Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИ МУҚАДДИМА

Глобал иқлим ўзгаришлари, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши, Орол денгизининг қуриши, чўлланиш, салбий метеорологик жараёнларнинг такрорланиши, ер ҳамда сув ресурсларидан но­оқилона фойдаланиш, биологик хилма-хилликнинг қисқариши, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофондининг ёмонлашуви, кўп миқдордаги саноат ва маиший чиқиндиларнинг тўпланиши глобал ва минтақавий экологик муаммолар кундан-кунга чуқурлашиб бораётганидан далолат бермоқда.

Ўзбекистон Экологик партиясидан  Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг  САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИ  МУҚАДДИМА

Ушбу экологик муаммолар глобал иқлим ўзгариши шароитида янада яққол намоён бўлиб, Ўзбекистон учун атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш устувор вазифалар ҳисобланади.

Мамлакатда экологик хавфсизликни таъминлаш, юзага келаётган экологик муаммоларни изчиллик билан ҳал этиш ҳамда иқтисодий тараққиётни таъминлашда жамиятнинг барча кучларини бирлаштиришга йўналтирилган давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш талаб этилади.

Бу юксак вазифани мамлакат сиёсий майдонига янги сиёсий куч сифатида кириб келган ва илк бора Президент сайловларида ўз номзодини илгари сураётган Ўзбекистон Экологик партияси бажаришга қодир.

«Биз келажак учун жавобгармиз» шиори остида

сайловолди дастуримизнинг бош мақсади –

мамлакатда экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, яшил тараққиёт тамойилларини иқтисодиётнинг барча соҳаларига кенг жорий этиш орқали халқимиз ва келажак авлод учун муносиб турмуш шароитлари яратиш ҳамда фаровон жамият барпо этишдан иборатдир.

МАМЛАКАТНИНГ БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШИНИ ТАЪМИНЛАШ, «ЯШИЛ» ИҚТИСОДИЁТГА ЎТИШНИ ЖАДАЛЛАШТИРИШ, ҚАЙТА ТИКЛАНУВЧИ ВА МУҚОБИЛ ЭНЕРГИЯНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ҲАМДА ИҚТИСОДИЁТНИНГ ЭНЕРГИЯ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ

Экологик партия Ўзбекистоннинг «яшил» иқтисодиётга ўтиш Стратегияси, «2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекис­тон Республикасининг атроф муҳитни муҳофаза қилиш Концепцияси» ва бош­қа истиқболли давлат дастурларини изчил амалиётга жорий этилишини қўллаб-қувватлайди.

Ушбу мақсадларда илм-фанни жадал ривожлантириш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш ҳамда саноат, транспорт, қурилиш ва бошқа соҳаларда экологик модернизациялашни амалга ошириш, энг замонавий экологик тоза технологияларнинг жорий этилишини таъминлаш талаб этилади.

Экологик партия «Яшил тараққиёт – фаровонлик асоси!» шиори остида экологик барқарор ривожланишга йўналтирилган «яшил» сиёсатни ҳаётга тадбиқ этиш ғоясини илгари суради.

Бунда қуйидагилар устувор вазифалар этиб белгиланган:

«яшил» иқтисодиёт тамойиллари асосида мамлакатдаги ишлаб чиқаришнинг барча соҳаларини жадал ривожлантиришга йўналтирилган сиёсатни юритиш;

«яшил» энергетика, «ақлли» қишлоқ хўжалиги тамойилларини татбиқ этишнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

экологик тоза транспорт воситаларидан фойдаланишни кенг жорий этиш, ёқилғи сифатини халқаро стандартларга мослаштириш, шунингдек, электр транспортини ривожлантириш бўйича дастурларни қабул қилиш;

давлат бюджети, банк ва молия инс­титутлари, хусусий сектор маблағларини экологик тоза, энергия тежамкор лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилган «яшил» молиялаштириш тизимини ривожлантириш;

давлат харидлари тизимида «яшил» харидларга устуворлик бериш;

«яшил» технологиялар соҳасидаги илмий тадқиқотлар ва инновацион лойи­ҳаларни молиялаштириш ҳажмларини ошириш, саноат корхоналарининг «яшил» технологияларга ўтишини иқтисодий ва молиявий рағбатлантириш тизимини жорий этиш;

тармоқлар ва ҳудудларнинг «яшил иқтисодиётга ўтиш индекси»ни ишлаб чиқиш;

мамлакат иқтисодиётида «яшил» иқтисодиёт улушини 30 фоизга етказиш, шу асосда йиллик иқтисодий ўсиш суръатининг 7 фоиздан юқори бўлишини таъминлаш;

қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга ўтиш, қайта тикланувчи ва муқобил энергия ишлаб чиқарувчиларга кенг иқтисодий ва молиявий рағбатлантириш тизимини жорий этиш;

давлат томонидан «яшил» иш ўринларини яратишни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиёт тармоқлари учун замонавий малакали кадрларни тайёрлаш;

замонавий интенсив агротехнологияларни жорий этиш, маҳсулотни сақлаш ва қайта ишлаш инфратузилмаларини ривожлантириш, янги бозорларни ўзлаштириш орқали қишлоқ хўжалиги ерларидан кафолатланган ҳосил олиш ва фермер хўжаликларининг иқтисодий салоҳиятини ошириш;

тежамкор суғориш технологияларини кенг жорий этиш орқали асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳосилдорлигини ўртача 25-30 фоизгача ошириш.

Энергетика соҳасининг асосий драйвери инновацион технологиялар эканлигини инобатга олган ҳолда соҳада қуйидаги устувор чора-тадбирларни амалга оширамиз:

энергетика соҳасини тубдан модернизация қилиш орқали иқтисодиётда икки карра энергия самарадорлигига эришиш;

энергия истеъмоли тежамкорлигини рағбатлантиришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш;

қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбалари соҳасида бозор механизмларини татбиқ этиш, энергия ресурслари бозорида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш;

«яшил» тарифларни жорий этиш, янги қувватларни ишга тушириш орқали қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбалари улушини умумий энергия балансида 40 фоизга етказиш;

чекка ва олис ҳудудларда қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланувчиларни қўллаб-қувватлаш;

энергетика соҳасида ялпи ички маҳсулотга нисбатан углерод сарфи ҳажмининг камайишига ва 2050 йилга тўлиқ воз кечишига эришиш, соҳада инновацион ечимларни тадбиқ этишни рағбатлантириш;

хусусий инвесторлар учун имтиёз ва преференцияларни жорий этиш орқали соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишни кенгайтириш.

ЭКОЛОГИК ХАВФСИЗЛИКНИ ТАЪМИНЛАШГА ҚАРАТИЛГАН ДАВЛАТ СИЁСАТИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

Биз мамлакатнинг экологик хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг қулай атроф муҳитга эга бўлиш ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ифода этувчи давлат сиёсатини амалга оширишда қуйидагиларга эътибор қаратамиз.

Биринчидан, соҳада норматив-­ҳу­қуқий базани такомиллаштириш ва халқаро ҳужжатларни қабул қилиш борасида:

Ўзбекистон томонидан қабул қилинган соҳага оид халқаро хужжатларда белгиланган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш, халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш, мамлакат манфаатларига мос келувчи халқаро ҳуқуқий ҳужжатларга қўшилиш чоралари кўрилади;

соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи амалдаги қонунчилик ҳужжатлари тизимлаштирилган ягона қонун ҳужжати шаклига келтирилади, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Ўрмон кодекси ва Сув кодекси ишлаб чиқилади ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Экологик кодекси қабул қилинади;

экологик хавф-хатарларни суғурталаш тизимини жорий этиш, табиатга таъсир кўрсатишнинг юқори ва ўртача даражада хавфли тоифасига кирадиган объектларда халқаро экологик менежмент тизимларини жорий этиш, шунингдек, маҳсулотлар, товарлар ва хизматларни экологик сертификатлаш қамровини кенгайтиришга қаратилган қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилади;

маиший ва саноат чиқиндиларини тартибга солиш ҳамда улардан иккиламчи хом-ашё сифатида фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг «Чиқиндилар тўғрисида»ги Қонуни янги таҳрирда қабул қилинади;

ернинг унумдор қатламини муҳофаза қилиш, ундан самарали фойдаланиш, туп­роқ эрозиясининг олдини олиш ва унумдорлигини сақлаш, қайта тиклашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг «Тупроқни муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилади;

қишлоқ хўжалигида «ақлли» технологияларни амалиётга тадбиқ этиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга эришилади;

биологик хилма-хиллик ва экотизимларни сақлаш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонларини кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси «Қизил китоби»га киритилган ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектлари муҳофазасини кучайтириш мақсадида тегишли қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилади;

хавфли кимёвий моддалар таъсирида ер, сув ва атмосферанинг ифлосланиш ҳолатларини қисқартириш ҳамда экологик жиҳатдан хавфли объектларнинг трансчегаравий таъсирини камайтириш бўйича ҳуқуқий таъсир чоралари кучайтирилади.

Иккинчидан, экологик муаммоларни бартараф этиш, атроф муҳитга таъсирини баҳолаш ва бу борада кенг жамоатчиликни хабардор этиш йўналишида:

қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг атроф муҳитга таъсирини баҳолаш тизими жорий этилади;

иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларни ривожлантиришнинг муҳим стратегик дас­турларини ишлаб чиқишда экологик хавфсизлик мезонларини мажбурий тартибда киритиш механизми қўлланилади;

аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, канализация тармоқларини ри­вож­лантириш, атмосферага ташланмаларни камайтириш, чиқиндиларни қайта ишлашни рағбатлантиришга қаратилган давлат сиёсати изчил давом эттирилади;

халқаро стандартлар асосида давлат экологик экспертизаси тизими тубдан ислоҳ қилинади ва жамоатчилик эшитуви институти ривожлантирилади;

мамлакатнинг экологик хавфсизлигини таъминлаш бўйича тарғибот ишлари кучайтирилади;

ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммоларни ҳал этишга доир стратегия ва дастурларни амалга ошириш учун давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ОАВ ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари жалб этилади;

экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан парламент ҳамда жамоатчилик назорати кучайтирилади;

экологик хавф-хатарларга қарши курашиш, уларни бартараф этишда давлат ва жамоатчилик иштироки ҳамда назорати самарадорлиги оширилади, жамоатчи экологик инспекторлар фаолиятида электрон тизимлардан фойдаланиш, ҳуқуқбузарлик­ларнинг профилактикаси такомиллаштирилади;

атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларида ёшлар фаоллигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

АТРОФ МУҲИТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ, ТАБИИЙ РЕСУРСЛАРДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШ ВА АҲОЛИ УЧУН ҚУЛАЙ ЯШАШ ШАРОИТЛАРИНИ ЯРАТИШ

Биз «Она табиатни асраб-авайлаш муқаддас бурчимиздир!» шиори остида аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш мақсадида атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли саломатлигини сақлаш борасида барча чораларни кўрамиз.

Инсон саломатлиги ва хавфсизлиги учун муҳим бўлган марказлашган ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимларини яхшилаш бўйича дастурий вазифаларни амалга ошириш орқали аҳолининг ичимлик суви таъминоти 90 фоизга етказилади.

Ушбу мақсадларда қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилади:

сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар олиб борилади;

ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш, янгиларини қуриш, эскирганларини модернизация қилиш бўйича манзилли дастур, лойиҳалар ишлаб чиқилиши, уларни изчиллик билан рўёбга чиқариш орқали шаҳар ва туманларнинг ичимлик суви ҳамда канализация тизими таъминоти яхшиланади;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда сувни чучуклаштирувчи локал қурилмалар барпо этиш орқали олис қишлоқ жойларда сув таъминоти сезиларли даражада яхшиланади;

ичимлик суви таъминоти лойиҳаларида бозор механизмларини жорий этишга, лойи­ҳа ташаббускорининг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар сув ҳисоблагичларнинг ўрнатилиши натижасида сув ресурсларидан самарали фойдаланишга эришилади;

оқова сувларни тозалаш иншоотларининг самарадорлиги паст бўлган ҳудудларда, жумладан Ангрен, Гулистон, Самарқанд, Жиззах, Урганч, Нукус, Андижон, Чирчиқ ва Тошкент шаҳарларидаги оқова сувларни тозалаш иншоотларини модернизация қилиш ҳамда янгиларини қуриш чоралари кўрилади.

Инсоният ҳаёти учун энг муҳим омил бўлган атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унинг сифат кўрсаткичларини экологик нормативларга мувофиқлигини таъминлаш стратегик мақсадимиз бўлиб қолади. Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилишни таъминловчи экологик хавфсизлик талаблари қуйидагилардан иборат бўлиши лозим деб ҳисоблаймиз:

жойларда атроф муҳитни меъёридан ортиқ ифлослантирувчи манбаларни аниқ­лаш орқали уларнинг технологик жараёнларини модернизация қилиш, янги инновацион технологияларни жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш;

атмосфера ҳавосига салбий таъсир кўрсатувчи ҳар қандай хўжалик фаолияти турларини ифлослантирувчи моддаларни тозалаш ускуналари билан жиҳозланмасдан лойиҳалаштиришни тақиқлаш;

соҳага оид ҳуқуқий асосларнинг самарали ижросини таъминлаш ҳамда хўжалик ва бошқа ишлаб чиқариш ва хизмат қўрсатиш объектлари атрофида санитария-ҳимоя зоналарини ташкил қилиш асосида мамлакатимизнинг йирик ва саноати ривожланган шаҳарларида атмосфера ҳавосига чиқарилаётган углерод, азот бирикмалари, метан ва бошқа газлар чиқарилишини ҳамда чанг миқдорини 1,5 баробарга камайтириш;

чиқиндиларни утилизация қилиш, уларни тўплаш ва қайта ишлашда атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш чораларини кўриш;

 озонни емирувчи моддаларни озон учун хавфсиз моддалар билан алмаштириш.

Ер ресурслари мамлакатимиз аҳолисининг турмуш фаровонлиги, республикамизнинг иқтисодий салоҳияти учун моддий неъмат бўлиб, ундан ҳар қандай шароитда оқилона, унумли фойдаланишни ташкил этиш мамлакат бугуни ва келажаги учун муҳим омил ҳисобланади.

Шу боис «Ер бизни боқади» тамойили асосида ер ресурслари муҳофазасини таъминловчи қуйидаги устувор вазифаларни амалга оширамиз:

ерни хусусий мулк сифатида бериш орқали ерга бўлган муносабат тубдан ўзгартирилади, ер бозор активи сифатида шакллантирилади;

ер ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш борасидаги ҳуқуқий база «ақлли» қишлоқ хўжалиги тамойиллари асосида такомиллаштирилади;

«органик» қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асослари яратилади, кимёвий воситалар ва гени ўзгартирилган организмлардан фойдаланиш тартибга солинади;

суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланади, қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиққан ерлар қайта тикланиб, фойдаланишга киритилади;

атроф табиий муҳитни, бино ва иншоотларни ер қаъридан фойдаланиш билан боғлиқ ишларнинг зарарли таъсиридан муҳофаза қилиш таъминланади ҳамда ер ости бойликларидан ўзбошимчалик билан фойдаланишга барҳам берилади;

тупроқ унумдор қатламининг бузилиши билан боғлиқ жараёнларда, кейинчалик ерни биологик рекультивациялаш ёки унумдорлиги паст ерлардан фойдаланиш учун тупроқнинг унумдор қатлами олиниши, сақланиши борасида давлат ва жамоатчилик назорати кучайтирилади.

Сув ресурсларидан оқилона ва тежамкор фойдаланиш, жамиятимизда сув истеъмоли маданиятини ошириш ва сувга нисбатан тежамкорона муносабатни шакл­лантириш энг устувор йўналишлардан ҳисобланади.

Ушбу мақсадда қуйидаги вазифалар амалга оширилади:

қишлоқ хўжалиги, саноат ва иқтисодиёт тармоқларида сувнинг маҳсулдорлигини оширишга қаратилган Миллий дастур ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

сув ресурсларининг ҳисобини юритиш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш ва сувдан самарасиз фойдаланишни бартараф этиш;

қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сув тежамкор технологияларни кенг жорий қилиш, уларнинг улушини умумий суғориладиган майдонларга нисбатан 30 фоизга етказиш, шунинг­дек, тежамкор технологияларни жорий қилишни давлат томонидан рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш;

аҳолининг сувни асраш, сув ресурсларидан самарали ва тежамкор фойдаланишини ташкил этиш бўйича ҳуқуқий онг ва маданиятини юксалтириш, сувдан фойдаланишда тежамкор технологиялардан фойдаланиш бўйича таълим дастурларини кенгайтириш;

мавжуд сув объектларини муҳофаза қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув ҳавзалари муҳофаза зоналарини тартибга келтиришга, шунингдек, тошқин ва сел ҳодисаларида фавқулодда ҳолатларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилади.

Ушбу мақсадларга эришиш учун:

трансчегаравий Амударё, Сирдарё, Зарафшон дарёларини халқаро конвенциялар доирасида қабул қилинган мажбуриятлар асосида бошқариш изчил давом эттирилади;

маҳаллий сув объектларининг қирғоқ­бўйи минтақаларида ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш ишлари амалга оширилади;

сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ҳамда санитария-муҳофаза зоналари ҳудудларида хавфли объектларни жойлаштиришни тақиқлаш ва мавжудларини босқичма-босқич кўчириш ишлари олиб борилади;

шаҳарларда ва бошқа аҳоли пунктларида суғориш-ирригация ҳамда ер ости сизот сувларини қочириш мақсадида коллектор-дренаж тизимларини яхшилаш бўйича амалий ишлар жадаллаштирилади;

сув ресурсларини, шу жумладан, ер ости сувларининг ифлосланишининг олдини олиш бўйича самарали парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилади.

Ҳар йили миллионлаб тонна чиқиндилар ер усти ва ер ости сувларини, атмосфера ҳавосини ва тупроқни ифлослантиради. Бу эса юқумли касалликлар, шу жумладан саратон касалликларининг сони кўпайишига, ичимлик сув сифатининг ёмонлашишига, юзлаб гектар экин майдонларини фойдаланишдан чиқарилишига олиб келади. Саноат корхоналари чиқиндилари ва қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш орқали атроф муҳит мусаффолигини таъминлаш долзарб вазифаларимиздан бири эканини қайд этамиз. Глобал ривожланиш шароитида вужудга келган чиқинди муаммоларини самарали ҳал этиш мақсадида маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ҳажмини 40 фоизга, ҳосил бўлаётган саноат чиқиндиларини қайта ишлаш миқдорини эса 20 фоизга етказилади.

Ушбу мақсадларга эришиш учун қуйидаги вазифалар амалга оширилади:

соҳага давлат-хусусий шерикчилик тамойилларини, бозор бошқаруви тизимини рағбатлантиришга йўналтирилган ҳуқуқий механизмни жорий этиш;

саноат ва маиший чиқиндиларни бошқариш соҳасида замонавий технологияларни жорий этиш;

хўжалик ва бошқа фаолият объектлари чиқиндиларини зарарсизлантириш ва хавфсиз жойлаштирилишини техник воситалар билан жиҳозлаш бўйича талабларни кучайтириш;

сақлаш ва кўмиб ташлаш мақсадида мамлакат ҳудудига чиқиндиларни, шу жумладан четдан радиоактив чиқиндилар ва хавфли чиқиндиларнинг ҳар қандай турларини олиб киришни тақиқлаш;

чиқиндиларни аҳоли пунктлари ерларида, табиатни муҳофаза қилиш объектларига ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга зарар етказиш хавфи юзага келиши мумкин бўлган бошқа жойларда сақлаш ва зарарсизлантиришни чеклаш;

чиқиндиларни қайта ишлаш ҳамда улардан иккиламчи хомашё сифатида фойдаланиш орқали уларнинг ҳажмини қисқартириш.

Бугунги кунда бутун дунёда биохилма-хиллик камайиб бораётгани олдимизда биологик хавфсизликни таъминлашдек муҳим вазифалар турганидан далолат беради.

Шу сабабли ушбу соҳада қуйидаги муҳим вазифаларни амалга ошириш долзарб деб ҳисобланади:

биохилма-хилликни сақлаш, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонини кенгайтиришнинг имконини берувчи мукаммал ҳуқуқий база яратилади;

биохилма-хилликни ва экотизимларни сақлаш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш мақсадида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонларини мамлакат ҳудудининг 12 фоизига етказиш чоралари кўрилади;

муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ер участкалари ва сувли акваториясида уларнинг мақсадли вазифаларига зид бўлган ҳар қандай фаолиятга чек қўйилади;

бино, иншоот ва коммуникацияларни қуришда аҳоли пунктларидаги «яшил» майдонлардан ер ажратилишига ҳамда дарахт ва буталарнинг кесилишига мораторий ўрнатилади;

муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларининг ҳисобини ҳамда давлат кадастрини тўлиқ юритиш, мутасадди давлат идоралари ва ташкилотлар орасида ахборот алмашинувининг йўлга қўйилиши билан боғлиқ ишлар ташкил этилади ва уларнинг ижроси юзасидан мониторинг олиб борилади;

муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини янада ривожлантириш мақсадида соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилади, мамлакат экотизимининг биохилма-хиллигини сақлаб қолиш, шунингдек, экологик туризм­ни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади;

ўрмонларни муҳофаза қилиш, кўпайтириш, қайта тиклаш, уларнинг маҳсулдорлигини ошириш орқали республика ҳудудининг ўрмон билан қопланганлик даражаси 7,6 фоиздан 15 фоизга етказилади;

хусусий ҳайвонот боғлари ва питомниклар фаолияти такомиллаштирилади;

браконьерлик ҳамда ҳайвонот ва ўсимлик дунёси контрабанда савдосини чеклаш бўйича кескин чоралар кўрилади.

Биз, экология соҳасидаги сиёсатни амалга оширишда депутатлик ва жамоатчилик назорати институтини кучайтиришни ва такомиллаштиришни қўллаб-қувватлаймиз.

ИҚЛИМ ЎЗГАРИШЛАРИГА МОСЛАШИШ, ОРОЛ ФОЖИАСИ ОҚИБАТЛАРИНИ ЮМШАТИШ ВА ОРОЛБЎЙИ ҲУДУДИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ

Бутун дунёда глобал иқлим ўзгариши бўйича вазият жиддийлигига қарамай, саноат корхоналари томонидан атроф муҳитга чиқарилаётган ташлама, оқова сувлар ва чиқиндилар ҳажмининг ҳамон юқори даражада қолаётгани иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ инқирозни янада мураккаблаштирмоқда. Бу борада тезкор чоралар кўрилмаса, келгусида глобал тусдаги муаммолар бунданда аянчли кўриниш олиши мумкин.

Бунинг учун биз барча саъй-ҳаракатларимизни минтақамизда иқлим ўзгаришининг асосий омили бўлган Орол денгизининг экологик фалокати оқибатларини юмшатишга қаратилган  инновацион лойиҳаларни  амалга ошириш орқали Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилашга қаратамиз.

Бунда асосий фаолият йўналишлари қуйидагилардан иборат бўлади:

Глобал иқлим ўзгариши бўйича Париж битими доирасида мамлакатда иссиқхона газларини қисқартиришни назарда тутувчи миллий стратегия ва ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш, Оролбўйи ҳудудида ижтимоий-иқтисодий ва экологик ҳолатни яхшилашга давлат бюджети, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари маблағларини мақсадли йўналтириш;

Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавф­сизлиги бўйича кўпшериклик Траст жамғармаси фаолиятини ривожлантириш;

Орол муаммосини ҳал этишга ҳамда бу муаммонинг Оролбўйи аҳолиси генофондига ва атроф муҳитига салбий таъсирини юмшатишга жамиятнинг барча кучларини жалб этиш ҳамда Оролбўйи минтақасига экологик инновация ва технологияларни татбиқ этиш ишларини кучайтириш;

қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этиш орқали Оролбўйи ҳудудига Амударёнинг юқори ва ўрта қисмидан йилига камида 5-6 км3 ҳажмда сув юборилишини таъминлаш;

Орол денгизининг қуриган тубида ўрмон-мелиоратив ишларини амалга ошириш йўли билан Оролбўйини экологик жиҳатдан соғломлаштириш;

қуриган денгиз ўрнини ўрмон билан тўлиқ қоплаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, кўчатчилик ва ўрмонлаштириш ишларига давлат-хусусий шериклик тизимини жорий этиш орқали Оролбўйи ҳудудидаги аҳолининг бандлигини таъминлаш;

Нукус, Бухоро, Урганч, Хива, Навоий, Мўйноқ каби аҳоли яшаш пунктлари атрофида «яшил белбоғлар» барпо этиш ҳамда мазкур ҳудудлардаги истироҳат боғлари майдонларини кенгайтириш;

Оролбўйи минтақасининг Қозоғистон ҳамда Туркманистон билан туташ қисмларида трансчегаравий муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этиш;

Халқаро аҳамиятга эга бўлган сувли-ботқоқ ҳудудлар (Рамсар конвенцияси) рўйхатига киритилган Айдар-Арнасой кўллар тизими, «Денгизкўл», «Қуйимозор» ва «Тўдакўл» сув омборлари экотизимларини муҳофаза қилишни кучайтириш;

Оролбўйи ҳудудида «Ўзбекистон Қизил китоби»га киритилган ноёб ҳайвон турларини кўпайтиришга ихтисослаштирилган питомниклар барпо этиш.

ДАВЛАТ ВА ЖАМИЯТ БОШҚАРУВИ, СУД-ҲУҚУҚ ТИЗИМИДА ИСЛОҲОТЛАР САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ

Биз мамлакатда давлат ва жамият бош­қарувини янада демократлаштириш, ин­сон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, одил судловнинг самарадорлигини, халқимизнинг суд органларига нисбатан қатъий ишончи ва ҳурматини ошириш борасида ислоҳотларни изчил давом эттирамиз.

Партия табиатни асраб-авайлаш, мамлакатдаги дарахтлар ва сув ҳавзаларини, табиий ёдгорликларни салбий антропоген таъсирдан ҳимоя қилиш учун катта саъй-­ҳаракатларни амалга оширади. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ҳимоя қилиш ва экологик ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонунчилик ташаббусларини илгари сурамиз. Жисмоний ва юридик шахсларнинг ер, сув ва атмосфера ҳавосига салбий таъсири учун жавобгарлик чораларини кучайтириш, етказилган зарарни қоплашда «ифлослантирувчи тўлайди» тамойили тарафдоримиз.

Бу борада қуйидаги вазифаларни устувор деб ҳисоблаймиз:

экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида фуқаровий, маъмурий, жиноий жавобгарлик чораларини кучайтириш;

атроф муҳитга етказилган зарар ўрнини қоплашнинг самарали механизмларини жорий этиш;

давлат бошқарув тизимида экология соҳасидаги маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш;

«Электрон ҳукумат» тизимини янада кенг жорий этиш орқали давлат хизматларини кўрсатиш тизими самарадорлигини ошириш;

юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, суд жараёнларида тенглик ва тортишув тамойилларини тўлиқ жорий қилиш, адвокатурани мустақил, ишончли ҳуқуқни ҳимоя қилувчи институтга айлантириш;

малакавий юридик ёрдам сифатини ҳамда адвокат касбининг нуфузини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасида ихтисос­лашган ҳуқуқшунослар, хусусан, эколог-­ҳуқуқшуносларни тайёрлаш тизимини та­ко­миллаштириш;

аҳолининг эҳтиёжманд қатламини иж­тимоий қўллаб-қувватлаш учун беғараз ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизимини жорий этиш;

вояга етмаган болалар билан ҳуқуқий муносабатларда одил судлов институтларини жорий этиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини биринчи навбатда таъминлаш принципини қонунчилик ва амалиётга янада самарали жорий этиш.

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ, ТАЪЛИМ, ИЛМ-ФАН ВА МАДАНИЙ-МАЪРИФИЙ СОҲАЛАРНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ

Биз аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни тубдан яхшилаш, илғор хорижий тажрибалар асосида узлуксиз таълим сифати даражасини кўтариш, илм-фан ривожини жадаллаштириш ҳамда маданий-маърифий соҳаларни янада юксалтиришни давлат ва жамиятнинг устувор вазифалари, деб ҳисоблаймиз.

Ушбу вазифаларга эришиш мақсадида, тиббиёт соҳасида «Соғлом муҳит – инсон саломатлиги!» шиори остида:

аҳоли саломатлигини сақлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш, фуқароларнинг ўртача ҳаёт давомийлигини оширишга хизмат қилувчи тиббиёт соҳасидаги ҳуқуқий база такомиллаштирилади;

рақамли тиббиётнинг асосий инфратузилмасини яратиш, тиббиёт соҳасининг моддий-техник базасини кучайтириш, тиббий техника ва дори-дармон ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси оширилади;

санитария-эпидемиология соҳасида потенциал хавф-хатарларни прогноз қилиш, баҳолаш, юқумли касалликлар табиий ўчоқлари устидан эпидемиологик мониторинг ва эпидемияга қарши профилактик тадбирлар мажмуи амалга оширилади;

аҳолининг кам таъминланган қатламлари ва экологик номақбул ҳудудлар аҳолиси учун ижтимоий тиббий хизмат кўрсатишнинг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилади ва жорий этилади;

соғлом турмуш тарзи ҳаётга кенг тадбиқ этилади ва оммавий спорт турлари янада ривожлантирилади, соғлом овқатланиш маданиятини жорий этиш бўйича мажмуавий чора-тадбирлар амалга оширилади;

экологик омилларнинг инсон соғлиғига салбий таъсирини бартараф этиш, сифатли ва тўлиқ тиббий хизмат кўрсатишга йўналтирилган тиббий суғурта механизмларини босқичма-босқич жорий этиш бўйича ишлар жадаллаштирилади;

аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва соғлиқни сақлаш тизими такомиллаштирилади;

тиббий суғурта, хусусий тиббий ёрдам кўрсатиш ва фармацевтика саноати ривожлантирилади, дори воситаларининг сифати ва нархи барқарорлиги таъминланади.

Оролбўйи ва бошқа экологик номақбул ҳудудларда экологик ҳолатни тубдан яхшилаш бўйича санитар-эпидемиологик мониторинг тизими ривожлантирилади.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш учун соғлом турмуш тарзини фаол тарғиб қилиш, оммавий спорт ва жисмоний тарбия ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, ҳаракатсиз турмуш тарзи билан боғлиқ касалликлар тарқалишини камайтириш устувор йўналишимиз ҳисоб­ланади.

Таълим соҳасида «Табиатни фидойилар сақлаб қолади!» шиори остида:

«яшил» тараққиёт тамойилларини таълим ва фанга интеграция қилиш;

 узлуксиз таълимнинг барча босқичларида экологик таълим-тарбия тамойилларини кенг жорий этиш, ёшларнинг экологик билимларини ошириш;

олий таълим тизимида экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш йўналиш­лари бўйича малакали кадрлар тайёрлашни кенгайтириш;

мактабгача таълим қамровини 100 фоизга, олий таълим билан қамров даражасини 40 фоизга етказиш;

узлуксиз таълим сифатини мустақил баҳолаш тизимини шакллантириш ва қўшимча педагогик таълим хизматлари бозорида рақобатни ривожлантириш;

экологик тадқиқот ва инновацион фаолият кўламини кенгайтириш, бизнес-инкубатор ва технопаркларни ташкил этган ҳолда инновацион инфратузилмани ривож­лантириш назарда тутилади.

Илм-фан соҳасида «Табиатни авайлаш – ҳаётни асраш!» шиори остида:

экологик тоза, чиқиндисиз ва ресурстежамкор технологияларни ишлаб чиқишга қаратилган илм-фан ривожини жадаллаштириш ҳамда илмий ишланмаларни тижоратлаштириш асосида илмий маҳсулотлар ҳажми оширилади ва инновацион усуллар кенг жорий этилади;

атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги илмий ташкилотларнинг илмий-инновацион фаолиятини иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа эҳтиёжларига тўлиқ мослаштириш, юқори самарадор илмий ишланмалар ва технологияларни жорий этиш кўлами оширилади;

ҳудудларда экотехнопарклар ташкил этиш ва улар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ишланмаларини ҳудудларда кенг жорий этиш чоралари кўрилади;

экологик илмий-тадқиқот из­ланиш­ла­рида хотин-қизлар ва ёшларнинг иштироки янада оширилади;

илм-фан соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш, соҳадаги ўзини ўзи бош­қариш тизимини ривожлантириш ор­қали давлат ва илмий ташкилотлар ўртасида ижтимоий шериклик ривожлантирилади.

«Табиат – келажак авлодлардан олинган қарз!» шиори остида маданий-маърифий соҳада қуйидаги вазифаларни амалга ошириш муҳим ҳисобланади:

жамиятда юксак экологик маданиятни шакллантириш, она табиатни, жумладан ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаш, уларга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳиссини кучайтириш;

жамиятда экологик маданиятни юксалтириш бўйича Миллий дастурни қабул қилиш;

оила ва маҳалла тизимида инсоннинг табиатга бўлган муносабатини тубдан ўзгартириш;

аҳолининг атроф муҳит ҳолати бўйича хабардорлигини ошириш, мунтазам равишда атроф табиий муҳит ҳолати юзасидан миллий маъруза ва таҳлилий ҳисоботларни нашр этиб бориш;

ҳар бир шахсда атроф муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, атроф муҳитга таъсир даражаси юқори бўлган корхоналарнинг экологик масъулиятини ошириш, яшил ташаббусларни амалга оширишга ­эътиборни янада кучайтириш.

ТАШҚИ СИЁСАТ ВА ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

Ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш соҳасида Ўзбекистон атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва дўстона қўшничилик муносабатлари минтақасини яратиш ғоясини илгари сурамиз.

Ташқи сиёсатнинг асосий устувор вазифалари сифатида қуйидагиларни белгилаймиз:

Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги сиёсатини минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, минтақавий хавфсизликнинг асосий муаммоларини, шу жумладан Афғонистондаги вазиятни ҳал қилишга ёрдам беришга қаратиш;

Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёларнинг сув ва энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш, трансчегаравий муҳофаза этилаётган ҳудудларни барпо этиш ва минтақанинг экологик барқарорлигини таъминлашга қаратиш;

минтақавий савдо-иқтисо­дий­ ҳамкорликни мустаҳ­кам­лаш, минтақавий транс­порт-транзит инфратузилмасини ри­­вож­ланти­риш;

Афғонистон билан алоқаларни мус­таҳ­камлаш жараёнларини давом эттириш;

Ҳамдўстлик давлатлари билан ўзаро ҳамкорлик муносабатларини тенглик, бир-бирининг манфаатларини ҳурмат қилиш ва ҳисобга олиш асосида давом эттириш.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликни фаол равишда давом эттирган ҳолда халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, замонавий муаммоларга ва таҳдидларга қарши биргаликда курашамиз.

Бу борада қуйидаги вазифаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратамиз:

Ўзбекистон манфаатларига мос келувчи экология ва тиббиёт соҳаларида БМТ томонидан қабул қилинган конвенциялар ва халқаро битимларга қўшилиш;

глобал ва трансчегаравий экологик муаммоларни ҳал қилишда хорижий давлатлар, авваламбор Марказий Осиё давлатлари билан яхши қўшничилик ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш;

дунёдаги экология йўналишидаги пар­тия­лар ва ҳаракатларнинг ядровий, ким­ё­вий ва биологик қуроллар тарқалишининг олдини олиш ва келгусида уларни бутунлай йўқ қилиш сиёсатида фаол иштирок этиш бўйича ҳамкорликни кучайтириш;

экологик хавфсизликни таъминлаш, Ўзбекистонда «яшил» тараққиёт тамойилларини жорий этишда самарали халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;

мамлакатда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ло­йиҳаларини ри­вожлантиришда халқаро таш­килотлар ва молия институт­лари билан ҳамкорликни кен­гайтириш.

* * *

Ўзбекистон Экологик партияси мамлакатимиз­нинг барча фуқароларини инсонларнинг соғлиғини сақлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва бебаҳо табиий бойликларини асраб-авайлашдек муҳим вазифани бажаришда фаол иштирок этишга чақиради.




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔81

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔58

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔76

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар