Бугуннинг гапи      Бош саҳифа

Алифбо ислоҳотида ўзлигимиз ифода этилиши зарур

«Алифбони ўзгартириш шартми ёки йўқ?» деган савол атрофида баҳс-мунозаралар кескин тус олаётган бир пайтда ҳеч бир ватандошимиз лоқайд бўлмаслиги керак, деб ўйлайман. Алифбо – миллат онгининг машъаласи. У қанчалик мукаммал бўлса, илм-маърифат ҳам шу қадар юксак бўлади.

Алифбо ислоҳотида  ўзлигимиз  ифода этилиши зарур

1993 йил сентябрда Ўзбекис­тон Республикасининг «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонуни қабул қилингач, узоқ ўйланиб юрдим: биз учун янги алифбо зарурми? Кирилл алифбосида қолаверсак бўлмасмиди?.. Бу саволларга ички ҳиссиётларим аниқ бир жавоб беришимга халақит қиларди. Кирилл алифбосидан воз кечиш, ҳақиқатдан ҳам кўпчиликнинг иддаосича катта бир авлоднинг илм олиш йўлида улоқиши, саводсизлигига олиб келиши мумкинми? Кирилл алифбосида қўлга киритилган бой маърифий бойлик – китоблар ўқилмасдан қолиши эҳтимоли мавжудми?

Йиллар давомида шууримда турткиланиб юрган бу саволларга чуқур мулоҳаза ва тафаккур билан охир-оқибат қатъий жавоб топдим: албатта, янги лотин ёзувига асос­ланган алифбога ўтишимиз шарт ва лозим!

1997 йилда шундай қатъий фикрга келган кунимданоқ янги алифбони ўрганиб, уни ўзлаштиришга киришдим. Шу сабаб бўлса керак, ҳозир менга кирилл алифбосидан кўра лотин алифбосида ёзиш жуда қулай. Мендаги янгиликка бўлган иштиёқмандлик ва миллатпарварлик танлаган йўлимдан чекинмасликка ундади. Бу даврда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга ҳам ўзимнинг муносиб ҳиссамни қўша олдим, десам муболаға бўлмайди. Марказий оммавий ахборот воситаларида ўзимнинг фикр-мулоҳаза ва таклифларим билан чиқдим ва улар, албатта инобатга олинганидан мамнунман.

Бугунги кунга келиб лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш борасидаги баҳс-мунозаралар долзарб мавзуга айланган. Ҳаттоки «o‘», «g‘», «sh» ва «ch» ҳарфларини битта белги билан ёзиш таклифлари кучайгандан-кучайиб бормоқда. Кўпчилик «ch» ва «sh» ҳарфларини туркияликлар алифбосидаги сингари «дум» қўйган ҳолда – «ç», «ş» шаклида; «o‘», «g‘» ҳарфларини эса – «ō», «ğ» кўринишда устки белги билан ёзишни  таклиф қилмоқда.

Дарҳақиқат, алифбо қанчалик мукаммал бўлса, айни муддао. Бироқ дунёнинг ҳеч бир миллатида мукаммал алифбо мавжуд эмаслигини унутмаслик жоиз.

Алифбо дегани маҳалла гузари эмаски, унга ҳар кимнинг фикри ва муносабати билан ўзгартиш киритилаверса. Бунақада уни ўзлаштиришда оқсоқланиш вужудга келиши табиий.

Ҳозирги амалдаги лотин ёзувига асосланган алифбода гарчи «o‘», «g‘», «sh» ва «ch» ҳарфлари бир неча белги бирикмаларидан иборат бўлса ҳам, у ислоҳ қилишга муҳтож эмас. Бу ҳарфларни ёзишга қийналаётганини иддао қилаётганлар эртага бошқа бир баҳонани рўкач қилиши ҳеч гап эмас.

Бугун одамлар бошқаларникига ўхшамайдиган, янгича фикр билдириш, турли ташаб­бусларни илгари суришни урф қилиб олишмоқда. Бирор ташкилот ёки муассаса бирор янгиликни илгари сурса, бу ерда фаоллик авжида эканини шу йўсинда билдириб қўйгиси келса керак. Менингча, бирор бир янгилик ёки ташаббус, биринчи навбатда халқни чалғитмаслиги, чалкашликни келтириб чиқармаслиги лозим. Эндиликда кўпчилик «o‘», «g‘», «sh» ва «ch» ҳарфларининг ислоҳ қилиниши ҳақида ҳали аниқ бир тўхтамга келинмасданоқ ижтимоий тармоқларда уларни туркия­ликлар алифбоси асосида ёзишни аллақачон бошлаб юборишган. Бу мантиқан ҳамда имло жиҳатдан жиддий хато саналади.

Қатъий фикрим шуки, «o‘», «g‘», «sh» ва «ch» ҳарфлари ҳеч қандай ислоҳотга муҳтож эмас. Уларни турклар алифбосидаги сингари ёзиш – қатъиятсизликнинг айнан ўзгинасидир.

Ўзбек халқи мустақил фикр­ли, илм-фан фидойиларига бой. Шундай экан, биз учун бош­қалар алифбоси шарт эмас! Минг йиллар араб, салкам юз йил рус-кирилл алифбосини ташиганимиз етмайдими?! Мустақил Ўзбекистоннинг ўз алифбоси ўзига хослигича қолиши керак!

Алифбо ўзгариши катта бир авлодлар ўртасида саводсизлик ва илм эгаллашда улоқишни келтириб чиқариши ҳақида фикрлар билдирилмоқда. Бу саволга 1993 йилдаёқ тугал маънода жавоб топганман. Бизнинг собиқ СССР даврида тўпланган маърифий бойлигимиз – китоб­лар, агар кирилл алифбосида қолган тақдирда ҳам, бугунги кун талабларига жавоб бера­оладими? Мутлақо йўқ!

Исбот тарзида шуни айтишим мумкинки, шўролар даврида ҳар қандай китоб коммунистик мафкура руҳида чоп қилинар эди. Жумладан, Алишер Навоийнинг қатор асарларидан диний-маърифий матнлар олиб ташлангани мустақиллик йилларида нашр этилганлари билан солиштирилганида кундай равшан бўлади. Ёки Машраб, Махтумқули ва ҳатто Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг шеър­ларидан ҳам тасаввуфона қарашлар сингдирилган мис­ралари ўзгартириб берилгани таниқли олимлар томонидан таъкидланмоқда.

«Ўзбек совет энциклопедия­си» ҳам фақат коммунистик партия намояндалари ҳақидаги маълумотлар билан тўлганини инобатга олсак, бундай китоблар бугунги талабга мутлақо жавоб беролмайди. Совет даврида мириқиб ўқишга арзийдиган холис ёзилган, коммунистик мафкурадан ҳоли бирорта тарихий асар борми? Улар бизга танқидий таҳлиллардан ҳоли ўлмас мерос вазифасини ўтай оладими?

Бу каби аччиқ саволларга жавоб топиш ҳар бир зиёлининг зиммасидаги вазифадир.

Бугун кўп адабиётлар танқидий ўрганилган ҳолда қайта нашр қилиниши зарур. Агар лотин ёзувига асосланган алифбога узил-кесил ўтиладиган бўлса, газета ва журналлар, китоб ҳамда рисолалар нашр қилувчи корхоналар ўз-ўзидан кирилл ёзувидан буткул воз кечади. Натижада, қисқа давр ичида янги алифбодаги маърифий бойлик вужудга келади. Баъзи бировлар лоф-қоф қилаётганидек, бу жараёнда ҳеч қандай саводсизлик вужудга келмайди. Фақат икки авлод ўртасида қандайдир фарқ ва масофа пайдо бўлиши мумкин.

ХХ аср бошларида араб алифбосидан воз кечиб лотин алифбосига ўтилиши натижасида икки авлод ўртасида қандай фарқ ҳосил бўлган бўлса, эндиликда ҳам шундай бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. ХХ аср бошларида араб алифбосида савод чиқарганлар билан лотин ёзувини ўргана бош­лаганларнинг дунёқараши, интилиш ва орзу-умидларида жуда катта фарқ бор эди. Гарчи шундай бўлса ҳам кирилл алифбосида «тиши чиққан» авлод ўтмишдан хабарсиз, ғирт саводсиз бўлиб қолмаган.

Қизиқиши бўлса, одам дегани ҳар қандай ёзув­ни ўзлаштириб, ўқиш-ёзишни ўрганиши мумкин, ҳатто зеру забарлар билан безанган арабча ёзувни ҳам. Иштиёқи баландлар тош­битикларни ўрганишаётган бир паллада бу муаммо эмас.

Жамоатчилик айрим ҳарфларни ислоҳ қилиш иддаосига ёпишиб оларкан, ҳал қилиниши зарур бўлган бундан ҳам муҳим масалалар борлигига эътиборни қаратмаяпти. Жумладан, ўзбек тилида айрим товушлар борки, уларни ифодалаш учун ҳарфлар мавжуд эмас. Олайлик «ўзбек», «ўз», «ўрик», «ўгир», «ўзак» каби сўзлардаги «ў» ҳарфи билан «ўғри», «ўхтин», «ўсмоқчилаб», «ўнғай» каби сўзлардаги «ў» ҳарфининг ўқилишида фарқ мавжуд. Бири юмшоқ, иккинчиси қаттиқроқ талаффуз қилинади. Шунингдек, «и» ҳарфи ҳам икки хил талаффуз қилинади.

ХХ асрнинг 40-50-йилларида «билан» сўзи «блан» тарзида ёзилган экан. Алифбода юмшоқ ва чўзиқ «и» ҳарфларни белгилаш эса яна бир катта ислоҳотни талаб қилади.

Алифбо борасида билдирган ушбу фикр-мулоҳазаларим тил ва имло масалаларига масъул ва лоқайд бўлмаган юртдошларимизни мулоҳазага чорлашига ишонаман.

 

Эрпўлат БАХТ




Ўхшаш мақолалар

Олимпия  шаҳарчаси – Янги Ўзбекистон салоҳиятининг ифодаси

Олимпия шаҳарчаси – Янги Ўзбекистон салоҳиятининг ифодаси

🕔09:20, 25.08.2025 ✔57

Салкам уч йил ичида пойтахтимиз Тошкент шаҳрида муҳташам мажмуа қад ростлади. Олимпия шаҳарчаси! Бу Янги Ўзбекистонда бошланган улкан ислоҳотларнинг яна бир ёрқин натижаси бўлди.

Батафсил
Йўллардаги йиллаб  келаётган  муаммоларга  ким  жавоб бериши  керак?

Йўллардаги йиллаб келаётган муаммоларга ким жавоб бериши керак?

🕔13:55, 05.07.2025 ✔131

Йўлнинг «гапирувчи» тили бу – йўл белгилари. Сизга ахборот беради, огоҳ этади, ўрни келганда эса буюради.

Батафсил
Eco Expo  Central Asia: Табиат билан уйғун  тараққиёт  сари муҳим  қадам

Eco Expo Central Asia: Табиат билан уйғун тараққиёт сари муҳим қадам

🕔15:53, 26.06.2025 ✔170

19-21 июнь кунлари Ўзбекистон пойтахти Тошкент яшил инновациялар марказига айланди: Central Asian Expo (CAEx) кўргазмалар мажмуасида минтақада илк бор «Eco Expo Central Asia 2025» экологик технологиялар халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар