Ҳавзаларни тўлдириб оқиб турган зилол сувнинг ҳар қатраси тиллодан-да қиммат. Айниқса, ҳаво ҳарорати кўтарилган сари сувнинг қадр-қиймати яна-да ортиб боради.
													
												Аммо энг муҳим паллада ҳам оқар сувга одамларнинг ғайриинсоний муносабати ҳар бир ақл эгасини жиддий мулоҳазага чорлаши зарур.  
Турли манфаатлар тақозосига кўра инсон қўли билан бунёд этилган очиқ сув ҳавзалари бугун айрим кимсаларнинг шуурсиз ҳаракатлари таъсирида экологик хатарли ҳолатга тушиб бормоқда. Улар сувининг ифлосланиб кетаётгани кўпчиликни жиддий ташвишга солмоқда. 
Ёши катталар бундан эллик-олтмиш йил олдин канал ва анҳорлар сувига нон ботириб еганларини кўп эслашади. Ҳозир эса бунга кўпчилик ишонолмаслиги ҳам бор гап.
Бугун каналларда сув таркиби шу қадар ифлоски, Ўзгидрометнинг шу кунлардаги хабарида айтилган, Бўзсув каналидан ажралиб чиққан Салар, Қорасув, Кайковус ва Анҳор каналлари сувлари таркибида ифлосланиш даражаси кўрсатгичларидан ҳам буни билиш мумкин. Айниқса, Салар ва Қорасув каналларида сув таркиби жуда кучли ифлосланган. 22 июнь ҳолатига кўра бу икки каналдаги ифлосланиш даражаси 15 июндаги ҳолатдан 2,5-3 баробар кўпга ошганини кўриш мумкин.
Огоҳ бўлинг, одамлар!
Юртимизга аномал иссиқ ҳаво тўлқини кириб келиши ортидан, болакай ва ҳатто ёши катталарнинг ҳам очиқ сув ҳавзаларида чўмилишга бўлган эҳтиёж ва интилиши ортади. Аммо, бу қадар ифлос каналларда чўмилиш соғлиқ учун зарарли. Ўзгидромет бош директори Ш.Ҳабибуллаев ҳам фейсбукдаги саҳифасида буни эслатиб ўтган. «Дам олиш кунлари очиқ ҳавзали каналларда чўмилиш тавсия этилмайди», дейилади хабарда.
Ўзгидромет мутахассислари Тошкентнинг Салар каналидаги экологик вазият тобора ёмонлашиб бораётгани борасида пойтахт меҳмонлари ва аҳолисини жиддий огоҳлантиришган. Энди канал сувларида сузиш мумкин эмас, аммо у ҳали ҳам суғоришда ишлатилади. Бу эса ифлосланган сув қай йўл билан бўлса ҳам аҳолига хавф солиши мумкинлигини англатади.
«Салар каналининг суви, албатта, маиший мақсадлар учун ёки чўмилиш учун тўғри келмайди. Каналдаги сувдан дарахтлар ва гулларни суғориш учун фойдаланиш мумкин. Аммо сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалик экинларини суғоришга арзийдими, деган савол жудаям муаммоли бўлиб турибди», — дейди Ўзгидромет мутасаддилари.
Салар каналидаги экологик вазиятни барқарорлаштириш учун вақти-вақти билан санитария ишларини бажариш керак — каналга уни «ювиш» учун етарли миқдорда сув етказиб бериш лозим.
Айниқса, пойтахтнинг қоқ марказидан оқиб ўтувчи Салар канали шаҳар инфратузилмасининг муҳим қисмидир. Бу канал Тошкент шаҳридаги Ҳайвонот боғи, Ботаника боғи, Экопарк, Мирзо Улуғбек истироҳат боғлари ҳудудидан оқиб ўтади. Унинг Экопарк ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида ахлат уюмлари ташланганига кўп гувоҳ бўлиш мумкин. Сўнгги йилларда каналларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда, аммо бу ҳали етарли эмас. Чунки бундай ишлар ё чин кўнгилдан бажарилмайди, ё аҳолининг экологик савияси қуйилашиб бормоқда. Акс ҳолда каналларда оқаётган зилол сувлар бу даражада оғуга айланиб қолмаган бўларди.
Беш йиллик таҳлилларга назар солиб шуни кўриш мумкинки, 2015 йилдан 2018 йилгача бўлган даврда Тошкент шаҳри остидаги қисм ифлос сувларнинг IV синфига, 2019 йилда эса жуда ифлос сувларнинг V синфига, Янгийул шаҳридан пастдаги қисми 2015 йилдан 2019 йилгача бўлган даврга тегишли V синфдаги жуда ифлос сувларга мансуб, деб топилган.
Тармоқлашган зарар оқибати
Она табиатга етказилаётган зарарнинг катта қисми инсон омили таъсирида юзага келаётгани жуда аянчлидир. Хусусан, сув ҳавзаларининг юқори даражада ифлосланишига сабаб бўлаётган ҳолатлар ҳам айнан инсон туфайли содир этилмоқда. Бу каби зарарли таъсирларни асосан уч турга таснифлаш мумкин.
Аввало, ҳавзалар атрофида истиқомат қилувчи аҳолининг хўжасизларча муносабати катта ифлосланишларга боис бўлмоқда. Маиший чиқиндиларнинг белгиланмаган жойлар, хусусан, сув ҳавзалари атрофи ва ичига ташлаб кетилиши муаммоси ҳалигача узил-кесил бартараф этилгани йўқ. Аҳолининг экологик савияси йиллар давомида тўғри шаклланиб, нафақат сувга ахлат ташлаш, балки ота-боболаримиз таъкидлаганидек, унга тупуриш ҳам мумкин эмас, деган қатъий тўхтамга келишлари энг муҳим зарурат тусини олмоқда.
Афсуски, бугун уйи яқинидаги анҳор ва каналларга хонадон оқова-чиқиндиларини муттасил чиқариб туришни ўзига муносиб кўраётган кимсалар ҳам йўқ эмас. Бу каби ҳолат сув ва ундаги барча тирик жонзотлар ҳаётини хавф остига қўяди. 
Сув бўйи экотизимига катта хатар етказади. Бундан сувда яшовчи ҳайвонот ва ўсимлик дунёси жиддий зарар кўради. Энг асосийси, бу ҳолат инсон саломатлигига сезиларли салбий таъсир ўтказади.
Жисмоний шахслар ва оддий фуқароларнинг якка ҳолдаги ноўрин ҳаракати сув ҳавзаларининг ифлосланишига шунчалик таъсир кўрсатар экан, энди идора, корхона ва ташкилотларнинг нотўғри муносабати ҳавзалар учун қанчалик катта хавф солишини тусмол қилиш қийин эмас. Айниқса, кимёвий аралашмалар ҳамда тиббиёт чиқиндиларининг утилизация қилинмасдан тўғридан-тўғри сувга оқизилиши жуда катта салбий оқибатларга сабаб бўлиши муқаррар. Кунига бир неча минг куб метр зарарли оқова чиқарадиган муассасалар фаолиятига, афсуски, ҳали узил-кесил барҳам бера олганимиз йўқ.
Шунингдек, ҳавзалар суви ва атрофини тўла муҳофазага олиш, ифлосланилишига йўл қўйилмаслиги учун етарли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, бундай ҳудудлар тозалиги учун тизимли фаолиятни йўлга қўйиш, ҳуқуқбузарларга нисбатан жиддий ва таъсирли кураш олиб бориш ишлари ҳам ҳали ўз маромига етмаган кўринади. Ҳар ҳолда, сув ҳавзаларининг бугунги кундаги ифлосланиш даражаси шундай мулоҳаза юритишга асос беради.
Юқорида санаб ўтилган ана шу учта ҳолат етарлича бартараф этилмас экан, ҳавзалар сувининг экологик хатарсизлигини таъмирлаш имконсиз бўлиб қолаверади.                   
Чўмилиш учун — хатарли
Бошқа бир масала ҳам борки, суви ифлосланган бўлса ҳам аҳоли, айниқса, ёш болаларнинг каналларда чўмилиш ҳолатлари кузатилиб турибди. Бу ҳам бўлса чўмилиш учун хавфсиз бассейн ёки ҳовузларнинг етарли эмаслиги ёки нархлари қимматлиги. Болалар эса, биласиз, баъзида чўмилиш мумкин бўлмаган хавфли ҳудудларда ёки ифлосланган бўлишига қарамасдан каналларда чўмилишни афзал кўришади. Баъзида бундай ҳаракатларнинг охири оғир касаллик ёки аянчли оқибатлар билан тугашини хаёлларига ҳам келтиришмайди.
Хўш, унда ёз мавсумидаги бундай оғир муаммога қандай ечим топиш мумкин? Аввало, фарзандларимизга сувни мусаффо сақлаш, уни ахлатлар билан ифлос қилмасликни ўргатишимиз ва бу борада уларга ўзимиз ҳам ўрнак бўлишимиз лозим. Турли корхона ва ишлаб чиқариш муассасаларининг кимёвий ташланмаларни сувга оқизмасликлари устида мутасадди ташкилотлар томонидан номигагина эмас, қатъий назорат ўрнатилиши керак. Ахир инсон соғлиғи ҳақида гап кетар экан, бу масалага жиддий эътибор қаратиш зарур бўлади.
Бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам бугун экологик-эпидемиологик вазият инсоният учун катта ташвиш бўлиб турибди. Шундай синовли кунларда хавф-хатарга сабаб бўлувчи энг кичик ҳолатга ҳам эътиборсиз бўлмаслигимизни даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Юқорида биз мулоҳаза юритган мавзу эса, шунчаки кичкина бир хусусий ҳолат эмас. Тупроқ, сув, ҳаво, ўсимлик ва ҳайвонот олами ҳамда инсон саломатлиги учун дахлдор бўлган муҳим ва ўткир бир масаладир. Бу ҳақда ўйлаб кўриш, қайғуриш, амалий фаолиятга киришиш масъул ва мутасаддилар билан бир қаторда ҳар биримизнинг виждоний бурчимиз ва вазифамиздир. Акс ҳолда, табиат бизни кечирмаслиги мумкин.       
Аслида, тозалик, озодалик инсоннинг қалбида, фитратида бўлади. Шунинг учун, келинг, софликни ҳар биримиз ўзимиздан, ўз хонадонимиздан, тарбиямиздан бошлайлик. Токи сувларимиз зилол, ҳавомиз шифога айлансин!
 
Саида ИБОДИНОВА