Мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни асраб-авайлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Асосий қонунимизда атроф муҳитга бўлган муносабатларни тартибга солишнинг фундаментал негизи мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, бу борада ўттиздан ортиқ муҳим қонунлар, кўплаб қонуности норматив ҳужжатлар ҳаётга татбиқ этилди, қатор халқаро ҳужжатлар ратификация қилинди.
Бугунги глобал иқлим ўзгаришлари жараёнини ҳисобга олган ҳолда кўплаб ривожланган давлатлар Конституцияларида экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига оид махсус боблар киритилган бўлиб, улар мазкур мамлакатлар барқарорлигини таъминлашга хизмат қилаётир. Шу сабабли атроф муҳит муҳофазасига жамиятнинг барча кучларини жалб этиш ҳамда бутун дунё ҳамжамияти тан олган миллий ташаббусларни татбиқ этиш жараёнларини янада кучайтириш бўйича конституциявий асосларни белгилаб қўйишга эҳтиёж туғилди.
Президентимиз жорий йил 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда инсоннинг камол топиши, фаровон ҳаёт кечиришида қулай ва хавфсиз атроф муҳит, экологиянинг аҳамияти беқиёс эканини, табиатдаги глобал иқлим ўзгаришлари, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ вазиятнинг тобора кескин тус олаётгани экологик хавфсизликни ғоят долзарб масалага айлантирганини айтиб, Конституциямизда ушбу йўналишга доир экологик-ҳуқуқий нормалар ўз ифодасини топиши лозимлигини таъкидлаган эди.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу таклифига асосан халқаро тажриба, миллий менталитетимиз ҳамда умумбашарий ташаббуслардаги ютуқларимиздан келиб чиққан ҳолда Бош қомусимизда соҳага оид мазкур ҳуқуқлар алоҳида бобда акс эттирилди. Конституциямизга мувофиқ давлат фуқароларнинг қулай атроф муҳитда яшаш ва фаолият олиб бориш ҳуқуқларини таъминлайди. Бироқ, ушбу йўналишдаги ҳуқуқбузарликлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси ҳукумат порталига, ваколатли давлат органига, Омбудсманга фуқаролардан кўплаб мурожаатлар келиб тушган.
Шу нуқтаи назардан, «ҳар ким соғлом ва қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати ҳақидаги ҳаққоний ахборотга эга бўлиш ҳамда ўз соғлиғига ёки мол-мулкига экологик ҳуқуқбузарлик туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ҳуқуқига эга» эканлиги алоҳида модда билан тўлдирилмоқда. Киритилаётган қўшимчаларга асосан экологик ҳуқуқбузарликлар натижасида фуқароларга етказилган зарар қопланишига оид қоида Конституция даражасида мустаҳкамланяпти.
Шунингдек, киритилаётган конституциявий норма экологик ҳуқуқбузарликлар туфайли етказилган зарарни қоплашнинг муҳим ҳуқуқий кафолати бўлади.
Бунда, масъул давлат органлари фуқароларга атроф муҳит тўғрисида ҳаққоний маълумотларни етказиб бериши лозимлиги Бош қомус даражасида белгиланмоқда.
Ҳозирги кунда умумхалқ муҳокамасида бўлган Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизнинг барча йўналишлари каби экология ва атроф муҳит муҳофазаси йўналишида ҳам кўплаб таклифлар келиб тушмоқда, фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда. Уларнинг аксарият қисмини атроф муҳитга таъсир этувчи субъектларнинг улар даромадларининг маълум бир қисмини атроф муҳит муҳофазаси тадбирларига йўналтириш мажбуриятини белгилаш, экологик номақбул ҳудудларда яшовчи аҳолига компенсация тўловларини жорий этишга оид масалалар ташкил этади. Аҳоли томонидан билдирилаётган ҳар бир таклиф ва мулоҳазалар Бош қомусимизнинг келгусида мамлакатмизда атроф муҳит муҳофазасини яхшилаш, экологик барқарорликни таъминлашнинг ҳуқуқий асослари мукаммал бўлишига замин яратади.
Ислом ХУШВАҚТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси
Жазирамада Ишчиларни ким ҳимоя қилади?
🕔15:08, 23.07.2026
✔2
Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб ҳукм сураётган жазирама вақтида кўпчилик имкон қадар кўчага чиқмасликка ҳаракат қилмоқда. Соғлиқни сақлаш, фавқулодда вазиятлар масъул ходимлари ҳам бу ҳақда аҳолини огоҳлантирмоқда.
Батафсил
Аномал иссиқда кўчатларни қачон суғориш керак?
🕔15:06, 23.07.2026
✔2
Аномал иссиқда дарахт ва бута кўчатларини, шунингдек, бошқа ўсимликларни тўғри вақтда суғориш уларни иссиқ стрессидан ҳимоя қилади, намликни сақлайди ва соғлом ўсишини таъминлайди.
Батафсил
«Эл-Ниньо» ҳодисасига денгиз булутларини ёритиш ечим бўлади...ми?
🕔15:04, 23.07.2026
✔2
Ердаги ҳароратнинг мунтазам ошиб бориши, қурғоқчиликлар, кучли ёғингарчиликлар, сув тошқинлари, ўрмон ёнғинлари ва денгиз сатҳининг кўтарилиши дунё давлатларини иқлим инқирозига қарши янги ёндашувларни излашга ундамоқда.
Батафсил