Оила жамиятнинг бошланғич бўғини, элнинг гўзал урф-одатлари ва қадриятларини ўзида асровчи муқаддас мўъжаз маскандир. Эзгуликлар оиладан бошланади, ундан маҳаллага кўчади, жамиятга кириб боради.
Инсон ҳаёти оилада бошланади. У шу даргоҳда туғилади, ўсади, унади, вояга етади. Бу ерда у шахс сифатида шаклланади. Оилалар меҳр-муҳаббат, ҳурмат ва ҳамжиҳатлик манбаи сифатида етук жамиятни барпо этади.
Оила жамиятнинг асосий бўғини, инсоний қадриятлар, маданият ва авлодларнинг тарихий давомийлиги, барқарорлик ҳамда ривожланиш омили бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда.
Халқимиз азалдан оилани муқаддас, муборак даргоҳ сифатида эъзозлаган, бу қўрғонга завол етмаслиги учун бор имконини сафарбар қилган. Зеро, оилани бошқариш, фарзандларни халққа, ватанга муносиб авлод қилиб етиштириш – масъулиятли вазифа. Буни ўз зиммасидаги бурчи деб билиб, уни бажаришга ўзини масъул ҳисоблайдиган инсонлар бор экан, оила муқаддас саналаверади.
Аммо жаҳоннинг ҳамма давлатларида ҳам оилага муносабат бир хил деб бўлмайди. Оилавий қадриятларга риоя қилинмаслиги бора-бора оила қўрғонининг таназзулига сабаб бўлади. Инсон ота-она, фарзанд, эр ё хотин, ака-ука, опа-сингил ва бошқа қариндошлар билан боғлиқ алоқаларни узар экан, нафақат оила деб аталган муқаддас қўрғон, балки ўзининг инсоний қиёфасини ҳам йўқота боради. Бу эса, ҳатто инсондан бошқа жонзотларга ҳам хос бўлмаган ўта зарарли хусусиятдир.
Бунинг зарарини башарият ўз бошидан кечириб, ҳис қилиб яшамоқда.
Оила барбод бўлса, инсон ҳам йўқликка юз тута бошлайди, инсоният ҳам. Шуни чуқур мулоҳаза қилган ҳолда БМТ Бош Ассамблеясининг 1993 йил 20 сентябрдаги ялпи йиғилиши оила билан боғлиқ муносабатларга алоҳида аҳамият қаратилиши муҳим, деган қарорга келди. Ундаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар тан олиниши, қадриятлар асраб-авайланиши зарурлигига халқаро миқёсда эътибор қаратилди. Мазкур йиғилиш қарорига кўра, 1994 йилдан бошлаб 15 май – Халқаро оила куни деб белгиланди. Шу тариқа бир неча давлатларнинг оилаларида мавжуд бўлган муаммоларга ечим топиш кун тартибига қўйилди. Оилалар ўртасида фуқароларга таъсир этувчи ижтимоий-иқтисодий ва демографик жараёнларни таҳлил қилишга имконият яратиш муҳим ҳисобланди. Бундан асосий максад дунё жамоатчилигини оиладаги муаммоларни бартараф этиш ва оила қадриятларини мустаҳкамлашга қаратиш бўлди.
Оилада инсонийлик, маданий ва маънавий қадриятлар, миллий менталитет, этник урф-одатлар, авлодларнинг ўзаро азалий боғлиқлиги ва тарихий чамбарчаслиги, барқарорлик ҳамда ривожланиш омили қарор топади. Оиланинг муқаддас ҳисобланишида давлат тобора мустаҳкамланиб, ривожланади ва халқнинг турмуш фаровонлиги ижобий томонлама ортиб боради. Ҳар доим мамлакатнинг ривожланиши, оиланинг жамият ва давлат олдидаги мавқеига қараб белгиланган.
Афсуски, баъзан бу борада билим, тажриба ва тарбиянинг етарли бўлмагани туфайли кўпроқ ёшлар ўртасида ажрашиш ҳолатлари учраб туради. Арзимаган баҳонани сабаб қилиб оилалар бузилиб, норасида фарзандлар тирик етим бўлиб қолмокда. Аёл оқила, фозила, жонкуяр, ҳар нарсада эр қадрини юксак қўядиган; эр босиқ, жиддий, меҳрибон, фарзандлари, аҳли аёлига жонкуяр бўлса, улар ўртасида доимий меҳр-оқибат ҳукмронлик қилса, оила муқаддаслигини кўз қорачиғидек сақлаш мумкин.
Оила бутун дунёда камёб қадриятлардан бири бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги «Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига кўра, бу сана бизда ҳам «Халқаро оила куни» сифатида кенг нишонланиб келиняпти.
Сўнгги йилларда оилавий ажрашишларнинг ортаётгани ҳаммамиз учун аянчлидир. Бу далил биргина оилани бус-бутун сақлаб қолишда ҳали анча ишлар қилиниши зарурлигини билдиради.
Зеро, давлат ва нодавлат ташкилотларининг биргаликдаги фаолияти доимо оилалар ва ундаги муҳитни янада соғлом ва барқарор бўлишига йўналтирилган. Бу борада эришилаётган ютуқлар ёки йўл қўйилаётган камчиликлардан қатъи назар оила халқимиз учун ҳамиша муқаддас даргоҳ, келажагимиз камол топадиган қадриятларимиз бешиги, миллий ва тарихий эзгу анъаналаримиз давомийлиги учун муборак бир нажот қўрғони бўлиб қолаверади.
Камолиддин ШАМС
Фақат оила эмас, ҳаёт қуришга ёшлар тайёрми?
🕔07:32, 04.08.2025
✔126
Бугун Ўзбекистонда ижтимоий ҳаётда юз бераётган ўзгаришлар, глобаллашув, рақамлашув, урф-одат ва анъаналарнинг трансформацияси ҳамда ёшлар онгида шаклланаётган янги қадриятлар фонида оила институтининг мустаҳкамлиги масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда.
Батафсил
Фаровонлик нима?
🕔12:10, 15.05.2025
✔184
Унинг мезони эрталабки бадантарбия, кун бўйи саломат юриш, кам овқатланишга одатланиш, оила билан саёҳатга чиқиш, китоб мутолаа қилиш, кутубхонага бориш, дорихона-ю шифохонага мурожаат қилмаслик, тўй-маъракаларни камхарж ўтказиш кабилар билан ўлчанса ажабмас.
Батафсил
Тарғибот юқори даражада, лекин зўравонлик икки баробар ошган
🕔15:59, 12.12.2024
✔371
Зўравонликка учраганлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича ташкил этилган ишонч телефонига қилинган мурожаатлар сони ноябрь ойида октябрга нисбатан икки баробар ошгани қайд этилди.
Батафсил