Долзарб мавзу      Бош саҳифа

ХАЛҚ УЙЛИ БЎЛЯПТИМИ? ДЕМАК, ҲАММАСИ ЖОЙИДА

2009 — 2015 йилларда Ўзбекистон қишлоқларида 56 мингдан зиёд намунавий уй-жойлар барпо этилди

ХАЛҚ УЙЛИ БЎЛЯПТИМИ? ДЕМАК, ҲАММАСИ ЖОЙИДА

Халқимиз янги уй-жойга кўчиб ўтганда, бир иборани ишлатади: «Ватанли бўлдик». Шу гапда бошқача маъно бор-да. Яъни, Ватан инсонни ерга боғлаб турадиган, унинг ҳаётига тартиб, маъно-мазмун ва мақсад бағишлайдиган гўша. Ватан эса, остонадан бошланади.

Эътибор берсак: ота-боболаримиз қадим-қадимдан бировнинг уйида, ҳатто боласининг хонадонида барча шароит, ҳурмат-иззат бўлса-да, барибир, яйраб яшолмайди. «Ўз уйим — ўлан-тўшагим», дейди. Тилимиздаги меҳр-оқибат, меҳр-шафқат, қадр-қиммат каби чуқур маъно-мазмунли иборалар ҳам шундан далолат. Яъни инсон ўз уйига эга бўлгач, ён-атрофдаги қўни-қўшни билан янада иноқлашишга, маҳалла-кўйга кўпроқ аралашишга ҳаракат қилади. Жамиятга сингишган одамни эса, айнан шу жиҳат — эл-юрт олдидаги жавобгарлик ҳисси жуда кўп ёмонликлардан тийиб туради.

Истиқлол йилларида аҳолини замонавий уй-жойлар билан таъминлашга улкан аҳамият қаратилаётганининг таг замирида ҳам ана шу кўҳна ва ўзгармас ҳақиқат мужассам: ўз уйига эга бўлган инсонгина ҳаётда катта мақсадларни кўзлайди.

Ҳам бошпана, ҳам даромад

«Уй-жой программаси қандай бажарилаётганлигига бир назар ташланг. Ҳар бир областда, ҳар бир шаҳарда биз фақат аҳолининг ўсиб бораётган қисминигина зўр-базўр уй-жой билан таъминлашга улгуряпмиз. Аҳвол мураккаблигича қолмоқда, аҳолини уй-жой билан таъминлаш аввалги даражада турибди. Уй-жойлар эскириб, яроқсиз бўлиб қолмоқда...»

Ҳа, Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов 1989 йил 19 августда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг XVI пленумида сўзлаган маърузасида мамлакатимиздаги энг ўткир муаммони ана шундай катта жасорат билан кўтариб чиққанди. Ўша пленумда илк марта катта минбарда  қишлоқларда 240 минг оиланинг ери йўқлиги, 1,8 миллиондан кўпроқ ҳовли эса кенгайтиришга жуда муҳтож экани, биргина Тошкент шаҳрида 92 минг оила ер участкаси олиш учун навбатда тургани айтилди. Ўша пленумда Ислом Каримов бу муаммоларнинг сабаблари ва амалий ечимини ҳам кўрсатди: «Ер участкалари, пул ссудалари ва зарур қурилиш материаллари ажратиб бериш бу йўлдаги асосий ғовдир. Биз масалани ҳал этишни жадаллаштиришимиз, одамларга ер беришимиз, уларни ссуда, қурилиш материаллари билан таъминлашимиз, хонадонларга сув, канализация, газ туширишимиз керак. Ҳозир эса кишилар бунга машаққат ва азият чекиб эришмоқдалар...»

Кўп ўтмай қишлоқда яшовчи ҳар кишига ўртача 25 сотихдан ер ажратиб берилди:

1989 — 1990 йилларда бир ярим миллиондан кўпроқ оилага қўшимча ер ажратилди, 700 минг оилага янги томорқа ерлари берилди.

— 1989 йили ёзида уч ўғлим бўйга етган, бироқ уларни уйлантириб, уйли-жойли қилишга бошимиз қотганди, — дейди фарғоналик 77 ёшли отахон Муҳаммаджон Орифжонов. — Августда аҳолига томорқа берилишини эшитиб, кўксимизга шамол тегди. Кузга бориб, икки ўғлимни уйладим. Баҳорда янги ҳовлиларга пойдевор ташладик. Кейинги кузда улар ўз ҳовлисига кўчиб чиқди.

Ҳа, бу тарихий воқеа сабаб наинки одамлар бошпанага, балки ўша вақт ва шароит нуқтаи назаридан ҳаётини ўнглаш учун даромад манбаига ҳам эга бўлди.

Кейинчалик (1991 йил бошида) бу ҳақда Президентимиз «Правительственный вестник» ҳафтаномаси мухбири саволларига берган жавобларида шундай деганди: «...Томорқа майдонлари, республикада экинзорларнинг бир неча фоизинигина эгаллагани ҳолда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 40 фоизга яқинини бермоқда...»

Ўн етти кишидан тилхат

Поездда Қашқадарёга кетарканмиз, олтмишдан ошган Йўлдош Насимов билан ҳамроҳ бўлдик. Отахоннинг ўғли Тошкентда ишлаб қолган экан. Зангиота туманидан намунавий лойиҳадаги уй-жой олибди. Уй тўйи қилибди. Отахон қўй сўйган, ҳафта-ўн кун меҳмон бўлган. Вақти чоғ. Йўл бўйи ўғлининг уйини мақтаб борди. Ҳавас билан тингладик. Йўлдош ота гап орасида 1980 йилда акасининг бошидан ўтган бир воқеани айтиб берди:

— Акамга уй қурамиз, деб тўрт йил тўрт ака-ука ўндан ортиқ новвос боқдик. Кун келиб, новвосларни сотиб, дарвозахонага бир-икки машина цемент-қум тўктирдик, шиферини ҳам олиб қўйдик. У вақтлар фақат қишлоқ раисининг уйи шиферли бўлгич эди. Эртаси куни ҳашарга одам йиғилган. Энди ишни бошлагандик, иккита «шапка»ли «бунча нарсани қайси даромадга олдиларинг, ҳужжатини кўрсатинглар», деб келиб қолди. Акам — содда: «ўндан ортиқ новвос боқувдик», деса бўладими? «Аҳ-а, мол-ҳолингни солиқдан яширгансан», деб акамни олиб кетди-қўйди. Шунда акамни чиқариб олиш учун қишлоқдаги ўн етти кишидан «мендан қарз олган», деган «қоғоз» тўлдирганмиз. Уларнинг энг ботири 150 сўм «қарз» берган, холос. Шукр, мана бугун давлатимизнинг ўзи уй-жойни обод қилишга ёрдам беряпти. Манави намунавий уй-жойларни-ку, шунчаки, томоша қилсанг ҳам дилинг яйрайди.

Илгари қишлоқларда уй-жойлар бош режаларсиз қурилган: на ҳудудлар иқлими, на ўзбек оиласининг миллий анъаналари ҳисобга олинган. Қишлоқ  аҳолисининг ўзи ҳам буюртмачи, ҳам қурувчи, боз устига имкониятлар чекланган. Қурилиш материаллари танқис. Шу сабаб ҳам уйлар қўлбола қурилиш материаллари — хом ғиштдан қурилган, болорлар томорқадан чиққан — қийшиқми-қуртлаганми борига барака бўлган. Одатда, фақат меҳмонхона пол қилинган. Бош режасиз қурилган уй-жойларни коммунал қулайликлар билан таъминлаш, тиббиёт муассасалари, мактаблар, болалар боғчалари, савдо шохобчалари, бозорлар, ҳовлисига олиб борадиган йўл, яъни оиланинг қулай шароитда яшаши учун зарур бўлган инфратузилма ҳақида-ку гапириб ўтирмаса ҳам бўлади.

...Яна бир гап: мустақилликнинг бошида «уй гуллатиш» — девору шифтларга тасвир ёки нақшлар солдириш — бадавлатлик белгиси саналарди. Чунки илгари қишлоқ уйлари деганда, пахсадан қурилган, пастқам, ич-таши шунчаки оҳаклаб қўйилган уйларни тушунардик-да. Уйни ётоқхона ё болалар хонаси каби қисмларга ажратиб жиҳозлаш-ку фақат шаҳарларда бўларди.

Бир кишига — 15,4 квадрат метр

Яқинда Олий Мажлисда «Мустақиллик йилларида замонавий уй-жойларнинг қурилиши — аҳоли фаровонлиги ошишининг муҳим омили» мавзусида ўтказилган давра суҳбатида айтилган бир факт эътиборимни тортди: 2009 — 2015 йилларда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида 56,5 минг замонавий ва шинам уй-жойлар қурилди. Мамлакатимизнинг жами турар-жой фонди 1,9 марта ўсди, бир кишига нисбатан турар-жой билан таъминлаш 12,4 квадрат метрдан 15,4 квадрат метрга етди.

Эътибор беринг: жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози кўплаб мамлакатларнинг белини букиб қўйган, манаман деган давлатлар ҳам қатор ижтимоий дастурлардан воз кечишга мажбур бўлган бир шароитда — 2009 йили Ўзбекистон қишлоқларида уй-жой қурилиши умуммиллий ҳаракат сифатида кенг қулоч ёзди. Бугун намунавий уй-жойлар билан янги массивлар барпо бўлмоқда, ўша ҳудудларга янги замон нафаси ҳам кириб бормоқда: янгидан ичимлик сув, табиий газ, электр энергияси тармоқлари ўтказилиб, замонавий лойиҳалар асосида мактаблар, қишлоқ врачлик пунктлари, савдо мажмуалари, болалар спорт майдончалари барпо этилаётир. Замонавий қурилиш материаллари, конструкциялар, ёғоч пол, дераза панжаралари, том ёпиш ва бошқа материаллар ҳам четдан келаётгани йўқ. Шу ишга бел боғлаган ўнлаб корхоналаримиз қатор имтиёз ва преференциялар асосида ишламоқда.

Бугун халқимизнинг 49,4 фоизи қишлоқларда истиқомат қилади. Қишлоқларда ҳар йили ўртача 150 минг янги оила вужудга келмоқда. Улар ўз уйига эга бўлишга эҳтиёж сезиши табиийдир. Шу боис ҳам бугун кўп массивларда намунавий уй-жой олишга катта рақобат юзага келган. Бу йил мамлакатимизда ҳар йилгидан ҳам кўп — 1,8 миллион квадрат метрдан зиёд ҳажмдаги 13 мингта уй-жой барпо этиш, узунлиги 900 километр ичимлик сув, газ ва электр тармоқлари, 325 километр йўл қуриш ишлари айни авжида.

...Бугун жаҳонда 100-200 миллион атрофида бошпанасиз одамлар бор. Сайёрамизда 1,6 миллиард киши эса энг оддий инсоний истеъмол талабларига жавоб бермайдиган шароитда яшамоқда. Мана, яқинда БМТ дунёда қочқин мақомини олганлар сони илк марта 65 миллионга етганини хабар қилди. Ўзи шундоқ ҳам кўплаб давлатлар глобал иқтисодий инқирознинг янги тўлқинига дучор бўлаётган паллада уларга ким ҳам уй-жой берарди, дейсиз.

Мамлакатимиздаги турар-жой энг қиммат ҳудуд — Тошкент шаҳри бўлса, шу ердаги нархлар ҳам Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари пойтахтларига нисбатан анча арзон. Қишлоқларда қурилаётган намунавий уй-жойлар билан  қишлоқ ва шаҳар ўртасидаги тафовут қисқармоқда. Бундай замонавий шарт-шароит, аввало, уй бекалари учун юксак даражадаги қулайликлар яратади. Аёллар ҳаётдан рози бўлиб яшаса, ишонинг, уйда ҳар куни байрам бўлаверади.

Умид ҒАФУРОВ




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔83

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔63

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔78

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар