«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
Батафсил«Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо
дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин»
Юртимизда давлат даражасида дарахт кесишга мораторий жорий қилинган бўлишига қарамай, она табиатнинг бу мўъжизаларига (инсониятни заҳарли газлардан муҳофаза этиб, тоза кислород билан таъминлашининг ўзиёқ шундай таърифга асос бўлмайдими!) аёвсиз қирон келтириш, минг афсуски, ҳамон давом этмоқда. Бунинг сабаблари, сабабчилари ҳақида гапирмаган одам, ёзмаган ОАВ қолмади.
Биз энди юртимизда авж олган бу иллат ҳақида эмас, хорижда унга қарши қандай чоралар кўрилгани тўғрисида фикр юритмоқчимиз.
Дарахтлар фақат ҳавони тозаламайди. Улар ёзнинг жазирама иссиғида соя-салқин беради, ўзининг кўрки билан кўнгилга осойиш ва хотиржамлик бахш этади, ҳаводаги намликни мувозанатга келтиради, ерости ва ёмғир сувларининг оқимини «тартибга келтиради». Уларнинг фойдали жиҳатларини санайверса, анча катта материал йиғилиб қолади.
Яқинда кўп сонли экологлар шуни аниқладики, дарахтларнинг кўпайтирилиши сайёрамизни глобал исишдек офатдан ҳам сақлаб қолиши мумкин экан. Уларнинг хулосаси жуда оддий – музликлар ҳажми қисқариб боряпти, демак, мос равишда дарахтлар сонини кўпайтириш керак.
Германия
Мана шу омилларнинг барчасини инобатга олган ҳолда, Германияда дарахтлар алоҳида муҳофазага олинган ва бу соҳага тааллуқли қатор қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар ишга туширилган.
Бугун ушбу мамлакатда дарахт кесиш жуда узоқ чўзиладиган бюрократик жараён бўлиб, унинг шартларига риоя қилмаслик 25 мингдан 50 минг еврогача бўлган катта миқдордаги жарима солиниши билан тугаши мумкин.
Қонун, аввало, баргли ва игнабаргли дарахтларни қаттиқ ҳимоя қилади. Мезонларни маҳаллий ҳокимият органлари белгилайди. Масалан, Берлинда танасининг қалинлиги 80 сантиметр, бўйи 1,3 метрга етган ҳар қандай дарахт қонун ҳимоясига олинади.
Германияда 1 мартдан 30 сентябргача дарахт кесиш умуман тақиқланади. Бу чора орқали қушлар муҳофаза қилинади – уларнинг уялари омонда бўлади. Жисмоний ё юридик шахс бўлишидан қатъи назар, дарахт эгаси уни парваришлаши, доимий назоратда тутиб бориши лозим. Масалан, дарахт соғломми ёки ён-атрофидагиларга хавф туғдириши мумкинми, шуни мудом текшириб бориши керак. Маҳаллий ҳокимият органлари вақти-вақти билан махсус «контроллер» – назоратчиларни ёллаб, ҳар бир дарахтнинг ҳолатини ўрганади ва маълумотларни электрон кадастрга киритиб боради. Бундай ҳужжатлардан муайян шаҳардаги барча дарахтлар, уларнинг ёши, шакли, жойлашуви билан бир қаторда, «бошдан кечирган» жараёнлар – ҳолатининг қандай баҳолангани, эҳтиёт юзасидан кесилган шохлари ва ҳоказо маълумотлар ҳам жой олади. Немислар бунинг арзон эмаслигини эътироф этади, албатта. Лекин шу билан бирга дарахт кимгадир зиён етказса, унинг зарарини қоплаш янада қимматга тушишини ҳам тан олади.
Бизда қурилиш баҳона кўп дарахтлар кесилиб кетяпти. Германияда қурилишга рухсат бериш босқичининг ўзидаёқ тегишли ташкилотлар қурилиш майдони ва унинг атрофидаги дов-дарахтнинг ғамини чекиб қўяди. Бордию дарахтни кесмасликнинг иложи бўлмаса, қурувчи томон бошқа жойга кўчат ўтқазиши ва товон пули тўлашига тўғри келади. Бу миқдор минг евродан бошланади, у ёғини – юқори чегарани маҳаллий ҳокимият белгилайди. Кесилмайдиган дарахтлар эса қурилиш давомида алоҳида муҳофазага олинади – транспорт воситалари зиён етказмаслиги учун бутун шох-шаббасига қўшиб сетка билан ўралади, улар яқинида қурилиш материаллари ва кимёвий моддалар сақланишига йўл қўйилмайди, томирларига зарар етмаслиги ва сувдан узилиб қолмаслигининг чораси кўрилади. Бу шартлар қурилиш учун берилган рухсатномада ўз аксини топган бўлади.
Ҳатто шахсий томорқа ё дала ҳовлиларидаги дарахтлар танасининг қалинлиги 30 сантиметрдан ошган бўлса, уларни ҳам фақат маҳаллий ҳокимият рухсати билан кесиш мумкин. Фақат мевали дарахтлар бундан мустасно. Башарти дарахт икки қўшни ерларининг ўртасида ўсган бўлса, уни кесиш учун иккала ҳамсоянинг розилиги талаб қилинади. Агар дарахт кўп қаватли уй олдида ўсган бўлса, унинг эгаси бир киши бўлган тақдирда ҳам бинода яшовчиларнинг кўпчилиги розилик бермаса, кесишга рухсат йўқ.
Бизда ёмғирлар тошқинларни келтириб чиқараётгани сир бўлмай қолди. Германияда бунинг олдини олиш учун дарахтлар ва кўкаламзорларни кўпайтиришга катта эътибор берилади. Немислар дарахт билан майса фақат ҳаво тозаламаслигини, балки глобал исиш туфайли кўпайган сувларни ҳам ўзига сингдириб олишини жуда яхши билади. Шунинг учун ҳам яшил майдонда қурилиш ташкил қилишни тасаввур ҳам қилолмайди. Аксинча, бирор ер бўш қолди дегунча уни яшиллаштиришга киришиб кетади.
Франция
Франция тажрибасига юзланамиз. Қишлоқ хўжалиги ривожланган, кейинчалик саноатлашув авж олган даврда мамлакатда табиий равишда ўсиб келаётган дов-дарахтнинг катта қисми нобуд бўлди. XIX асрда ҳукумат «ўзига келиб», яшилликни тиклаш йўлига ўта бошлади. Бугун Германияда бўлгани каби Францияда ҳам дарахтлар қонун ҳимоясига олинган.
Шаҳарларни режалаштириш кодексига биноан, ўрмонлар, боғлар, алоҳида дарахтлар ва плантациялар сақлаш, муҳофаза қилиш ва ташкил қилиш (яратиш) лозим бўлган маконлар сифатида таснифланади. Шунга асосан дарахт ё дарахтлар ўсаётган маконларни, улар қишлоқ хўжалиги ё қурилиш мақсадларида фойдаланиш учун кўриб чиқиладиган объектга айланмасдан туриб, қонун ҳимоясига олиш имконияти яратилган. Бундай таснифлаш ердан фойдаланиш тўғрисидаги ҳужжатларга ўзгартиришлар киритишнинг ҳам олдини олади. Яъни, дарахт ўсаётган маконларни «тозалаш» тўғрисидаги ҳар қандай ариза автоматик тарзда рад қилинади.
Шунга қарамай, Guardian газетасининг ёзишича, Франциянинг йирик шаҳарларида ўсимлик дунёсининг улуши жуда кам, масалан, Парижда 9,5 фоиз. Қиёс учун олсак, Лондонда – 33, Мадридда – 35 фоиз. Дарахт камлиги боис ёзда ҳарорат кескин ошиб кетади. 2017 йилда Париж мактаблари ҳовлисида 55°С ҳарорат қайд қилинган. Ўша йили мамлакатда 580 киши иссиқлик таъсирида ҳаётдан кўз юмган. Шу боис ҳукумат кескин чоралар ишлаб чиқди – янги яшил зоналар ташкил этила бошлади. Дарахтлар экилиб, кичик боғлар пайдо бўлди. Ёмғир сувларини ўтказиб юборадиган махсус дренаж тизимлар ётқизилди. Ҳар бир мактаб ва боғча ҳовлисида кўкаламзорлаштириш ишлари ташкил қилинди, «яшил деворлар» барпо этилди. Францияда 2040 йилгача 800 та мактаб «яшил» мақомига ўтиши белгиланган.
Яна бир чора Ilots de Fraicheur – кенг омма учун «Салқинлик ороллари» барпо этишдир. Режага биноан улар ягона шаҳар тизимига бирлаштирилади ва Париж мэрияси ишлаб чиққан бепул EXTREMA Paris дастури ёрдамида бу «ороллар»ни осон топиш мумкин бўлади.
Италия
Италияда ҳам ўрнак олса бўладиган ишлар қилинмоқда. 2018 йилнинг 5 майида ўрмон хўжаликлари тармоғи тўғрисидаги янги қонун кучга киритилди. Италия миллий ўрмон мероси мамлакат ҳудудининг 39 фоизини ташкил қилади. Шундан 32,4 фоизи давлат, минтақавий ҳокимият органлари ё муниципалитетлар назорати остига олинган.
Янги қонун бугунги ва келгуси авлод манфаатларидан келиб чиқиб, миллий ўрмон меросини ҳар томонлама муҳофаза қилишни, шу билан бирга, экологик хилма-хилликни сақлаш, дарёларни ҳимоялаш, эҳтимол тутилган табиий ва техноген офатларнинг олдини олиш, ўрмон хўжалигини ривожлантиришда маҳаллий жамоалар иштирокини таъминлаш, шунингдек, уларни ўрмон хўжалигини тадқиқ этиш ва экологик таълим соҳаларини қўллаб-қувватлашга жалб қилишни назарда тутади.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ, ҳар қандай дарахтсимон ўсимлик ё дарахтни ўрмон хўжалиги ишларига тааллуқли бўлмаган тарзда кесиш экологик зарар келтирадиган фаолият сифатида баҳоланиб, бунинг учун катта компенсация тўланади.
Италия шаҳарларига келсак, кейинги 20 йил давомида Миланда ўртача ҳарорат 2°Сга ошган, жазирама билан боғлиқ фожиали оқибатлар кўпайган. Шаҳарни барқарорлаштириш бўйича бош мутахассис Пьеро Пелиццарининг айтишича, шу муносабат билан 2030 йилгача 3 миллион дона кўчат ўтқазиш ва яшил майдонларни кенгайтириш режаси қабул қилинган. Бу ҳаво ифлосланишини камайтириш, шаҳар макони сифатини яхшилаш, иқлим ўзгаришининг таъсирини юмшатишга ҳам хизмат қилади.
Албатта, бу биздаги кампаниялардан тубдан фарқ қилади. Биз ўтқазамиз, лекин кейинини ўйламаймиз. Айрим мутахассисларимиз тўғри танқид қилганидек, агар шу вақтгача ўтқазган ҳамма кўчатларимиз гуркираб кетганида, юртимизда кафтдек ҳам бўш жой қолмасди.
«Ҳозир шаҳарда қишда ҳам, ёзда ҳам бир хил ҳажмда электр энергияси истеъмол қилинмоқда, нега десангиз, кондиционерга талаб кескин ошиб кетди»,
дейди П.Пелиццари.
Италия шаҳарларида фақат муниципал ҳокимият эмас, балки онгли равишда маҳаллий аҳоли ҳам кўкаламзорлаштириш ишларига бел боғлаган. Томлар, террасалар фаоллик билан яшил зоналарга айлантирилмоқда.
«Ўзимизнинг» Москва
Энди сал яқинроқ келиб, «ўзимизнинг» Москва шаҳри тажрибасини кўриб чиқсак. Бу шаҳарда 1999 йилда қабул қилинган, 2013 йилда янгиланган қонунга биноан, фақат ҳудудий режалаштириш ҳужжатларида кўзда тутилган ва давлат экспертизаси томонидан ижобий хулоса билдирилган лойиҳалар ижроси учунгина дарахт кесиш мумкин. Бу жуда мураккаб бюрократик жараён бўлиб, ҳар ким ҳам уни бошдан-охир босиб ўтишга журъат қила олмайди. Албатта, истиснолар ҳам бор. Масалан, санитария, бинолар ичида меъёрий ёруғликни таъминлаш мақсадларида, дарахт одамлар ё мулкка хавф соладиган авариявий ҳолларда кесиш мумкин. Шунда ҳам «қайчилаш»нинг иложи қолмаган тақдирда.
Дарахтни кесиш учун «кесиш билети»ни олиш керак. Унда дарахт кесилган жойнинг ўзида ундан кам бўлмаган миқдор ва майдонда янги кўчат ўтқазиш, компенсация маблағини олдиндан тўлаш мажбурияти алоҳида белгилаб қўйилади. Компенсация миқдорини аниқлаш бўйича махсус услублар ишлаб чиқилган. Энг эътиборлиси, зарарни молиявий қоплаш ҳуқуқий, интизомий, маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод қилмайди.
Барча дов-дарахт ҳужжатларда қайд қилинади. Тури, эгаллаган майдони, ёши каби маълумотлар мунтазам киритилиб, текшириб борилади. Кўкаламзорлаштирилган ҳудудларда қурилиш, савдо шаҳобчалари ташкил қилиш мутлақо тақиқланади. Зарурат юзасидан кичик савдо палаталари очилган тақдирда ҳам уларда портловчи, ёнувчан ва заҳарли моддалар аралашган, атроф муҳитни ифлослантиришга йўл очадиган, набототга зарар етказадиган товарларни сотишга йўл қўйилмайди.
Дарахтлар ва майсаларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ фаолият юритадиган – уруғ ва кўчат етиштирадиган, тупроқ ҳолатини яхшилайдиган органик ўғитлар ва зараркунандаларни йўқ қиладиган воситалар ишлаб чиқарадиган, шаҳар ҳудудида кўчат ўтқазадиган ё чим ётқизадиган жисмоний ва юридик шахсларга солиқ преференциялари берилади.
Ҳушёрликка даъват
Биз бирор кимга таклиф ёки тавсия бермоқчи эмасмиз. Ўқиган одам, ўзини ўйламаса ҳам, фарзандларининг келажаги учун қайғурсин, деган мақсад билан оммага юзланмоқдамиз, холос. Чунки, ҳамма хавотирлар, ҳамма таклиф ва тавсиялар айтиб бўлинди. Таъкидланганидек, юртимизда дарахт кесилишини танқид қилмаган одам ё ОАВ қолмади ҳисоби. Эҳтимол, ушбу сатрлар ҳушёрликка даъват сифатида қабул қилинар.
Келинг, оддий гаплар билан мулоҳаза қилиб кўрайлик. Ўзи шаҳарларга дарахт нима учун керак?
Дунё аҳолисининг 50 фоизи шаҳар ва посёлкаларда яшайди. Мутахассислар ишонч билан айтяптики, 2050 йилга бориб, бу кўрсаткич 66 фоизга чиқади. Ижтимоий-иқтисодий шароит шуни тақозо қилмоқда. Афсуски, шаҳарлар ердан фойдаланишнинг бирор муайян стратегияси ишлаб чиқилмасдан, хаотик тарзда кенгаймоқда. Бу ўз-ўзидан наботот дунёсини вайрон этиб, табиий ландшафтни барбод қиляпти. Жаҳон озиқ-овқат ташкилотининг билдиришича, урбанизациянинг аянчли оқибатлари ҳаёт ресурсларини (сув, озиқ-овқат, канализация ва ҳоказо) камайтириб, қашшоқлик даражасини оширмоқда. Бунинг олдини эса фақат кўкаламзорлаштириш орқали олиш мумкин.
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил