Ҳар бир ота-она, бобо-буви, хуллас ҳар биримиз фарзандимизнинг ютуқларидан қувонишни, унинг улкан муваффақиятлар билан дунёни ҳайратга сола оладиган инсон бўлишини орзу қиламиз.
Аммо кимдир бу йўлда собит туриб дилбанди билан мунтазам шуғулланади, вақт ажратади ва натижаси ўлароқ фарзанди улкан ютуқларга эришади, кимдир эса ҳаёт дея аталмиш мактабнинг майда ташвишлари, гоҳида омадсизликлари олдида енгилади. 2021 йилни кузатиб, янги йил остонасида турар эканмиз, халқимизнинг яна бир фарзанди улкан ютуқни қўлга киритди. Узоқ йиллардан бери шахматнинг рапид (тезкор шахмат) йўналишида ғалабаларни қўлга киритиб келаётган Нодирбек Абдусатторов куни кеча жаҳон чемпиони бўлди. У шахмат қироли Магнус Карлсенни мағлуб қилди. 17 ёшли ўзбек боласи бутун дунёнинг манаман деган кучлиларини ҳам доғда қолдирди. 9,5 очко билан тай-брейкка чиққан Нодирбек россиялик Ян Непомняшийни икки ўйин натижасига кўра мағлубиятга учратди: аввалига қора доналарда ўйнаган юртдошимиз дуранг қайд этган бўлса, иккинчи ўйинда оқ доналарни суриб, ўйинда тўлиқ устунликни сақлаган ҳолда рақиби устидан зафар қозонди. Бу ўйин унинг чемпионлиги учун етарли бўлди. Шуни ҳам эслатиб ўтишимиз керакки, Нодирбек ушбу йўналишда жаҳоннинг энг ёш чемпионидир. «Менга бироз омад кулиб боқди. Чунки у шунчаки дуранг ҳолатига ҳам тушиб қолиши мумкин эди. Умуман олганда ўйин вақтининг катта қисми анчагина тенг кураш остида ўтди», – деди ўзбекистонлик 17 ёшли шахматчи.
Нодирбекнинг навбатдаги рақиби – 15 ёшли ҳиндистонлик гроссмейстер Гукеш Доммаражу.
Бугунги куннинг асосий ахборот алмашинув воситасига айланган ижтимоий тармоқларда эса Нодирбекка юртдошларимиз томонидан йўлланаётган ҳаяжонли мурожаатлар тинмаяпти. «Маърифат» газетаси бош муҳаррири Ҳусан Карвонли шундай ёзади: – Нодирбекнинг ютуқларида ҳиссаси бор инсонларни оламшумул ғалаба билан қутлайман. Нарпай тумани Болғали қишлоғидаги мактабда узоқ йиллар болаларга дарс берган бобоси Абдусаттор Очиловни фарзандларини ҳалол луқма билан тарбиялаб вояга етказгани учун!
Отаси Фазлиддин Очиловни – болалари қобилиятини ўз вақтида аниқлаб, тўғри йўналиш бергани, қанчалик қийинчиликлар бўлса-да, Нодирбекнинг халқаро мусобақаларда иштирокига шароит яратиб бергани учун. Хориждаги халқаро мусобақаларга боришга маблағ, имконият тополмай юрганда, Россия ва яна бир нечта давлат «бизнинг байроғимиз остида ўйнаса, тўкис шароит қилиб берамиз» деганларида қатьий рад этгани, Ўзбекистонда қолади, юрт учун ўйнайди, дея қарор бергани учун!
Онаси Марзия Очиловани – ўқиш, ишлаш, карьера қилишдан воз кечиб, бутун эътиборини Нодирбекнинг истеъдодини парваришлаш, намоён этишга, ривожлантиришга бағишлагани учун!
Мураббийи, марҳум гроссмейстер – Дмитрий Қаюмовни Нодирбекни профессионал шахматга тўғри йўналтириб, истеъдоди янада сайқалланишига қўшган ҳиссаси учун. Биринчи мураббийи Равшан Шукуровни шундай иқтидорли шахматчини кашф этгани учун!
Бундан қарийб беш йил олдин, 2017 йилда ёшгина шахматчи Нодирбек Абдусатторов шундай ваъда берган эди: «Беш йилдан сўнг дунёнинг энг кучли шахматчилари рўйхатида бўламан» Баракалла! Ўзбек ўғлони ўз сўзининг устидан чиқди. Бугун ундан бутун халқимиз, ота-онаси, бобоси ва устозлари чинакамига фахрланмоқда. Нодирбек дунёнинг энг кучли шахматчилари қаторидан жой олди. Шу ўринда бугун қилинган машаққатли меҳнат, тиришқоқлик, илмга сарфланган вақт албатта, ўз мевасини беришининг ҳам гувоҳи бўлиб турганимизни айтиб ўтмоқчимиз.
Нодирбекка чексиз ҳурмат ва ҳавас билан кейинги ўйинларда ҳам омад тилаб қоламиз.
Саида ИБОДИНОВА
Самарқанд экологик кун тартиби атрофида дунёни бирлаштирди
🕔15:12, 11.06.2026
✔85
Шу кунларда Самарқанд замонамизнинг энг муҳим экологик муаммоларини муҳокама қилиш учун глобал майдонга айланди. Бу ерда 30 майдан 6 июнгача Глобал экологик фонд (GEF)нинг VIII Ассамблеяси ва GEF Кенгашининг 71-йиғилиши бўлиб ўтди.
Батафсил
Давлат бюджети ижроси: «Яшил ривожланиш»ни молиялаштириш кучаймоқда
🕔17:07, 04.06.2026
✔186
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2025 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар.
Батафсил
Тошкент халқаро молия маркази: Барқарор ривожланиш ва яшил иқтисодиётда янги имкониятлар
🕔17:06, 04.06.2026
✔171
Бугун жаҳон молиявий тизими тубдан ўзгармоқда. Инвесторлар эндиликда шунчаки фойда изламаяпти, балки ўз маблағларини ижтимоий масъулиятли, экологик тоза ва келажакка хизмат қиладиган лойиҳаларга йўналтиришга интилмоқда.
Батафсил