«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилГлазго саммити чиройли сўзларни чиройли саъй-ҳаракатларга айлантира оладими?
Ўтган якшанба куни Глазгода Иқлим ўзгариши бўйича БМТ Ҳадли конвенциясига аъзо давлатларнинг 26-конференцияси (СОР26) очилди. 12 ноябрга қадар давом этадиган бу форумда жаҳон сиёсат майдонида «дона сурувчи»ларнинг жуда кўпи (120 дан зиёд мамлакат) иштирок этади ва улар 6 йил аввал Парижда (2015 йил декабрь ойида) қабул қилинган битим ижросини жадаллаштириш ва имкон қадар тез яшил иқтисодиётга ўтиш масалалари юзасидан келишиб олиши керак.
Ҳозирданоқ айтиб ўтиш керак – бу осон бўлмайди. Дунёда нечта мамлакат бўлса, иқлим ўзгариши муаммоларига шунча ёндашув бор. Аввало, Париж битимида нималар кўзда тутилганини яна бир карра ёдга олсак. Бу «яшил инқилоб»ни жадаллаштириш орқали сайёрамиздаги умумий ҳароратнинг саноатлашув давридан аввалги кўрсаткичга нисбатан 2°Сга ошишига йўл қўймасликдир. Бунинг учун 2050 йилгача атмосферага чиқарилаётган зарарли газларни «нол»га тушириш, ҳозирги экологлар истилоҳи билан айтганда, углеродли нейтралликка эришишни тақозо этади.
Париж саммитидан кейин ўтган вақт мобайнида бутун бир кутубхонага айланган тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, бу кетишда жаҳон аҳли белгиланган муддатда углеродли нейтралликка эриша олмайди. Масалан, Халқаро энергетика агентлиги (IEA) мутахассислари қоғозда ваъда қилинган мажбуриятлар бажарилган тақдирда ҳам аср охирига бориб, ҳарорат 2,1°Сга кўтарилишини ҳисоблаб чиқди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Гап шундаки, ҳамма мамлакатлар ҳам углеродли нейтралликка ўтишнинг аниқ режаларини ишлаб чиқмаган. Фақат «режадор»ларни назарда тутиб ҳисоб-китоб қилинса, умумий ҳарорат 2,6°Сга кўтарилар экан.
Ваҳоланки, Парижда ҳароратни 2 эмас, 1,5 даражада ушлаб қолишга умид қилинган, ишонч билдирилган эди. Аммо бунинг учун кескин чоралар кўриш керак: БМТ сафарбар қилган 200 нафар экспертнинг умумий хулосасига кўра, 2035 йилга бориб, кўмир ёқишдан бутунлай воз кечиш, 2040 йилгача ёппасига электромобилларга «ўтиш», 2045 йилда тўлалигича «яшил» энергетикани жорий этиш зарур. Афсуски, экспертларнинг фикрича, бундай инқилобий ўзгаришлар учун на маблағ, на ҳукуматларда ирода ва на фуқароларда бардош бор. Миллий манфаатлар, иқтисодий қийинчиликлар, ижтимоий барқарорликни сақлаш зарурати каби омиллар ҳар турли баҳоналарни келтириб чиқараверади.
Камига COVID-19 пандемияси бошланиб қолди, унинг кетидан энергетик инқироз юзага келди. Мамлакат ва ҳукуматлар раҳбарлари даста-даста ички муаммолар гирдобига тушиб қолди ва глобал миқёсдаги масалаларни хаёлдан фаромуш этиш учун важ-карсон ахтара бошлади.
Шунинг учун СОР26га ўзига хос тайёргарлик сифатида қаралган «Рим таътиллари» (G-20нинг Рим саммити шундай атамоқда) доирасида қабул қилинган қўшма декларация ҳам жаҳон жамоатчилиги томонидан фақат декларация – шунчаки яхши ният («мажбуриятсиз ваъда» деб ўқишингиз мумкин) сифатида қарши олинди. Чунки, унда бундай мазмундаги сўзларни ўқиш мумкин: ушбу норасмий клубга аъзо давлатлар чиқинди газлар сальдосини «нол»га тушириш учун 2030 йилгача узоқ муддатли стратегияларни ишлаб чиқиши керак. «Биз аср ўртасига бориб, углеродли нейтралликка эришиш зарурлигини тан оламиз». Бори шу. Мажбуриятлар ҳам, режалар ҳам, чора-тадбирлар ҳам белгиланмаган. Дунё давлатлари ҳарорат ошишини 1,5°С даражасида сақлаб қолишга даъват этилган, холос.
Яъни, гўё келишув бор, якдиллик бор, лекин аслида муайян ҳеч нарса йўқ.
СОР26га нафақат экология, балки бошқа соҳаларда ҳам «катта фигура» саналган Хитой раҳбари келмаганининг ўзиёқ бу саммитнинг натижадорлигини шубҳа остига қўяди. Чунки, саммитга келмаган давлат раҳбари унинг иштирокчиларига фақат видеомурожаат қилади. Видеомурожаат эса ўз мазмун-моҳиятига кўра музокарадан фарқли нарсадир. Музокара бўлмагандан кейин эса...
Глазгога яна айрим йирик «дона сурувчилар» – Япония бош вазири Фумио Кисида, Бразилия президенти Жаир Болсонару, Россия президенти Владимир Путин ҳам боргани йўқ. Шифокорларнинг тавсияси туфайли Қиролича Елизавета II ҳам СОР26даги иштирокини бекор қилди.
Буларнинг туб сабаби, албатта, яна ўша миллий манфаатлар, иқтисодий қийинчиликлар ва ижтимоий барқарорликни сақлаш заруратидир. Лекин олимлар ҳеч қандай сабаб инсониятни ўз бардошидан кучлироқ бўлган жафоларга рўбарў бўлишдан қайтармаслиги кераклигини зўр бериб таъкидламоқда. Чунки, бошқа илож йўқ. Башарият Париж битимини бажара олса ҳам бажара олмаса ҳам бажариши керак.
Дунё экологлари Глазго саммитидан мана шу йўлда аниқ чора-тадбирлар қабул қилинишини кутмоқда.
Саммитда энг таъсирли сўзни шаҳзода Чарльз айтди: «Биз чиройли сўзларимизни чиройли саъй-ҳакаратларга айлантиришимиз керак. Экологик муаммолар даҳшати ҳамма ерда гапириляпти. Инсоният ва табиатнинг тақдири бизнинг қўлимизда турибди».
COP26га раислик қилаётган Алок Шарма Глазго саммитида қабул қилинадиган қарорлар Париж битимидан кўра анча кескин бўлиши кераклигини таъкидлади: «Ушбу конференция – сўнгги имкониятдир. Биз музокараларни жадаллаштиришимиз зарур. Ахир, яшил иқтисодиёт барпо этиш ва энергиянинг нисбатан тоза манбаларига ўтиш имкониятимиз йўқ эмас-ку. Бу ерда ҳамма ёппасига ё муваффақиятга эришади, ё мағлубиятнинг аччиқ таъмини тотади».
Тан олиш керак, иқлим ўзгаришларида инсониятнинг бевосита таъсири инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир. Биз иқтисодий фойда кетидан қувиб, табиатни бутунлай мувозанатдан чиқариб юбордик. Кўмир ва нефтни аёвсиз ёқяпмиз, атроф-муҳитга асрлар давомида зарарли таъсир кўрсатадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаряпмиз (мисол учун, айрим полиэтилен товарлар 500 йил давомида парчаланади), дарёларни бўғяпмиз, ўрмонларни кесяпмиз.
Глазгога Хитой Тайпэйидан келган Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси раҳбари Чжан Цзицзиннинг мана шу сўзларига эътибор беринг: «Техасдаги қишки довул энергетика тизимига катта зарар етказди, Шимолий Америка соҳилларида қарийб 50°Cга чиққан жазирама иссиқ мисли кўрилмаган рекорд бўлди, Ғарбий Европа ва Хитой сел-жалалардан қаттиқ азият чекди, Тайпэй эса сўнгги 50 йилда учрамаган даҳшатли қурғоқчиликни бошдан кечирди. Буларнинг барчаси иқлим ўзгариши дунёнинг ҳамма минтақаларини қамраб олганидан далолат беради. Сайёрамизнинг ҳар бир нуқтасидаги ғайриоддий иқлим – бу умумий муаммомиздир».
Саммит минбари аянчли сўзларнинг кўпига гувоҳ бўлмоқда. Масалан, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш умидсизлигини яшира олмади. «Келинг, очиқчасига гаплашайлик – Глазго конференциясида олдимизда турган вазифаларни бажаришнинг уддасидан чиқа олмасак керак. Кейинги вақтларда иқлим ўзгариши бўйича янграётган баёнотлар чиройли манзарани намоён этяпти, лекин бу саробдан ўзга нарса эмас. Аслида ҳукуматлар ўз зиммасига олган миллий мажбуриятлар дунёга глобал ҳароратнинг 2,7°Cга ошишини тақдим этади, холос».
Бош котибнинг куюниши бежиз эмас. COP26 арафасида БМТ Иқлим ўзгариши бўйича ҳукуматлараро экспертлар гуруҳининг ҳисоботи эълон қилинди. Унда глобал исишни тўхтатишнинг иложи борлиги, лекин бунинг учун барча мамлакатлар зудлик билан ўзаро мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатларни бошлаши лозимлиги таъкидланади. Экспертларнинг фикрича, 2050 йилда углеродли нейтралликка эришилган тақдирда ҳам дунё катта ҳалокат ёқасига бориб қолиши мумкин. Улар жаҳон аҳлини олдинроқ ҳаракат қилинмаса, 2080-2100 йилларда ҳарорат 3°Cга, қаерлардадир бепарволик давом этаверса, ҳатто 4°Cга кўтарилишидан огоҳлантирди.
Саммитга ишчи учрашув сифатида қараётганлар ҳам бор. Жаҳон ёввойи табиат фондининг Россиядаги «Иқлим ва энергетика» дастури директори Алексей Кокорин журналистларга «Бугунги саммитдан кўзланган мақсад Париж битимининг халқаро ҳамкорлик ва нобозор алоқалар бўйича қоидаларини қабул қилиш жараёнини якунлаш, энг ночор ва заиф мамлакатларга ёрдам мезонларини белгилаб олишдан иборат» эканини таъкидлади. Олимнинг айтишича, бугунги кунда юзга яқин мамлакат ёрдамга муҳтож, уларга моддий кўмакнинг умумий ҳажми ва таркибини муҳокама қилиб олиш керак (IEAнинг йўл харитасига кўра, ривожланган давлатлар ривожланаётган мамлакатларга йилига 100 миллиард доллар ажратиши керак). Олинган маблағни қайтаришга қурби етмайдиган мамлакатлар ҳам бор. Уларга фақат грант беришга тўғри келади. Бу грантлар сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигини янги шароитга мослаштиришга йўналтирилади. «Бу борада қаттиқ баҳс-мунозаралар бўлиши аниқ», деди россиялик иқлимшунос.
Бошқа экспертлар Глазго саммитидаги умидсизликка айрим мамлакатлар углеродли нейтраллик пойгасига тайёр эмаслигини сабаб қилиб кўрсатмоқда. Уларни яшил иқтисодиётга ўтишда ортда қолаётган давлатлар ўз зиммасига муайян мажбуриятларни олмаслиги ташвишлантирмоқда. Ҳақиқатан ҳам, дунёнинг иқтисодий жиҳатдан энг қудратли давлатлари сафидан жой оладиган, атмосферага зарарли газлар чиқариш бўйича ҳам етакчилар қаторида турадиган айрим ривожланаётган мамлакатлар мажбуриятларни очиқдан-очиқ рад этмоқда. Улар иқлим ўзгаришига қарши кураш борасида амалга оширган ишлари бўйича БМТга топшириладиган ҳисоботларини ҳам янгиламай қўйган. Бундай мамлакатлар ўзининг углеродли нейтралликка эришиш муддатини белгилай олмайди. Чунки, ташқи ёрдамсиз буни тасаввур қилолмайди. Ташқи ёрдам эса ўз-ўзидан бўладиган нарса эмас.
БМТнинг иқлим масалалари бўйича бош музокарачиси Патрисия Эспиноса шунинг учун ҳам ташвиш билан айтдики, исишни Париж битимидаги меъёрда сақлаб қолиш учун 2030 йилгача атмосферага чиқарилаётган углеродни 45 фоизга камайтириш керак бўлиб турган бир пайтда, юздан зиёд мамлакат таҳлили бу кўрсаткич ўша даврга бориб камайиш ўрнига, 16 фоиз ўсишини кўрсатмоқда. «Бу олимларнинг хулоса ва тавсияларига мутлақо тескари вазиятдир», деди у.
COP26да чин дилдан мўъжизага ишониб, ундан умид қилаётганлар ҳам чиқиб қолди. Уларнинг фикрича, келажакда технологик ва илмий-техник тараққиёт белгиланган мақсадларга эришишни осонлаштириб, ҳамма нарсани жой-жойига қўяди. Қачондир, лекин у қадар узоқ бўлмаган йилларда углеродни шимиб оладиган ускуналар, арзон ва серқувват аккумуляторлар ва бошқа мўъжизалар кашф қилинади. Шу тариқа муаммолар ўз-ўзидан барҳам топади. Муҳими, истак-хоҳиш бор экан, имконият ҳам қачондир пайдо бўлади. Лекин муаммога жиддий назар билан қараётган экспертлар бу фикрларни қўллаб-қувватлагани йўқ. Уларнинг айтишича, умид ва ишонч давлат сиёсатини ўзгартириш учун етарли эмас. Бизнес вакиллари ва оддий одамлар аниқликни талаб қилади: нималар тақиқланадию, нималар рағбатлантирилади ва энг муҳими, бу ўзгаришлар кимнинг ҳисобидан амалга оширилади?
Ахир, кенг кўламли ислоҳотларга оддий одамларнинг қурби етмайди, бизнес эса ўзини панага олади (яширин иқтисодиёт).
Хуллас, ҳозирча COP26 ҳақида мана шундай бир-бирига зид фикрлар янграмоқда. Эҳтимол, саммит қатнашчилари бутун башарият манфаатларини ўйлаб, бир зумгина миллий муаммоларни четга суриб қўйиб, умумий тушкунлик ва умидсизликдан чиқар ва реал фойда келтирадиган қарорларни қабул қилар. 12 ноябргача ҳали вақт бор. Шу муддат давомида балки соғлом фикр, муаммога соғлом ва беғараз назар устун келиб, бутун дунё ёппасига иқлим муаммоларига қарши курашга киришиб кетар. Кўрамиз.
Ҳозирча эса, инсониятнинг табиатга қандай «ғамхўрлик»лар қилгани тўғрисидаги қисқача маълумотларни келтириб, сўзни якунлаймиз: сўнгги 50 йил давомида одамзот она сайёрамиздаги ўрмонларнинг 70 фоизини кесиб ташлаган, 45 мингдан ортиқ кўлни қуритган, йирик балиқларнинг 90 ва барча турдаги қушларнинг 25 фоизига қирон келтирган.
Биз фақат ҳавони ифлослантираётганимиз йўқ. Яқинда Шотландиянинг Гаррис оролидаги Сейлболст пляжи соҳилида 20 тонналик кит ўлик ҳолда топилди. Унинг қорни ҳаддан ортиқ шишиб кетган эди. Экологлар ёриб кўрганда, ошқозони чиқиндига тўла экани аён бўлди. Балиқчилар тўри, пластик сув идишлари ва пакетлар, инсон фаолиятининг бошқа асоратларидан иборат бу чиқиндиларнинг вазни 100 килограммга борди. Табиийки, улар кит ошқозонида ҳазм бўлмаган ва бу жонзотга даҳшатли даражада азоб берган. Кит ана шунга дош беролмай, ўзини соҳилга отиб, тезроқ жон бергиси келган. Экологларнинг айтишича, бу биринчи марта содир бўлаётган воқеа эмас экан.
Қайлардадир одамлар очликни енгиш учун лойқа сувга ўт-ўланни аралаштириб, ошқозонини «алдаб» юрибди. Қайдадир эса (ривожланган давлатларнинг ўртаҳол аҳолиси) харид қилинган озиқ-овқатнинг кўп қисмини чиқитга чиқаряпти. Хуллас, ўйлаб кўрадиган гаплар кўп.
Бинобарин, инсоният бу сайёрада яшашга ҳақли бўлган бошқа жонзотлар ҳам борлигини, ўзга ҳаёт мавжудлигини, энг олий мавжудот бўлган аҳли башар уни тинмай заҳарлаб, қийнаб келаётганини англаб етадиган пайт келди.
Мадина МАШРАБХОН
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил