Китоб бу — мўъжиза      Бош саҳифа

«Рақамдан бошқа нарсага қизиқмайдиган катталарга ўхшашни истамайман...»

«Кичкина шаҳзода» эртаги Антуан де Сент-Экзюперининг ҳаёт маъноси ва мазмуни ҳақидаги дардлари ва фалсафий мушоҳадалари, инсонлар ўртасидаги дўстлик, ҳамдардлик ва ўзаро ҳурмат муносабатлари, ёвузликка қарши кураш ғояларини акс эттирган.

«Рақамдан бошқа нарсага қизиқмайдиган  катталарга ўхшашни  истамайман...»

Бола қалби билан оламни соф ва табиий англагувчи Кичкина шаҳзодани катталарнинг моддиятни нақадар қадрлашлари ҳайратда қолдиради. Катталарнинг аслида ҳеч нимага арзимас нарсаларга муккадан кетгудек эътибор қилиб, ўткинчи нарсаларга берилиб, энг муҳим, энг гўзал  нарсаларни илғамай, англамай, ҳис қилмай ўтиб кетишларига ҳам ишора қилиб турибди.
Асардан келтирилган парчага эътибор қилайлик: «Мабодо катталарга: «Мен қизғиш ғиштли чиройли бир уйни кўрдим, деразасида ёронгул очилиб турибди,  томида каптари бор», деб айтсангиз, улар бу иморатни сира ҳам кўз ўнгига келтира олмайди. Уларга: «Мен юз минг франкли уйни кўрдим», деб айтиш лозим. Шундагина улар: «Ана гўзаллигу мана гўзаллик!», дея хитоб қилишади».
Қачонлардир бола бўлган ўша катталар ҳам ўтмишда соф туйғуларни, соф муҳаббатни, меҳрни ҳис қилган, албатта. Аммо вақтлар ўтиши билан ҳамма ҳам бола қалбини сақлаб қололмайди, кўпчилик учун бундай туйғулар узоқ ўтмишда қолиб кетгандек, хира тасвирларга айланади. Ёзувчи ҳар бир инсон қалбида мавжуд бўлган ўзининг болалиги баъзан қайта жонланиши, оламни меҳр-муҳаббат, самимийлик кўзи билан кўриши мумкин эканини жуда моҳирлик билан тасвирлаган.
«... Мен, ёруғ оламда рақамдан бошқа нарсага қизиқмайдиган катталарга ўхшаб қолишни сира-сира истамайман». Шу сатрларни ўқиётганда беихтиёр киши хаёлига бугун ҳаёт мазмунини рақамларда деб ҳисоблайдиган кишилар келади. Дарҳақиқат, гоҳида инсоннинг меҳнати, унинг ижод маҳсули асло аҳамиятга эга бўлмай, балки рақамлар, ҳисоб-китоблар бирламчи ўринга чиқади. Рақамлар, ҳисоботлар, жадваллар шунчалар муҳимки, гўё инсоннинг шу қоғозчалик қадр-қиммати йўқдек туюлади. Агарда шу қоғозлар тўлдирилмаса, шу ҳисоботлар топширилмаса, демакки, у одам ҳеч ким эмас! У қоғозларда, ҳисоботларда мавжуд бўлсагина инсон сифатида ҳам қадр-қимматга эга. Шу сабабдан ҳам Кичкина шаҳзода 
­«...Мен, ёруғ оламда рақамдан бошқа нарсага қизиқмайдиган катталарга ўхшаб қолишни сира-сира истамайман», деганида нақадар ҳақли эди.
«Тўртинчи сайёра корчалон одамга қарашли эди. У шу қадар банд эдики, Кичкина шаҳзода ҳузурига кириб келганида ҳатто бош кўтариб ҳам қарамади.
– Салом, – деди Кичкина шаҳзода. – Папиросинг ўчиб қолибди.
– Иккига уч – беш.  Бешга етти – ўн икки. Ўн иккига уч – ўн беш. Салом. Ўн бешга етти – йигирма икки. Йигирма иккига олти – йигирма саккиз. Гугурт чақишгаям вақт йўқ. Йигирма олтига беш – ўттиз бир. Уф! Жами, демакким, беш юз бир миллион-у олти юз йигирма икки минг етти юз ўттиз битта.
– Нима у – беш юз бир миллион?.. 
– А? Э, ҳалиям шу ерда турибсанми?.. Нималигини билмай ҳам қолдим... Ишим шу қадар кўпки! Мен жиддий одамман, валақлаб ўтиришга вақтим йўқ! Иккига беш – етти...». 
Кичкина шаҳзода қирол, шуҳ­ратпараст, корчалон (бюрократ), ҳеч кимга нафи тегмайдиган китоб­лар ёзиб ўзини овутадиган чол ва бошқалар билан суҳбат қуради. Бу инсоний ожизликлар унинг юрагини ғаш торттиради. 
Жамиятда шундай инсонлар ҳам бўладики, улар ўзларини ўта муҳим фан билан машғулдек тутади. Аслида эса, ўзгаларнинг меҳнати эвазига шон-шуҳрат, бойлик орттиришади. Географ яшайдиган сайёрада ана шундай ғалат ҳодисанинг ажиб ифодасини кўрамиз:
«– Сайёрангиз жудаям чиройли экан, – деди у. – Айтинг-чи, океанлар борми бу ерда?
– Бунисини билмадим, – деди географ.
– Э-е, – деди Кичкина шаҳзода ҳафсаласи пир бўлиб. – Тоғ борми, тоғ?
– Билмайман, – деди географ.
– Шаҳарлар, дарёлар, саҳролар-чи?
– Буниям билмайман.
– Ахир сиз географсиз-ку!
– Бўлмаса-чи! – деди чол виқор билан. – Гап шунда-да: мен сайёҳ эмас, географман... шаҳарлар, дарё-ю тоғлар, денгиз-у океанларни, чўл-у биёбонларни географлар ҳисоблаб қайд этмайди. Географ – бу катта одам, унинг санғиб юришга вақти йўқ. У ўз кабинетидан чиқмайди, аммо саёҳатчиларни қабул қилиб, уларнинг ҳикояларини ёзиб олади. Агар уларнинг бирортаси қизиқроқ воқеани айтиб берса, географ ҳужжат тўплаб, шу сайёҳнинг бамаъни одамми ёки бетайинлигини текширади». 
Ушбу сайёра ва ундаги образ орқали ёзувчи инсонга хос бўлган яна бир қусурга ишора қилади. Чунки инсон баъзида керакли ва кераксиз юмушларни ажрата олмай, ҳатто умр бўйи беъмани ишлар билан банд бўлиб ўтиши мумкин. Шунинг учун ҳам «кабинетидан чиқмай» одамларнинг ишларини ҳисоб-китоб қилувчи чолдан Кичкина шаҳзода дарёлар, тоғлар, саҳролар сингари улуғвор нарсалар ҳақида сўраганда, унинг бундай табиат гўзалликларидан нақадар узоқ эканини англаб етамиз. Битта кабинетга қамалиб умри ўтаётган одамнинг дунёқараши ҳам шу хона деворлари орасида қолиб кетгани Кичкина шаҳзода сўраган дарёлар, тоғлар ва саҳролар сингари кенг ва баланд тушунчаларга зид қилиб тасвирланади. Айни шу зидлик орқали ҳам инсон қалб гўзаллигини ҳис қилмас экан, у ҳамиша тўрт девор орасида рангсиз умр кечираверишини англаб етамиз. Ўша географ чолнинг яна бир гапи ҳақиқатан ҳам қалб гўзаллигидан мосуво инсонларнинг соф қалб эгаларини ҳис этмасликларини кўрсатади.
Асарда ер юзидаги айрим глобал муаммолар ҳам Кичкина шаҳзода нигоҳи билан кузатилади. Унда ҳарбий машғулотларда, курашларда, урушларда иштирок этган учувчи ўзининг ҳаётсевар қалби билан бу уруш ва талашлар аслида бир қарич бўлса-да кўпроқ ер эгаллаш учун эканини англаган, бундан изтиробга тушган бўлиши мумкин.
«Кичкина шаҳзода» асари нафақат барча болалар, балки барча катталар учун ҳам севимли бўла оладиган асар. Жасур учувчи ва машҳур ёзувчи Антуан де Сент-Экзюпери самодаги ҳислари, ердаги ўй-хаёлларини жамлаб, шундай гўзал асар ярата олди. Бу асар инсоният учун бебаҳо қадриятлар, гўзал туйғулар ҳақида эслатиб турувчи ён дафтардек ундан ёдгорлик бўлиб қолди.

 Рухсора ТЎЛАБОЕВА




Ўхшаш мақолалар

«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»

«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»

🕔11:20, 29.05.2025 ✔183

Китоб ўқимаган, китоб­га ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.

Батафсил
Китоб –  ҳаётингизни  абадий  ёритувчи маёқ

Китоб – ҳаётингизни абадий ёритувчи маёқ

🕔12:13, 24.04.2025 ✔213

Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди

Батафсил
Китоб –  озодлик  сари йўл

Китоб – озодлик сари йўл

🕔15:24, 14.03.2025 ✔326

Жиноий жазолар нафақат жазолаш, балки шахсни тузатиш ва жамиятга қайта мослашиш жараёни сифатида ҳам қаралиши керак. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида муҳокама қилинган янги қонун лойиҳаси айнан шу тамойилга асосланган. Унга кўра, маҳкумлар ўз устида ишласа, хусусан, китоб ўқиб, имтиҳон топширса, жазо муддати қисқартирилади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • «Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»

    «Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»

    Китоб ўқимаган, китоб­га ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.

    ✔ 183    🕔 11:20, 29.05.2025
  • Китоб –  ҳаётингизни  абадий  ёритувчи маёқ

    Китоб – ҳаётингизни абадий ёритувчи маёқ

    Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди

    ✔ 213    🕔 12:13, 24.04.2025
  • Китоб –  озодлик  сари йўл

    Китоб – озодлик сари йўл

    Жиноий жазолар нафақат жазолаш, балки шахсни тузатиш ва жамиятга қайта мослашиш жараёни сифатида ҳам қаралиши керак. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида муҳокама қилинган янги қонун лойиҳаси айнан шу тамойилга асосланган. Унга кўра, маҳкумлар ўз устида ишласа, хусусан, китоб ўқиб, имтиҳон топширса, жазо муддати қисқартирилади.

    ✔ 326    🕔 15:24, 14.03.2025
  • Мутолаа  хўжакўрсинга бўлса...

    Мутолаа хўжакўрсинга бўлса...

    «Боболаримиз китоб топишга қийналар эдилар: ҳозир эса биз китоб танлашга қийналамиз. Мутолаа учун жуда зийрак бўлмоқ керак».

    ✔ 309    🕔 15:53, 10.01.2025
  • Уйингизда болалар учун китоб борми?

    Уйингизда болалар учун китоб борми?

    Ҳар йили дунёда 249 миллион нафарга яқин бола муайян ресурслар етарли бўлмагани оқибатида ривожланишдан орқада қолмоқда.

    ✔ 406    🕔 21:07, 05.10.2024
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар