Ер юзидаги биологик хилма-хиллик тирик мавжудот яшаши учун энг муҳим омиллардан ҳисобланади. Ўсимлик ва ҳайвонот дунёсисиз инсон ҳаётини тасаввур қилиб бўлмайди.
Минг афсуски, бугун табиат неъматларидан нооқилона фойдаланиш, уни муҳофаза қилмаслик оқибатида биологик хилма-хиллик кундан-кунга ёмонлашиб бормоқда. Бу эса инсоният учун жиддий хавф саналади. Негаки, биохилма-хилликнинг йўқолиб бориш суръати ўсиши ўз навбатида экологик мувозанат издан чиқишига сабаб бўлмоқда. Шу боис мамлакатимизда бу масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 июндаги қарори билан 2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида биологик хилма-хилликни сақлаш стратегиясининг тасдиқланиши фикримизнинг яққол тасдиғидир.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси 1995 йилдан халқаро конвенцияга қўшилган. Ушбу конвенцияда учта асосий мақсад кўрсатилган бўлиб, булар — биологик хилма-хилликни сақлаш, унинг таркибий қисмларидан уларга зарар етказмаган ҳолда фойдаланиш ҳамда манфаатларни ҳаққоний ва тенг тақсимлашдир. Халқаро биологик хилма-хиллик кунининг асосий мақсади флора ва фауна вакилларининг йўқолиб кетиш муаммосига жамоатчилик эътиборини қаратишдан иборатдир. Жадал тараққиёт сари одимлаётган ҳаётда табиатга бўлган салбий таъсирлар соат сайин ортиб бормоқдаки, жамоатчилик назорати орқалигина бундай таъсирларни камайтириш мумкин холос.
Флора ва фауна қисқараётгани оқибатида Ер курраси ҳимояга ўта муҳтож бўлиб қолмоқда. Биологик хилма-хиллик биосферани шакллантиради. Маълумки, биосферада бошқа биологик турлар билан бир қаторда инсон ҳам истиқомат қилади. Биосферанинг яшовчанлиги, шу билан бирга, биологик хилма-хиллик даражаси мавжудлиги кўпроқ инсон фаолиятига боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, табиатга нисбатан нохолис муносабат, антропоген омиллар натижасида 1600 йилдан ҳозирги кунгача, 484 турдан кўпроқ ҳайвон ва 654 турдан кўпроқ ўсимлик йўқолиб кетган.
Ҳозирда ҳар куни 10 турдаги ҳайвон ҳар ҳафтада бир турдаги ўсимлик йўқолиб бормоқда.
Бир тур ўсимликнинг йўқолиши тахминан 30 турдаги ҳашарот ва юмалоқ чувалчангларнинг йўқолишига олиб келади.
Биологик хилма-хиллик – муайян яшаш муҳитидаги табиий келиб чиққан турли организмлар мажмуаси. Биологик хилма-хиллик жаҳондаги ҳар бир мамлакат учун ҳаётий муҳим манба ҳисобланади. Уни ҳимоялаш ва асраб-авайлаш келажак авлодлар ва курраи заминдаги ҳаёт барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
22 май – Халқаро биологик хилма-хилликни асраш кунига бағишланган тадбирлар мамлакатимиз пойтахтидан тортиб барча вилоятлар, туманлар ва чекка-чекка маҳаллаларда жуда кўтаринки руҳда ўтказилмоқда. Жумладан, Боғот туманининг маданият ва истироҳат боғларида, мафтункор табиат бағрида, барча маҳаллаларда атроф муҳит ва инсонлар саломатлигини мустаҳкамлашда катта аҳамият касб этадиган сана кенг нишонланмоқда. Айниқса, ана шундай тадбирлар туманнинг «Узумзор» шаҳарчаси, «Юксалиш», «Саҳоват», «Найман» ва «Тўпчи» маҳаллаларида «Инсон ва табиат», «Табиатни асраш – келажакни асрашдир!», «Биз келажак учун жавобгармиз» ва «Соғлом муҳит – инсон саломатлиги» каби мавзулардаги давра суҳбатлари ва кўргазмали чиқишлар намойиш қилинди.
Улуғбек ИБРОҲИМОВ,
Ўзбекистон Экологик партияси
Боғот туман кенгаши раиси
Табиатни асраш йўлида жиддий қарор: камёб ҳайвонларни овлаш тақиқланади
🕔13:30, 20.07.2026
✔43
Табиат – инсонга мерос эмас, балки келажак авлодлардан олинган омонат. Шу боис биологик хилма-хилликни сақлаш, йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвонот турларини муҳофаза қилиш ҳар бир давлатнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Батафсил
Ўзбекистон Экологик партияси: Пойтахт «яшил бекатлар»га муҳтож
🕔13:23, 20.07.2026
✔40
Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракатини яхшилаш, тирбандликларни камайтириш ва автобуслар ҳаракатини тезлаштириш мақсадида алоҳида BRT йўлакларининг ташкил этилгани муҳим ва ижобий қадам бўлди. Йўловчилар ҳам ушбу янгиликни илиқ кутиб олмоқда.
Батафсил
Сайёрамизда ҳаётни сақлаб қолишнинг шарти битта
🕔13:19, 20.07.2026
✔36
Тонг нафаси ҳали тоза бўлган паллада дарахтлар орасидан эсаётган майин шамол инсон қалбига таскин беради. Қушларнинг сайраши, мусаффо осмон остидаги осойишталик – ҳаётнинг энг буюк неъматларидан.
Батафсил