«Ҳукумат соати»да депутатлар сув хўжалиги вазирини эшитди
Ўзбекистон Экологик партияси ҳамда ЎзЛиДеП фракциялари ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги «Ҳукумат соати» бўлиб ўтди.
БатафсилДавлатимиз раҳбарининг кино ижодкорлар билан учрашувини қизиқиш билан кўрдим, кузатдим. Зеро, кино халқнинг ўтмишини, бугунини кўрсатувчи, келажаги ҳақида тасаввур уйғотувчи санъат турларидан бири. Қолаверса, бир вақтлар маълум муддат шу соҳада ишлаганман.
Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист
Учрашув давомида айтилган фикрлар – хоҳ ижобий, хоҳ танқидий бўлсин, шунингдек, ушбу санъатни ривожлантиришга, мавқеи ва нуфузини кўтаришга қаратилган ғоят керакли таклифлар шу соҳага, умуман, маданият ва маърифатга бефарқ бўлмаган барча юртдошларимиз қатори камина ходимингизни ҳам қувонтирди, ҳаяжонга солди. Суҳбатнинг ҳар бир воқеаси, лаҳзаси ҳақида алоҳида мақола ёзиш мумкин ва ёзилади, деб ишонаман.
Мен Президентимизнинг бир гапи ва унинг таъсири хусусида фикр юритишни лозим кўрдим. У киши Тошкентда рўйхатда туриш, яъни пропискага қўйиш борасидаги машаққатларни ўз ҳаёти мисолида айтиб берди. Ўйлайманки, бундай жараён минглаб юртдошларимиз учун таниш ва кўплар буни бошдан кечирган. Шу минглар қатори камина ҳам бу азоблару сарсон-саргардонликларга дуч келган. Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбарининг шу ҳақдаги хотиралари, гарчи у киши кулиб айтган бўлсалар-да, қалбимни ларзага солди, ўша машъум кунларни ёдимга туширди. Ўзи шундай бўлади – вақтида инсоннинг асабларини зирқиратиб юборган воқеаларни йиллар ўтгач, кулиб эслаймиз.
Ҳаётим давомида турли даражадаги раҳбарларни кўрдим, кўплари билан бирга ишладим. Уларнинг аксарияти ўзини одамлардан, ҳатто ўз ходимларидан ҳам «ёпиқ», «сирли» тутарди. Ҳаётида учраган қийинчиликлар, муаммолар тўғрисида гапирмас, айтса гўё обрўйи тўкилиб қоладигандай. Баъзилари билан ўзаро норасмий суҳбатлашганимда жуда очиқ, самимий инсон эканини кўрганман. Кабинетга кирганда эса мутлақо бошқа одамга айланиб қоларди. Бу ҳолат менга Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмаднинг «Менинг дўстим Баббаев» деган ҳикоясини эслатарди.
Яқин ўтмишимиздаги адолатсизликлар, ноҳақликлар, бюрократия ҳақида гап кетганда Президентимиз кўпинча ўз ҳаётидан мисол келтиради. Буни ҳаммамиз кўриб, эшитиб турибмиз.
Давлат раҳбаридан бундай хотираларни эшитиш ёшларимизга катта мотивация беради. Кўзлаган мақсади, орзу-интилишларига эришиш учун қийинчиликлардан, турли ғову қарама-қаршиликлардан чўчимаслик, тушкунликка тушмаслик кераклигини англайди фарзандларимиз. Ҳаёт баланд-пастликлардан, ўнқир-чўнқирлардан, гоҳо ютуқлардан, гоҳида муваффақиятсизликлар, адолатсизлигу ноҳақликлардан иборат эканини тушунади. Шундай инсон ҳам вақтида турли машаққатларни, адолатсизликларни бошдан кечирганини эшитиб, ўзининг фаолиятини таҳлил қилади. Натижада катта-кичик қийинчиликларни енгиб ўтишда ўзида куч топади, иродаси тобланади.
Шундай экан, турли даражадаги раҳбарлар, элу юртга таниқли инсонлар босиб ўтган йўлимиз, бу йўлдаги ютуқлару камчиликлар ҳақида ўзининг ҳаёти, кўрган-кечирганлари мисолида гапириб, ёзиб туриши мақсадга мувофиқ бўлади, деб ўйлайман. Инчунин, бу каби хотира-эсдаликлар ёшларимиз учун жуда зарур. Бу кунларга етишимиз осон бўлмаганини, бу дориламон замон осмондан тушмаганини англашида уларга амалий ёрдам бўлади.
* * *
Мактабни битиргач, Тошкентга ўқишга борадиган бўлдим. Мақсад – журналист бўлиш. У пайтларда (ўтган асрнинг 60-йиллари) журналистика фақат Тошкент давлат университетида (ҳозирги ЎзМУ) ўқитилар эди. У ҳам алоҳида факультет эмас, филология факультетида бир бўлим эди. Бугун алоҳида университет, бир неча олий таълим муассасаларида факультет ва бўлимлар бор журналистика бўйича.
Тошкентга бориш учун паспорт керак. Лекин менда паспорт йўқ. У пайтларда қишлоқ аҳлининг деярли ҳеч бирида паспорт бўлмаган. Чунки қудратли давлат сифатида дунёга жар солган иттифоқнинг қишлоқларда яшовчи фуқароларига паспорт берилмас эди. Ҳайрон қоласиз. Нима, қишлоқда туғилиш айбми? Қишлоқда яшайдиганлар иккинчи «сорт» одамлар эдими? Давлатимиз раҳбари ўша суҳбатда айтди: «Менинг «айбим» Тошкентда туғилмаганим эди...» Бу воқеалар ҳозирги ёшлар учун мисоли бир эртакдай туюлади.
Акам раҳматли унга ялиниб, бунга илтимос қилиб, бир амаллаб паспорт олиб берди. Ўша пайтда мендан бахтли одам йўқ гўё. Аммо бу хурсандлигим узоқ чўзилмади. Ҳужжатларимни қўлтиқлаб университет қабул комиссиясига бордим. Ўтирган мутасадди ҳужжатларимни кўрди-да, сиртқи бўлимга топширасан, деди. Нега десам, кундузги бўлим йўқ, кечки бўлимга фақат Тошкентда яшайдиганлар қабул қилинади, деди.
Энди иш топишим керак. Иш сўраб борсам прописканг йўқ, дейди, прописка бўйича учрашсам, иш жойингдан маълумотнома олиб кел, дейди. Бу калаванинг учи қаерда? Ақл бовар қилмайди.
* * *
Пойтахтга рўйхатдан ўтиш тақиқланган қарорни бекор қилиш тўғрисидаги қарор Шавкат Мирзиёев Президент лавозимига киришганидан кейин қабул қилган дастлабки ҳужжатлардан эди. Буни киночилар билан учрашувда давлат раҳбарининг ўзи ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди. Бу қарор тарихий ҳужжат сифатида қолди. Чунки бунинг замирида теран маъно-мазмун мужассам, яъни, инсон ҳуқуқларини жойига қўйиш, инсон қадрини улуғлаш, инсон манфаатларини таъминлаш каби эзгу мақсадлар ўз ифодасини топган. Бинобарин, сўнгги ўн йилликдаги ислоҳотлар инсон қадри, инсон манфаати ҳамма нарсадан устун, деган тамойил билан бошлангани эсимизда. Ушбу қарор ана шу тамойилнинг, шу асосдаги ислоҳотларнинг амалий ижроларидан бири эди.
Тошкентда рўйхатдан ўта олмаслик оқибати қанча-қанча ёшлар истеъдоди юзага чиқмай қолиб кетди. Эплаганлар шаҳар атрофларидаги туманларга кимларгадир ялиниб пропискага қўйиб ишга жойлашарди. Лекин у прописка билан шаҳардан уй-жой олиш мумкин эмас эди. Совет замонидан қолган бундай тартиб, аниқроғи, иллат мустақил давлат бўлганимиздан кейин ҳам йигирма беш йил давомида бартараф этилмади. Бугун пойтахтимизда вилоятлардан келган тадбиркорлар дейсизми, шифокор ёки қурувчими, ижодкорми, муҳандисми – хуллас, турли соҳа вакиллари ўз фаолиятини эмин-эркин олиб бормоқда. Бошқача айтганда, юртимиз аҳолиси мамлакатимизнинг исталган шаҳрида ишлаш, яшаш ҳуқуқига эга бўлди.
Инсон қадр-қиммати юзаки қараганда майда кўринган, аслида сиёсий, маънавий жиҳатдан жуда катта аҳамиятга эга ана шунақа ишларда намоён бўлади аслида.
Очиғини айтганда, бу қарорни ҳамма ҳам мамнуният билан қабул қилгани йўқ. Мазкур қарорга хушламай қараганлар совет давридаги қолиплардан ҳануз чиқиб кета олмаганини кўрсатади. Фақат бу масалада эмас, бошқа соҳаларда ҳам ўша тузумни қумсайдиганлар, афсуски, ҳамон учрайди. Улар ўйлаб кўрмайдики, бугун мутлақо бошқа замон. Дунё ўзгариб кетди. Сиёсий тузумлар, давлатлар, бошқарувлар тамоман ўзгача энди. Бугун инсон қадр-қиммати, манфаати, эрки, ҳуқуқи ҳамма нарсадан устун. Демократия эндиликда фақат қоғозда ёки сўзда эмас, амалда. Энг асосийси, одамларимизнинг дунёқараши, фикрлаши, ҳаётга, меҳнатга муносабати ўзгарди, жаҳонда рўй бераётган воқеалардан шу зумда хабардор бўлаётир. Президентимиз таъбири билан айтганда, «Бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас». Булар очиқлик сиёсатининг яққол натижаларидир.
* * *
Тарихни шахслар яратади, деган гап бор. Бу жуда тўғри фикр. Бунга ўз тарихимиздан ҳам, дунё тарихидан ҳам кўплаб мисоллар келтиришимиз мумкин. Узоққа бормайлик, мамлакатимизда рўй бераётган воқеаларга, ўзгаришларга диққат билан разм солайлик. Президент Шавкат Мирзиёев тарихан қисқа вақтда бутун мамлакатни ўзгартириб юборди. Ўн йил кўҳна тарих учун нима – икки қошнинг орасидай бир гап. Ана шу ўн йилда жонажон Ўзбекистонимизнинг барча соҳаларида амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари асрга татигулик. Буларнинг бари тарихда қолади. Демак, тарих яратилди, яратилмоқда. Кўз ўнгимизда Янги Ўзбекистон бўй чўзаётганига гоҳо эътиборсиз қараймиз, гўё бу ишлар ўз-ўзидан, осонгина бўлаётгандай. Бугунги Ўзбекистонни ўн йил олдинги Ўзбекистон билан солиштириб бўладими? Қайси бир соҳани таҳлил қилмайлик амалга оширилган ўзгаришлардан ақлимиз шошади.
Халқимиз учун яхши таниш бўлган пахтачиликни олайлик. Яқинда Президентимиз Қашқадарё сафарида пахтакорлар билан суҳбатлашди ва қанчадан ҳосил олаяпсизлар, деб сўради. Фермер бамайлихотир 70-80 центрдан, деди. «Оғзининг бир четидан чиқиб кетади-я, 70-80 центр», деди давлатимиз раҳбари. Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев билан гурунглашиб қолдик. Ўша кунлар вилоят пахта режасини бажарган экан. «Гектаридан қанчадан олинди?» деб сўрадик. «Саксон центр ва ундан зиёд олганлар бор», деди ҳоким. Ҳайратдан ёқа ушладик. «Нечанчи теримда» – сўради даврадагилардан бири. «Ҳозир биринчи, иккинчи терим, деган гап йўқ, – деди
З.Мирзаев. – Бир марта терилади». «Қўлдами?» «Йўқ, асосан машинада терилади».
Бу суҳбатларни тинглаб ўтирибману хаёлимда ўқувчилик йилларим гавдаланди. Ургут туманида пахта экилмас эди. Аммо пахта териш «бахти»дан биз ҳам бенасиб эмасдик. Ўқув йили бошланиши билан бир ҳафта ўқиб-ўқимай колхозчилар қатори Иштихон туманига пахта теришга жўнардик. Шу билан гоҳ ноябрнинг охири, гоҳида декабрь ўрталаригача қолиб кетардик. У ердаги шароитларни гапиришга ҳожат йўқ, сабаби уларни шароит дейишга ҳам тил бормайди. Ҳолимиз маймун ҳам йиғлайдиган даражада бўларди. Ўша йилларда ўқувчилар, ўқитувчилар, талабалар, шифокорлар, идоралар ходимлари ёппасига сафарбар этиларди. Кўплаб ташкилот ва идоралар ёпилар, эшигига «Ҳамма пахтада» деган ёзув ёпиштирилар эди. Ҳатто ижодий таҳририятлар, нашриётлар, радио ва телевидение ходимлари ҳам навбатма-навбат ўн кун пахта териб келарди. Бу етмагандай шанба ва якшанба кунлари бутун жамоа борарди пахтага. Ҳамманинг фикри-зикри пахтада бўларди. Ҳар куни газеталарда, телевидение ва радиода пахта режасининг бажарилиши ҳақида маълумот берилар, одамлар ўзаро суҳбатни ҳам қайси вилоят неча фоизга чиқди, республика қанча бўлди, деган савол-жавобдан бошлар эди. 1988 йили «Огонек» журналида Александр Минкин деган москвалик журналистнинг Ўзбекистон пахтакорлари ҳақидаги «Хлопкораб» сарлавҳали мақоласи босилгани эсимда.
Шукр, у кунлар ортда қолди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, қатъияти туфайли бундай ишларнинг барчасига барҳам берилди. Бугун пахта «ваҳимаси» йўқ. Ҳолбуки, ҳозир ҳам пахта экиляпти, териляпти, ҳосилдорлик олдингидан икки-уч баравар кўп.
Бўлар экан-ку!
Бу мисоллар нимадан дарак беради? Мамлакатимизнинг оғир тармоқларидан бўлган қишлоқ хўжалигига ҳам илғор, замонавий техника ва технологиялар, хориж тажрибаси жорий этилаётганининг натижаси булар.
Совет даври у ёқда турсин, ўн-ўн беш йил аввал ҳам энг қолоқ соҳалардан бўлган туризмни олайлик. Сўнгги йилларда туризмнинг турлари кўпайди. Жаҳон стандартларига мос меҳмонхоналар бунёд этилди, сервис тубдан ўзгарди. Булар қаторига миллий ўзлигимизни акс эттирадиган «Меҳмон уйлари» пайдо бўлди. Яқин-яқинда ҳам ҳеч ким билмайдиган бизнинг қишлоқларда ҳам (Ургут туманидаги Қоратепа, Терсак, Омонқўтон қишлоқлари) «Меҳмон уйлари» ишлаб турибди.
Мамлакатимизга сайёҳлар келиши йил сайин кўпайиб бораётир. Ўтган йили 12 миллион турист келибди.
Ички туризм ҳам изчил ривожланиб бораётир. Бунда турли хизматлар кўрсатиш, жумладан, транспорт хизмати такомиллашиб бораётгани муҳим аҳамият касб этаётир. «Афросиёб» поезди ёнига юқори тезликда ҳаракатланадиган «Жалолиддин Мангуберди» поезди қўшилгани нур устига нур бўлди. Булар қаторига турли байрамлар муносабати билан бир неча кунлаб дам олиш берилаётгани ҳам аҳолининг саёҳатларга чиқиши учун қулай имконият яратаётганини алоҳида қайд этмоқ жоиз.
Қурилиш-бунёдкорлик ишларини таърифлашга сўз ожиз. Тошкент сити, Самарқанддаги Боқий шаҳарнинг муқобили йўқ жаҳонда! Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси юртимиз дурдоналари сифатида эътироф этилмоқда. Пойтахтимиз, вилоятлар, туманлар марказлари билан бирга қишлоқларда ҳам замонавий турар-жойлар, ижтимоий объектлар бунёд этилмоқдаки, кўриб кўз қувонади, дил яйрайди. Бирон жойга уч-тўрт ой ўтиб борсангиз танимай қоласиз.
Кейинги йилларда жонажон Ўзбекистонимизда амалга оширилган ўзгаришларни, бир сўз билан айтганда, янги Ўзбекистон бунёд этилаётганини битмоқ учун шоир айтганидек, «мингта Фирдавсий керак».
Энди тасаввур қилайлик. Ўн йилда шунча бетимсол ўзгаришлар бўлди. Ислоҳотлар кўлами янада кенгайиб, шу тарзда шитоб билан давом этса кейинги ўн йилликда қанақа янгилик ва ўзгаришлар амалга оширилади! Ҳатто тасаввур қилишга қийналади инсон тафаккури. Аҳолимиз 50 миллионга етади, иншооллоҳ! Энг муҳими, бугун замонавий техника тараққиётини ўзлаштираётган ёшлар камолга етади. Улар ақлбовар қилмас ихтиролар, кашфиётлар қилади. Пойдеворини қўяётганимиз Учинчи Ренессанс амалга ошади. Сунъий интеллект чексиз ривожланади. Халқимизнинг турмуш фаровонлиги янада юксалади ва ҳакозо.
Жонажон Ўзбекистонимиз энг ривожланган давлатлар сафидан ўрин олади. Бунга барча асослар бор. Зотан, дунёнинг энг қудратли давлатларининг раҳбарлари, йирик дипломатлар, сиёсатшунослар, бизнесменлар, мутахассислар мамлакатимизда амалга оширилган сиёсий, иқтисодий, маънавий ўзгариш ва янгиликларни эътироф этмоқда, ҳайрат ва ҳавасини яширолмаяпти. Бунга мисоллар келтиришга эҳтиёж йўқ, деб ўйлайман. Чунки халқимиз ҳамма воқеаларни оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали ўқиб, кўриб, кузатиб бораётир.
Эътибор қиляпсизми, охири ўн йилда давлатимизнинг халқаро миқёсдаги обрўйи, нуфузи кескин кўтарилди. Турли даражадаги халқаро ташкилотлар, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти йиғилишларида Президентимиз фақат Ўзбекистонимиз учун эмас, бутун минтақамиз ва жаҳон миқёсида долзарб бўлган глобал масалаларни кўтариб, амалий таклифлар билдирмоқда. Улар асосан дунёда тинчликни мустаҳкамлаш, давлатлар ва халқлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, одамларнинг турмуш фаровонлигини янада ошириш каби долзарб масалаларга қаратилган. Ўзбекистоннинг таклиф ва ташаббуслари асосида БМТ бир неча махсус резолюциялар қабул қилгани барчамизга фахр ва ғурур бағишлайди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева БМТ минбаридан ўзбек тилида сўзлаганини алоҳида фахр билан қайд этгим келади. Бу она тилимиз мавқеи ва нуфузини жаҳон узра кўтариш ва намоён этишнинг энг мақбул йўлидир. Насиб этса кейинги ўн йилликда ўзбек тили жаҳоннинг етакчи тилларидан бири даражасига кўтарилади.
Ушбу мисоллар Ўзбекистон ўз сўзига, ўз қарашига, ўз позициясига эга давлат эканини ва уларга қатъий риоя қилишини амалда исботлаётганини кўрсатади. Шулардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, кейинги ўн йилликда жонажон Ўзбекистонимиз дунёдаги энг обрўли, нуфузли, ўз сўзида собит давлатлар қаторидан мустаҳкам ўрин олади.
Ҳаммамизни шу кунларга етказсин, илоҳо!
Ўзбекистон Экологик партияси ҳамда ЎзЛиДеП фракциялари ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги «Ҳукумат соати» бўлиб ўтди.
БатафсилОлий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига дахлдор бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилинди.
БатафсилГлобал иқлим ўзгариши бугун нафақат экологик, балки сиёсий, иқтисодий ва геостратегик аҳамиятга эга масалага айланмоқда.
Батафсил