Даҳшатли даражада қўпол одам бўлганим учунми, ишхонадагиларнинг кўпи ёқтирмайди. Доимо лабларини туяникидай чўзиб, мен ҳақимда пичирлашгани-пичирлашган.
Хонамга ҳеч ким кирмайди. Ўзим ҳам уларникига қадам босмайман. Зарур ишимиз бўлса, телефонда салом-аликсиз қисқагина гаплашамиз. Албатта, бунда фақат фамилиямизни айтиб мурожаат қиламиз.
Қўполлигимнинг сабаби — одамларни ёмон кўраман. Назаримда, ҳаммаси муттаҳам, лўттибоз. Тушгача ташқаридан келганларни, тушдан кейин бир-бирини, кечқурун хотинини, эрталаб болаларини алдаб кун кечирадигандай.
Шундоқ кўзимни юмсам бас, бошлиғимиз Жонтўраев қорнингни ёришга тайёр турган тўнғиз, ўринбосари — сурбет эшак, бошқа ҳамкасблардан Эшжўраев — қопағон бульдог, Қорақулов — фил, Пўлтакова — чаён, Келдиев — қари маймун шаклига киради. Уларни ўзаро уриштириб қўйиб, роса мазза қиламан.
Мен учун уларга кулиб гапириш, оёқларига бош эгишдай туюлади гўё. Лекин ёлғиз юриш ҳам жуда оғир бўларкан. Айниқса, бу баъзи «ўтириш»ларда яққол сезилади. Орадан ҳеч гап ўтмай, тумшаявериш жонга тегиб кетди. Нима қилиш керак? Сира ақлим етмас эди. «Кечиринглар, энди қўполлик қилмайман» дейманми? Лекин мулойимлик нима ўзи? Ким нима деса жилмаяверишми? Ҳайронман.
Мушкулим ғалати тарзда осон бўлди. Ўзимча, тўнғиллаб ўтиргандим, эшик тарақлаб очилди-да, симёғочдай оёқлари билан полни гурсиллатганча «Фил» кириб келди. У менга аввал қизғиш митти кўзларини қадади, сўнгра топтаб ташламоқчидай қаттиқ пишқирди ва олдимга қандайдир қоғоз қўйди. Аламдан ғазабим қайнай бошлади, гап билан «узиб» олмоқчи бўлдим.
— Кейинги пайтда анча озиб қолибсизми? — дедим қоғозни кўздан кечирар эканман.
Шунда кутилмаган воқеа юз берди. «Фил» бирдан одам қиёфасига кира бошлади. Олдин кўзи, юзи, кейин қўл, оёқ ва бутун танаси. Ана, жилмайди ҳам.
— Ҳа, энди нимасини айтасиз, ҳе-ҳе-ҳе, — кулди фил терисидан чиқиб кетган Қорақулов саккиз қават бақбақасини силаб.
Ҳайратдан қотиб қолдим. Чунки шу пайтгача жилмайишини кўрмагандим-да.
— Ҳатто, қорнингизга кўйлак тугмаси етадиган бўлиб қолибди. Бадантарбия билан шуғулланяпсизми, дейман?
— Ҳа, ҳар куни юз қадамдан ортиқ пиёда юряпман.
— Ўзим ҳам ўйладим, — дедим ва бошқа гап топилмади.
— Собиржон, шу хатга жавоб бериш керак экан, — Қорақулов хушнуд ҳолда чиқиб кетди.
Буёғи қизиқ бўлди-ю! Мулойимлик, демак... Дарров синаб кўриш лозим. Қайси биридан бошласам экан? Кўзимни юмдим. Ана, «қари маймун» столни тирнаб ўтирибди. Ўшанинг олдига кираман.
Эшикни очдим: «қари маймун» чўчиб кетди. Ғазаб билан тишини ғижирлатди, узун тирноқли бармоқлари гажакка айланди. Бужмоқ юзидаги ажинлар ўн баравар кўпайди. Менга отилиб, шартта ғажиб ташламоқчидай ғужанак бўлди.
— Ассалому алайкум, — дедим табиий кўринишга ҳаракат қилиб. — Вой-бў! Нақ танимай қолаёзибман-а! Уйланяпсизми? Бирам очилиб кетибсизки, куёв боланинг ўзи-я! Яшартирадиган дори-пори ичдингизми, дейман?
«Қари маймун»нинг ғужанаги ёзила бошлади. Баданидаги жунлар калтая-калтая йўқолиб, узун тирноқлари қисқарди. Сўйлоқ тишлари кўринмай қолди.
— Йўғ-э, йўғ-э! Наҳотки! — деди у шошиб.
— Келинойим ҳам кўнглингизни топадиган аёл-да, ўшанинг учун қаримайсиз. Қоматни қаранг, қоматни!
Маймун одамга айланди. Келдиев ёш боладай ҳингиллаб кулди. Мўъжиза туфайли сақланиб қолган бошидаги беш-олти оппоқ тукни орқага таради, костюми ёқасини чертиб-чертиб қўйди.
— Бугун кайфиятингиз бошқача, — деди Келдиев ўрнидан тураркан.
— Шундай десак ҳам бўлади. Тушимда ҳар хил ҳайвонлардан одам ясабман, ҳа-ҳа-ҳа!
— Ҳазилни қотирасиз-да, — Келдиев қўлини орқасига чалкаштириб, гавдасини ғоз тутганча йўтала бошлади.
Собиқ қари маймун билан апоқ-чапоқ бўлиб олдик. Кейинги хонада «қопағон бульдог» ўтирар эди. Айниқса, ундан эҳтиёт бўлиш керак. Чунки жуда ёмон қопадики, қирқта тугул юзта укол ҳам заҳрини кетказолмайди. Юрак ютиб, аста-секин «бульдог»нинг хонасини очдим. Очдиму даҳшат билан орқага қалқиб кетдим.
— Рухсат сўрамайсизми? — дея шундай ҳурдики, қўрқувдан ўпкам оғзимга тиқилаёзди.
Бир дам каловланиб туриб қолдим. Ўзимни босиб олгач, жилмайдим, ёқамга туфлаб, дедим:
— Ҳи-ҳи, ҳазилни боплайсиз-а! Бюрократ ролини қотириб қўйдингиз. Э, қойил, қойил! Ширин суҳбатингизни соғиниб, кирувдим...
«Бульдог» оқиш тусга кирди. Ана, қўнқайиб турган музга айланди ва аста-секин эрий бошлади. Муз орасидан одам чиқиб келди. Эшжўраев хижолатдан ўзини қаерга қўйишни билмас эди.
— Қани, ўтиринг, ўтиринг, — жой кўрсатди у.
— Кеча десангиз ўртоқлар билан анча қулоғингизни қизитдик. Давра бирам совуқ, бирам совуқ эди. Нима етишмаётганини сира билолмасдик. «Эшжўраев ака — давранинг гули йўқ» деб юбордим мен. «Тўғри!» дея маъқуллашди ўртоқлар бараварига.
— Кўп суҳбатда бўлганмиз-да, ука, — деди Эшжўраев мағрурланиб.
— Сизни зир югуртириб роса излатдик. Тополмадик. Бошқалар қўлтиқлаб кетгандир-ов?
— Ҳа, қўйишмади. Самиғ билан Ниғмат икки қўлимдан маҳкам ушлаб олибди. «Ошни дамлаб қўйиб келдик» дейди.
— Йўқ алдаманг, — мен айёрона кўз қисдим, — парилар қанотига ўтказиб-а...
Бульдог қиёфасини бутунлай йўқотган Эшжўраев одамга ўхшаб хохолади:
— Балосиз, балосиз! Тушликка бирга чиқайлик, гапириб бераман. Во!..
Ўша куни тўнғиз, эшак, чаён ва яна алламбалолардан туппа тузук одам ясадим. Ишлар зўр эди. Лекин масаланинг бошқа томони чиқиб қолди. Ясаган одамларим кейин ўзимга «тулки» деб лақаб қўйиб олишди.
Ориф ФАРМОН