Долзарб мавзу      Бош саҳифа

10 ойда 1964 тa ЎЛИМ

ёхуд энг хавфли касалликларни ҳам ортда қолдираётган йўл-транспорт ҳодисалари

10 ойда  1964 тa ЎЛИМ

Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мамлакатимизда аллақачон энг долзарб вазифалардан бирига айланиб улгурган. Чунки, содир бўлаётган автоҳалокатлар оқибатида юзлаб инсонлар, жумладан, қанча-қанча ёш болалар ҳаётдан бевақт кўз юммоқда, қурбон бўлмоқда.

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг маълумот беришича, биргина ўтган йилнинг ўзида Республика бўйлаб жами 10 мингдан зиёд йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган, бунинг оқибатида 9 мингдан ортиқ инсон жароҳатланган ва 2426 нафар инсон ҳалок бўлган. Жорий йилнинг 4 ойи давомида Фарғона вилоятида 357 та, Тошкент шаҳрида 284 та, Тошкент вилоятида 277 та, Наманган вилоятида эса 262 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Бу рақамларни шунчаки тилга олиш қийин.

Хўш, нима учун юқоридаги рақамлар тобора ўсиб бормоқда? Нега ЙТҲ ва уларда қурбон бўлаётганлар сони камаймаяпти?

Айб ҳайдовчилардами ёки пиёдаларда? Балки йўллардадир?..

Ўзбекистон Президенти ҳузурида жорий йил январь ойида ўтказилган видеоселектор йиғилишида йўлларда хавфсиз ҳаракатланиш учун шароитлар яратиш, авария ва ўлим ҳолатларини кескин қисқартириш, бунинг учун ҳаракатларни бошқаришни тўлиқ рақамлаштириш зарурлиги алоҳида таъкидланган эди. Тегишли мутасаддиларга бу борада зарур топшириқлар берилган эди. Аммо бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ва натижаси ҳамон долзарблигича қолмоқда.

Йўл-транспорт ҳодисаларининг 1782 таси йўл-ҳаракатини нотўғри ташкил этиш ёки йўллардаги носозликлар туфайли рўй берган бўлса, 1705 та ҳолатда пиёдалар ўтиш жойи бўлмаганлиги сабабли пиёдаларнинг белгиланмаган жойдан йўлни кесиб ўтгани, 1221 та йўл-транспорт ҳодисаси эса тезликни меъёридан ошириб ҳаракатланганлиги сабабли содир бўлган, – дейди ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати етакчи мутахассиси Азизхон МУРОДОВ. – Маълумотлардан шуни кўриш мумкинки, ҳодисаларнинг 7,6 фоизи, яъни 584 таси пиёдалар ўтиш жойларида содир бўлган. ЙТҲларининг 7479 тасини эркак ҳайдовчилар содир этган бўлса, 202 таси аёл ҳайдовчилар ҳиссасига тўғри келмоқда. Ҳайдовчилар ёши кесимида, энг кўпи, яъни 1613 таси 23-27 ёшдаги ҳайдовчилар томонидан содир этилган бўлиб, 7681 та йўл-транспорт ҳодисасидан эса 4370 таси айни шу ёшдаги ҳайдовчилар томонидан содир этилгани рўйхатга олинган. Энг ачинарлиси, йўл-транспорт ҳодисаларидаги 3441 та ҳолат бевосита пиёдалар иштирокида содир бўлган бўлиб, бундан 1268 та ҳолатда ёш болалар ҳодиса иштирокчисига айланган.

Бу рақамлар шунчаки статистика бўлиб кўриниши мумкин. Аммо уларнинг ҳар бири ортида кимнингдир ҳаётига якун ясаган, яна кимнидир бир умрга мажруҳ қилиб қўйган мудҳиш бир ҳодиса турганини тасаввур қилишнинг ўзи даҳшатли. Нега, ЙПХ ходимларининг жойларда ўтказаётган тарғиботларидан рул чамбарагини тутган ҳайдовчи ўзига керакли хулосани чиқармайди, деган саволга эса ҳамон аниқ жавоб йўқ.

Масъулият – йўл ҳаракатининг барча иштирокчиларига тегишли

– Кўп ҳолларда ҳайдовчиларнинг ҳаракат вақтида тезликни меъёрдан ошириши, қоидаларни менсимаслиги, эҳтиётсизлиги сабаб бўлаётган бўлса, айрим ҳолларда йўловчиларнинг ҳам бепарволиги сабаб бўлмоқда, – дейди ИИВ «Postda» – «На Посту» газеталари ва «Qalqon» – «Щит» журналлари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Бернора СОДИҚОВА. – Бу мудҳиш фалокатларга сабаб қилиб биргина соҳада етарли иш олиб борилмаётгани ёки қонунчиликни талаб даражасида эмаслигини кўрсатиш ўринсиз. Бунинг учун ҳайдовчидан тортиб, йўл ҳаракатининг барча иштирокчилари бирдек масъулиятни ошириши лозим. Айниқса йўловчи маданиятини ошириш мақсадга мувофиқ. Чунки аксарият ҳолларда ҳайдовчи масъулияти ҳақида гапирамиз-у пиёда масъулиятини унутиб қўямиз. Ваҳоланки, айрим ҳолларда пиёдалар ҳам кўнгилсиз ҳодисаларга сабабчи бўладилар. Маълумотларга қарайдиган бўлсак, йўл-транспорт ҳодисаларидан вафот этаётганлар сони бугунги кунда энг хавфли касалликлар туфайли ҳаётдан кўз юмаётганлар сонидан ҳам кўплиги жуда аянчли ҳолатдир.

ОАВ орқали тарғибот қанчалик наф беряпти?

Ушбу саволимизга Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси раиси Олимжон ЎСАРОВ шундай жавоб берди: «Йўл-транспорт ҳодисаларини кўпинча пиёдаларнинг белгиланмаган жойлардан йўлни кесиб ўтишлари келтириб чиқаряпти. Демак, биз шу борада телевидение радио ва газеталар орқали аҳолига тушунтириш-тарғибот ишларини кўпроқ олиб боришимиз керак.

Маълумотларга қарайдиган бўлсак, 1782 та йўл-транспорт ҳодисаси йўл ҳаракатини нотўғри ташкил этиш ёки йўллардаги носозликлар туфайли содир бўлган.

Шу ўринда биз журналистлар йўллардаги носозликлар ҳақида ҳам бонг уриб, матбуотда чиқишлар қилсак, масалага мутасадди ташкилотлар эътиборини кўпроқ қаратсак, ўйлайманки йўллардаги бахтсиз ҳодисалар камаяди. Тўғри, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан анчагина ишлар олиб борилмоқда. Лекин йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида ўтказилаётган тарғибот ишларининг ҳаммаси ҳам тўлалигича аҳолига етиб боряпти дея олмаймиз».

Дарҳақиқат, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида янги-янги қонунлар, меъёрий ҳужжатлар қабул қилинмоқда, янги жарима турлари жорий этилмоқда, жарималар ўсмоқда. Лекин нега ҳамон йўл-транспорт ҳодисалари сони юқорига қараб кетяпти? Энг аянчлиси ҳали дунё нималигини тўла англай олмаган ёшгина болаларнинг автоҳалокат қурбонига айланаётгани нега оғриқли нуқта сифатида қабул қилинмаяпти?..

Авваллари мактабда ўқиб юрган кезларимда «йўл ҳаракати хавфсизлиги» фани ҳафтасига 3-4 соатдан ўтиларди. Йўл-ҳаракатига оид турли хил китоблар бўларди. Биз ўша китоблар орқали йўлларда қандай ҳаракат қилишни ўрганардик. Бугун эса мактабларнинг деярли 90 фои­зида «Йўл ҳаракати хавфсизлиги» фани ўтилмайди ва шу фандан дарс берадиган ўқитувчилар ҳам қолмагандек назаримда. Биз ўсиб келаётган ёш авлоднинг йўл ҳаракати борасидаги билимини ёшлигиданоқ оширмас эканмиз юқоридаги рақамлар ўсса ўсадики зинҳор камаймайди.

Мансурбек ЖАББОРОВ,

«Оила ва табиат» мухбири




Ўхшаш мақолалар

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»

🕔17:40, 29.08.2025 ✔82

Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.

Батафсил
Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

Абдурауф Фитрат: «Ичимлик сув ва ҳаво сифати – миллат саломатлигининг асоси»

🕔09:02, 25.08.2025 ✔58

Абдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.

Батафсил
Кучли  Кенгаш,    ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким

🕔16:53, 14.08.2025 ✔76

Энди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар