаб кутубхонаси ҳар йили ёшлар сиёсатига монанд уларнинг дунёқарашини кенгайтириш, интеллектуал савиясини ўстириш, маънавий оламини бойитиш, таълим ислоҳоти ва мақсадлари учун, илм-фанни оммалаштириш йўлида долзарб бўлган 200 номдаги 2000 та янги китоб олади. Бунда ойига 15-16 та асар тўғри келса, мактаб атиги 1 миллион 200 минг сўм сарфлаб, кутубхона фондини бойитиш учун 15-16 номдаги 150-160 та китобни қабул қилиб олади.
Китоблар тақдимотини, бадиий адабиёт бўлса – она тили ва адабиёт ўқитувчиси ҳамда кутубхоначилар ўтказиши мумкин. Илмий-оммабоп асарлар бўлса – буни тегишлича фан ўқитувчилари ва фан бўйича тўгарак раҳбарлари амалга оширади. Бу уларнинг болаларни фанга қизиқтиришида ҳам қўл келади. Боланинг турли илм соҳалари ва касблар ҳақида тасаввури бойиб боргач, вақти келганда ўз қобилиятига мос касбни танлайди ёки танлаган касбига мос бўлиш учун ўқитувчилар йўл-йўриғи орқали керакли билим ва кўникмаларини кучайтириб боради.
Мактаб ўқувчилари вояга етмаган ҳисобланиши, электрон воситаларда мутолаа кўз ва умуман соғлиққа зиёнлиги, бундай ёшда ҳали электрон мутолаа маданияти шаклланиб улгурмаслиги боис китобнинг фақат электрон вариантига ишониб қолиш катта йўқотишга, китобдан узоқлашишга ва саводсизликка олиб келиши ҳеч гап эмас. Афсуски бу хавфнинг эпкинлари аллақачон сезилмоқда.
Таклифнинг молиявий механизми: Ушбу тизимни йўлга қўйиш учун Республика мақс адли китоб жамғарм асига ўхшаш махсус жамғарма тузиш ҳам мумкин. У республика бўйича ягона буюртмани шакллантириб, бажарувчилар (нашриётлар) билан шартнома тузади ва нашр жараёнини бошлайди. Чоп этилган китобларни бажарувчидан қабул қилиб олгач, буюртмачиларга етказиб беради. Буюртмачилар эса жамғармага китоб пулини ўтказади. Бадиий ва илмий кенгаш учун, буюртмани етказиш учун харажатлар ҳам шу жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади. Асосий буюртмачи сифатида Халқ таълими вазирлигига китоб ўз таннархида сотилса, қолганларига юқоридаги харажатларни қоплаш учун муайян фоиз қўйилади холос.
Шу тариқа давлат бюджети учун арзон ва сифатли бўлган китоб билан таъминлаш жараёни йўлга қўйилади. Атиги беш йилда кутубхоналар фонди савияси баланд ва керакли бўлган минг номдаги 10 минг китобга бойийди. Китобхонлик маданияти юксалган сари бадиий ва илмий-оммабоп адабиётларга бўлган талаб ҳам ортиб бораверади. Бундан эса маҳаллий ёзувчи ва шоирлар илҳомланиб янада мукаммал асарлар яратади. Олимларимиз ҳам илмфан соҳаларида бир-биридан қизиқарли ва муҳим бўлган илмий-оммабоп адабиётлар ёза бошлайди. Ўз-ўзидан яқин келажакда бизнинг юртимиздан ҳам жаҳонга машҳур олимлар, ихтирочилар ва кашфиётчилар чиқади. Мана шу тариқа иқтисодий-ижтимоий, маданий-маърифий юксалиш даври – Учинчи Ренессансга қадам қўямиз.
Ҳасанбой ТЕШАБОЕВ
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил