Олимлар глобал исиш оқибатида юзага келадиган ўзгаришлар – қурғоқчилик, денгиз сатҳининг кўтарилиши, океан ҳароратининг ошиши ва касаллик тарқатувчи ҳашаротлар инсоният ҳаёти учун катта хавф солаётганидан огоҳлантирмоқда. Шунингдек, бу глобал муаммо таъсирида тошқинлар хавфи ошмоқда, ороллар йўқолиб, ҳайвонлар тури камайиб бормоқда.
NASAнинг Goddard коинот тадқиқотлари институти олимлари томонидан ўтказилган иқлим таҳлилига кўра, 1880 йилдан бери ердаги ўртача ҳарорат камида 1,1 даражага ошган. Иқлим ўзгариши ҳар йили 150 мингга яқин кишининг ўлимига сабаб бўлмоқда.
2018 йили апрель ва июль ойларида Германияда ўртача ҳарорат 2,9 даражага ошган. Жазирама 1 минг 246 кишининг ўлимига сабаб бўлган. 2021 йил июнь-август ойларидаги Канаданинг Британия Колумбияси провинциясида ҳаво ҳарорати исиши рекорд кўрсаткич – цельсий бўйича 49,6 даражага етган. Аномал иссиқ ҳаво сабабли 600 киши вафот этган.
2021 йил Италиянинг Cицилия оролида Европадаги энг иссиқ ҳарорат – 48,8 даража қайд этилди. Бунинг натижасида «Лютсифер» номи билан аталган антитциклон пайдо бўлди. Юқори ҳарорат 1000 га яқин инсон ҳаётига зомин бўлди.
2021 йил апрель ойида Ҳиндистон ва Покистонда кузатилган жазирама тўлқинли экстремал об-ҳаво цельсий бўйича 49,5 даражани қайд этди. Ҳодиса оқибатида 90 киши вафот этган.
Инсониятнинг тараққиёт босқичида саноатлашиш даври бошлангандан буён иқлим исиши муттасил ошиб бормоқда. Бу эса глобал муаммонинг хавфлилик даражасини оширмоқда. Олимлар глобал исишнинг асосий омили иссиқхона эффекти эканлигини таъкидлашди. Ер атмосферасига турли хил зарарли саноат газлари чиқиши ва у ерда тўпланиб қолиши сабабли ушбу ҳодиса кузатилади. Ёқилғиларнинг ёниши натижасида ажралиб чиқадиган газлар атмосферада қуёш энергиясини ушлаб туради. Қуёшдан келган иссиқликни ер юзида димланиб қолиши иссиқхона эффектини келтириб чиқаради. Иссиқхона газлари ҳажмининг ортиши сайёрамиз иқлимининг исиб боришига сабаб бўлмоқда.
Музлар эриши оқибатида...
Глобал исиш таъсирида Гренландия ва Антарктида муз қатламлари ҳажми қисқариб бормоқда. NASA маълумотларига кўра, Гренландия 1993 йилдан буён йилига ўртача 279 миллиард тоннадан муз йўқотмоқда, Антарктидада эса йилига 148 миллиард тонна муз сувга айланмоқда. Гренландия муз қоплами ёки Антарктика муз шельфи қулаб тушиши оқибатида сув сатҳи 6 метрга кўтарилиши мумкин. Табиий офат эса Флорида, Форс кўрфази қирғоғи, Янги Орлеан ва Хюстоннинг катта қисмларини сув остида қолдириши мумкин.
Сунъий йўлдош кузатувларидан англаш мумкинки, шимолий ярим шарда баҳорги қор қоплами сўнгги ўн йилликда сезиларли даражада камайган. Прогнозларга кўра, бу ҳодиса таъсирида яқин 100 йил ичида Антарктика, Гренландия музликлари яшил рангга бурканиб, қор камдан-кам учрайдиган ҳодисага айланса, ажаб эмас.
Дeнгиз сатҳи кўтарилмоқда
Ўтган асрда ер юзидаги денгизлар сатҳи тахминан 20 сантиметрга кўтарилган. Бироқ, сўнгги йигирма йилликдаги бу кўрсаткич ўтган асрга қараганда деярли икки баравар кўп ва жараён йил сайин тезлашиб бормоқда. Денгиз сатҳининг кўтарилиши натижасида баъзи ороллар, масалан, Соломон ороллари йўқ бўлди. Шунингдек, Тинч океанидаги Тувалу ва Маршал орол давлатлари кичрайиб, яқин 10 йилларда инсон яшаши учун яроқсиз ҳолга келиши мумкин.
Окeанларнинг кислоталаниши ортмоқда
Саноат инқилобининг бошланишидан буён ер усти океан сувларининг кислоталиги тахминан 30 фоизга ошган. Бу ўсиш атмосферага ажраладиган карбонат ангидриднинг кўпайиши ва газнинг океанга сўрилиши натижасидир. Сўнгги ўн йилликда океанга йилига 7,2 дан 10,8 миллиард тоннагача антропоген карбонат ангидрид эмиссияси чиқарилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлиги пасаймоқда
Ҳарорат кўтарилишининг энг жиддий таъсири глобал қишлоқ хўжалигида сезилади. Турли экинлар ўзига хос ҳароратларда етиштирилади ва ўзгарганда уларнинг маҳсулдорлиги сезиларли даражада пасаяди. Хусусан, дунё аҳолисининг учдан бир қисмининг асосий озиқ-овқат маҳсулоти бўлган гуручнинг маҳсулдорлиги ҳароратнинг ҳар 1 даражага ошиши билан 10 фоизга камайиб бормоқда.
Инсон саломатлигидаги даҳшатли оқибатлар
Юқори ҳарорат атмосферадаги озон консентрациясини оширади. Бу эса инсонларнинг астма, амфизем ва сурункали обструктив ўпка касаллигига чалинишига сабаб бўлмоқда. Қишлоқ хўжалигида зараркунандалар популяциясининг ўсиб бориши тропик ҳудудларда қайд этилган касалликларнинг тарқалиш ҳудудининг кенгайишига шароит яратмоқда. Хусусан, ЖССТ маълумотларида глобал исиш Европада ҳашаротлар орқали юқадиган касалликларга сабаб бўлаётгани қайд этилган.
2006 йилда Буюк Британияда легионер касалликлар авж олган эди. Олимлар буни глобал исиш билан боғлиқ бактериал ўпка инфекцияси эканлигини қайд этган.
Марказий Осиёда экологик офатлар
Ўзбекистон Марказий Осиёдаги экологик офатлар энг кўп учрайдиган давлатлар қаторига киради. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, бугунги кунда ҳар бир давлат иқлим ўзгариши оқибатларининг ҳалокатли натижаларини ҳис қилмоқда ва бу салбий оқибатлар Марказий Осиё минтақасининг барқарор ривожланишига бевосита таҳдид солмоқда.
Жаҳон банки экспертларининг фикрича, агар XXI аср охирига бориб, ҳозирги кўрсаткичлар сақланиб қолган ҳолда, дунёда ўртача ҳарорат цельсий бўйича 4 даражага кўтарилса, Марказий Осиёда бу кўрсаткич 7 даражани ташкил этади. Шу билан бирга, ҳаво ҳароратининг энг катта кўтарилиши Оролбўйида кутилмоқда.
Тошкентда 2021 йил июнь ойида уч асрдаги энг юқори рекорд – 49,5 даражадаги иссиқ ҳарорат кузатилган. Хусусан, 5-7 ва 8 июль кунларидаги иссиқ ҳарорат 150 йиллик рекордни янгилади. «Ўзгидромет» хабарига кўра, бу йил ҳам 17-22 июль кунлари ҳарорат 47 даражагача исимоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, иқлим ўзгариши Ўзбекистонда сув танқислигини янада кучайтиради, қурғоқчиликнинг давомийлиги ва частотасининг ошишига, шунингдек, иқтисодиётнинг сув ресурсларига бўлган талабини қондиришда жиддий муаммоларнинг шаклланишига олиб келиши мумкин.
Ҳисоб-китобларга кўра, 2050 йилгача Сирдарё ҳавзасида сув ресурслари 5 фоизгача, Амударё ҳавзасида 15 фоизгача камайиши кутилмоқда. 2050 йилга бориб Марказий Осиёда чучук сув танқислиги минтақада ялпи ички маҳсулотнинг 11 фоизга пасайишига олиб келиши мумкин.
Олимлар глобал исишнинг салбий оқибатларини енгиллаштириш учун Ердаги ҳарорат кўтарилишини цельсий бўйича 1,5-2 даражагача чеклаш зарурлигини қайта-қайта таъкидламоқда. Шу мақсадда 2015 йилда 190 дан ортиқ давлат Париж битимини имзолаган бўлиб, унда ушбу мақсадга эришиш учун аниқ ҳаракатлар режаси тузиб чиқилган. Ҳужжат қазиб олинадиган ёқилғидан бутунлай воз кечишни назарда тутмайди, бироқ давлатлар иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш ва қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш чораларини кўришлари керак.
Ўзбекистоннинг (2017 йил) БМТнинг Иқлим бўйича Париж келишувига қўшилиши муҳим воқеа бўлиб, унинг доирасида 2030 йилга келиб атмосферага иссиқхона газлари чиқиндилари чиқаришни 2010 йилга нисбатан 10 фоизга камайтириш бўйича мажбуриятлар қабул қилинди. Мазкур мақсадга эришиш учун ҳозирги кунда кам углеродли ривожланиш миллий стратегияси ишлаб чиқилмоқда.
Фотима МУБОРАКОВА, ЎзА