Хоразмлик Исоқ ота деган одам бўларди. Бир сафар телевидениеда жонли кўрсатувимизда анча гапларни гапириб юборди. Хоразмда талончилар кўпайгани, уларнинг ҳатто айрим ҳуқуқ поспонлари билан тили бир эканини шартта-шартта гапириб ташлади.
Кўрсатувни устозимиз Рўзибой Қўлдошев олиб бораётган эди. Мен Исоқ отани роса жанжалкаш, ишкал одам сифатида ўшанда таниганман. Кейин бизни «Нажот излаб» деган кўрсатувни тайёрлаш мақсадида Хоразмга жўнатишди.
Борсак ростдан ҳам анча-мунча адолатсизликлар бўлиб ётган экан. Тасвирчимиз билан Исоқ отанинг уйига бордик. Кеч бўлиб қолгач мажбур у кишиникида қолдик.
Бир пайт тунда эшик тақиллади. Хоразмда уйларга кирсангиз дарвозадан тўғри уйга кирар экансиз. Мен ўнг тарафдаги уйда ётган эдим, камера менинг ёнимда эди. Ярим профессионал 9500 ёзилган камерада тасвирга олишни мен ҳам ўрганиб олгандим.
Бир пайт эшикни очган Исоқ отага бир терговчи қаттиқ-қаттиқ гапира бошлади. – Тошкентинг нима қилиб берди?! Сенинг ҳаётинг бизнинг қўлимизда!.. – деди ўшқириб.
Қандай юрак билан билмайман, мен пардани бироз суриб тасвирга ола бошладим. Терговчи бир пайт тўппончасини чиқариб Исоқ отага ўқталди. У: – Агар яна шикоят қилсанг, уруғ-аймоғинг билан қириб ташлайман! Тушундингми? – деди.
Бир пайт Исоқ отанинг хотини қирқма милтиқ олиб чиқиб, терговчига бақирди. Мен камерани у тарафга қарата олмас эдим. Фақат овозини эшитардим холос.
Терговчи қўрқдими, отиб қўядими, деб ўйлади шекилли, аёлга яхши гапириб чиқиб кетишини айтди ва чиқиб кетди.
Ҳаяжонланганимдан камерани ҳам ўчирмабман. Исоқ отанинг олдига чиқиб ёрдам бермоқчи бўлдим. Кейин тасвирга олганимни айтдим. Исоқ ота зудлик билан бу кассетани копия қилиш кераклигини айтди ва биз эрта тонгдан лентадан нусха кўчиришга кетдик.
Эртаси куни ўша терговчи ёнига бордик. У бизни жуда одоб билан кутиб олди ва Исоқ отани тузумга қарши, шантаж одам сифатида бизга таърифлади. Кейин мен унга видеомагнитофон олиб келишини ва унга бир нарса қўйиб беришимни айтдим.
Видеони кўриб кўзи чиқиб кетди ва мен унга ташқарида тегишли орган ходимлари кутиб турганини, шовқин қилмаслигини айтдим.
Ўшанда бу тизимда ишлайдиганлардан кўплари қамалди. Кўп ўтмай Исоқ ота ҳам вафот этди. Аллоҳ раҳмат қилсин отани...
Менга Исоқ ота ўшанда: – Ўғри, порахўр одамларнинг масжид қуриб, гуноҳим тўкилади дейишини ҳеч тушунмайман, ахир масжиднинг бир дона ғишти ҳам ҳаром пулга келган бўлса ярамайди-ку? Кейин масжид Худонинг уйи дейишади, Худога бандаси қурган уй нима керак, Худонинг уйи одам қалбида бўлиши керак. Мактаби хароб бўлиб, қасрдай масжидда намоз ўқилса тўғри бўлармикин? – деганди.
Жуда қизиқ фикрлари, ҳаётий мантиқлари бор эди раҳматлининг...
Дилдора ҲАСАНОВА, журналист ва режиссёр
Она мушук ва меҳр мўъжизаси
🕔15:48, 26.06.2025
✔145
Ҳар куни атрофимизда юзлаб, минглаб ҳодисалар содир бўлади. Уларнинг баъзисига шунчаки кўз югуртиб ўтамиз, бошқаларини эса унутиб юборимиз. Бироқ айрим воқеалар борки, юракка муҳрланади, одамни чуқур ўйга солади.
Батафсил
Тинчлик қадри «Уруш, номинг ўчсин жаҳонда...»
🕔15:27, 08.05.2025
✔206
Иккинчи жаҳон урушининг тугаганига 80 йил тўлди. Бу анча узоқ муддат. Бир инсоннинг умридай, эҳтимол ундан ҳам ортиқ. Лекин ўша машъум урушнинг мудҳиш асоратлари ҳали-ҳамон ўчгани йўқ.
Батафсил
Оилани камбағалликдан эркак қутқаради
🕔16:16, 17.04.2025
✔211
• Азим Тошкентнинг Олмазор тумани «Юқори Себзор» маҳалласида 83 ёшли, Ўзбекистон халқ устаси Маҳмуджон Мамажонов яшайди. Табаррук ёшда ҳам меҳнат қилишдан бир лаҳза тўхтамаган ҳунармад уста меҳнатга муҳаббати йўқ одамни бой яшашга рағбати йўқ одам, деб ҳисоблайди.
Батафсил