Иқлим      Бош саҳифа

Ўзбекистон Экологик партияси – яшил келажак учун

Бир неча кундан кейин Ўзбекистон халқи мамлакатнинг келажакдаги ривожланишини белгилайдиган энг муҳим сиёсий воқеа –­ Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этади. Ўзбекистон Экологик партияси илк бор ўз номзодини мазкур сайловда кўрсатди.

Ўзбекистон Экологик партияси –  яшил келажак  учун

Ўтган сайловлардан буён мамлакатимизда қонунчилик базаси – сайлов қонунчилигини такомиллаштириш бўйича катта ишлар амалга оширилди. Республиканинг Сайлов кодекси халқаро стандартларга тўлиқ мослаштирилди. Жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотиниг демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси (ЕХҲТ ДИИҲБ) тавсияларига асосланиб ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов қонунчилигини такомиллаштириш муносабати билан ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.

Ҳаммамиз сайлов кампанияси жамият ҳаётида демократик тамойилларни мус­таҳкамлаш, очиқлик ва ошкоралик, ижтимоий-сиёсий муҳитни сезиларли даражада либераллаштириш, шунинг­дек, оммавий ахборот воситаларининг роли ва мақомининг ошиши муҳитида ўтаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Бунда ошкоралик ва шаффоф­лик сайловнинг асосий тамо­йилларидан бири экани намоён бўлмоқда. Сайловни ёритиш учун аллақачон 1500 дан ортиқ журналист аккредитациядан ўтган. Сайловга хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан ҳам кузатувчилар таклиф қилинган. Хусусан, Европада хавфсизлик ва хамкорлик ташкилотининг Парламент ассамблеяси, Демократик институтлар ва инсон хуқуқлари бюроси миссиялари билан бир қаторда МДҲ парламентлараро ассамблеяси ва бошқа ташкилотлар вакиллари сайлов жараёнини кузатишни бошлашди.

Сайловларнинг демократик характерга эга эканининг ёрқин далилларидан бири, уларда чет элда яшовчи Ўзбекис­тон фуқаролари ҳам қатнашиши мумкинлигидир. Улар дип­ломатик ваколатхоналарнинг консуллик реестрида рўйхатдан ўтганми ёки йўқлигидан қатъи назар, овоз беришлари мумкин. Бундан ташқари, биринчи марта Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш харажатлари сметаси оммага тақдим этилди. Сайлов комиссиялари устидан такроран шикоят келиб тушмаслиги ва улар бир-бирига қарама-қарши қарорлар қабул қилишига йўл қўймаслик учун сайлов комиссиялари ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятларни фақат судлар томонидан кўриб чиқиш амалиёти жорий қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида тарихда биринчи марта Ўзбекистон Экологик партияси ҳам иштирок этмокдаки, бу мамлакатда сиёсий фаоллик ошганидан, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масаласи келгусида ривожланишнинг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида эътироф этилаётганидан далолат беради.

Ўзбекистон Экологик партияси атроф муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришда, турли кампаниялар ва тадбирларда фаол иштирок этади, экологик ва санитария меъёрларининг бузилиши тўғрисида аҳолидан тушган шикоятлар бўйича рейдлар ўтказади, жамиятда экологик билим даражасини ошириш бўйича изчил иш олиб боради ва жамоатчилик экологик назоратини амалга оширади.

Партиянинг Сайловолди дастури «Биз келажак учун жавобгармиз!» шиори остида бўлиб, дастур етти йўналишдан ташкил топган. Aсосий мақсад – иқтисодиётнинг барча соҳаларида «яшил» ривож­ланиш тамойилларини кенг жорий этиш орқали экологик барқарорликни ва табиий ресурс­лардан оқилона фойдаланишни таъминлаш, ҳозирги ва келажак авлодлар учун муносиб яшаш шароитларини яратишдан иборат.

Ўзбекистон Экологик партиясидан кўрсатилган номзоднинг Сайловолди дастури партиянинг номи ва фаолиятини тўлиқ акс эттиради. Яъни, бу «яшил» иқтисодиётга, чиқиндиларни қайта ишлашга эътиборни кучайтириш, иқлим ўзгаришига мослашиш, Орол денгизидаги экологик фожианинг оқибатларини камайтириш, атмосферага зарарли чиқиндиларни камайтириш, табиий ресурслардан тўғри фойдаланиш, аҳоли ўртасида экологик маданиятни ошириш, экологик муаммоларни ҳал қилишда хорижий ҳамкорлар билан муносабатларни яхшилашга қаратилган сиёсатдир.

Экологик партиядан кўрсатилган номзод Нарзулло Обломуродовнинг сайловолди дастурининг асосий жиҳатлари ҳақида қисқача тўхталганда қуйидаги жиҳатларни алоҳида эътироф этиш зарур.

Биринчи навбатда, «яшил» иқтисодиётни кенг татбиқ этиш орқали фуқароларнинг қулай яшаш муҳитига бўлган ҳуқуқларини, қонуний манфаатларини таъминлаш.

Бу ўринда маиший ва саноат чиқиндилари билан ишлашни тартибга солиш муҳим рол ўйнайди. Бунинг учун партия фаоллари Ўзбекистон Республикасининг «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунини янги таҳрирда қабул қилишни зарур деб ҳисоблайдилар.

«Бизнинг муқаддас бурчимиз – она табиатни ҳимоя қилиш!» шиори остида партия аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш, қишлоқ хўжалигига «ақлли» технологияларни жорий этиш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича барча чоралар кўрилишини мақсад қилган.

Партиянинг стратегик мақсади ҳаёт учун энг муҳим омил бўлган атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ва унинг сифат кўрсаткичлари экологик стандартларга мувофиқлигини таъминлаш бўлиб қолаверади.

Ер ресурслари мамлакатимиз аҳолиси фаровонлигининг асосий бойлиги бўлиб, мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини белгилайди. Суғориладиган ҳамда лалми ерлардан оқилона ва самарали фойдаланишни ташкил этиш мамлакатнинг бугуни ва келажаги учун энг муҳим омил ҳисобланади. Шу сабабли, Экопартия «Ер элни боқади» тамойилига асосланиб, ер ресурсларини муҳофаза қилишни таъминлаш бўйича аниқ лойиҳаларни амалга оширади.

Сув ресурсларидан оқилона ва тежамли фойдаланиш, сув истеъмол қилиш маданиятини ошириш ва сувга нисбатан тўғри муносабатни шакллантириш жамиятимизда энг муҳим устувор вазифалардан биридир. Бунга эришиш учун экинларни суғоришда сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш кўзда тутилган.

Охирги йилларда Ўзбекистонда Оролбўйи ҳудудидаги экологик вазиятни яхшилаш бўйича кўламли ишлар давом эттирилмоқда. Маълумки, кейинги беш йилда Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ Оролбўйи минтақасидаги ижтимоий муаммоларни бартараф этиш юзасидан кўрилаётган амалий чора-тадбирлар натижасида ушбу ҳудудда том маънода бунёдкорлик, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. Хусусан, 2018-2021 йилларда 1 миллион 700 минг гектар ерга саксовул ва бошқа чўл шароитига чидамли ўсимликларнинг экилиши Оролнинг қуриган тубидан кўтарилаётган қум, чанг ва тўзонларни ушлаб қолишга хизмат қилмоқда. Ваҳоланки, Орол ҳар доим термо регулятор бўлиб хизмат қилган. Ёзда салқин бўлган, қишда Орол сувидан кўтарилган илиқ ҳарорат турон пасттекислигидан кириб келадиган Сибир совуқ ҳаво оқимини бирмунча мўътадиллаштирган ва илиқлаштирган.

Қолаверса, мазкур ҳудуднинг яшилликка бурканиши ўз-ўзидан минтақа экотизимини яхшилашга, ҳайвонот ва ўсимлик оламининг яна жонланишига хизмат қилмоқда.

Экологик партия Орол денгизи ҳалокати оқибатларини юмшатишга қаратилган инновацион лойиҳаларни амалга ошириш орқали Орол денгизи минтақасининг экологик ва ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилашга, аҳолининг турмуш шароитини кейинчалик ҳам юксалтиришга хизмат қиладиган ишларни изчиллик билан билан давом эттиришни режалаштирган.

Айни вақтда сайловолди кампанияси қизғин давом этмоқда. Юртимизнинг барча ҳудудларида номзодлар, уларнинг ишончли вакиллари билан учрашувлар ўтказиляпти. Энг муҳими, сайловолди учрашувлар давомида сайловчилар томонидан кўплаб фикр мулоҳазалар, таклифлар ўртага ташланмоқда.

Сайловчилар атроф муҳитни асраб-авайлаш, ўзлари дуч келаётган турли экологик муаммоларни бартараф этишда фаол иштирок этиш истагини ҳам билдиришмоқда.

Буларнинг барчаси Ўзбекистон Экологик партияси томонидан илгари сурилаётган саволлар ва таклифлар конструктив хусусиятга эгалигидан далолат беради. Экологик партиядан кўрсатилган номзод Н.Обломуродов ишончли вакилларининг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда. Партия томонидан ташкил этилаётган тадбирларда фуқароларимизни фаол иштирок этишга чорлаймиз.




Ўхшаш мақолалар

Шиддат  Билан эриётган  «пахтакор»

Шиддат Билан эриётган «пахтакор»

🕔16:45, 14.08.2025 ✔79

Ўзбекистондаги энг йирик тоғ музлиги – «Пахтакор» тез суръатда эриб бораётгани маълум бўлди.

Батафсил
Яна эллик йилдан сўнг Тошкентда  жазирама  ўта ҳалокатли  тус олиши мумкин

Яна эллик йилдан сўнг Тошкентда жазирама ўта ҳалокатли тус олиши мумкин

🕔17:48, 23.07.2025 ✔82

Хусусан, Ашхободда юқорида айтилган ўлимлар 100 минг кишига 25-28 ҳолатни ташкил қилади.

Батафсил
Сувларнинг  ифлосланиши – қоракўзлар ҳаётига таҳдид

Сувларнинг ифлосланиши – қоракўзлар ҳаётига таҳдид

🕔16:06, 18.07.2025 ✔80

Қоракўз — карпсимонлар оиласига мансуб балиқ тури. У асосан Ўзбекистоннинг дарё ва сув ҳавзаларида учрайди. Бу тур нафақат экологик жиҳатдан муҳим, балки биологик хилма-хилликни сақлашда ҳам алоҳида ўрин тутади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар