Мен Ҳасанбойнинг хотинига қойил қоламан.
Эри:
— Хотин, меҳмон кепти, бир аччиқ чой дамла, — деса, хотини албатта:
— Қанақасидан, дадаси? «Тўқсон беш»ми ё «индийский» ичасизларми? — дейди.
Эриям мос тушган-да, «кўк чой дамлай қол, мантидан кейин яхши-да» деб, мантига тўйиб турганидан «ҳиқ» деб кекириб қўяди. Биламан, ўзи уйида ҳеч қанақа «индийский-пиндийский» йўқ. Ҳамишаги ўша нави номаълум талқон чой.
Ёки баъзан бундай бўлади. Эри: «Хотин, бир серсабзи қилиб ош дамла-чи» деса, хотини: «Мастава солиб қўйгандим, аввал ичиб оласизларми?» дейди. Айтдим-ку, эр-хотин мос тушган-да. Эриям дарров: «Ҳа, яша, ундай бўлса, ошни қўятур, маставангдан берақол» дейди. Биламан, мастава деган суюқ шўрвасиям кечадан қолган.
Ишқилиб, эр-хотин мос тушган-да, бировга сир бермайди. Бизники-чи! Ишқилиб, меҳмоннинг олдида бирор гап чиқармасин деб, ошхонага чақириб олиб: «Ниманг бор, меҳмон кепти?» деб сўраб, маслаҳатлашиб, бирор нарса айтаман. Қайси куни денг, 12-автосарой директори Мўминовни бир танишимиз эргаштириб келган экан. Меҳмонларнинг олдида ўзимни катта олиб:
— Хотин, бир аччиқ қилиб «тўқсон беш» дамла, — дебман.
— Шав, — дейди онаси кенжа ўғлимиз Шавкатнинг отини қисқартириб. — Бор, ҳамсоядан сўра, бир дамлам чой берсин...
Бўлмаса, ҳар меҳмон кузатганимиздан кейин оилани йиғиб, камида бир соат мажлис қиламан. Болаларга: «Меҳмоннинг олдида ўнг қўлни чап кўкракка қўйиб, «Ассалому алайкум!» деб ўтинглар. Меҳмон келганда менга «Дада» деб гапиринглар...» деб. Қаерда, «ассалом» дегандай қилишади-ю, лекин «дада» дейиш... Бирови бўлмаса, бошқаси «Ота, Хидирга қаранг, ичимга тепди яна», деб тураверади.
Аслида гап энасида. Айтяпман-ку, ҳеч Ҳасанбойнинг хотинига ўхшамайди. «Бир аччиқ манти қил» десам, келишганимиздек «Хамирни қоргунимча шўрвани ичиб турасизларми?» дейиш ўрнига: «Гўшт йўғиди...» дейди-да, кейин айтганим эсига тушиб, кафти билан оғзини ёпақолади.
Кечадан бери денг, аламимни кимдан олишни билмайман.
«Корхонани кенгайтирмадингиз. Бирор янгилик киритмадингиз», деб ишдан олишди-қўйишди. Кечқурун хотинга секин: «Гапни кўпайтириб юрма, бирор дурустроқ жойга ўтиб олгунимча, ҳеч кимга сир берма. Ҳалиям Ҳасан Бобоевич бўлишдан сақласин: ҳам мансабдан кетди, ҳам иши терговга ошди…», деб роса тушунтириб қўйдим.
Бугун кечқурун соядаги сўрида икки ёстиқни тирсагимга босиб ётсам, эшик қўнғироғи жиринглади. Очсам, Ҳасан Бобоевич... Сир бермай дейди-да, хизмат машинасида кепти.
Сўрига ўтирғизиб, сўрашиб бўлиб хотинга:
— Хотин, шофёрга айт, Турди минан ғизиллаб айланиб келсин, — десам, турқинг қургурнинг оғзидан ҳаммаси «лоп» этиб чиқди-қўйди:
— Шофёрингиз борми? Ишдан кетганингиздан...
Сўнг кафти билан оғзини ёпганига ўлайми?!.
Бошида айтдим-ку, бизнинг хотин ҳеч Ҳасан Бобоевичнинг хотинига ўхшамайди, сир сақлашни билмайди. Гапни айтиб қўяди-да, кафтини лабига босади...
Ҳасанбойнинг хотини бошқача — эр-хотин мос тушган. Ишонмасангиз, шу бугун бориб кўринг. Терговга қатнаб юрганини-ку сиз ҳам биласиз. Борсангиз, бирпасдан кейин хотинига:
— Хотин, айтгандай, Тошкентдан телефон бўлмадими? — деса, хотини: — Ҳа, эсимдан чиқибди, божангиз эртага вазирликка келсин, деган эдилар, — дейди.
Биламан, Тошкентда божа-можаси йўқ. Ўзи биттагина божаси бор. У ҳам бўлса товуқ фермага қоровул. Сир бермайди-да, оти-ку йиқитиб кетган, эгардан тушгиси келмайди-да.
Алимардон БЎРОНОВ
«Одамларни ўйлайман!..»
🕔17:02, 16.12.2022
✔831
(фельетон)
– Энди, жўражонлар, электр энергетикаси – бу жудаям жиддий нарса-да, – деди электр энергетикаси учун масъул идора бошлиғи Мазарип Қултўраев улфатлари билан суҳбатда. – Айниқса, ҳозирги аёзли кунларда бунинг долзарблиги ҳар қачонгидан ҳам юқори бўлади. Мана мен, куну тун одамларни ўйлайман: светсиз ўтирганлар сон мингта, улар қандай кун кечиряпти, дейман.
Батафсил