«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилЮртимизда яшил ҳудудларни кенгайтиришдай истиқболли ва эзгу бир ташаббусга қадам қўйилди. Бу нафақат экологик барқарорлик, балки саноат ривожи учун ҳам катта аҳамият касб этади.
Галдаги вазифамиз эса, дарахтларни зарурат юзасидан мақсадли кесиш ишларини имкон қадар камайтиришга эришишдан иборатдир.
Нафақат юртимиз, балки бутун дунёда яшил ҳудудларни асраб-авайлаш, уларни сақлаб қолиш ва кўпайтириш ҳар бир давлатнинг иқлим шароитига бевосита таъсир кўрсатади. Гап бир кунда нобуд қилинадиган минг-минглаб дарахтлар ҳақида кетганида эса, масала янада жиддий тус олади. Борлиқ бир бутун организм ҳисобланар экан, унинг биргина зарраси ҳам экологик барқарорликка таъсир ўтказиши аҳамиятсиз қолдирилмаслиги керак.
Ўрмонларни емириб...
Қоғоз — бир қарашда оддийгина кўринган, арзон аммо кундалик ҳаётимизда муҳим аҳамиятга эга маҳсулот. Уйда, ишда, кўчада, савдода — хуллас, ҳар қадамда ундан фойдаланамиз. Нималарнидир муҳрлаймиз, дафтарга қоралама қиламиз, расм чизамиз, вазифаларни бажаришдан тортиб писта солишгача қоғоз ишлатамиз. Аслида унинг қиймати асрлар давомида сақласа арзирли китоблар каби беназир, лекин буни тушуниб-тушунмай уни исроф қиламиз. Кўчага ташлаймиз, йиртамиз, ёқамиз, хуллас, арзон дея истаганча қўллаймиз. Афсуски, ана шу қоғознинг яралиши ортидан қанчадан-қанча дарахтлар умри поёнига етиб кесилиши, ишлаб чиқариш учун энергия, сув, меҳнат сарфланиши ва буларнинг барчаси экологияга ўз таъсирини ўтказишини унутиб қўямиз.
Юртимиз катта миқдорда қоғоз маҳсулоти ишлаб чиқараётган давлатлар сафида эмас. Бизда эҳтиёжга яраша қоғоз маҳсулотлари хориждан сотиб олинади. Шундай бўлгач, қоғоз ишлаб чиқариш учун яшил ҳудудларни нобуд қилишда маҳаллий ҳудудларнинг реал улуши мавжуд эмас. Аммо дунё қоғоз саноатида биз фойдаланаётган маҳсулотнинг ҳам ҳиссаси ва таъсири бор, албатта.
Маълумотларга қараганда, дунёда ҳар йили 300 миллион тонна қоғоз ишлаб чиқарилади. АҚШ Атроф муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги хабарига кўра, одатда мактаб ёки офис муҳитида ишлатиладиган босма ва ёзиш қоғозлари, масалан, нусха кўчириш қоғози, компьютер босма қоғозлари ва блокнотлар қоғоз маҳсулоти истеъмоли ва полигон чиқиндиларининг энг катта тоифасини ташкил қилади. Дарҳақиқат, АҚШда сўнгги 20 йил ичида қоғоз истеъмоли 92 миллиондан 208 миллион тоннагача (126 фоизга) ошди. Охирги ўн йилликда ўртача америкалик бир инсон ишлатадиган қоғоз Осиёдаги 6 киши сарфлаган қоғоз миқдорига тенг келади. Аслида АҚШда дунё аҳолисининг 5 фоизга яқини яшайди, аммо дунёдаги қоғознинг 30 фоиздан кўпроғи ишлатилади. Америкада ҳар йили қоғоз ва қоғоз маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун тахминан 68 миллион дарахт сарф қилинади.
45 фоизи — чиқиндига
Ўртача офис ишчиси ҳар йили 10 минг варақ нусха кўчириш қоғозидан фойдаланади, бироқ ишлатилган қоғознинг 45 фоизи кун охиригача чиқиндига ташланади. Оддий ходим ўз вақтининг 30-40 фоизини ҳужжатлар хоналарида сақланадиган маълумотларни қидиришга сарфлайди. Бу эса рақамлаштиришга ўтишнинг нақадар оқилона йўл эканини англатади. Боиси ҳужжатларни электрон шаклда сақлаш қидиришни осонлаштиради, хатоликларни осонгина тузатиш имконини беради, керакли жойга зарурий ҳужжатни факс, электрон почта ёки бошқа электрон усулларда юбориш ва яна қайтиб олиш мумкин бўлади. Бу нафақат вақтни, балки қоғоз ва принтер сотиб олишга кетадиган харажатларни ҳам анчагина тежаши мумкин. Афсуски, бугун ҳамма жойда ва тизимда ҳам қоғоздан воз кеча олганимиз йўқ ва бунинг бадалини табиат тўламоқда.
Маълумотларга кўра, 8 дюйм диаметрли 45 футлик қарағай дарахтидан тахминан 10 минг варақ қоғоз ишлаб чиқарилади.
Сўнгги қирқ йил ичида глобал миқёсда қоғоздан фойдаланиш 400 фоизга ошгани ҳам ишлаб чиқаришни янада кучайтиришга сабаб бўлмоқда. АҚШда ўртача бир киши ҳар йили 700 фунтдан ортиқ қоғоз ишлатади. Бу дунё бўйлаб аҳоли жон бошига қоғоздан фойдаланиш бўйича энг юқори кўрсаткич ҳисобланади, бироқ қоғоз истеъмолида Хитой етакчилик қилади. Минтақалар бўйича жаҳон қоғоз истеъмоли харитасида ҳам буни кўриш мумкин.
Энергия истеъмоли
Талабни қондириш учун қоғоз ишлаб чиқариш ҳажми ҳозирда йилига 300 миллион тоннадан ошади. Қоғоз ва картон маълумотларини биргаликда кўриб чиқсак, бу рақам 400 миллиондан юқори. Бу эса кўплаб ўрмонлар, дарахтларнинг кесилиб кетишига сабаб бўлади. Шу билан бирга табиатга, атмосфера ҳавосига ҳам катта зарара етади, чиқиндилар миқдори ортади.
Қоғоз саноати энергиянинг бешинчи йирик истеъмолчиси бўлиб, дунёдаги барча энергия истеъмолининг 4 фоизини ташкил қилади. Бугунги кунда саноат ёғочининг тахминан 50 фоизи қоғоз ишлаб чиқаришга тўғри келади. Масалан, 2018 йилнинг ўзида дунё миқёсида 422 миллион тонна қоғоз маҳсулоти ишлаб чиқарилгани бунинг исботи. Бугун қоғоз маҳсулоти ҳақида гап кетганда газета, журнал, китоб, дафтар, чек қоғозларидан тортиб оддий салфетка ва ҳатто ҳожатхона қоғозигача инобатга олиш лозим. Боиси ушбу маҳсулотларнинг барчасида асос дарахт ёғочидир, фақат ишлаб чиқариш техникаси фарқли холос.
Дунёда ишлаб чиқариладиган қоғоз ва қоғоз маҳсулотларининг 55 фоизи ўраш ва қадоқлаш хизматига тўғри келади. Яна 26 фоизи нашр қилиш, чоп этиш ва ёзиш мақсадларида фойдаланилади.
Қоғоз ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида фойдаланиладиган маҳсулот бўлгани боис чиқинди сифатида ҳам жуда катта миқдорга эга. Чунки қайта ишлаш мумкин бўлган чиқиндилар орасида қоғоз алоҳида ўрин тутади. Биргина АҚШда қоғоз ишлаб чиқарувчилар ҳар куни ўн беш мил узунликдаги вагонларни тўлдириш учун етарли миқдорда қоғозни қайта ишлайди. Бу эса мамлакатда айнан қоғозни қайта ишлаш ва ундан фойдаланиш имконияти юқорилигидан далолат. Шу сабабли ҳам АҚШда қоғоз ишлаб чиқариш материалларининг учдан бир қисми қайта ишланган қоғоздан тайёрланади. 2017 йилда мамлакатда 44,2 миллион тонна қоғоз ва картон қайта ишланган. Бу 65,9 фоиз қайта ишлаш дегани. 2018 йилда эса қайта ишлаш даражаси 68,2 фоизни (46 миллион тонна) ташкил этди, бу 2017 йилга нисбатан 2,3 фоизга ва 2000 йилга нисбатан 25,4 фоизга юқори.
Қайта ишлаш — мақбул ечим
Шу ўринда қизиқ маълумот, дунё бўйлаб якшанба кунги газеталарни чиқариш учун 500 мингта дарахт кесилиши керак. Агар барча газеталар қайта ишланган қоғозда чоп этилса, 250 миллион дарахтни сақлаб қолиш мумкин экан. Буни яхши англаган австралияликлар газеталар нашрининг 40 фоизини қайта ишланган таркиб билан нашр қилади. Австралиянинг ягона ишлаб чиқарувчиси Norske Skog томонидан ишлаб чиқарилган газета қоғозининг тахминан 30 фоизи қайта ишланган маҳсулотдандир.
2017 йилда Буюк Британияда ишлатиладиган қоғоз ва картоннинг 79 фоизи ҳам айнан қайта ишланган маҳсулотдан бўлган. Европа Иттифоқидаги қоғозни қайта ишлаш даражаси ҳам ҳавас қилгудек, яъни у 71,5 фоизни ташкил қилади.
Журнал саноатида бир миллион тонна тоза толали қоғозни қайта ишланган қоғозга айлантириш (бу жуда катта сектор — биргина АҚШда ҳар йили тахминан 350 миллион журнал босилади) бутун йил давомида 248 минг машинани йўлдан олиб ташлаш билан тенгдир. Бир миллион тонна тоза толали қоғозни қайта ишланган қоғозга айлантириш эса, бутун йил давомида 216 минг уйни электр энергияси билан таъминлашга ва 15 мингдан ортиқ сузиш ҳавзасини сув билан тўлдиришга тенг.
Аслида қоғозни қайта ишлаш иссиқхона газларини 40 фоизга камайтиради. Қайта ишлаш қоғозни ишлаб чиқарганга қараганда 26 фоизгача камроқ энергия талаб қилади. Ҳар бир тонна қайта ишланган қоғоз одатда бир йил давомида уйни қувватлантириш учун етарли энергияни тежайди. Шунингдек, қоғозни қайта ишлаш 43 фоизга камроқ чиқинди сув ҳосил қилади ва бу сув ресурсларини тежаш ва оқилона фойдаланишга ёрдам беради ҳамда ҳаво ифлосланишини 73 фоизга камайтиради. Қайта ишланган газета ўртача 7 кун ичида яна газета сифатида инсон қўлига етиб боради.
Атмосферага таъсири
Қоғоз Канада ва АҚШдаги барча саноат тармоқлари орасида ҳаво, сув ва ерни ифлослантиришда учинчи ўринда туради. Боиси қоғоз саноати ҳар йили 100 миллион килограммдан ортиқ ифлослантирувчи заҳарли моддаларни атмосферага чиқаради. Шу сабабли АҚШ ва Канададаги қоғоз саноати нозик заррачалар, нафас олиш тизимининг шикастланиши ва жиддий соғлиқ муаммолари билан боғлиқ ҳаводаги зарраларнинг тахминан 10 фоизини ташкил қилади. Бундан ташқари қоғоз ишлаб чиқариш кислотали ёмғирга ҳисса қўшадиган азот оксиди, олтингугурт оксиди ва иқлим ўзгаришига таъсир кўрсатадиган иссиқхона гази бўлган карбонат ангидрид миқдорини оширади. Айнан қоғоз саноати 2015 йилда чиқарилган глобал ифлослантирувчи моддаларнинг 5 фоизини ташкил қилган.
АҚШда қоғоз ишлаб чиқариш чиқиндиларининг 66 фоизи ҳавога, 10 фоизи сувга ва 24 фоизи чиқиндихоналарга ташланади. Шу билан бирга, АҚШда ҳар йили тахминан 1 миллиард дарахт қийматидаги қоғоз чиқиндига чиқарилади. Аслида глобал миқёсда ҳар йили дунёда 15 миллиардга яқин дарахт кесилади ва бу дарахтлардан ишлаб чиқарилган қоғознинг катта қисми китоб ва дарсликларга айланади. Тахминан 18 миллион гектар ўрмон ҳар йили қоғоз ишлаб чиқариш учун йўқолади. Бу ҳар дақиқада 20 та футбол майдонига тенг ҳудуддир. Буюк Британияда эса қоғозга бўлган йиллик талабни қондириш учун бутун Уелснинг ўлчамидаги ўрмон керак бўлади.
Тежамкорлик эҳтиёжи
Ана шундай қоғоз истеъмолининг атроф муҳитга салбий таъсири олдини олишнинг энг яхши усули қоғоздан оқилона ва унумли фойдаланиш, унинг исрофига йўл қўймасликдир. Бироқ, бу қоғоздан фойдаланишни бутунлай тўхтатиш керак дегани эмас. Аслида, зарурият бўлмаса қоғоздан фойдаланмаслик маъқул. Имкон қадар уни қайта ишлатиш, ташлаб юборишга шошилмаслик лозим. Масалан, иш ҳужжатларини имкон қадар электрон тизимга ўтказиш, шунингдек, маълумотларни қоғозга чоп этишда варақнинг иккала томонига ҳам босиб чиқариш тежамкорлик белгиси. Бу қоғоз хариди учун ортиқча пул сарфлашни ва қоғоздан фойдаланишни 50 фоизга камайтиради. Шунингдек, қоғознинг юпқароғини танлаш ҳам истеъмол харажатини 20 фоизгача тежашга ёрдам беради. Қолаверса, чоп этилаётган маълумот устидан аввал қайта-қайта текшириб чиқиш хато қилиш ва оворагарчилик, қайта нашр қилишнинг олдини олади.
Қоғозни қайта ишлатишнинг кўплаб усуллари мавжуд, масалан, эски қоғоз билан ишлов бериш, эски қоғоздан (янги қоғоз ўрнига) иложи борича уй ёки офис эҳтиёжлари учун ва бошқа шунга ўхшаш нарсаларда фойдаланиш. Бу ҳар сафар қоғоз билан бирор нарса қилиш керак бўлганда янги қоғоздан фойдаланмасликка ёрдам беради.
Экологик тоза қоғоз муқобилларидан фойдаланиш ҳам бу борада самарали ечим бўла олади. Қоғоз ишлаб чиқариш компаниялари аллақачон бамбук, пахта ва бошқа ўсимликлардан тайёрланган экологик тоза маҳсулот ишлаб чиқаради. Стационар, китоблар, плакатлар ва қадоқлаш учун юқори зичликли полиэтилен билан боғланган калций карбонатдан тайёрланган «тош қоғоз» ҳам мавжуд. Масалан, япониялик ишлаб чиқарувчи Тей Жин қайта ишланган пластмассадан сув ўтказмайдиган қоғоз яратган. Ихтисослашган ишлаб чиқарувчилар, шунингдек, манго барглари, банан дарахтининг чиқинди пўстлоғи, сомон, кокос, канопдан ҳам қоғоз тайёрлашлари мумкин ва бу ўрмонлар кесилишини оз бўлса-да камайтиришга хизмат қилади.
Қоғоз чиқиндиларининг яна бир ечими ҳар бир кесилган дарахт ўрнига тўртта тез ўсадиган кўчат экишдир. Бу ҳам экологик таҳдидни сезиларли даражада камайтириши мумкин. Бизда бошланган яшил ҳудудларни кенгайтириш ташаббуси айни шу мақсадга йўналтирилган. Келажакда бизда ҳам катта-катта ўрмонлар барпо этилиб, Ўзбекистон қоғоз саноатида ҳам дунёда ўзига хос мавқега эга бўлса, ажаб эмас.
Ноилахон АҲАДОВА,
«Оила ва табиат» мухбири
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил