Шоир Абдулла Ориповнинг «Эшитган эдимки, ярадор оҳу – Излармиш тоғлардан мўмиё – нажот», деб бошланадиган шеъри бор. Оҳу захмига мўмиё малҳам бўлгани каби адолат, ҳақиқат излаганга суд идораси бамисоли нажот қалъаси бўлиб кўринади. Чунки одам боласи оч, юпун яшашга чидаши мумкин, аммо адолатсизликка чидай олмайди, деган ҳаёт ҳақиқати бор.
Давлатчилик пайдо бўлгандан бери фуқаро адолат излайди. Топганидан йўқотгани кўп бўлган элимиз учун ўтган тузумлар, сиёсату мафкуралар даврида адолат эшиги гоҳ тақа-тақ ёпилди, гоҳ адолат истаганларга туҳмат ёрлиғи ёпиштирилди.
Ўзбекистон Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан тайёрланган «Судья маънавияти, одоби ва масъулияти» номли китобни содиқ ҳамроҳ дегим келди. Таниқли зиёлилардан тузилган ижодий гуруҳ меҳнати зое кетмаган дейишга асосларимиз бисёр. Мазкур китобни иймонга, эътиқодга чорлов, огоҳлик қўнғироғи дейиш мумкин. Китобда Қуръон оятлари ва ҳадислардан келтирилгани таҳсинга сазовор. «Эй Одам фарзанди, билгинки, Мендан бошқа ёрдамчиси йўқ бечораҳол одамга зулм қилганларга нисбатан ғазабим қаттиқ», деган ҳадиси қудсийни англаган судья мезон борлигини, сўроқ-савол ҳақлигини унутмайди.
Тўплам нафақат судьялар, юридик йўналишда таълим олаётган талабалар учун муҳим қўлланма, балки афкор омма учун ҳам бирдай қизиқ ва фойдалидир. Адабиёт, тарих, мусулмон шарқи ҳуқуқшунослиги сарчашмалари, азиз-авлиёлар ҳаётига оид ўнлаб ҳикоят-у ривоятлар, халқ мақолларию файласуфлар фикрлари ҳар қандай талабчан китобхонни бефарқ қолдирмайди. Китоб соҳа мутахассислари билан бир қаторда, жамиятдаги ҳар бир онгли одамни хайрли амаллар қилишга ундайди. Илми кўп, аммо амали кам халқлар қатори эҳсон деганда асосан жонлиқ сўйиб, элга ош тарқатишнигина тушунадиган бўлиб қолдик. Ҳолбуки, аждодларимиз бурун «Икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ этиш – эҳсондир», деган суннатга қаттиқ амал қилган.
Ҳаммамиз яхши биламиз: кўп фильмларида адолат истаган фуқаронинг судда ғолиб чиқиши таъсирчан лавҳаларда кўрсатилади. «Фақат ҳақиқатни сўзлайман...», дея онт ичган гувоҳ, мазлум ва ситамгар тўқнашуви, судьянинг адолат тарозисини тўғри қўйгани оқибатида ҳақиқат тантана қилгани томошабинни жунбушга солади. Инсон онгига кучли таъсир этувчи восита бўлмиш кинода муайян ғоя илгари сурилиши аён ҳақиқат. Шу маънода, мазкур китоб тарғиботи борасида таклифим тарих ва бугунни уйғунлаштирган кўп қисмли ҳужжатли, бадиий фильм яратиш ва уни телеканаллару ижтимоий тармоқлар орқали тарғиб этиш зарур.
Китобдан ўрин олган илмий-тарихий, адабий далиллар фильм сценарийсини бойитиш билан бир қаторда, бизнинг болаликдаги тасаввурларимизга ҳам жуда уйғун. Ахир, қозилар адолат тимсоли ўлароқ тасвирланган эртак ва ривоятларни ўқимаган ўзбек бор эканми?!
Тўпламда судья бадиият билан ошно бўлиши лозимлиги алоҳида таъкидланади. Ҳақрост, маърифатли, китобхон судья шайтоний васвасага берилмайди, нафс илгида қолмайди. Билимли ва журъатли судьядан программалаштирилган робот ясаш жуда мушкул. Янги Ўзбекистонга шахс бўлиб шаклланган судьялар керак.
Олим ТОШБОЕВ,
филология фанлари номзоди,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган журналист
«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»
🕔11:20, 29.05.2025
✔183
Китоб ўқимаган, китобга ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.
Батафсил
Китоб – ҳаётингизни абадий ёритувчи маёқ
🕔12:13, 24.04.2025
✔213
Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди
Батафсил
Китоб – озодлик сари йўл
🕔15:24, 14.03.2025
✔326
Жиноий жазолар нафақат жазолаш, балки шахсни тузатиш ва жамиятга қайта мослашиш жараёни сифатида ҳам қаралиши керак. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида муҳокама қилинган янги қонун лойиҳаси айнан шу тамойилга асосланган. Унга кўра, маҳкумлар ўз устида ишласа, хусусан, китоб ўқиб, имтиҳон топширса, жазо муддати қисқартирилади.
Батафсил