«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
Батафсил2020 йилда ўтказилган халқаро тадқиқотларга кўра, ҳаво сифати кўрсаткичлари бўйича Ўзбекистон дунё мамлакатлари орасида анча қуйи ўринлардан бирини эгаллаган. Биздан кейин рўйхатда фақат Непал, Ҳиндистон ва Покистон бор. Ушбу тадқиқотга кўра, Ўзбекистондаги ҳаво сифати Зимбабве ва Қозоғистонга қараганда тахминан икки баравар ёмон, Жазоир ва Эронга нисбатан уч баравар ёмонроқ.
Аqocn.org халқаро сайтининг хабар беришича, Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланиши даражаси индекси 169. Берлинда эса 18. Берлин билан солиштирганда орада жудаям катта фарқни сезиш мумкин. Сайтда Берлин шаҳри деярли тоза атмосферага эга яшил ҳудуд сифатида кўрсатилмоқда. Унинг ҳавоси инсон саломатлигига деярли салбий таъсир кўрсатмайди.
Юқоридаги маълумотларларга асосланадиган бўлсак, бугун Ўзбекистонда тоза ҳаво масаласи нақадар долзарб экани, мамлакатимизда атмосферага чиқарилаётган чиқиндилар ва заҳарли газлар борасида кечиктириб бўлмас чоралар кўрилиши зарурлиги яққол ойдинлашади.
«Ўзгидромет»
огоҳлантиради
Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази бош директори Шерзодхўжа Ҳабибуллаевнинг билдиришича, мамлакатимизда 2018-2020 йиллар давомида транспорт воситаларидан ажралиб чиқадиган заҳарли моддалар миқдори 14 фоизга, турғун манбалардан чиқадиган заҳарли моддалар миқдори эса 62 фоизга ўсган. Оғир метал ишлаб чиқариш ва қурилишдаги газлар ҳам шаҳарнинг ифлосланиш даражасини оширган. Шаҳардаги қурилиш ишларининг кўплиги, иқлим ўзгариши ҳам атмосферага зарарли таъсир кўрсатмоқда. Яшил ҳудудларнинг камлиги, дарахтларнинг кўп миқдорда кесилиши ифлосланиш даражасини янада кучайтирган.
Шаҳарлашиш жараёнларининг тезлашиши ҳам ҳаво ифлосланишини сезиларли даражада кучайтириши бор гап албатта. Бугун аҳолининг ярмидан кўпроғи шаҳарларда яшашини ҳисобга олсак, шаҳар кўп ҳолларда ифлосланиш манбаи бўлиб қолмоқда.
Айнан шу ерда ҳаво ифлосланишининг оқибатлари айниқса кучли сезилади. Бу, шубҳасиз, завод ва фабрикалар ҳамда ҳаддан ташқари кўпайиб кетган автотранспорт воситаларидан чиқарилаётган зарарли газлар миқдорининг ортиши сабабли юзага келади. Келгусида завод-фабрикалар қурилишида муайян қоидаларга амал қилиниши келажак авлоднинг тоза ҳаводан баҳраманд бўлишига олиб келади.
Ҳавонинг ифлосланиши чегара билмайди – бир мамлакатдаги манбадан ҳавога чиқарилган ташланма бошқа, баъзида эса минглаб километр наридаги мамлакат ҳудудига ўтиши ва чўкиши мумкин. Шунинг учун ҳам атмосфера ҳавосининг тозалигини ҳеч бўлмаганда ҳозирги даражасида сақлаб қолиш ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
Атмосфера ва
экологик назорат
Атмосфера табиий таркибининг инсон фаолияти натижасида рўй берган ўзгаришлари ҳавонинг ифлосланишига олиб келади. Ифлосланиш кўламини фақат атмосфера ҳавосини мониторинг қилиш ёрдамида аниқлаш мумкин. Мониторингни ташкил қилиш ҳаво сифатини баҳолаш ва яхшилаш бўйича самарали чораларни режалаштириш учун жуда муҳимдир.
Ҳаво ифлосланиши мониторинги ифлослантирувчи моддалар мавжудлигини қайд этиш ва уларнинг аномал концентрацияларини аниқлаш, шунингдек, атроф-муҳит ифлосланишини камайтириш ҳамда аҳоли саломатлигига зарарли таъсирни минималлаштириш бўйича тезкор чоралар қабул қилиш учун ифлослантириш манбаларини аниқлашга имкон беради.
– Ўзгидромет атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторингини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 25 та шаҳардаги 63 та стационар кузатув пунктида амалга оширади. Кузатув пунктларида атмосфера ҳавосидаги 12 та ифлослантирувчи модда назорат қилинади, – дейди метеоролог Эркинжон АБДУЛАҲАТОВ. – Шаҳарда атмосфера ҳавоси сифатини мониторинг қилиш дастури бешта асосий ифлослантирувчи модда: чанг (қаттиқ муаллақ заррачалар), олтингугурт диоксиди, углерод оксиди (ис гази), азот диоксиди, азот оксидини ўз ичига олади. Саноат ажратмалари таркиби ва яқинда жойлашган шаҳарлар ва туташган ҳудудлар хусусиятларига қараб дастурий ўлчовларга бошқа моддалар (аммиак, фенол, формальдегид, озон, хлор, қаттиқ фторидлар, фторли водород, оғир металлар) қўшилади.
Мутахассиснинг таъкилашича, ҳаво ҳолати устидан кузатувлар ҳар сутка давомида уч марта амалга оширилади. Ўзгидромет кузатув пунктларида ҳаво намуналари аспиратор усулида ҳавони Рихтер ютгичлари ва махсус найчалар орқали ўтказиб олингач, марказнинг 17 та лабораториясида таҳлил қилинади.
Эскирган «назоратчи» ускуналар
Ҳозир мамлакатимизда экологик таъсирнинг I ва II тоифалари (юқори ва ўрта хавфли) бўлган энг кўп миқдорда ифлослантирувчи моддаларни ҳавога ажратувчи умумий 75 та ишлаб чиқариш объекти мавжуд экан. Шундан, 59 таси юқори (731 458,1 тонна) ҳамда 16 таси ўрта хавфли (153 350,3 тонна) бўлган объектлар ҳисобланади. Булар орасидан атмосферага энг кўп заҳарли ташланма чиқарувчи ҳудудлар Қашқадарё (271 409,3 тонна), Навоий (68 161,9 тонна) ва Тошкент (279 746,7) вилоятлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Республика бўйича ташланмалар олдинги йилларга нисбатан камаяётгани билан бир қаторда, саноат ривожланган Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида ташланмаларнинг миқдори юқорилигича қолмоқда.
Ифлослантирувчи моддаларнинг юқорилиги, биринчи галда ишлаб чиқаришнинг ўсиши билан боғлиқ бўлса, иккинчидан саноат корхоналаридаги чанг-газ тозалаш ускуналарининг аллақачон муддати ўтиб бўлгани ва эскирганидир.
— Республикада 6,5 мингга яқин чанг-газ тозалаш ускуналари мавжуд. Шундан 60 фоиздан ортиғи 10 йилдан ортиқ муддатда фойдаланишда бўлиб, улар бугунги кунда ҳар томонлама эскирган. Айниқса, Самарқанд (77%), Сурхондарё (79%), Бухоро (82%), Хоразм (88%) вилоятларида 10 йилдан ортиқ фойдаланиб келинаётган чанг-газ тозалаш ускуналари (ЧГТУ) мавжуд — дейди Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси бошқарма бошлиғи Азизбек КАЛИМБЕТОВ.
Республика бўйича бир йилда ўртача қарийиб 6,5 млн. тонна ташланмалар корхона ва ташкилотларда ҳосил бўлади
ва шундан 5,6 млн. тоннаси (87,3 фоиз) ЧГТУларга йўналтирилади, шундан 5,5 млн тоннаси (85,2 фоизи) ушлаб қолинган ва зарарсизлантирилган. Улардан 4,6 млн тоннаси (83,6 фоизи) утилизация қилинган.
Мазкур масала юзасидан қандай ишлар олиб борилаётгани, ҳавони ифлослантириш ҳолатларига қарши кўрилаётган чоралар тўғрисида Ўзбекистон Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасига мурожаат қилдик.
Қўмита ахборот хизматидан маълум қилишларича, ҳозирда «2021-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасидаги йирик саноат корхоналарида чанг-газларни тутиб қолиш самарадорлигини янада оширишга қаратилган чора-тадбирлар дастури» ишлаб чиқилган бўлиб, унинг ижроси алоҳида назоратга олинган. Жумладан, 53 та корхонада 320 та ускуна модернизация қилинади. Корхоналар ҳудуди ва унга туташ жойларда чанг-газларни ўзида тутиб қолувчи йирик баргли дарахтлар экилади. Вилоят ҳокимликлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан биргаликда транспорт ва пиёдалар оқими кесишадиган жойларни камайтириш, магистралларнинг юклама даражасини пасайтириш, транспорт оқими таркибини ва ҳаракат тезлиги режимини тартибга солиш циклини оптималлаштириш ҳамда янги кўприк ва йўл ўтказгичлар барпо этиш ҳам атмосферага заҳарли газлар чиқарилишини камайтиришга хизмат қилади. Мана шу чоралар ўз вақтида амалга ошса атмосфера ҳавоси зарарланишини 20 фоизгача камайтиришга эришиш мумкин.
Автотранспорт
улуши – 60 фоиз
Ҳар йили Ўзбекистонда 2 млн 900 минг тоннадан зиёд ифлослантирувчи модда, жумладан, 182,7 минг тонна углеводород, 129,6 минг тонна углерод оксиди, 117 минг тонна азот оксиди, 542 минг тонна олтингугурт оксиди атрофга тарқалади. Углерод оксиди ва углеводородлар кўринишида ифлослантирувчи манбаларнинг асосийси, умумий заҳарли моддаларнинг 50-60 фоизи автотранспортга тўғри келади. Бунинг сабаби эса бизнинг машиналаримиз асосан метан газида ҳаракатланишидир. Транспорт воситалари двигателларининг чиқинди газларида сув буғларидан ташқари 200 дан ортиқ кимёвий бирикма ва элементлар топилган. Шу боис тоза ҳаво учун кураш бугунги куннинг энг долзарб муаммоларидан бирига айланиб бормоқда.
– Ҳозирги вақтда ҳавони ифлослантирувчи асосий манбалар саноат корхоналари ва транспорт, асосан, автомобиллар ҳисобланади, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар кенгаши бош мутахассиси Малика ҲАЙДАРОВА. – Транспорт воситалари энергия, саноат ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари билан бир қаторда ифлослантирувчи моддаларнинг сезиларли қисмини ҳавога чиқаради. Ҳозирги кунда ҳавонинг ифлосланишига қарши курашиш бўйича аниқ ва зарурий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, аммо муаммо кескинлигича қоляпти. Бу муаммони бартараф этиш учун келгусида янада кўпроқ ҳаракат ва харажат талаб этилади.
Саломатлик
учун хавфли
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, Ўзбекистон ҳаво ифлосланиши билан боғлиқ ўлим ҳолати бўйича дунёда учинчи ўринни эгаллайди. Ҳавонинг ўртача йиллик ифлосланиш даражаси 10 мг/м³ дан юқорилиги кузатилса, инсонларда астма, саратон, турли хил аллергик касалликлар, нафас олиш органлари шиллиқ қаватининг зарарланиши, тери хасталиклари каби касалликлар ривожланиши мумкин. Айнан шу сабаб коронавирус пандемияси чоғида баъзилар бир бор нафас олишга интиқ бўлиб жон таслим қилишди.
Ҳа, айнан ташқи таъсирлар келтириб чиқарган ёндош касалликлар сабаб вирус ўз қурбонлари сонини кўпайтирди. Охирги йилларда саратон касалликларининг урчиб кетишига сабаб ҳам бузилган ва бузилишда давом этаётган атмосфера ҳавосидир.
Машҳур табиб Гиппократ: «Агар кўпчилик бир вақтда бир касалликка чалинса, унинг сабабини барча инсонлар учун умумий бўлган ва энг кўп фойдаланиладиган нарсадан қидириш керак. Демак, гап ўзимиз нафас олаётган ҳавода», – деган эди.
Айнан ҳаво, инсонлар саломатлигига жиддий таъсир қилади. Унинг ҳарорати ва намлиги инсон организмининг нафас олиш, юрак фаолияти, қон айланиши ва терига дахл қилувчи иссиқлик алмашинуви шароитларини белгилайди.
– Атмосфера ҳавосининг тозалигини кузатиб бориш бизга ўз соғлиғимизни ҳимоя қилишда ёрдам беради, – дейди Тиббий ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги бош мутахассиси Сирожиддин ХОЛОВ. – Ҳавонинг юқори даражада ифлосланиши инсонлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Натижада юрак ва қон-томир касалликлари, иммунитет сусайиши, неврологик, репродуктив ва нафас қисиши, аллергик касалликлар каби хасталиклардан азият чекиш хавфи вужудга келади. 2016 йилда дунё бўйлаб касалликларни тадқиқ этиш кўрсаткичига кўра, хона ва очиқликдаги ҳавонинг ифлосланишидан йилига 7 миллион одам вафот этади, бу бутун дунё бўйича ўлимларнинг 10 фоизини ташкил қилади. Дунёда йилига ҳавонинг ифлосланиши туфайли инсонларнинг умр кўриш муддати қарийб икки йилга қисқариб бормоқда.
Муаммога
ечим борми?
Ҳавонинг ифлосланиш даражасини пасайтириш учун турли хил саноат корхоналарининг замонавий, юқори самарали чанг-газ тозалаш ускуналари, шунингдек, уларни назорат қилиш воситалари билан жиҳозланиши муҳим аҳамият касб этади.
Аммо корхона, завод ва фабрикалар томонидан на бунга маблағ ажратилади, на муаммонинг олдини оладиган тадбирлар ишлаб чиқилади.
Чунки йирик ишлаб чиқарувчи корхона ва заводлар учун замонавий фильтрларни ўрнатиш катта маблағ талаб қилади.
Ҳаво ифлосланишининг жуда кўп аниқ сабаблари бор: ёқилғи сифатида кўмир ва ўтиндан фойдаланиш ёки дизель ёнилғисидан ҳосил бўладиган саноат ва маиший чиқиндилар, автомобиллардан чиқадиган газлар ва бошқалар. Ўзбекистон мисолида сабаблар рўйхатига қўрқмасдан шаҳарларда қурилишлар учун яшил зоналар ва боғларнинг йўқ қилинаётганини, шаҳар жамоат транспортининг нотўғри бошқарилиши, йўлларнинг тартибсиз ва ҳаддан ортиқ кенгайтирилиши, транспортлар сонининг ошганлигини киритиш мумкин.
Шу ўринда ҳар биримизда аниқ бир савол туғилади: қандай қилиб ҳаво сифатини яхшилаш ёки ҳеч бўлмаганда ҳозирги ҳолатида сақлаб қолиш мумкин? Бунинг учун, аввало, атмосферага белгиланган меъёрдан ортиқ зарарли газлар чиқарилишининг олдини олиш учун қатъий чоралар кўрилиши шарт. Бутун дунёда жорий қилинган юқори самарали фильтрация технологияларини олиб кириш ва ўрнатиш бу борада кўзланган натижаларга эришиш учун ёрдам беради. Бу ўринда мазкур жараённинг моддий қийматига алоҳида урғу бериш ёки саноат муассасаларининг моддий-техник базасига суяниш ўзини оқламайди. Атмосфера воситасида бутун экотизим барқарорлигини сақлаш учун ҳар қандай моддий манфаатдорликдан юқорироқ қарорлар қабул қилиш – кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан. Шу билан бирга, жамиятда ўрнатилган мазкур тартиб-қоидаларга бўйсунмаслик учун белгиланган жазо чораларини янада талабчан тамойиллар асосида ишлаб чиқиш зарур. Яшил ҳудудларни имкон қадар сақлаб қолиш ҳамда улар майдонини йилдан-йилга кўпайтириб боришнинг аниқ амалий механизмини яратиш ҳам мазкур муаммонинг ечими учун хизмат қилиши шубҳасиздир. Лекин флорага муносабат борасида амалдаги фаолиятни қониқарли деб бўлмайди. Агар аҳвол ҳозиргидай давом этса, ҳавони табиий фильтрлаб турувчи энг муҳим нарса – яшил ҳудудларни буткул йўқотиб юборишимиз ҳам ҳеч гап эмас.
Бундан ташқари, мутасадди ташкилотлар ташаббуси билан ҳафтада бир марта «автомобилсиз кун» каби тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ҳавонинг маълум миқдорда тозаланишида сезиларли даражада ёрдам бериши мумкин.
Йиллар давомидаги атроф муҳитга бепарволик билан ёндашув юртимизни ва шу ўринда пойтахт шаҳарни ҳам жиддий экологик муаммолар ўчоғига айлантирди. Хайриятки, охирги йилларда экология ва атроф муҳит муҳофазасига қаратилган тизимли фаолиятнинг йўлга қўйилиши масалага жиддий эътибор қаратила бошланганидан далолатдир. Эндиги вазифамиз эса, мазкур фаолиятни жаҳон стантдартлари доирасига олиб чиқиш орқали экологик тоза муҳитни барпо этишдан иборат. Агар вақтида керакли чора-тадбирлар ишлаб чиқилмас экан, бу муаммо мамлакатимизнинг энг катта экологик хавфларидан бирига айланиб кетиши мумкин.
Саида ИБОДИНОВА,
«Оила ва табиат» мухбири
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил