БУ ЙЎЛДАГИ 11 ҚАДАМ – МАҚСАДГА Э ЛТУВЧИ ВОСИТА
Инсон бошқаларга яхши кўринишга, қалбларнинг маҳбуби бўлишга, ҳамма томонидан бирдек мақбул шахс сифатида фаолият олиб боришга интилиб яшайди.
Айрим авлиёларни «Қалблар султони» дейишади. Яъни, қалбларни забт қилиб, эгаллаб, одамларнинг юрагига яқин, қалбларининг тўридан жой олган инсон сифатида қадрланиш учун нима қилиш керак? Бунинг учун Аллоҳдан ёрдам сўранг ва қуйидаги ўн битта хислат соҳибига айланинг:
1. Очиқ юзли бўлиш.
Бу нарса таомдаги туз каби бўлиб, муомала маданиятининг энг зарур хислатларидан биридир. Очиқ юзлилик қалбга тезда таъсир қиладиган энг фойдали ўқлардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга бу ибодат ҳамдир. Расулуллоҳ (алайҳиссалом): «Сенинг биродарингга қараб қилган табассуминг ҳам садақадир!» деб марҳамат қилганлар. Абдуллоҳ ибн ал-Ҳорис (р.а.) бундай деган: «Расулуллоҳ (алайҳиссалом)дан кўра кўпроқ табассумлироқ кимсани кўрган эмасман».
2. Саломни канда қилмаслик.
Салом қалбнинг сувайдосига бориб тегадиган найзадир. Қучоқ очиб кутиб ол, кулиб, очиқ юз билан саломлаш ва қўлини меҳр билан қисиб қўй. Бу савоб ва ажр бўлиб, бу ажрдан биринчи сен фойдалан. Саҳоба Ибн Умар (р.а.) ҳақида айтадилар: «Бир куни Ибн Умар (р.а.) билан кўчага чиққан эдим, каттаю кичикдан саломини асло канда қилмади. Ҳамма билан саломлашиб, бироз гаплашиб ўтар эди». Ҳасан Басрий (р.ҳ.): «Қўл бериб кўришиш севгини зиёда қилади», деган. «Тунд юз билан борсанг ҳам ёмон сўз айта кўрма!», «Қўл бериб кўришинглар, бу ғиллу ғашни кетказади. Бир-бирингизга ҳадялар бериб туринг, муҳаббатни орттиради», дейилган.
3. Ҳадялашиб туриш.
Бу нарса кўз, қулоқ ва қалб билан таъсир қилувчи ажойиб нарсадир. Одамлар бир-бирлари билан муомала қилишда ҳадялашиб туришлари мақбул ишлардандир. Фақат ҳадя қўлдан келганича қилинади, ўзини қийнаб қўядиган бўлмаслиги керак. Иброҳим аз-Зуҳрий айтади: «Отамнинг олдига кирдим. У топган даромадларини сарфлаш режасини тузаётган экан. Ўзига, оиласига ва бир қанча одамларга сарфлашини айтди ва «Эслаб кўр, бирорта кимса эсдан чиқмадимикан?» деди. Мен: «Фалончи сизга салом айтиб юборган эди», дедим. Шунда отам унга ўн динор юборишимни айтдилар». Қаранг, бировга айтиб юборган саломнинг мукофоти қандай экан!
4. Жим ўтириш ва кам сўзлаш.
Фақат манфаатли, фойдали вақтда сўзлашга ҳаракат қилиш лозим. Ўтиришларда баланд овозда сўзлаш, кўп гапиришдан сақлан. Гўзал иборалар билан мулойим гапиришга одатлан. «Чиройли гап садақадир!» деганлар. Қалбларни эгаллашда, ҳатто душманлар қалбини ҳам забт этишда чиройли ва мулойим сўзлашнинг жуда катта таъсири бор. Ойша онамиз (р.а.) яҳудийларнинг мусулмонларга «Сизга ўлим бўлсин!» деб салом берганларига «Ва алайкум ас-сом ва-л-лаъна!» деганида, Расулуллоҳ (алайҳиссалом): «Эй Ойша, шошма, Аллоҳ таоло ҳар бир ишда мулойимликни яхши кўради», деганлар. Буни Имом Бухорий билан Имом Муслим ривоят қилган. Яна Расулуллоҳ (алайҳиссалом) бундай деб марҳамат қилганлар: «Ҳусни хулқни ва камгапликни ўзингга лозим тут! Нафсим қўлида бўлган зотга қасамки, бу иккисидан гўзалроқ нарса халойиққа берилган эмас!».
5. Чиройли тинглаш ва суҳбатдошига қулоқ тутишни билиш.
Гапирувчининг гапини асло бўлмаслик лозим. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ҳеч кимнинг гапларини бўлмас, айрим ҳолларда унинг гапини бўлишар эди. Одамларнинг гапини бўлаверадиган, гап орасига гап қўшаверадиган кимсалар одамлар қалбидан узоқ бўладилар. Тобеъинларнинг улуғларидан Ато ибн Абу Рабоҳ (р.ҳ.) бундай деган: «Агар биров менга гапирса, худди унинг гапини туғилганимдан буён ҳеч қачон эшитмагандек эшитиб, қулоқ солиб тураман».
6. Зоҳирий кўринишни гўзал қилмоқ керак, кийимлар тоза-озода, хушбўйликлар сепилган бўлмоғи керак.
Расулуллоҳ (алайҳиссалом): «Аллоҳ таоло гўзалдир, гўзалликни севади», деганлар. Инсоннинг шаклу шамойили ҳам гўзал бўлиши керак, тирноқлар олинган, сочлар таралган, юзлар тоза бўлиши лозим. Ҳазрати Умар ибн Хаттоб (р.а.): «Мени кийимлари тоза, хушбўй ҳид анқиб турган камсуқум йигитлар жуда қизиқтиради», деганлар. Аҳмад ибн Ҳанбал (р.ҳ.) ҳақида айтилган: «Мен Аҳмад ибн Ҳанбалдан ҳам кўра кийимлари тоза ва оппоқроқ, мўйлов ва сочлари, баданидаги туклари олинган, ўзига жуда қараб юрадиган кимсани учратмаганман!».
7. Яхшилик қилиш, ҳожатбарор бўлиш.
Одамларнинг қалбини забт қилишнинг энг қулай ва осон усулларидан бири одамлардан ёрдамини аямаслик, уларнинг ҳожатларини чиқариш, қийин аҳволда қолганларга ёрдам бериш, ўзининг меҳнатини доим таклиф қилиб туриш ҳисобланади. «Одамларга яхшилик қил, шунда уларнинг қалбларини ўзингга қул қилиб оласан! Кўпчилик инсонларни яхшилик қул қилиб қўяди», дейилган. «Одамларнинг Аллоҳга энг маҳбуброғи одамларга яхшилиги кўпроғидир !» дейилган ҳадиси шарифларнинг бирида. Аллоҳ таолонинг ўзи ҳам Қуръони каримда: «Яхшилик қилинглар, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади», деган.
8. Мол-мулкидан сарф қилиб туриш.
Ҳар бир нарсанинг калити бўлганидек, бугунги кундаги аксарият қалбларнинг калити мол-мулкдир. Уларга пуллардан эҳсон қилиб, сарф қилиб туриш керак бўлади. Макка фатҳи кунида кофирларнинг улуғларидан ва Расулуллоҳ (алайҳиссалом)га ашаддий душман бўлганлардан бири Сафвон ибн Умаййа мол-мулкидан керагини олиб қочиб кетади. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) Макка аҳолисига умумий афв-омонлик берганларидан сўнг қайтиб келади. Расулуллоҳ (алайҳиссалом)дан у исломга кириши учун икки ой муҳлат сўрайди. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) унга тўрт ой муҳлат берадилар. У Ҳунайн ва Тоифдаги жангларда Расулуллоҳ (алайҳиссалом) тарафида туриб кофир ҳолида қатнашади. Тоиф қамалидан сўнг кўпгина ўлжалар қўлга киритилади. Сафвоннинг бир дарага қўйилган ўлжаларга ҳирс билан тикилиб турганини кўриб, Расулуллоҳ (алайҳиссалом): «Булар сенга керакми, керак бўлса олақол, буларнинг ҳаммаси сеники», дейдилар. Шунда Сафвон: «Бундай покиза қалб фақат ҳақиқий пайғамбарларда бўлиши мумкин», дея калима келтириб, мусулмон бўлади.
9. Бошқаларга нисбатан яхши гумонда бўлиш ва уларнинг узрларини доимо қабул қилиш.
Қалбларни забт қилишнинг энг осон услубларидан бири ҳамиша яхши гумон қилишдир. Ҳаммани ўзингга ўхшатгин, барчага нисбатан яхши гумон қилгин. Ёмон гумондан доимо узоқ бўлгин. Кўзинг кўрган нарсага ишонаверма, кўрганингни ақлинг тарозисига тортиб кўр. Шоир Мутанаббий:
«Инсоннинг феъли бузилса, гумони ҳам бузилади», деган эди. Кечиримли бўл, одамларнинг узрини қабул қилишни ўрган. Абдуллоҳ ибн Муборак (р.ҳ.): «Ҳақиқий мўмин одамларнинг узрларини қабул қилади. Мунофиқ эса уларни узр айтишга ҳам қўймайди», деган.
10. Бошқаларга нисбатан бўлган севги ва меҳрни билдириб туриш.
Бировни яхши кўриб қолсанг, унинг қадр-мартабаси сенинг олдингда кўтарилган бўлса, уни ўзига билдириб қўй. Чунки, бу нарса унинг қалбини забт этишингга кўмакчи бўлади. Имом Термизий (р.ҳ.): «Сизлардан бирингиз дўстини яхши кўрса, унинг уйига келсин ва яхши кўрганини унга билдириб қўйсин!» деган ҳадисни ривоят қилган. Унинг «Мана шу нарса дўстликни боқий, севгини мустаҳкам қилади», деган қўшимчаси ҳам бор. Лекин бу нарса Аллоҳ учун бўлиши керак, мол-дунё орттириш, мансабларга кўт арилиш, бойларни бойлиги учун севиш, шуҳрат орттириш мақсадида бўлмаслиги лозим. Аллоҳга душман бўлганлар билан дўстлашиш дунёда ҳасрат, қиёматда эса надоматдир. Зотан, инсон қиёмат куни ўз севганлари ва ёқтирганлари билан бирга бўлади. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ансорлар билан муҳожирларни бир-бирларига дўстлаштирган эдилар. Бир ғазотда қабр ковлаш оғир бўлганидан икки одам бир қабрга қўйилди. Шунда Расулуллоҳ (алайҳиссалом) дўстни дўст билан бирга қўйган эдилар.
11. Муроса билан яшамоқ.
Ҳамма билан муросада бўлиш лозим. Аччиқланиш, гина-кудурат сақлаш ҳеч кимга наф келтирган эмас. Имом Бухорийнинг бир ҳадиси бор. Ойша онамиз (р.а.)дан қилинган ривоят бу: Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг олдиларига бир кимса киришга изн сўрабди. Унинг кириб келаётганини кўриб , Расулуллоҳ ( алайҳиссалом ): «Жудаям ёмон қариндош бу!» дедилар. У келиб ўтирганидан сўнг Расулуллоҳ (алайҳиссалом) у билан очиқ юз ва табассум билан яхши муомалада суҳбатлашдилар. Ўша кимса қайтиб кетганидан сўнг Ойша (р.а.): «Уни кўрганингиз заҳотиёқ ундай-бундай деб гапираётган эдингиз, келганида эса очиқ юз ва табассум билан муомала қилдингиз», деди. Расулуллоҳ (алайҳиссалом): «Мени қачон ёмон ҳолатда кўргансан, қиёмат кунида Аллоҳ олдида одамларнинг энг ёмони одамларни ёмонлик ила кутиб оладиган кимсадир», дедилар. Ибн Ҳажар Асқалоний (р.ҳ.) «Фатҳул-Борий» асарида мана шу ҳадис мадоро ва муроса билан яшаш кераклигига асосий далилдир, деган. Юқоридагиларга амал қилиш инсониятни барчанинг кўзи ва қалбига яхши кўрсатиб қўяди. Қалбларни забт этишнинг имкониятлари мана шу ўн битта нарсада жам бўлган бўлса, ажаб эмас. Сиз ҳам амал қилиб кўринг!
Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ