Аҳоли сони йилдан-йилга ўсиб бориши билан уларнинг ижтимоий турмуш даражасини доимий равишда ошириб боришга бўлган талаб ҳам ўз-ўзидан кучайиб бораверади. Бундай катта эҳтиёж аввало ер ресурсларига бўлган талаб кучайишда яққол кўзга ташланади.
Шундан келиб чиқиб, бугун мамлакатимизда ерларни ислоҳ қилиш, ер муносабатларини тартибга солиш соҳасида мунтазам равишда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 2021 йил апрель ойида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги ва «Томорқа хўжалиги тўғрисида»ги қонунларида деҳқон хўжаликлари ва шахсий томорқа ер участкаларида ерлардан самарали фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, қишлоқ жойларда иш ўринлари яратиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўпайтириш, ерга бўлган ҳуқуқларни кафолатлаш нормалари белгиланди.
Ўтказилган таҳлилларга кўра ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш билан боғлиқ кўп ҳолатларда ердан фойдаланувчи, ер участкаси ижарачиси ва мулкдорларининг ҳуқуқлари поймол бўлаётганлиги, жойларда ер эгасининг розилигисиз ер участкаларини олиб қўйиш, уларга етказилган зарарларни тўламаслик, коррупцияга оид ҳолатларнинг авж олаётгани ҳақли эътирозларга сабаб бўлганлигига кўплаб ҳолатларда гувоҳ бўлганмиз.
Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ваколатлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига берилиши энг тўғри қарор эканлиги жойларда ўз исботини топди.
Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексида ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш фақат қуйидаги мақсадларда амалга оширилиши белгилаб берилди:
– мудофаа ва давлат хавфсизлиги, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар эҳтиёжлари, эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун ерлар бериш;
– Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;
– фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб олиш;
– автомобиль ва темир йўлларни, аэропортларни, аэродромларни, аэронавигация объектларини ва авиатехника марказларини, темир йўл транспорти объектларини, кўприклар, метрополитенлар, туннелларни, энергетика тизими объектларини ва электр узатиш тармоқларини, алоқа тармоқларини, космик фаолият объектларини, магистрал қувурларни, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш (реконструкция қилиш);
– аҳоли пунктлари бош режаларининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан объектларни қуришга оид қисмини ижро этиш мақсадида, шунингдек қонунларда ва Президент қарорларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳолларда белгилаб қўйилган.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни очиқ электрон-онлайн танловларда беришда ҳам Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг роли катта. Хусусан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларидан самарали фойдаланиш, ҳудудларни ихтисослаштириш, бўш турган, захирадаги ва келгусида захирага олинадиган ер майдонларини қишлоқ хўжалиги корхонаси ёки деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун очиқ электрон танловга чиқариш бўйича лойиҳаларни кўриб чиқади ва тасдиқлайди.
Бугунги кунда ер муносабатларини тартибга солиш, ерларни ислоҳ қилиш, ерлардан самарали фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, ерларни ажратиш борасида ҳам халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар иштирокини таъминлаш, уларга тегишли ваколатлар бериш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқоридаги «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилиниши ер муносабатларини тартибга солишда катта бурилиш ясади.
Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига доир барча қарорларини қабул қилиш, ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон – «e-qaror» тизими орқали, автоматик равишда амалга оширилиши ҳамда ҳуқуқий экспертиза якуни бўйича ҳудудий Адлия органларининг ижобий хулосаси мавжудлиги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер муносабатларига доир ҳужжатларни қабул қилишнинг мажбурий шарти ҳисобланиши белгилаб қўйилди.
Фармон билан ўрнатилган тартиб ва қоидалар бўйича ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек ерларни ҳисобга олиш ва давлат ер кадастрини юритиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан амалдаги Ер кодексига ҳамда «Давлат ер кадастри тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Айниқса, ерга оид муносабатларни тартибга солиш ваколатли органлар – Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, давлат Солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, давлат Экология қўмитаси ва давлат Ўрмон хўжалиги қўмитасига берилганлиги ерларни ислоҳ қилиш, ер муносабатларини тартибга солиш, ерларни муҳофаза қилиш, ерларни ажратиш ва уларнинг ҳисобини юритишда муаммо ва тушунмовчиликларга барҳам беради.
Рисқул СИДДИҚОВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси
Тоза ичимлик сув ҳар бир хонадонга узлуксиз етиб бориши керак
🕔15:22, 23.07.2026
✔9
Ичимлик сув ва оқава сув хизматлари аҳоли саломатлиги, экологик барқарорлик ҳамда ҳудудларнинг барқарор ривожланишини таъминловчи стратегик соҳалардан бири ҳисобланади. Шу боис кейинги йилларда мазкур йўналишни такомиллаштириш давлат сиёсатининг устувор вазифалари қаторига қўйилди.
Батафсил
Бизни маҳв этаётган иллат
🕔13:22, 20.07.2026
✔67
Куни кеча Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мамлакатимиз ҳаёти, миллатимиз келажаги билан боғлиқ оғриқли бир маълумотни эълон қилди: Ўзбекистонда катта ёшли аҳолининг 64 фоизи ортиқча вазнга эга.
Батафсил
Озиқ-овқат исрофи ортидаги инсонийлик инқирози
🕔11:23, 30.06.2026
✔303
Кундалик харидлар учун супремаркетга кириб тураман. У ердаги бир ҳолат, сифати ёмонлашган мевалар, сабзавотларнинг ходимлар томонидан чиқиндига ташланаётганига кўп марта гувоҳ бўлганман.
Батафсил