«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилКуни кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган, Косонсой туманида вояга етмаган бола иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси тасвирлари кўпчиликни ларзага солди.
Ҳодиса 20 май куни Косонсой тумани, «Кушон» МФЙ, Ҳуррият кўчасида бўлган. Энг даҳшати, 2008 йилда туғилган, вояга етмаган бола (тумандаги 5-сонли мактабнинг 7-синф ўқувчиси) «Ваз-2106» русумли автомобилда ҳаракатланаётиб, бошқарувни йўқотиши оқибатида йўлнинг ўнг четида кетаётган пиёда, 2008 йилда туғилган болани уриб юборган. Ҳодиса оқибатида 14 ёшли ўспирин шифохонада вафот этган. Нақадар аянчли...
Ўтган йили эса Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида йўлдан ўтаётган 1-синф ўқувчисини автомобиль уриб юборгани ва боланинг шифохонада вафот этгани кўплаб ота-оналар ва жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган эди. Ҳа, сўнгги йилларда болаларнинг автомобиль йўлларидан ўтиш чоғида, йўлда, транспорт воситасида кетаётганида турли автоҳалокатлар оқибатида жабрланиши, жароҳатланиши ва... қурбон бўлиши камаймаяпти.
Йўлдаги чексиз хавф, ечим эса бир хил эмас
Аслида бу каби ҳолатлар бир эмас бир неча ўнлаб, юзлаб топилади. Шу сабабли ҳам ота-оналар фарзанди кўчага чиққанидан то уйга қайтгунига қадар юрак ҳовучлаб ўтиради. Қўлига телефон бериб ҳар қадамда «Қаердасан? Нима қиляпсан?» дея сўраб туришга ҳаракат қилади. Гарчи қўл телефони болаларнинг таълим олишига ҳалал берса ҳам, уларнинг хавфсиз ва соғ-омонлигини билиб юриш учун шунга мажбур бўлишмоқда. Афсуски қуйидаги рақамлар ота-оналарнинг ана шундай сергак туришга мажбурлигини кўрсатмоқда.
Жорий йилнинг дастлабки уч ойида 1469 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган бўлиб, улардан 204 таси болалар иштирокида содир бўлган. 39 та ҳолатда эса бу машъум воқеа болаларнинг ўлимига сабаб бўлган. Ачинарлиси қурбонларнинг аксариятини ўсмирлар ташкил қилмоқда.
Аслида бу муаммо биргина юртимизда эмас, балки бутун дунёда мавжудлиги айни ҳақиқат. Биргина автоҳалокат ортидан ҳар йили минглаб болалар ҳаётдан бевақт кўз юмади, минглаб ёшлар ногирон бўлиб қолади. Миллионлаб ота-оналар бағри доғланади, кўзи ёшланади. Шу сабабли дунё ҳамжамиятида болалар ҳимояси, саломатлиги ва хавфсизлигига масъул ташкилот – ЮНИСЕФ ҳам бу масалага эътибор қаратиб, аъзо давлатларни имкон қадар автоҳалокатларга сабаб бўлувчи ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўришга ундамоқда.
«Йўл-транспорт ҳодисалари бутун дунё бўйлаб болалар ва ёшлар саломатлиги борасидаги жиддий муаммо ҳамда ўлим, жароҳатлар ва ногиронликнинг асосий сабаби бўлиб қолмоқда. Ҳар куни дунёда уч мингга яқин болалар ва ёшлар йўлларда ҳалок бўлади ёки оғир жароҳатлар олади. Бу ўлимларнинг олдини олиш мумкин, бунинг учун огоҳлик чораларини қўллаш зарур», – дейди ЮНИCEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир МАМЕДЗОДА.
Аслида бундай йўл-транспорт ҳодисаларига нималар сабаб бўлмоқда? Тизимда қандай камчиликлар борки, уларни бартараф этмас эканмиз автоҳалокатлардан болаларни асрай олмаймиз?
Маълум бўлишича, юртимизда йўл-транспорт ҳодисаларининг энг кўп учрайдиган сабаби – бу пиёдалар ўтиш жойининг йўқлиги бўлиб, йил бошидан бери 804 ҳолат қайд этилган. Бундан ташқари ҳайдовчиларнинг гўёки пойга ўйнагандек, ўзларини йўл қироллари каби ҳис қилиб ёки кеч қолаётгани баҳонаси билан тезликни ошириши оқибатида ҳам кўплаб (455 та) автоҳалокатлар кузатилмоқда. Афсуски бу сабаблар орасига зарур йўл инфратузилмасининг йўқлигини (250 та) ҳамда йўл ҳаракати қоидаларига ҳайдовчи ва пиёдаларнинг риоя қилмаслигини (110 та) ҳам киритишга мажбурмиз.
Сабаблар ўрганилган экан, демак улар таҳлили ортидан ечими ҳам ишлаб чиқилиши керак аслида. Хўш, бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири бошчилигида Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича Республика махсус комиссияси тузилди, – дейди республика Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Олим Саидов. – Барча ҳудудларда «Йўл ҳаракати интизоми болаликдан бошланади» шиори остида тадбирлар ўтказилмоқда. Аммо шуни унутмаслигимиз керакки, йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш фақат мутасадди шахслар ва идораларнигина масъулияти эмас. Бу умумий вазифамиз, бутун жамиятнинг оғриқли муаммоси.
Чиндан ҳам ўтган давр мобайнида мактаблар яқинида «Юқори тезлик чекланган» йўл белгиси ўрнатилиши тартибга солина бошланди, айрим ҳудудларда онлайн тарзда ишловчи фоторадар қурилмаси ҳам ўрнатилди. Пиёдалар йўлаги чизиқлари ва йўл белгилари янгиланишига эътибор қаратила бошланди. Аммо бу билан муаммолар ҳамон барҳам топгани ёхуд камайганича йўқ.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, айрим мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб, оқилона сармоя эвазига йўл-транспорт ҳодисаларининг тўлиқ олдини олиш мумкин.
Аввало, болалар ўлимини сезиларли даражада камайтиришга кўмаклашишда йўл ҳаракатининг барча қатнашчилари, жумладан, ўсмирлар ва ёшлар учун қонунлар ижросини таъминлайдиган миллий қонунчилик ва сиёсатни мустаҳкамлаш, инфратузилма ва автоҳалокатдан кейинги хизматларни яхшилаш, мактаб ҳудудида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар тизимини ишлаб чиқиш лозим. Бундан ташқари янги ҳайдовчиларга ҳайдовчилик гувоҳномаларини беришнинг ишончли тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, мактаб ўқувчилари учун йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, аҳоли хабардорлигини оширишнинг самарали тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, фуқаролик жамияти ташкилотларини қўллаб-қувватлаш каби масалалар ҳам ушбу рўйхатдан ўрин олган.
Муаммо шу билан барҳам топадими?
Аслида мактабларда йўл-ҳаракати қоидалари ўқитилади, ўқув-қўлланма ҳам мавжуд эди. Ёки ҳозир бу дарс ўтилмай қўйганми? Муаммонинг илдизи шунга бориб тақаладики, биз ҳар доим ҳам ҳақиқий муаммони тан олмаймиз, асл ечимни топа олмаймиз ёки билсак-да тўлиқ бажармаймиз. Жумладан, ҳар бир мактаб яқинида пиёдалар ўтиш йўлаги бўлиши шарт. Керак бўлса, транспорт қатнови юқори бўлган ҳудудларга махсус светофорлар ўрнатиш лозим. Тунда ва тонгда йўлларнинг яхши ёритилган бўлишига эътибор қаратиш зарур. Мактаблар яқинида эса албатта тезликни чекловчи белги бўлиши керак.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига таянадиган бўлсак, 30 км. тезликда автомобиль йўловчига урилганда, кўп ҳолларда пиёда омон қолади. ЖССТ пиёдалар ва транспорт воситаларининг тўқнашуви натижасида ўлимга олиб келадиган жароҳатларнинг олдини олиш эҳтимолини кўрсатадиган қуйидаги маълумотларни келтиради:
60 км/соатдан юқори тезликда ўлим хавфи – 95 фоиз;
50 км/соат тезликда – 80 фоизгача камаяди;
40 км/соат тезликда – 38-40 фоиз;
30 км/соат тезликда эса 10-13 фоизгача камаяди.
Бу дегани мактаблар яқинида ҳаракат тезлиги 30 км. тезликдан ошмаслиги назоратга олиниши лозим. Болаларни ўзига чорлайдиган даргоҳ бу мактабдир. Эҳтимол шу боисдан асосий йўл-транспорт ҳодисалари мактаб ўқувчилари орасида содир бўлар. Нима бўлганда ҳам болалар хавфсизлигини таъминлаш, юрт келажагига дахлдор масала. Зеро, ёшлар шу мамлакатнинг келажаги, эртасидир. Бу эса уларнинг соғ-саломат мактабга бориб, билим олишини таъминлашнинг нақадар долзарб эканлигини кўрсатади.
Хорижда қандай ҳал этилади?
Хорижнинг кўплаб давлатларида мактабларга махсус мактаб автобуслари орқали борилади. Автобус болаларни уйининг эшиги олдидан олиб, мактабгача элтиб қўяди ва аксинча қайтишда ҳам уйининг эшиги олдигача олиб келади. Бу эса ота-оналарни «Фарзандим қаерда экан? Мактабга етиб бордими? Йўлдамикан? Нега кеч қолди?» каби хавотирлардан йироқлаштиради.
Тарихга назар солсак, илк мактаб транспорти ХIХ асрнинг биринчи ярмида Лондон шимоли-шарқидаги Квакер мактабида пайдо бўлган. У отли аравача кўринишида бўлиб, аравага жуда кам сонли одам сиғар ва уни оддий аҳолининг чўнтаги кўтармас эди. Шунинг учун фақат бой ва таниқли оилаларнинг болалари мактабга аравада бориш имкониятига эга бўлган. Қўшма штатлардаги сариқ мактаб автобуси фақатгина ХХ асрнинг 30-йилларида пайдо бўлган. Унинг ўриндиқлари ораси жуда торлигидан уларнинг орасидан катталар ўта олмасди. Секин-аста автобус моделлари тобора такомиллашиб, ҳозирги кўринишга эга бўлди.
Айни пайтда АҚШдаги автобусларнинг ярмидан кўпи мактаб автобуслари бўлиб, улар мамлакатнинг рамзига айланган.
Япония мактаб автобуслари амал қиладиган яна бир давлатдир. Болаларни ўзига жалб қилиш ва ажралиб туриш мақсадида мактаб автобуслари қизиқарли ва ғайриоддий кўринишда, масалан япон болалари яхши кўрадиган мультфильм қаҳрамонлари услубида яратилган.
Россия, Беларус, Украина ҳамда Қозоғистонда жамоат транспортидан фойдаланиш имконига эга бўлмаган ва олис ҳудудда жойлашган аҳоли пунктлари ёки автомобиллар кўп ва серҳаракат бўлган ҳудудлардан ўтиб борадиган ўқувчиларни мактабларга элтиб қўйиш учун мактаб автобусларидан фойдаланилади. Бу орқали қишлоқ болаларининг кимсасиз жойлардан ўқув муассасаларига қийинчиликсиз етиб боришлари таъминланади. Шаҳар мактаблари турар-жой мавзеларига яқин жойда жойлашган бўлиб, мактаб ўқувчилари учун автобуслар фақат экскурсиялар ёки тадбирларга сафар қилиш учун керак.
Юртимизда бу мавзу 2018 йилнинг 2 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида, халқ таълими тизимини янада ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда кўтарилган эди. Унга кўра, 2019 йилнинг 1 январигача мактаб автобуслари билан тизимли таъминлаш бўйича кўрсатмалар ҳам берилган эди. Ўша йиғилишидан бироз ўтиб, яъни 2018 йилнинг ноябрь ойида Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизматининг ОАВларга берган баёнотига кўра, асосий мактаб ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлмаган жойларда, ўқувчиларнинг асосий мактабга боришлари учун автобус хизматлари йўлга қўйилиши масаласи ўрганиб чиқилиши кераклиги, бу ташаббус қишлоқ болаларининг яхши шароитларда ўқишини таъминлаши, ўқувчиларнинг узоғини яқин қилиши таъкидланган. Орадан шунча вақт ўтди, бироқ бу мавзу ҳамон сўроқ остида қолди. Аммо мактабгача таълим вазирлиги томонидан ташкил қилинган саноқлигина сариқ «Ақлвой» автобуслари вилоятлардаги чекка ҳудудлар болалари учун кўчма боғча вазифасини бажариб келмоқда.
Ўқув йили якунига етган паллада биз мактаб автобуси ташкил қилиниши керак демоқчи эмасмиз. Бироқ ёзги таътил давомида бу масалага эътибор қатарилиши тарафдоримиз. Ота-оналарга ўзи олиб келиб, олиб кетсин дея, ёки устозларга йўл-ҳаракати қоидаларини мутахассисларни олиб келиб ўтсин, яхши ўргатсин дея, ёки бўлмаса ҳайдовчиларга ҳушёр бўлсин, деб масъулиятни ташлаганимиз билан асл муаммо ҳал бўлмайди.
Муҳими, ҳар бир ташкилот, ҳар бир ходим, умуман шу жараён иштирокчиларининг барчаси ўз ишини, вазифасини билиб бажарса бундай сансоларлик қилишга эҳтиёж ҳам қолмайди. Энг муҳими, жондан азиз фарзандларимизни кўчага чиқараётганда оз бўлсада кўнглимизда ҳаловат бўлади. Муаммо эса чиндан ҳам жуда ўткир ва долзарб эканини тегишли мутасаддиларга яна бир бор эслатиб қўймоқдамиз холос.
Ноилахон АҲАДОВА,
«Оила ва табиат» мухбири
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил