«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилМаълумотларга кўра, Ўзбекистонда яшовчи ҳар бир киши йилига ўртача 200 килограмм атрофида маиший чиқинди ҳосил қилади. Бу кўрсаткич вилоят марказлари ҳамда шаҳарларда яшовчи аҳоли жон бошига кунига ўртача 0,87 кг, бир йилда эса 300 килограммни ташкил этади.
Мамлакатимизда йилига ўртача 123,1 млн. тонна чиқинди ҳосил бўлиб, шундан 7,1 млн. тоннаси маиший чиқиндилардир. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзидан ҳар йили 600 минг тоннадан зиёд маиший чиқинди чиқарилади. Бу кунига атроф муҳитни ифлословчи 1600-2000 тонна зарарли масса деганидир.
Афсуски, мамлакатимизда чиқиндилар билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш, таҳлил қилиш ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш соҳаси ҳамон оқсамоқда. Европа давлатларида эса бу муаммони ҳал этишнинг синовдан ўтган усуллари аллақачон қўлланилмоқда. Бунинг учун халқаро тажрибада зарур ҳуқуқий асослар ҳам яратилган.
Мамлакатимизда бу масалада ҳалигача бирдамлик билан ҳаракат қилишнинг яхлит тизими яратилгани йўқ. Давлат идоралари алоҳида, қўмитаю ҳокимликлар алоҳида, жамоат ташкилотлари алоҳида бўлиб ўзича курашмоқда. Оқибатда бу масалага аниқ бир ечимнинг ўзи топилмаяпти. Чиқиндилар эса ўпқон каби бизни тобора ўраб олмоқда. Охирги пайтларда қаерга қараманг, чиқиндига тўлган ариқларга, шамол учирган пластик пакетлардан «гуллаб» ётган дарахтларга, ҳар хил пўчоқ, елим идиш, пакету ҳаттоки памперс аралаш оқаётган сувга кўзингиз тушади. Беихтиёр таъбингиз хира тортади, кайфиятингиз йўқолади.
Афсуски, бу ҳолатдан заррача бўлсин виждонимиз қийналмаяпти. Ҳар доим бошқаларни айблаяпмизу дарвозамиздан ташқаридаги ахлат ёки кимнингдир фарзанди белгиланмаган жойга чиқинди ташлаб кетаётган ҳолат гўё бизга тааллуқли эмасдек тутяпмиз ўзимизни. Аслида фақатгина ўзимизнинг хатти-ҳаракатларимиз сабаб чиқинди ботқоғига ботиб бораётганимизни ҳис қиламизми, англаймизми?
Инсон бирор-бир амалининг нотўғри эканини англагандагина уни ўзгартиришга ҳаракат қилади, айниқса, бунинг оқибати фожиа билан тугашини аниқ билса, юракдан ҳис қилса. Зора биз мақолада келтириб ўтадиган чиқиндилар билан боғлиқ улкан рақамлар ҳар биримизни хушёрликка чақирса...
Бир қарашда сизга топишмоқ айтаётгандек кўринсакда, бу сарлавҳачамиздаги оддий елим пакетлар ва пластик билан боғлиқ гап айни ҳақиқат.
Эътибор берсангиз, ҳаётимизда маиший чиқиндилар ичида полимер плёнкалар энг рекорд даражани эгаллайди. Фожиа шундаки, сиз бугун табиатга улоқтирган ўша елим пакет сизнинг ўн тўртинчи авлодингиз бу ҳаётда яшаб ўтаётган вақтда ҳам ҳали чириб битмаган бўлади. Памперслар, ниқоблар, бир марталик фойдаланиладиган нам салфеткалар ва идишлар ҳам шулар жумласидандир.
Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарори билан 2019 йил 1 январдан полимер плёнкали пакетларни бепул бериш, уларнинг нархини республика ҳудудида сотиладиган товарлар нархига қўшиш, шунингдек, уларни ўз таннархидан паст нархларда сотиш тақиқланган. Қалинлиги 40 микрондан кам бўлган полимер плёнкали пакетлар ишлаб чиқарилмаслиги белгилаб қўйилган. Аммо ўшандан буён уч йил ўтса ҳамки бу қарор ижроси айрим супермаркетлардан бошқа бирор савдо хизматларида деярли бажарилгани йўқ. Биз эса полимер пакетлардан ташкил топаётган чиқиндихона ичида яшаётгандекмиз.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17 апрелдаги қарори билан 2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси тасдиқлангани юртимизда бу борадаги ишларнинг самарадорлигини оширишда муҳим қадамлардан бири бўлди. Ҳужжат қаттиқ маиший чиқиндини қайта ишлашнинг самарали ва замонавий тизимини яратишни кўзда тутади.
Афсуски, бу вазифаларнинг барчаси ҳам тўлақонли амалга ошди дейиш мушкул. Мисол учун «Чиқиндилар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан қайта ишлаб чиқиб, қабул қилиниши кечикмоқда. Бунинг сабаблари хусусида тегишли ташкилотлар ҳалигача бирор жўяли маълумот беролмаётгани ҳам ачинарлидир.
Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ислом Боқижоновнинг таъкидлашича, мамлакатимизда 2018 йил 6 минг, 2019 йил 10 мингдан ортиқ, 2020 йил 9 ой ичида 20 мингдан зиёдроқ чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликлар аниқланган.
– Чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар юртимизда тобора долзарблашиб бормоқда. Уларни бартараф этишнинг йўллари мавжуд албатта. Шулардан бири чиқиндини қайта ишловчи корхоналар сонини кўпайтириш, уларга махсус имтиёзлар беришдир, – дейди Экопартиядан халқ депутатлари Тошлоқ туман кенгаши депутати Рўзматжон Матқулов. – Чунки корхоналар мавжуд бўлмаса, чиқиндиларни саралашдан наф йўқ. Чиқиндини саралаб бошқа ахлатхона ёки полигонга олиб бориб ташлашдан нима фойда? Бундан ташқари айнан кўчага, белгиланмаган жойга чиқинди ташлаганлик учун нафақат жарималар жорий этиш, балки буни амалга ошириш механизми ишлаши керак. Буни Сингапур мисолида ҳам кўриш мумкин. Ушбу давлатда чиқинди муаммоси ва аҳолининг бу борадаги хатти-ҳаракати юқори жарималар орқали ҳал этилган ва ҳозирда у дунёнинг энг тоза мамлакатларидан бирига айланди.
Испанияда машина деразасидан чиқинди улоқтирганлик учун 200 евро, сигарет қолдиғини йўлакка ташлаш 90 евро миқдорда жаримага асос бўлади. Германияда ахлоқсиз фуқароларни «чиқинди изқуварлари» дарров тутиб олишади. Кўчаларда ўрнатилган видеокамераларда қайд этилган хатти-ҳаракат махсус қутига ташланмаган ахлат учун 100 еврогача жарима тўлашга асос бўлади. Сигарет қолдиғи, музқаймоқ ёки конфет қоғози, салқин ичимлик шишасини ерга ташлаш 20 евро, сақични, қолдиқ овқатларни улоқтириш 35 еврони ташкил этса, эски мебель, электрон техникани ташлаганлик учун 150 дан 600 еврогача жарима тўлашга тўғри келади. Швецияда ерга ташланган қоғоз унинг эгасига 90 евро, Сингапурда эса 300 дан 1000 долларга тушади. Юртимизда ҳам айнан ана шундай кескин чораларни қўллаш вақти келганини катта шаҳарларни бир айланиб чиққан киши дарров сезади.
Шаҳримизнинг, она юртимизнинг одам гавжум тўпланадиган қай ҳудудига назар солманг, барининг айнан ниқоблар, бир марталик идишлар ва полиэтилен пакетлар билан ифлосланганига гувоҳ бўласиз. Бу эса тезлик билан экологик маданиятни ривожлантириш борасидаги тарғибот ишлари дастурини давлат миқёсида ишлаб чиқиш, фақат қоғоздагина эмас, амалда чоралар кўриш зарурлигини кўрсатмоқда.
Ривожланган мамлакатлар тажрибаси чиқиндиларнинг 85 фоизини қайта ишлаш мумкинлигини кўрсатмоқда. Масалан, Шимолий Европа мамлакатларида аллақачон чиқиндиларни алоҳида йиғиш йўлга қўйилган. Натижада қоғоз, пластик, алюминий каби хомашёнинг катта қисми қайта ишлашга юборилади.
Норвегиянинг айрим ҳудудларида чиқиндини тўплаш, ташиш ва қайта ишлаш ҳуқуқи маълум бир маҳаллий ҳокимликка қарашли корхонага ёки бир неча ҳокимликларга қарашли корхоналарга махсус шартнома тузиш орқали тақдим этилади. Эстония, Польша ва Колумбия каби мамлакатларда танлов асосида ҳудуд чиқиндисини тўплаш ва ташиш бўйича хизматларни кўрсатувчи корхона танлаб олинади. Исроилда эса чиқинди тўплашда хусусий секторнинг роли ошиб бораётганига қарамай, маҳаллий чиқиндиларни тўплаш бўйича ишлар маҳаллий канализация ва чиқинди департаменти томонидан амалга оширилади.
Японияда умуман чиқинди полигонлари йўқ. Чунки у ерда чиқиндиларнинг деярли 90 фоизи тўлиқ қайта ишланади. Қолганлари ёқилади.
Чиқиндиларни ёқишдан чиқаётган иссиқлик энергияси хонадонларда фойдаланилади. Ундан чиққан тутун фильтрланиб, таркибидаги керакли элементлар ажратиб олинади. Кул эса цемент ишлаб чиқаришда фойдаланилади. Японияда чиқиндиларга оид қоидалар маҳаллий муниципалитет томонидан, тўғрироғи маҳаллий ҳукуматларга қарашли заводлар томонидан ишлаб чиқилади. Аҳоли чиқиндиларни турларга ажратган ҳолда чиқиндихоналарга ташлашга мажбур. Бунда чиқинди ёнадиган ва ёнмайдиган турга бўлинади. Шу сабабли ҳам «кун чиқар юрт»да маҳсулотлар нархи ҳам ёнадиган ва ёнмайдиган идишларга солингани билан фарқ қилади.
Бирлашган Араб Амирликлари пойтахтида эса шаҳар бўйлаб «ақлли» чиқинди қутилари ўрнатилган. Улар чиқинди сақлашдан ташқари, ахборот манбаи вазифасини ҳам бажаради.
Юқори технологияга асосланган «ақлли» қутилар қуёш батареясидан қувват олиб, автоматлаштирилган тарзда мустақил ишлайди. Қути чиқиндини пресслайди, пакетларга солиб ҳидсизлантиради ва ҳатто тўлганини «ўзи билиб», махсус чиқинди ташувчи автомашинани чақиради. Тўғри, бундай ривожланиш учун бизга ҳали анча бор. Чунки катта эҳтимол билан 70 фоиз аҳолимизда ҳали оддийгина чиқиндини махсус жойгача етказиш маданияти ҳам шаклланиб улгургани йўқ. Бундай «ақлли қутилар» ўрнатилган тақдирда ҳам биз чиқиндини унгача етказиб бера олиш маданиятига эга бўлишимиз лозим.
Хитой пойтахти Пекинда аҳоли эрталаб уйларидан чиққан ахлатларни чиқинди йиғувчиларга пуллашади. Чиқинди йиғувчи эса ахлатларни шаҳар четидаги Донг Сяо Коу қишлоғига элтади. Бу қишлоқда чиқиндиларнинг барча турини ишчилар саралаб ажратиб чиқишади.
Хўш, бизда бу жараён қачон қониқарли равишда йўлга қўйилади? Мутасаддилар фикрига таянадиган бўлсак, мамлакатимизда чиқиндиларни саралаб йиғиш жараёнларига бутунлай ўтишга қанча вақт кетишини айтиш бироз мураккаб бўлса-да, муҳими бу борада амалий қадамлар ташланган.
Бир сўз билан айтганда, чиқинди ташлаш, йиғиш ва қайта ишлаш борасидаги камчиликларда фақат муайян бир тизимни айбламасдан, умумий равишда инфраструктурани яратиш ва рақобат асосида йўлга қўйиш керак. Ана шунда чиқинди полигонгача бормасдан ўз эгасини топади. Ундан катта даромад олиш мумкин бўлади.
Айни пайтда бизда чиқиндилар ахлат челагидан ўз манзилига етгунича уч босқични босиб ўтади. Ҳар бир хонадондан чиққан чиқинди дастлабки йиғиш пунктларида, яъни квартал ва маҳаллалардаги чиқиндихонaларда аралаш ҳолда тўпланади. Махсус машиналар уларни йиғиб, қайта юклаш станцияларига олиб боради.
Мамлакатимизда 212 та чиқинди полигони мавжуд бўлиб, уларнинг майдони 0,5 гектардан 70-80 гектаргача боради. Кўпчилик полигонларнинг фойдаланиш муддати 20-30 йилни ташкил этади.
Саксондан ортиқ чиқиндини қайта ишлаш корхоналари бир йилда республика бўйлаб ҳосил бўладиган чиқиндининг 17 фоизини қайта ишлайди холос. Асосан пластик идишлар, қоғоз маҳсулотлари ва металл буюмлар қайта ишланади. Ривожланган мамлакатларнинг тажрибаси эса уларни 85 фоизгача қайта ишлаш мумкинлигини кўрсатиб турибди. Агар биз яқин орада бу долзарб масалага жиддий эътибор қаратмас эканмиз, эртага уни бошқариш ва тартибга солиш янада қийинлашиб бораверади.
Она табиатни асраш, экологик маданият ривожи ҳам аввало оиладан бошланади. Бежиз биз оилани қадриятлар бешиги дея эъзозламаймиз. Бизда неки яхши ҳислатлар ва ёмон иллатлар бўлса, аввало буларни оиламиздан мерос қилиб олганмиз. Агар фарзандларимиз учун кунига бир соатгина вақт ажратсак ва экология, табиат ҳақида улар билан ёшларига мос суҳбат қурсак, бу албатта тез орада ўз мевасини бериши аниқ. Чунки инсонда бирор бир одатга кўникма шаклланиши учун 21 кун вақт етарли бўлади. Агар биз болаларимизга ҳеч бўлмаса бир ой давомида пластик чиқиндиларни еб нобуд бўлаётган қушлар, пингвинлар, китлар, дельфинлар, балиқлар ҳақида гапириб берсак, интернет жадал ривожланган замонда шу ҳақидаги видеолавҳаларни кўрсатсак, фикримизча, ўз-ўзидан гўдакларда ушбу табиат ва айнан инсоният учун ҳам ўта зарарли бўлган маҳсулотлардан фойдаланмаслик истаги пайдо бўлади.
Масалан, муддатини ўтаган батарейкаларни умумий чиқиндихонага ташлаб бўлмаслигини ҳамма ҳам билавермайди. Батарейкалар ахлатга ташлангач ўзидан токсик моддалар – қўрғошин, кадмий, симоб, никель, цинк ва бошқаларни чиқаради. Агарда улар чиқинди полигонига ташланса, аста-секин парчаланиб, тупроққа, сўнг сизот сувларига сингади.
Ушбу энергия манбасининг ўзи кичкина бўлишига қарамай, зарари анчагина. Битта батарейка 20 метр квадрат ер, 400 литр сув, иккита дарахт, битта типратиканни заҳарлашга етадиган «қудрат»га эга. Бундан ташқари батарейкадан ҳавога кўтариладиган ва сувга аралашадиган заҳарли моддалар кишида ўпка саратони, ҳазм тизими аъзолари касалликлари, суяк хасталикларини келтириб чиқариши мумкин.
Ушбу батарейкалар умумий чиқиндининг 0,25 фоизини ташкил этса-да, чиқиндилардан атроф муҳитга етадиган зарарнинг нақ 50 фоизи уларнинг улушига тўғри келар экан.
Шундай экан, биринчидан бундай ўз хизматини ўтаб бўлган батарейкаларни фақат махсус қутиларга ва айнан улар учун аталган жойларга ташлаш керак.
Иккинчидан – фақат эҳтиёжимизга яраша кийим сотиб олиш. Биз бугунги кунда бир марта кийган кўйлагимизни қайтиб кийгимиз келмайдиган, бир ой тутган сумкамизни, икки марта кийган туфлимизни бошқасига алмаштиришга ҳаракат қиладиган бир замонда яшаяпмиз. Ҳар биримизнинг камида 3 тадан кўйлагимиз, устки ва бош, оёқ кийимимиз бор. Урфдан қолса, дарҳол уни ташлаб юбориб, бошқасини олишга ҳаракат қиламиз. Чунки ҳозир болалар ҳам ака ёки опасидан қолган кийимни киймай қўйишган.
Маълумотларга кўра, сўнгги 15 йилда кийим ишлаб чиқариш 2 мартага кўпайди. Бу эса қуйидаги оқибатларга олиб келади: ҳар йили дунёда 2 млрд. дона жинси шим тикилади. Ҳар бир шимни ишлаб чиқариш учун 7 минг литр, футболка учун эса 2 минг 500 литр сув сарфланади. Бунча сувни битта инсон 900 кун давомида истеъмол қилади.
Синтетик кийимлар кўпайиб, уларни ишлаб чиқаришга нефт ва газ сарфланади. Кийимни бўяш учун 1,7 млн тонна турли хил кимёвий моддалар ишлатилади. Уларнинг аксарияти инсон соғлиғи учун зарар. Кийганда эндокрин, юрак тизимлари, нафас олиш йўлларига салбий таъсир кўрсатади, саратон, бепуштлик, диабетни келтириб чиқаради. Ювганда сувга чиқадиган зарарли моддалар атрофни заҳарлайди. Синтетик кийимлар ювилган оқова сув 25 фоиз микропластикни сувга чиқаради, улар эса дарё, ҳовуз ва денгизга оқизилади. Бугун кунда 100 хилдан ортиқ денгиз ҳайвонлари танасидан микропластик топилган.
Ҳар йили 400 млрд. метрквадрат матодан кийим тикилганда 60 млрд. метрквадрат қийтиқ, текстил чиқиндилари чиқади. Ҳар йили дунёда 80 млрд. дона турли хил кийимлар ишлаб чиқарилади.
Энг ёмони, икки ойдан сўнг уларнинг тўртдан бир қисми чиқиндига ташланади.
Учинчидан, бир марталик пластик идишлардан фойдаланмаслик. Ер юзида сўнгги 65 йил ичида инсоният 8,3 млрд. тонна пластмасса ишлаб чиқарган. Бу тахминан 25 мингта Нью-Йоркдаги Эмпайар-стейт-билдинг осмонўпар биноларининг умумий оғирлиги ёки 2 млрд. филларнинг умумий массасига тенг.
Бунинг барчасини Калифорния университети олимлари ҳисоблаб чиқиб, «Science Advances» журналида натижаларни чоп этишган. Муаммо – бир марталик идишлар қисқа муддатда ишлатилиб, кейин чиқиндига ташланишида.
Ишлаб чиқилган барча пластмассанинг 70 фоизи ҳозир турли полигонлар ва ер устига сочилиб кетган, қолаверса, дунё океанини ифлослантирмоқда. Ҳар дақиқада океанга бир юк машинасига сиғадиган чиқинди ташланади. Шу сабабли баъзи мамлакатлар бир маротабалик пластик идишларни ишлатишдан воз кечишмоқда.
Пластикдан фойдаланишни бугунги кунга келиб Руанда, Франция, Ҳиндистон, Ямайка, Тайвань, Марокко, Кения ва бошқа мамлакатлар тақиқлашди.
БМТнинг маълумотига кўра, дунёда 127 та мамлакат бир маротабалик пластик идишлардан фойдаланишни тақиқлаган. Яқинда бу тақиққа Европа Иттифоқи мамлакатлари ҳам қўшилди. 2021 йилдан бошлаб ўн турдаги пластик товарлар бу давлатларда ишлаб чиқарилмайди. Мақсад сайёрамизни ифлослантирадиган пластик ўрнига табиатга зарар етказмайдиган бошқа турдаги товар ишлаб чиқаришдир.
Хабарингиз бор, аҳолини кунлик юриш ва югуришга тарғиб қилиш мақсадида «Соғлом турмуш тарзи» (1hls.uz) платформаси яратилган эди. Бир сутка давомида 10 минг ва ундан ортиқ қадам юрган аҳоли вакилларининг электрон ҳамёнига 3 минг сўм, бир ойда бир марта туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган кишига 300 минг сўм, ҳудудлар бўйича энг кўп юрган кишига 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган кишига 1 млн. сўм қўшимча равишда платформадаги электрон ҳамёнига ўтказилиши белгиланган. Аммо жорий йилнинг март ойидан пиёда 10 минг қадам юрганларга пул тўлашни бошлаган платформа яқинда тўловларни тўхтатганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
Шу ўринда бир таклифни ўртага ташламоқчимиз. Агар моддият билан боғлиқ сабабга кўра платформа фаолияти тўхтатилган бўлса, уни белгиланмаган жойга чиқинди ташлаганларни жаримага тортиш орқали маблағ билан таъминлаш мумкин.
Бу худди автомобиль ҳайдовчилари учун белгиланган жарима қоидаларига ўхшаш шаклда ташкил қилинади. Масалан, белгиланмаган жойга чиқинди ташлаб кетиш, сигарет қолдиқларини дуч келган жойга улоқтириш, бир марталик фойдаланиладиган идишлар ва маҳсулотларни тўғри келган ерда қолдириш каби. Агар бундай хатти-ҳаракатларни вояга етмаганлар содир этса, масалан, жамоат жойларига чиқинди ташлаб кетса, жарима унинг ота-онаси томонидан тўланиши белгиланиши керак. Ҳаттоки ушбу ҳолатга гувоҳ бўлган одамнинг бу ҳақда хабар берганлиги учун моддий рағбатлантириш берилиши озодаликда дунёнинг етакчи мамлакатлари қаторига кўтарилишимизда ёрдам берса ажаб эмас.
Бу кимларгадир адолатсизлик бўлиб туюлиши мумкин, лекин чиқиндилар билан боғлиқ муаммоларни юмшоқ йўл билан ҳал этишнинг бошқа чораси йўқлиги дунёнинг ривожланган мамалакатлари тажрибасида ўз исботини топган.
Мақсадга кўчадиган бўлсак, юқоридаги каби жарималардан тушган маблағлар соғлом турмуш тарзи платформасининг моддий базасини тўлдиришга йўналтирилади. Бунда бир ўқ билан икки қуённи уриш мумкин бўлади. Яъни бу усул билан ҳам мамлакатимиз озодалиги, ҳам инсонлар саломатлиги таъминланади.
Дарҳақиқат бундай назорат усулини жорий этиш учун маълум вақт ва энг асосийси маблағ талаб қилиниши мумкин. Лекин бу усул ўз самарасини беришига ишончимиз комил.
Дунё океанида Франция ҳудудига тенг чиқинди ороли сузиб юришига ҳамма ҳам ишонолмаса керак. Афсуски, бу ҳақиқат. Ҳаттоки океаннинг 6 км. чуқурлигида ҳам пластик идишлар, темир бўлаклари ва маиший чиқиндилар топилмоқда. Аммо вақти-вақти билан тўфонлар пайтида уммон инсон унга ташлаган чиқиндиларни ўзига қайтармоқда. Бу эса биз табиатга нима берсак, у бизга ўшани қайтаришига яна бир ишорадир.
Негадир биз бу фожиали ҳолатларнинг юртимизга алоқаси йўқдек, бу каби экологик танг вазиятлар, муаммолар узоқларда бўлаётгандек хотиржам юрамиз. Лекин сал уйғоқ қалб билан атрофга назар солсак, биз йироқда деб ўйлаётган ушбу фожиалар, айтиш мумкин бўлса, «табиатнинг инқирози» ёнгинамизда, бурнимизнинг тагида содир бўлаётганлигини кўра олган бўлардик.
Чиқиндидан тўғри фойдаланилса, катта даромадга, нотўғри йўлдан борилса, улкан фожиага сабаб бўлишини бутун дунё аҳли англаб, турли чора-тадбирлар ишлаб чиқмоқда. Бу мавзу доираси жудаям кенглиги, жиддийлиги боис ҳам бундай таҳлилларни қайта-қайта эътиборингизга ҳавола этяпмиз. Фарзандларимиз биздан кейин катта-катта экологик муаммолар гирдобида қолишини истамасак, хатти-ҳаракатларимизни, атроф муҳитга бўлган муносабатимизни бугундан қатъий ўзгартирмоғимиз шарт.
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил