Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Ўзбекистон сув тақчиллиги остонасида

Газетамизнинг ўтган сонида инсон бир кунда ўртача қанча сув сарфлаши ва қанчасини исроф қилиши ҳақида маълумот берган эдик. Шунингдек, исроф қилинаётган сувдан инновацион усулда қайта фойдаланиш, ўсимликларни суғоришда ишлатиш мумкинлиги ва бунинг баъзи усуллари ҳам келтириб ўтилган эди.

Ўзбекистон  сув тақчиллиги  остонасида

Бироқ бу айрим кишиларнинг «Нега энди сувни бунчалик тежашим керак, ҳаммаёқда оқиб ётибди-ку», деган эътирозига сабаб бўлиши табиий. Дарҳақиқат, юртимиз ариқлари, анҳору каналларида сув оқиб турибди, муаммо нимада?

Аслида сув захирамиз биз ўйлаганчалик кўп эмас. Жаҳон сув ресурслари институти (World Water Resource Institute) ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йилга келиб дунёда тахминан 3,5 млрд. аҳоли сув танқислиги муаммосига дуч келиши мумкин. Хусусан, ривожланаётган мамлакатларда табиий ресурсларни бошқаришнинг мукаммал стратегияси ва сиёсатининг амалда ишламаслиги ҳисобига бу кўрсаткич 1,2-1,8 млн. кишига етади. 2080 йилга бориб эса экинларни суғориш самарадорлиги оширилишига қарамасдан, глобал иқлим, об-ҳаво, ёғингарчилик ва ўсимликлар вегетация даврининг ўзгариб кетиши сабабли чучук сувга бўлган талаб 25 фоизга ортиши прогноз қилинмоқда.

Эҳтиёж ошиб, муаммо таранглашмоқда

«Сув стресси»дан азият чекаётган давлатлар рейтингида Ўзбекистон 164 мамлакат орасида 25-ўринни эгаллаган. Бешлик шкалада 2-даражада яъни «юқори» даражада сув танқислигига учраган давлатлар қаторига киради. Ўтказилган тадқиқотларга кўра, Ўзбекистон сув тақчиллиги энг юқори бўлган 27 давлат гуруҳидан ўрин олган. Улар орасида – Афғонистон (рейтингда 27-ўрин), Туркия (32), Португалия (41) ва Италия (44) ҳам бор. Шунингдек, мазкур рейтингда Қатар (1-ўрин), Исроил (2), Ливан (3), Эрон (4) ва Иордания (5) сув тақчиллиги ўта юқори бўлган давлатлар бешлигига киритилган бўлиб, Марказий Осиёдан Тожикистон ва Қозоғистон мос равишда 51- ва 60-ўринларни банд этган.

Бутун дунё бўйича аҳоли жон бошига сув билан таъминланганлик даражаси ўртача 24 минг 600 м3 ни ташкил этиб, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 1589 м3 га тенг. Таққослайдиган бўлсак, ушбу кўрсаткич Қирғизистонда 8000 м3,­ Тожикистонда 7100 м3, Қозоғистонда 5500 м3 ва Туркманистонда 4200 м3 ни ташкил этади.  Бу дегани Марказий Осиё мамлакатлари орасида сув танқислиги муаммоси билан мамлакатимиз кўпроқ азият чекади ва бу барча соҳаларга ўз таъсирини ўтказади.

Ўзбекистон аҳолиси 2030 йилга келиб, қарийб 40 млн. кишига етиши кутилмоқда ва бу мавжуд сув ресурсларининг 7-8 км. кубга қисқаришини келтириб чиқаради. Бундай шароитда сув танқислиги даражаси 13-14 фоиздан 44-46 фоизгача ошиши мумкин. Ўз навбатида сув тақчиллиги қишлоқ хўжалиги ва саноатнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатади.

Сув танқислиги, ўрмонларнинг кесилиши ва кескин қисқариб кетиши, табиий экотизимнинг бузилиши ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар – яқин келажакда ўз ечимини кутаётган жиддий масалалардан бирига айланади. Жаҳон банки

2050 йилга келиб сув оқимининг пасайиши Сирдарё ҳавзасида 2-5, Амударё ҳавзасида 10-15 фоизни ташкил қилиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Бунинг натижасида сув танқислиги янада кучайиши мумкин.

– Глобал иқлим ўзгариши Марказий Осиёдаги давлатларга ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда, – дейди Сув хўжалиги вазирлиги бош мутахассиси Нодир Мадибоев. – Хусусан, 2030 йилгача бўлган давр­да сувнинг умумий тақчиллиги 7 млрд. куб метрдан ортиқни ташкил қилиши кутилмоқда. Шунга асосан иқтисодиёт тармоқларини ўз вақтида сув билан таъминлаш мақсадида жами 7 млрд м3 сувни иқтисод қилишимиз муҳим ҳисобланади. Мамлакатимизда сув танқислиги даражаси юқори деб баҳоланади. Башоратларга кўра, 2040 йилга бориб Ўзбекис­тон сув танқислиги энг юқори мамлакатларнинг бирига айланади. Таҳлиллар иқлим ўзгариши Ўзбекистонда сув тақчиллигини янада кескинлаштиришини, 2000, 2008, 2011, 2014 ва 2018 йиллардаги каби қурғоқчиликнинг давомийлиги ва даврийлиги кўпайишига олиб келишини ҳамда иқтисодиётнинг сув ресурсларига бўлган эҳтиёжини қондиришда жиддий қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкинлигини кўрсатмоқда. Кейинги 15 йил ичида аҳоли жон бошига сув таъминоти 3 минг 48 куб метрдан 1 589 куб метрга қисқарди.

Шу билан биргаликда, мамлакатимизда аҳоли сони ортиб бориши сифатли сувга бўлган талабни 2,3 млрд. куб метрдан 2,7-3 млрд куб метрга (18-20 фоиз) ошириши кутилмоқда. Айниқса коммунал соҳада йилдан-йилга сувга бўлган талаб ошиб бораётир.

Сўнгги йилларда саноат ва энергетика соҳалари фаол ривожланиб, уларнинг ҳам сувга бўлган талаби йил сайин кўпаймоқда. Ҳисоб-китобларга кўра бу соҳаларнинг йиллик умумий сув истеъмоли 1,9 млрд. куб метрдан 2030 йилга бориб 3,5 млрд куб метр­га (1,8 баробар) етади.

Амударё ва Сирдарёда сув камаймоқда

Ўзбекистоннинг асосий сув манбаи Амударё ва Сирдарё, шунингдек, ички дарё ва сойлар ҳамда ер ости сувларидир. Орол денгизи ҳавзасидаги барча манбаларнинг ўртача кўп йиллик сув оқими 116 млрд. куб метрни ташкил этади, шундан 67,4 фоизи Амударё ҳавзасида ва 32,6 фоизи Сирдарё ҳавзасида шаклланади. Жумладан, ер ости сувларининг умумий захираси 31,2 млрд. куб метрни ташкил этиб, унинг 47,2 фоизи Амударё ҳавзасига, 52,8 фоизи эса Сирдарё ҳавзасига тўғри келади.

«Амударё» ва «Сирдарё» ҳавзалари сув ресурсларидан комплекс фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш схемаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси учун ўртача кўп йиллик сув олиш лимити 64 млрд. куб метрни ташкил этади. Шу билан биргаликда, 1980 йилларда республиканинг йиллик сув истеъмоли кўп йиллик лимит доирасида бўлиб, сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгариши, шунингдек, трансчегаравий сувдан фойдаланиш муаммолари туфайли фойдаланилган ўртача йиллик сув миқдори 51-53 млрд куб метрни, жумладан, 97,2 фоизи дарё ва сойлардан, 1,9 фоизи коллектор тармоқларидан, 0,9 фоизи эса ер остидан фойдаланиб, ажратилган сув олиш лимитига нисбатан 20 фоизга қисқарган.

Ҳозир мамлакатимизда суғориладиган ер майдони 4,3 миллион гектарни ташкил этиб, жами сув ресурсларининг ўртача 90-91 фоизи қишлоқ хўжалигида, 4,5 фоизи коммунал-маиший хўжалик соҳасида, 1,4 фоизи саноатда, 1,2 фоизи балиқчиликда, 0,5 фоизи иссиқлик энергетикасида, 1 фоизи эса иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида фойдаланилади.

Глобал иқлим ўзгариши натижасида Марказий Осиёда сўнгги 50-60 йил давомида музликлар майдони тахминан 30 фоизга қисқарган. 2050 йилгача Сирдарё ҳавзасида сув ресурси 5 фоизга, Амударё ҳавзасида 15 фоизгача камайиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда 2015 йилгача бўлган даврда сувнинг умумий тақчиллиги 3 млрд. куб метрдан ортиқни ташкил қилган бўлса, 2030 йилга бориб 7 млрд. куб метрни, 2050 йилга бориб эса 15 млрд. куб метрни ташкил қилиши мумкин.

Тежамкорлик вақти келди

Юқоридаги таҳлиллар бугун сувга бўлган қарашларни тубдан ўзгартириш ва тежамкорликнинг замонавий усулларига ўтишни тақазо этади. Бунга дунёнинг ривожланган мамлакатлари аллақачон ўтиб улгурган. Хусусан, дунё бўйича қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича Исроил, Франция, Америка Қўшма Штатлари, Хитой Халқ Республикаси, Туркия, Испания, Миср сингари давлатлар юқори кўрсаткичларни қайд этиб келмоқда.

Хўш, Ўзбекистонда бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Иқлим ўзгариши ва йилдан-йилга сув ресурслари қисқариши шароитида мамлакатимиз сув хавфсизлигини таъминлаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш мақсадида сув хўжалиги соҳасида муҳим стратегик ҳужжатлар имзоланган, – дейди Нодир Мадибоев. – Хусусан, Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 10 июлдаги Фармони билан «Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси» тасдиқланди. Ҳозирда республикада сув ресурсларини самарали бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш мақсадида суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициентини ошириш, гидротехник иншоотларни таъмирлаш ҳамда тиклаш, реконструкция қилиш, суғориладиган ерларнинг сув таъминотини ошириш ва мелиоратив ҳолатини яхшилаш, соҳага рақамли технологиларни жорий қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, сўнгги беш йил давомида республика бўйича сув тежайдиган технологиялар 618,2 минг гектар майдонларда жорий этилиши таъминланиб, суғориладиган майдонларнинг ушбу технологиялар билан қамрови 15 фоизга етказилди.

Хулоса ўзингиздан

Қурғоқчилик ва унумдор ерларнинг камайиши БМТни ҳам ташвишга солаётган муаммолардан биридир. 2020 йилнинг октябрь ойи бошида халқаро иқлим ташаббуси остида ўтказилган форумда нутқ сўзлаган БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш глобал иқлим ўзгариши ва қурғоқчилик масалаларига алоҳида этибор қаратиш зарурлиги ҳақида шундай деган: «Агар биз ҳозир ҳаракат қилмасак, бу аср инсоният учун сўнгги аср бўлиши мумкин. Глобал иқлим ўзгариши мисли кўрилмаган ўрмон ёнғинлари, кучли ва тез-тез учрайдиган циклонлар, тош­қинлар, қурғоқчилик ва бош­қа экстремал об-ҳаво ҳодисаларини келтириб чиқармоқда», деган БМТ раҳбари.

Бутун дунё этиборини тортаётган сув муаммосига биз ҳам бефарқ бўлмаслигимиз лозим. Сувсизликдан азият чекаётган мамлакатларга назар ташлаш ва хулоса қилишнинг ўзи кифоя.

Ноилахон АҲАДОВА,

«Оила ва табиат» мухбири




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔81

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔58

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔76

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар