Китоб – инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаидир. Китоб фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, мўътабар ва муқаддас деб билган. Шунинг учун китобга бўлган муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга бўлган иштиёқ халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган.
Баъзида матбуотда чиққан биргина мақола йиллар давомида эскирмайди, унга қайта ва қайта мурожаат қиламиз. Айрим мақолаларни ўн йиллардан сўнг ўқисангиз ҳам айни шу куннинг долзарб масаласини кўргандек бўласиз. Бугун матбуот нашрларимизда шундай мақолалар кўпаймоқда. «Ишонч» ва «Ишонч-Доверие» газеталари таҳририяти жамоаси мана шуни эътиборга олиб хайрли ташаббусга қўл урди. Йил давомида газетада чоп этилган энг сара мақолалар, бадиий асарлар, таҳлил ва мулоҳазаларни тўплаб, «Бир сўз...», «2021: факт ва далиллар, мулоҳаза ва мунозара, танқид ва таҳлил, талқин ва хулосалар...», «Биз ҳаётдан розимиз!» номли китоблар шаклида ўқувчиларга тақдим этди.
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида журналистлар, журналистикага ихтисослашган олий ўқув юртлари ўқитувчи ва талабалари, кенг жамоатчилик иштирокида мазкур китоблар такдимоти бўлиб ўтди. Элимиз орасида ўзининг ўткир қалами билан танилган инсонлар мазкур нашрлар хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирди.
– Сўнгги йилларда «Ишонч» ва «Ишонч-Доверие» газеталари таҳририяти кутубхонаси рукнида китоблар чоп этилиши яхши анъанага айлангани таҳсинга сазовор, – дейди Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон ЎСАРОВ. – Бугун тақдим этилган нашрлар ҳам таҳририят жамоасининг ўзига хос йиллик ижодий сарҳисоби сифатида ўкувчиларга манзур бўлиши шубҳасиз.
Ҳаётий ҳақиқатларни, унинг ранг-барангликларини бадиий ифодалаш ижодкордан катта куч ва маҳоратни, истеъдодни талаб килади. Руҳий ҳолат ва кечинмаларни тасвирлаш ҳам анчайин мураккаб. Ана шу йўлда изланиш, сўзни сўзлатишга ташналик ҳам бир қисмат. «Бир сўз...» деб номланган мўъжаз тўпламга шу қисматга дохил бўлган «Ишонч» газетасида эълон қилинган ижод намуналари жамланган.
– Яқинда нашрдан чиққан «2021: факт ва далиллар, мулоҳаза ва мунозара, танқид ва таҳлил, талқин ва хулосалар...» номли китоб ижодий жамоамизнинг салкам бир йиллик меҳнати мевасидир, – дейди «Ишонч» ва «Ишонч-Доверие» газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов. – Хўш, биз нега китоб чиқарамиз? Бундан кўзлаганимиз тижорат эмас, асло. Мухбирларимиз олиб чиққан муаммолар ўз ечимини топганини эшитсак, биздан бахтлироқ одам бўлмайди. Аммо жамиятимизда бизни қийнаётган муаммолар ҳам етарли. Президент айтмоқчи, биз тарихимизга бизга ёққан томонга қараб эмас, асл ҳақиқат нуқтаи назаридан ёндашишга интила бошладик. Бу жуда муҳим. Баъзида жавобсиз қолаётган чиқишларимиз бизни ранжитади, бироқ бундай оғриқли гапни бир айтиб тўхтаб қолмаяпмиз, бот-бот масъуллар эътиборига ҳавола этишни одат қиляпмиз.
«Биз ҳаëтдан розимиз!» Мазкур китоб давлатимиз раҳбарининг оқилона ва инсонпарварликка йўғрилган эзгу ташаббуси билан ташкил этилган «Аёллар дафтари» сабаб рўшноликка эришган хотин-қизларнинг миннатдорлик мактублари асосида тайёрланган. Мактубларни ўқиган китобхонлар бугунги ислоҳотларнинг ёрқин натижасини аёллар тақдиридаги ўзгаришлар мисолида кўради, мушоҳада этади.
Абдусаид Кўчимов, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист:
– Бугунги ва айниқса сўнгги беш йилда юртимиздаги ўзгаришлар, юксалишлар, муаммоларнинг ҳал қилиниши ва ёнимиздаги мамлакатлар билан бўлаётган алоқалардаги мустаҳкам дўстлик ҳар қандай публицистни, ҳар қандай журналистни юрагига янги фикрлар, ғоялар олиб келиши табиий. Шу маънода матбуотимизни варақлаган киши нафақат «Ишонч»да, балки бошқа газета-журналларда ҳам публицистика фаоллашганига гувоҳ бўлади. Бу ҳолат эса менинг хурсандчилигимга сабаб бўлмоқда. Шу йўналишда мен «Ишонч» газетаси олиб бораётган ишларни ва публицистларга бераётган катта майдонини алоҳида ифтихор билан таъкидлашим лозим.
Мансурбек ЖАББОРОВ, «Оила ва табиат» мухбири
«Чинакам мутолаа инсон онги ва келажагини ўзгартиради»
🕔11:20, 29.05.2025
✔183
Китоб ўқимаган, китобга ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билим ва технологиялар даврида «замонавий қул»га айланади. Мактаб кутубхоналарининг бой бўлиши, ўқувчи-ёшларнинг чинакам китоб мутолаасига одатланиши ана шундай улкан муаммога қарши муносиб ечим бўлиши шубҳасиз.
Батафсил
Китоб – ҳаётингизни абадий ёритувчи маёқ
🕔12:13, 24.04.2025
✔213
Юртимиз бўйлаб V республика «Китобхонлик ҳафталиги» бошланди
Батафсил
Китоб – озодлик сари йўл
🕔15:24, 14.03.2025
✔325
Жиноий жазолар нафақат жазолаш, балки шахсни тузатиш ва жамиятга қайта мослашиш жараёни сифатида ҳам қаралиши керак. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида муҳокама қилинган янги қонун лойиҳаси айнан шу тамойилга асосланган. Унга кўра, маҳкумлар ўз устида ишласа, хусусан, китоб ўқиб, имтиҳон топширса, жазо муддати қисқартирилади.
Батафсил