ёхуд яна kundalik.com «нағма»лари ҳақида
													
												Очиғи, бу мавзуда кўп ва хўп ёздик. Матбуоту телевидениеларда kundalik.com камчиликлари, қишлоқ шароитидаги таълим муассасалари бу платформадан фойдалана олмаётгани ҳақида турли баҳс-мунозаралар уюштирилди. Аммо соҳанинг тепасида турган баъзи валломатлар бу тизимнинг камчиликларини на тўғрилашди, на бир тузукроқ эътибор қаратишди. Шундай бўлса-да, муаммони яна айтмасак бўлмайди.
Хабарингиз бор, 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб республикадаги барча умумтаълим мактабларида ўқитувчиларнинг иш самарасини ошириш мақсадида журналлар ва ўқувчиларни баҳолаш тизими kundalik.com электрон платформасига ўтказилган эди. Бу тизим шаҳар мактабларида ва баъзи бир туман мактабларида ўзини оқлаётгандир. Бироқ, қишлоқ жойлардаги моддий техник база билан яхши таъминланмаган, замонавий компьютерлар у ёқда турсин, ҳатто интернет кабеллари ҳам етиб бормаган мактаблар-чи? Улар нима қилсин, «дод»ини кимга айтсин?
Яқинда қишлоққа боргандим, устозларимдан бири айтиб қолди: «Бу таълим соҳаси каттаконларининг креслода ўтириб олиб буйруқ беришдан бошқа ишлари йўқми дейман. Мактабимиз kundalik.comга ўтгандан буён ҳаловатим йўқолди. Эй, уйи куйсин, бунақа чала тизимни. Ўзимизнинг қоғоз журналимиз яхши эди. Шундай очиб ўқувчининг баҳосини қўйиб қўя қолардик. Бу платформа бўлса бизга ғирт ортиқча «бошоғриғи» бўлди. Бир ойдан бери ўрганолмай ҳалакман. Билмаслигим бир муаммо бўлса, интернетга кириш, уланиб олиш ундан ҳам катта муаммо. Ахир, глобал тармоққа сифатли ва узлуксиз уланишнинг имконини қилмай туриб, бундай талабни қўйишнинг ўзи ғирт мантиқсизлик эмасми?!
Қолаверса, хоҳлаган вақтимизда интернетга улана олмаймиз. Wi-Fiга уланиш кодини эса директоримиз ва унинг ўринбосари билади холос. Уларнинг қош қовоғига қараб kundalik.comни тўлдирамиз. Мана бу телефон ўлгур ҳам яхши ишламай одамни хуноб қилади. Интернетга уланишим учун маҳалладаги тепалик устига чиқиб антенна излайман. Уланган тақдирда ҳам платформанинг ёзувларини ўқий олмайман, кўзим ўтмайди. Чунки платформа мобил иловага мослашмаган. Хўп, интернетга тезда улана олмасмиз, ҳеч бўлмаганда дастурни телефонда ишлаш учун қулай қилиб қўймайдими барака топкурлар.
Вазифаларни тўлдиришни-ку бир четга қўя тур, шу kundalik.com чиқдию, барча ўқитувчиларни телефонга, интернетга боғлади-қўйди. Менга ўхшаган нафақа ёшига яқин ўқитувчилар kundalik.comга қандай кириб-чиқишни эплолмай, информатика ўқитувчиларига илтимос қиляпти. Умридан барака топишсин анчагина ишларимизни кўпайтириб беришди, дарс сифати ҳақида ҳар доимгидек ҳеч ким сўраб ҳам ўтиргани йўқ...»
Тўғриси, устозимнинг айтган бу гапларидан ҳайратландим.
Халқ таълими вазирлиги бу платформани оммавий жорий қилишдан аввал юқорида келтирилган камчиликларни бартараф этиш ҳақида нега ўйлаб ҳам кўрмагани, ҳаммани қизиқтираётган бўлса керак. Ўзи бу тизим бизга нега керак, кўзланган мақсад нима?
«Ота-оналар электрон кундалик ёрдамида уйдан чиқмасдан ва ишдан чалғимасдан, ўз фарзандларининг баҳоларини, уй вазифаларини ва давоматини онлайн режимда назорат қилишлари мумкин» дейишди. Ушбу рақамли восита энг муҳим мактаб янгиликларидан, масалан, жадвалдаги ўзгаришлардан ёки тантанали кийимда келиш заруратидан хабардор бўлиш имконини беради. Агар ўқитувчи ёки бошқа ота-оналар билан бирор масалани муҳокама қилиш керак бўлса, буни ҳам тизим ичида тез ва осон қилиш мумкин экан.
Электрон кундалик туфайли болаларда дарсда фаолроқ бўлиш, орқа партада жимгина ўтирмасдан ўз истеъдодлари ва имкониятларини намоён этиш учун кўпроқ мотивация пайдо бўлади. Бунда ўқитувчи бевосита дарс пайтида ўқувчининг ота-онасига шарҳ ёзиши, болани мақташи ёки, аксинча, номақбул хулқига эътибор қаратиши мумкин.
Ҳали ҳамон эсимда. Мактабда ўқиб юрган кезларим ким ўзарга баҳо олиш ўйнардик. Бугун анави ўртоғим мендан кўпроқ баҳо олибди деб эртага кўпроқ баҳо олиш учун дарс тайёрлаб келар эдик. Ой охирида ёки ҳар чоракда эса кундаликка қўйилган «4», «5» баҳоларни санаб, кимда кўп бўлса, ғолибдай ғурурланиб юрар эдим. Ўқитувчимиз ҳам ой давомида олган баҳоларимизни санаб энг кўп баҳо олганларга китоб совға қиларди. Дадам ҳам олган баҳоларимни кўриб музқаймоқ ва ширинликлар олиб ейиш учун рағбат сифатида қўлимга пул тутқазарди. Ҳақиқатан ҳам, қоғоз кундаликдаги баҳолар ўқувчилар ўртасида билим олишга бўлган рақобатни шакллантиради, мотивация беради. Кўпчилик ўқитувчилар дарсда ўқувчини фаоллаштириш, фанга қизиқишини ошириш мақсадида кундалик билан боғлиқ таълимий методлардан фойдаланади. Хўш, электрон кундаликда-чи?
– Ўқувчилик йилларимизда «беш»ларимизни санаб борардик. Бир йилда 500 тага етса, велосипедли бўлардик, – дейди Яккабоғ туманидаги 84-умумтаълим мактабининг тарих фани ўқитувчиси Гуллола Авлоқулова. – Қоғоз кундаликда баҳолар кўриниб туради. Ўқувчилар бир-бирига, ота-онаси, бобо-бувисига кўрсатгиси, улардан мақтов эшитгиси келади. Электрон кундаликда эса ҳаммаси ёпиқ. Ўқувчиларнинг аксарияти кузатмайди, бунинг учун ўқувчи қўлида замонавий смартфон бўлиши керак. Яна бир муаммоли масала. Баҳоларини кўриш учун интернетга кирган ўқувчи бошқа нарсаларни кўрмайди деб ким кафолат беради?! Ҳеч бўлмаганда дастурни телефонда ишлаш учун қулай қилиб қўйишмаган. Қолаверса, ўқувчиларнинг аксарияти кундаликка қараб дарс жадвалини ўзгартириб боради. Энди «эсимдан чиқибди» деган гаплар кўпайиши ҳам тайин.
Шаҳар жойлардаку бунақа муаммолар кам учраши мумкин. Лекин, қишлоқ жойларда ўқийдиган ўқувчилар қандай жадвал алмаштиради. Kundalik.com платформасига кирадиган телефони йўқ ўқувчилар нима қилади? Бизга ўхшаб баҳоларини бобо-бувиларига қандай мақтайди. Бундай телефони бўлмаган ўқувчи дарсларни қандай ўзлаштиради? Энг ачинарлиси, зўрға оила тебратаётган ота-она фарзандига бундай қулайликларга эга телефон олиб бера олармикан?.. Шу каби саволлар ёғилиб келаверади.
– Таълимга бирор янгиликни жорий этишдан олдин мактабларнинг имкониятлари, ўқитувчиларнинг АКТ саводхонлиги, ота-оналарнинг бунга тайёрлиги ҳисобга олиниши керак. Тўғри, қачондир барибир электрон тизимга ўтилар, лекин етарли шароит бўлмаган ҳозирги аҳволда бу тизим ўқитувчини ҳам, ўқувчини ҳам ортиқча қийнаши мумкин холос, – дейди Яккабоғ тумани 80- умумтаълим мактабининг маънавий ва маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Бурҳон Эшқобилов. – Шу каби янги, замонавий лойиҳалар ҳақида гап кетса, чекка ҳудудлардаги мактаблар хаёлимга келади. Ахир, интернет йўқ ҳудудлар бу каби «янгилик»ни қандай қабул қилади? Жиддий муаммолар бўлатуриб, иш бошлаш тўғримикан? Фарзандининг қоғоз кундалигига ҳафтада бир маротаба эриниб имзо қўядиган ота-онанинг электрон кундаликни ҳар куни кузатишига мутасаддиларнинг кўзи етаяптими? Бу ҳам камдай пул тўлаб обуна бўлишига-чи?
Халқ таълими вазирлигининг расмий сайтлари ва телеграм каналларидаги хабарларда kundalik.com TAS-IX зонасида жойлашган бўлиб, платформа билан ишлаганда барча операторлар, жумладан, мобил операторлар томонидан интернет-трафик сарфланмайди дейилган. Яъни, ўқитувчи kundalik.comга кирганда телефонидан фақат интернет тугмасини ёқади ва бемалол интернетдан фойдаланиши мумкин. Аслида ҳам шундайми?
– Масофавий таълим олаётган ўқувчилар билан ишлашда kundalik.com платформасининг қулай томонлари кўп, – дейди исм-фамилиясини ошкор қилишни хоҳламаган ўқитувчилардан бири. – Энди ота-оналар ва ўқувчилар билан бошқа мессенжерларда эмас, айнан таълимга оид сайтда шуғулланамиз. Лекин дарс учун видеоролик ва бошқа йирикроқ ҳажмли нарса жойламоқчи бўлсак, муаммо туғилади. Ҳажми 10 мегабайтдан ошмаслиги керак. Баъзида расм жўнатиш ҳам мураккаб кечади. Қўйилган баҳолар ўчиб кетиш ҳолатлари ҳам кузатилди. Эртадан кечгача онлайн бўлиб қолдик. Дарс пайти ҳам қўлимиздан телефон тушмайди. Доим онлайн бўлиш учун эса яхшигина интернет трафик керак. kundalik.com марказининг хабарида ўқитувчилар учун трафик сарфланмайди, дейилганда хурсанд бўлгандим. Лекин буни амалда кўрмадим, ҳозирча ўз ҳисобимдан трафик сарфлаяпман. Олдинлари ойига кўп тўлов қилмасдим. Бу гал бир ойга 15 гигабайт ҳам етмади.
Демак, ўқитувчилар ўз ҳисобидан интернет трафик сотиб олмоқда. Бунинг учун ҳар ойда ўртача 50-60 минг сўм харажат қилиш керак.
Тўғри, айрим таълим муассасалари Wi-Fi билан таъминланган. Аммо ўқитувчиларнинг ҳар бири ундан фойдалана олмайди. Мактабларнинг кўпида фақат компьютер хоналаридагина Wi-Fiдан фойдаланиш имкони борлиги маълум бўлди. Ҳам мактабда дарс бериб, ҳам онлайн дарс ўтаётган, қолаверса, уйига келгач, kundalik.comга кириб баҳолаётган ўқитувчининг ҳолини тасаввур қилинг. Асосий вақтини ишга сарфлаб, оиласи, фарзандлари билан бемалол ўтиришга, суҳбатлашишга вақти етмаётган устознинг ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг. «Замонавий ўқитувчи» бўлиш нақадар қийинлигини тушунаётгандирсиз.
Сир эмас, охирги пайтларда ўқитувчиларнинг нуфузини яхшилаш, уларни намунали фидокорлар, чинакам таълим-тарбия жонкуярлари сифатида жамиятда ўринларини мустаҳкамлаш бўйича қатор ташаббуслар илгари сурилди. Айниқса, муаллимларнинг ойлик маошлари муттасил ошириб борилиши, ўз устида ишлаган, ўқувчилари маҳаллий ва халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлган устозлар муносиб рағбатлантирилаётгани фикримизга далил бўла олади. Аммо, бу улкан соҳаки, муаммоларни бир томондан ҳал этишга уринсанг, иккинчи муаммо бош кўтариб чиқади. Шу боис, мутасаддилардан доимий изланиш, ўқитувчилар билан мунтазам мулоқот қилиш талаб этилади. Биз қуйида ўз кузатувларимиз ва бир қанча ўқитувчилардан олган маълумотлар асосида халқ таълими тизимидаги айрим камчилик, муаммолар ва уларнинг бартараф этилиши лозим бўлган жиҳатларини баён этдик холос. Мақсад – тирноқ остидан кир қидирмоқ эмас, фарзандларимиз, минглаб қоракўзларимиз хат-савод чиқараётган, фундаментал билимларни эгаллаётган зиё маскани – мактаблардаги ўқув жараёнларини яхшилашга оз бўлсада ҳисса қўшиш.
 
Нур Мансур