Шиддат Билан эриётган «пахтакор»
Ўзбекистондаги энг йирик тоғ музлиги – «Пахтакор» тез суръатда эриб бораётгани маълум бўлди.
БатафсилОрол ва Оролбўйи минтақаси сўнгги беш йилда бутунлай ўзгарди. Денгиз қуриши туфайли бу ерда юзага келган оғир экологик муаммоларни юмшатиш, унинг бутун минтақага салбий таъсирини камайтириш борасида мисли кўрилмаган тажрибага қўл урилди.
Маълумотларга кўра, Орол денгизининг қуриган майдонини ўрмонзорга айлантириш учун 2018-2021 йиллар давомида 1 миллион 567 минг гектар майдонга саксовул, юлғун, қорабарақ ва чўлга чидамли бошқа ўсимликлар экилди. Асрлар давомида бажарилиши мумкин бўлган ишлар эндиликда атиги 4-5 йилда якунига етказилиши режалаштирилган ва бу саъй-ҳаракатлар аллоқачон ўз натижасини кўрсата бошлади.
Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Нарзулло Обломуродовнинг қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашуви олис Мўйноқ туманида бўлиб ўтди. Номзод сайловчилар билан учрашувдан ташқари, ҳудуднинг бир қанча манзилларига борди. Орол ва Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни яхшилаш борасида амалга оширалаётган ишлар билан танишиб, жараёнларда бевосита иштирок этди.
Мўйноқ туманидаги Маданият саройида қорақалпоғистонлик сайловчилар Экопартиядан кўрсатилган номзодни илиқ кутиб олишди. Учрашув самимий руҳда, қизғин савол-жавобларга, ўринли таклиф ва мулоҳазаларга бой тарзда ўтди.
Н.Обломуродов ўз сайловолди дастури билан йиғилганларни батафсил таништирди.
Оролбўйи минтақасидаги экологик ҳолат бугун жаҳон миқёсида эътибор қаратилаётган масалага айланган. Орол денгизининг қуриши оқибатида пайдо бўлган 5,5 миллион гектардан ортиқ майдонни эгаллаган «Оролқум» саҳроси Оролбўйи ҳудуди ва нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси атмосферасига салбий таъсир кўрсатмоқда. Маълумотларга кўра, «Оролқум»дан зарарли кимёвий унсурлар, туз ва тупроқ заррачаларидан иборат чанг ҳавога кўтарилиб, шамол билан ер юзидаги жуда катта ҳудудга тарқалмоқда. Охирги йилларда Оролбўйи минтақасида илк бор пайдо бўлган «туз ёмғирлар» айнан шу муаммонинг ўта долзарблигини яна бир бор кўрсатди. Инсоният ҳаёти учун энг муҳим омил бўлган атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унинг сифат кўрсаткичларини экологик нормативларга мувофиқлигини таъминлаш стратегик мақсадимиз бўлиб қолади. Хабарингиз бор, жаҳоннинг энг илғор мамлакатлари «яшил» иқтисодиётга ўтиш ишларини аллақачон бошлаб юборган.
Чунки дунёнинг бугунги қиёфаси, тиклаб бўлмас экологик фалокатлар ва атроф муҳитга етказилаётган улкан зарарлар мана шуни тақозо этади.
Шундан сўнг Қорақалпоқ давлат университети ҳузуридаги фан доктори илмий даражасини берувчи илмий Кенгаш раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Шамшетдин Абдиназимов, Хўжайли туманидаги 23-умумий ўрта таълим мактаби директори Клара Казакбаева, Болалар ва оилани қўллаб-қувватлаш ассоциацияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси раиси Шолпан Асанова, ҚДУ магистранти Аллаёр Дарменов, Мўйноқ туманидаги Алиовул қишлоғи оқсоқоли Баҳодир Дўсмуродов ва бошқалар сўзга чиқиб, номзоднинг сайловолди дастури юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этди.
– Ўзбекистон Экологик партияси кўпгина ташаббуслар билан чиқиб халқимизнинг меҳрини қозонмоқда, – деди Мўйноқ туманидаги Алиовул қишлоғи оқсоқоли Баҳодир Дўсмуродов. – Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб ўтказилган «Мўйноққа мадад» экологик хайрия веломарафони бунинг ёрқин мисолидир. Энг муҳим жиҳати шундаки, марафон доирасида жалб этилган ҳомийлик ва хайрия маблағлари Мўйноқ туманидаги Алиовул қишлоғини ободонлаштириш, суғориш-ирригация тизимларини яхшилаш, тоза ичимлик сув тармоғини тортиш, иш ўринлари яратиш сингари аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган хайрли саъй-ҳаракатлар учун йўналтирилди.
Учрашув сўнгида Н.Обломуродов матонатли қорақалпоқ халқига келгусида амалга оширилажак ишларида мувафаққиятлар тилаб, «яшил тараққиёт» дастурини амалга оширишда уларнинг ҳам алоҳида ўрни борлигини таъкидлаб ўтди.
Экопартиядан Президентликка номзод Нарзулло Обломуродов Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Мўйноқ тумани ёшлари билан учрашди. Экологик партиянинг йирик лойиҳаси бўлган «Мўйноққа мадад» хайрия веломарафонида ёшларнинг фаол иштирок этганини эътироф этиб ўтди.
Мўйноқ ёшлари аждодлари каби тиришқоқ, меҳнатсевар, матонатли. Ҳаттоки уларнинг шижоатини ноқулай чўл шароити ҳам, муаммоли экологик вазият ҳам синдиролгани йўқ. Мўйноқликларнинг ҳар йили иссиқхона тадбиркорлигидан олаётган юқори даромадлари ҳам шундан далолат беради. Албатта, бунга кўпчилик ишонмаслиги мумкин. Ахир Мўйноқнинг ёзда олов пуркайдиган жазирамасию, қишда вужудингни қақшатадиган совуғида, камига қуриб қолган Орол денгизидан мерос шўрхок тупроқда замонавий иссиқхоналардан ҳосил олиш баъзиларга эртак бўлиб туюлиши мумкин. Аммо ислоҳотлар амалиётга кўчгач, мўйноқлик ёшлар ҳам саҳро инжиқликларига қарамасдан даромад топишни уддалашмоқда.
Яна бир ибратли жиҳати шундаки, Мўйноқ ёшлари ўз қўллари билан етиштирган сабзавот маҳсулотлари билан «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатига ҳам ҳисса қўшиб келмоқда. Албатта, санаб ўтганларимиз мўйноқлик ёшлар ривожидаги бошланғич қадамлар десак хато бўлмайди.
Нарзулло Обломуродов ёшлар билан бўлган самимий мулоқотда бир неча йиллардан бери ўз деҳқонини кутиб ётган Мўйноқ тупроғидан, ерости сувларидан унумли фойдаланиш, ихчам иссиқхоналар барпо қилиш ҳаракатини янада ривожлантириш ҳамда кенгайтириш зарурлигини таъкидлаб, бу ишларда ёшларга барча шароитлар яратилишини айтиб ўтди.
Келажакда мўйноқлик ёшларнинг таълим олишида ҳам кенг имкониятлар яратилиши, қўшимча имтиёзлар берилиши, мўйноқлик истеъдодларни юзага чиқариш йўлида амалий чора-тадбирлар кўрилиши ҳақидаги фикрлар ёшларнинг кўзларидаги мамнунлик оловини, юракларидаги шижоатни янада кучайтиргандек бўлди.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган ёшлар билан учрашувдан сўнг Нарзулло Обломуродов Қорақалпоғистон тарихи ва маданияти музейининг филиали – Мўйноқ Экология музейига борди. Бу ерда номзод музейнинг тарихи ва бугуни ҳақида ходимлар билан суҳбатлашди.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, Мўйноқ Экология музейи 1984 йилда Мўйноқдан 20 километр узоқликдаги овулда асос солинган. 1989 йилда туман марказига кўчирилган.
Бу ерда қорақалпоқ халқининг тарихи ва миллий қадриятларини ифодаловчи экспонатлар ўрин олган. Музей экспозицияси этнография, табиат, археология ҳамда янги тарих бўлимларидан иборат.
Табиат бўлимида Орол денгизининг ҳайвонот ва наботот оламига оид экспонатлар мавжуд. Бундан ташқари мўйноқликларнинг ов қуроллари, қайиқларни учратасиз. Шунингдек, Орол денгизининг ҳолатини акс эттирувчи NASA томонидан тасвирга олинган фотосуратлар ҳам ўрин олган.
Нарзулло Обломуродов музейни бугунги Мўйноқ табиатига оид экспонатлар билан бойитиш ҳақида таклифларини билдирди.
Н.Обломуродов музейнинг археология бўлимида ХIX-XX асрга тегишли лойдан ишланган кўзаларни кўздан кечирди. Музей ходимларининг айтишича, бу буюмлардан қадимда ота-боболаримиз сут-қатиқларни ёзнинг иссиғида ҳам муздек сақлашда фойдаланган. Музейда шунингдек, Мўйноқда ўтказилган симпозиумда иштирок этган рассомларнинг ижод намуналари ўрин олган.
– Музейлар – кечамиз, бугунимиз ва эртамиз. Музейларни асрашимиз, уларни янада бойитишимиз, ёшларнинг бу масканларга келишларини кўпайтиришимиз лозим. Айниқса, тарихдан сўзлайдиган бу каби маданият ўчоқлари миллий ғурур, ифтихор туйғуларини оширишда муҳим аҳамият касб этади, – деди Н.Обломуродов.
Мўйноқ Экология музейи юртимиздаги энг ноёб масканлар сирасига киради. Экология мавзусига бағишланган бундай музейлар ташкил қилиниши ёш авлодда экологик маданият ва атроф муҳитни асраш туйғуларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Нарзулло Обломуродов ўз анъанасига мувофиқ музей ҳовлисига кўчат ўтқазди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Нарзулло Обломуродов Мўйноқ туманидаги «Тик ўзак» овул фуқаролар йиғинидаги Оролбўйи инновация марказига қарашли «Оролдаги боғим»да бўлди.
«Оролдаги боғим» лойиҳаси 2020 йилда амалга оширилган. Лойиҳадан асосий мақсад Орол денгизининг қуриши оқибатларини бартараф этиш ҳамда бу ерга келувчи сайёҳлар сонини оширишга қаратилган. Лойиҳа доирасида Мўйноқ туманида 20,3 гектар майдонда «Мўйноқ» тажриба-синов майдони, Нукус туманида 20 гектар майдонда «Саманбой» тажриба-синов майдони ташкил этилган, шўрланиш ва қурғоқчиликка чидамли чўл ва манзарали ўсимликлар генофонди шакллантирилиб, унда 13 турдаги ўсимлик дунёси объектлари синовдан ўтказилган.
Олимларнинг ҳисоб-китобига кўра, Орол денгизининг қуриган тубида ўсимликлар тўлиқ тикланиши ва унинг туби тўлиқ қопланиши учун камида 40-45 йил вақт керак бўлади.
Лекин шу вақт ичида денгизнинг қуриган тубидан кўтарилган чанглар бошқа ҳудудларга тарқалиши, у ердаги аҳоли ижтимоий-иқтисодий ҳолатининг ёмонлашиши ва бошқа шу каби салбий оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. Бу ерга турли ўсимликларни ўтқазиш орқали эса ўзига хос экотизим шаклланади, ҳудудга ҳайвонот дунёси қайтади, яшиллик тикланади.
Нарзулло Обломуродов лойиҳа фаолияти, эришилган ютуқлар ва кутилаётган янгиликлар ҳақида мутахассислар билан суҳбатлашди.
– Марказимиз томонидан амалга оширилаётган «Оролдаги боғим» агро ва экотуризм лойиҳасининг асосий мақсади бутун дунё вакиллари ва маҳаллий аҳолининг Орол денгизининг қуриши оқибатларини енгиб ўтишда бевосита иштирок этиш ҳиссини уйғотиш ва шу орқали Оролбўйи аҳолиси турмуш даражасини янада оширишга ҳисса қўшишдир, – деди Оролбўйи халқаро инновация маркази директори Нурлибек Мирзамуратов. – Шу мақсадда Ўзбекистон учун ноёб бўлган аҳоли томонидан кўкаламзорлаштириш лойиҳаси яратилди ва дарахтларни экиш учун маблағ йиғиладиган краудфандинг (аҳоли молиялаштируви) платформаси ишга туширилмоқда.
Мўйноқ туманининг «Тик ўзак» овул фуқаролар йиғини ҳудудидан Оролбўйи иқлимига мослашган, шўрхок ерга чидамли ўсимликларни экиш ва тажриба синов майдончасини ташкил этиш мақсадида 20,3 гектар ер майдони ажратиб берилди. Участкада 14,7 гектар майдонда шўрга ва чўлга чидамли, кенг баргли, бута ҳамда мойли ўсимликлардан иборат жами 24 турдаги ҳар хил ўсимликларнинг уруғлари, кўчатлари ва қаламчалари экилиб, яхши натижаларга эришилди.
Шунингдек, Оролбўйи халқаро инновация маркази томонидан Хитой билан ҳамкорликда ер остидан суғориш тизими йўлга қўйилган. Бунда намлик илдизга қадар етиб бориши аҳамиятли. Сув тежамкорлиги эса икки баробаргача етади.
Яна бир хайрли ташаббус Туниснинг доктор Чамбанис технологияси лойиҳаси бўлиб, БМТ томонидан молиялаштириляпти. Лойиҳанинг афзаллиги мевали дарахтлар ва иссиқхоналарни суғориш учун қўлланилади.
Оролбўйи халқаро инновация маркази мутахассислари БААнинг Дубай шаҳрида шўрланган ерларда биотехнологияларни ривожлантириш марказининг қурғоқчиликка ва шўрга чидамли ўсимликларни экиш бўйича эксперементларни амалга оширган. Бу ҳам марказ фаолиятининг янги босқичга чиқаётганидан далолат беради.
Марказ олимларининг айтишича, Оролнинг қуриши ўсимлик дунёсининг йўқ бўлиб кетишига олиб келмади.
Аксинча табиат ўзини тиклаб янги флора ва фаунанинг пайдо бўлишига эришди. Бу ҳолат табиатнинг чексиз бағрикенглиги ва имкониятларини кўрсатмоқда.
– Мен Яқин Шарқнинг, Хитой ва бошқа мамлакатларнинг тупроғини кўрганман, лекин уларнинг тупроғи бизнинг заминимизчалик ҳосилдор эмас. Серҳосил тупроқ бизнинг энг катта ютуғимиз. Шундай ерлар борки, ҳеч қандай ўсимлик унмайди, – деди Нарзулло Обломуродов. – Орол денгизи қуриган ерларда ҳам ҳали кўп янгилик ва инновациялар қилиш имкони бор. Илмий изланишларимиз ва халқаро тажрибаларни қўллаб катта ютуқларни қўлга киритишимиз мумкин.
Нарзулло Обломуродов мутахассислар билан фикр-мулоҳазалар алмашди, таклифлар сўради. Олимларнинг берган таклифлари орасида экологик муҳитни янгилаш ва Орол ҳудудининг иқлим шароитларини яхшилаш бўйича ўринли ташаббуслар бор.
Оролбўйидаги учрашувлар қизғин муҳокамаларга бой ўтди. Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Нарзулло Обломуродов лойиҳани янада кенгайтириш, молиялаштириш ишларини сусайтирмаслик ҳамда унинг аҳолига, табиатга манфаатини ошириш зарурлигини таъкидлаб ўтди.
Ўзбекистондаги энг йирик тоғ музлиги – «Пахтакор» тез суръатда эриб бораётгани маълум бўлди.
БатафсилХусусан, Ашхободда юқорида айтилган ўлимлар 100 минг кишига 25-28 ҳолатни ташкил қилади.
БатафсилҚоракўз — карпсимонлар оиласига мансуб балиқ тури. У асосан Ўзбекистоннинг дарё ва сув ҳавзаларида учрайди. Бу тур нафақат экологик жиҳатдан муҳим, балки биологик хилма-хилликни сақлашда ҳам алоҳида ўрин тутади.
Батафсил