Иқлим      Бош саҳифа

Ўзбекистон Экологик партияси: Олдинда турган устувор вазифалар муҳокамаси

Ўзбекистон Экологик партияси илк бор мамлакатимиздаги муҳим сиёсий жараён Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этди. «Биз келажак учун жавобгармиз» шиори остида қатнашган Экопартия учун бу улкан аҳамиятга эга воқеа, катта синов бўлди.

Ўзбекистон Экологик партияси:  Олдинда турган  устувор вазифалар  муҳокамаси

Бугун нафақат Марказий Осиё минтақасида, балки бутун дунёда долзарб бўлиб турган «яшил тараққиёт» ва «яшил иқтисодиёт»ни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди. Сайлов кампанияси жараёнида юртдошларимиз томонидан Экопартия фаолиятига оид билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклифлар партиянинг келгуси фаолияти учун муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши аъзолари ва ҳудудлардан ташриф буюрган партия фаоллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ўтказилган икки кунлик ўқув-семинарига айни шу масалалар бағишланди. Экологик партиянинг яқин ва узоқ истиқболга мўлжалланган фаолият йўналишлари атрофлича муҳокама этилди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб партия марказий кенгашида бўлиб, бу ерда фаолият олиб бораётган ходимлар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Ҳудудий партия ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларга услубий-амалий кўмаклашиш бўйича таҳлиллар қилиниб, ўзаро фикр алмашилди. Марказий кенгаш биноси ва унинг ён атрофидаги кўп қаватли уйлар олдига эзгу ниятлар билан юзга яқин манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Иштирокчилар жорий йилда Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида барпо этилган бетакрор «Янги Ўзбекистон» боғига ҳам ташриф буюришди. Мазкур боғда турли ноёб дарахтлар, антиқа гуллар, уларнинг ўсиш ва иқлим шароитимизга мослашиш жараёни билан танишиб, фусункор табиат манзараларидан баҳраманд бўлишди. Боғнинг бетакрор табиат манзараларидан баҳраманд бўлиш баробарида ўз ҳудудларидаги истироҳат боғлари тўғрисида фикр алмашдилар. Шунингдек, бундай гўзал масканлар инсонларга эстетик завқ бериши билан бир қаторда, она табиатга меҳр-муҳаб­бат туйғуларини оширишини эътироф этдилар.

Тошкент вилоятидаги сўлим масканлардан бири бўлган Бўс­тонлиқ туманида ташкил этилган ўқув-семинарида сиёсий партияларнинг сайловлардаги иштироки, халқаро тажриба ва миллий амалиёт ҳамда истиқболдаги режалар, вазифалар, партия фаолияти самарадорлигини янада ошириш, халқнинг, аҳолининг экологик муаммоларга бўлган эътиборини юксалтириш, халқ билан мулоқотда турли янгича ёндашув услубларидан фойдаланиш каби масалалар муҳокама қилинди.

– Президентлик сайлови мамлакатимизда кенг миқёсдаги демократик ўзгаришлар амалга оширилаётганини яққол ифода этди, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ­Нарзулло Обломуродов. – Жамиятимизда очиқлик сиёсати ва сўз эркинлиги изчил таъминланаётгани, айниқса, оммавий ахборот воситаларининг роли ва аҳамияти тобора ортиб бораётгани сайлов жараёнида номзодлар ўртасида эркин рақобат муҳити юзага келишини таъминлади. Айтиш жоизки, ташкил этилганига кўп вақт бўлмаган Ўзбекистон Экологик партияси бўлиб ўтган сайлов жараёнида жуда катта тажриба тўплади.

Мамлакатимизда кейинги вақтларда халқ билан бевосита мулоқот қилиш, унинг дарди ва ташвишлари, муаммоларини ижобий ҳал этиш бўйича мутлақо янги тизим яратилди. Янгиланиш­лар нафаси юртимизнинг ҳар бир қарич ерида, халқимизнинг руҳиятида кўзга ташланмоқда. Ўзбекистон улкан имкониятлар ва амалий ишлар мамлакатига айланди. Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтган сайлов­олди учрашувларида халқимиз томонидан кўплаб фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилди. Эндиги вазифамиз, билдирилган таклифларни умумлаштирган ҳолда партиямизнинг истиқболдаги вазифаларни белгилаб олиш ва олдимизга аниқ мақсадларни қўйишдир.

Бугун ҳар бир фуқаро, табиатсевар инсон қалбида, онгу шуурида табиатга улкан эътибор, чуқур муҳаббатни уйғотиш ва «Мен табиатга нима бердим?» ёки «Мен табиатни қандай ҳимоя қила оламан?» деган тушунчаларни сингдиришда тарғиботнинг барча самарали усулларидан фойдаланиш борасида таклифлар берилди. Бундан ташқари онлайн платформа орқали дарахт экиш акцияларини амалиётга татбиқ этиш ва бунинг натижасида эришиладиган ютуқларнинг жуда муҳим эканлиги ҳам эътироф этиб ўтилди.

Партия дастурида белгиланган вазифаларни тўлақонли амалга оширишда фикрлар ва таклифлар хилма-хиллиги муҳим аҳамият касб этади. Дарҳақиқат, айнан Экопартия фаолиятида фикрлар, айниқса, инновацион ғояларга йўғрилган таклифлар жудаям аҳамиятлидир. Фақат қоғозда, ҳисобот учун эмас, халқ орасида, халқнинг ичига кириб жонли мулоқотлар орқали кўзланган мақсадларга қисқа фурсатларда эришиш мумкин. Ушбу жараёнларда эса депутатлар фракция­сининг фаоллигини ошириш муҳим ўрин тутади. Тадбирда ана шундай эътибор қаратиш керак бўлган долзарб масалалар атроф­лича муҳокама қилинди.

Семинарда иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб баҳс-мунозаралар олиб боришди. Бунда биринчи гуруҳ экологик таълим, иккинчи гуруҳ яшил иқтисодиёт, учинчи гуруҳ экологик хавфсизлик, тўртинчи гуруҳ биологик хилма-хиллик, бешинчи гуруҳ тарғибот ва ОАВ билан ишлаш деб номланди. Мазкур гуруҳлар ўзларининг қисқа муддат ичида бажарилиши керак бўлган ва узоқ келажак учун мўлжалланган режа ва мақсадларини белгилаб олишди.

Иштирокчилар томонидан таълим соҳасига экология фанини киритиш таклифи берилди. Бу билан шахс шакл­ланиб бўлгандан кейин эмас, балки бошланғич таълим босқичидаёқ экологик маданиятни унинг онгига сингдиришга эришилади.

Айниқса, яшил иқтисодиёт ривожида соҳа бўйича мутахассис-кадрлар тайёрлаш масаласига катта эътибор қаратилиши кераклиги депутатлар томонидан алоҳида таъкидланди.

– Табиатни асраб-авайлаш ишларини тубдан яхшилашда дастлаб «Экологлар мактаби» ташкил этиш лозим. Вилоятларда экология соҳасида меҳнат қилаётган кадрларнинг асосий қисми бошқа соҳалар мутахассисларидир. Олий таълим муассасаларида ушбу соҳа бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш орқали тизимни етук кадрлар билан «қуроллантириш» кечиктириб бўлмас вазифалардан бири ҳисобланади, – дея ўз тавсиялари билан ўртоқлашди иқтисод фанлари доктори, профессор Шерзод Мустафоқулов. – Шунингдек, бу соҳани ривожлантиришда хориж тажрибасини ўрганиш ҳам ҳар жиҳатдан муҳим. Масалан, Финляндия тажрибасини ўрганиш мақсадга мувофиқ. Боиси ушбу мамлакат дунёдаги энг экологик тоза ҳамда атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида улкан тажрибага эга давлатлардан бири ҳисобланади. У ерда жуда кўп кўллар бўлиб, бугунги кунда ушбу кўллар энг тоза, соф ҳолатга келтирилган. Ўзбекистон ҳам «яшил технологиялар» соҳасидаги хорижий давлатлар билан ҳамкорликни жадаллаштирса ижобий натижалар қўлга киритилиши, шубҳасиз.

Баҳс-мунозаралар давомида яшил иқтисодиёт ва муқобил энергия ривожига тўсиқ бўлаётган омиллар, бу масалада қонунчилигимиздаги мавжуд камчилик­лар ва уларга киритилиши керак бўлган ўзгартиришлар мавзусида ҳам муҳим таклифлар айтилди.

– Экологик жиҳатдан хавфсиз ва атроф муҳитга зарар бермайдиган транспорт воситаларидан фойдаланиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир. Яшил иқтисодиётни ривожлантириш учун электромобиль, электроцикл ва бошқа шу турдаги транспортлар импорти, уларнинг батарея ва электрон қувватлаш шохобчалари учун қўшимча қиймат солиғини бекор қилиш, уларни сотиб олишда субсидиялар беришни йўлга қўйиш керак, – дея таклиф билдирди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Носиржон Аминов. – Қолаверса, мамлакатимизнинг «яшил» имижини шакллантиришда барча туристик шаҳарларимизда каршеринг, яъни «яшил» транспорт турлари (электрокар ва велосипедлар)ни ижарага бериш орқали сайёҳларни жалб қилиш лозим.

Ўқув-семинарида Экологик партиянинг 2022-2023 йиллар учун устувор вазифаларини аниқлаб олиш, янгидан-янги экологик ташаббусларни амалга ошириш, бу жараёнларда ҳудудий кенгашлар фаол иштирокини таъминлаш ва вазифаларини белгилаб бериш, жамоатчилик билан ишлашни кучайтириб, мунтазам ёритиб бориш каби масалалар муҳокама қилинди.

Семинар якунида иштирокчилар Бўстонлиқ туманининг ўзига хос табиатидан баҳра олиш учун жонли табиат қучоғидаги масканларда ҳам бўлишди. Айниқса, куз мавсумида Бўстонлиқ табиати ажиб фусункор қиёфа касб этади. Тоғларда ранглар жилва қилади.

Мусаффо ҳаво танга ором ва ҳузур бағишлайди. Ана шундай гўзалликдан баҳра олган экопартия фаоллари янгича куч ва шижоат билан атроф муҳит муҳофазасига киришишларига ишончимиз комил. Зеро, биз инсонлар ҳаётбахш қувват ва руҳлантиришни доим она табиатдан, унинг такрорланмас, инсон онги тўлиғича англаши мушкул бўлган, аммо қалб билан ҳис қилинадиган нозик, инжа гўзалликларидан оламиз.

 

Саида ИБОДИНОВА




Ўхшаш мақолалар

Шиддат  Билан эриётган  «пахтакор»

Шиддат Билан эриётган «пахтакор»

🕔16:45, 14.08.2025 ✔79

Ўзбекистондаги энг йирик тоғ музлиги – «Пахтакор» тез суръатда эриб бораётгани маълум бўлди.

Батафсил
Яна эллик йилдан сўнг Тошкентда  жазирама  ўта ҳалокатли  тус олиши мумкин

Яна эллик йилдан сўнг Тошкентда жазирама ўта ҳалокатли тус олиши мумкин

🕔17:48, 23.07.2025 ✔82

Хусусан, Ашхободда юқорида айтилган ўлимлар 100 минг кишига 25-28 ҳолатни ташкил қилади.

Батафсил
Сувларнинг  ифлосланиши – қоракўзлар ҳаётига таҳдид

Сувларнинг ифлосланиши – қоракўзлар ҳаётига таҳдид

🕔16:06, 18.07.2025 ✔80

Қоракўз — карпсимонлар оиласига мансуб балиқ тури. У асосан Ўзбекистоннинг дарё ва сув ҳавзаларида учрайди. Бу тур нафақат экологик жиҳатдан муҳим, балки биологик хилма-хилликни сақлашда ҳам алоҳида ўрин тутади.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар