Энди болаларимиз дори Ичиб нобуд бўлмайди...(ми?)
Қалбаки дори сотаётганларга жазо кучайтириляпти
БатафсилАйдар-Арнасой кўллар тизими йўқолишига «кўмак» бераётганлар
Уйимиз ёнидан катта «Сандал» канали оқиб ўтади. Ёшлигимизда шу канал сувида чўмилар, гоҳида суви камайиб қолса тенгқурларим билан шимларимизни шимариб олганча кўлмакчалардан кичкина балиқчаларни тутиб келардик-да ойимга берардик. Ойим бўлса ўчоққа ўт ёқиб дарров ёққа ташлаб берарди. Ўша даврларнинг гашти бўлакча эди... Ҳозир қишлоқ ариқларидан балиқлар бутунлай йўқолган, ҳатто катта-катта кўлларда ҳам балиқлар тобора камаймоқда.
Хабарингиз бўлса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Айдар-Арнасой кўллар тизимини, хусусан балиқ хўжалиги ва туризмни ривожлантириш бўйича 136-сонли қарори қабул қилиниб, бу борада бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур кўллар тизимидаги биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, браконьерликка қарши курашиш мақсадида Айдар-Арнасой кўллар тизими ҳудудида ва Арнасой сув омборида ноқонуний балиқ овлашга қарши мараторий жорий қилин. Аммо, минг афсуски чораларга қарамасдан бу ҳудудларда ноқонуний балиқ овлаш ҳолатлари кузатилмоқда.
Жорий йилнинг 24 июль куни Арнасой кўллар тизимида олиб борилган экологик назорат рейд тадбирлари доирасида уч нафар фуқаро томонидан ноқонуний равишда 216 дона балиқ овланганлиги аниқланди. Текширувлар жараёнида ҳуқуқбузарлар томонидан овланган 218,5 кг. балиқларни овлаш учун тегишли ташкилотлардан ҳеч қандай ҳужжатлар расмийлаштирилмаганлиги тасдиқланди.
Ноқонуний балиқ овлаш натижасида табиатга 61 млн. 530 минг сўм миқдорида зарар етказилгани қайд этилди. Айни вақтда ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар асосида суриштирув ишларини олиб бориш учун тегишли идораларга топширилган. Гарчи ҳуқуқбузарлар қўлга олинган бўлса-да, афсуски 216 дона балиқ энди йўқ. Кўлдаги тирик балиқлар сони шунчага камайди.
Давлат экология қўмитаси ходимлари аҳоли ўртасида мунтазам тарғибот ишларини олиб бормоқда. Айдар-Арнасой кўллар тизимини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлардан яқин атрофдаги аҳолини хабардор этиб, тушунтириб келишмоқда. Аммо нега хамон ноқонуний балиқ овлашлар кузатилмоқда?
Маълумотларга қараганда, сўнгги йилларда Чордара сув омборидан Айдар-Арнасой кўллар тизимига чучук сув қуюлиши кескин камайган. Сув сатҳининг пасайиши ва таркибининг шўрланиши натижасида қирғоқларининг айрим жойларида 15-50 метргача чекиниб, 15-20 см.гача туз қатлами ҳосил бўлиб, шўрланиш даражаси кескин ошган. Бу ўз навбатида тизимдаги кўлларда яшовчи жонворлар ва ўсимликлар ҳаётига жиддий таъсир қилмоқда. Яъни сув ости дунёсида ўсувчи ўсимликлар ривожланиши, балиқларнинг эса уруғланиб, кўпайиши учун керакли муҳит йўқолиб бормоқда. Бу айниқса балиқларнинг уруғланишига жиддий салбий таъсир этмоқда.
Шусиз ҳам ёмонлашиб бораётган Айдар-Арнасой кўллар тизимидаги экологик ҳолат, афсуски бу каби балиқ овловчилар сабаб янада ёмонлашмоқда. Бу ҳудди олов устига ёғ сепиш билан баробар эмасми?
Нима учун айрим инсонлар бу ердаги экологик ҳолатни яхшилаш, борини асраб-авайлаш ўрнига, унинг қуриб битишига кўмаклашмоқда? Ёки Айдар-Арнасой кўллар тизими Орол денгизидек ҳолга тушгандан сўнггина қилаётган ишларимиз хато эканлигини тушуниб етамизми? Наҳотки Орол фожеасидан тўғри сабоқ олмаган бўлсак?..
Мансурбек ЖАББОРОВ,
«Оила ва табиат» мухбири
Қалбаки дори сотаётганларга жазо кучайтириляпти
БатафсилБугун экология оддий муҳокама мавзуси эмас, балки давлат сиёсатидаги энг муҳим йўналишлардан бирига айланди. Ўзбекистон Республикасида қабул қилинаётган стратегик ҳужжатлар буни яққол тасдиқлайди.
БатафсилАҳолининг гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш жараёни ҳисобланган ҳайвонларни сўйиш – нафақат озиқ-овқат хавфсизлиги, балки қатъий экологик назоратни талаб қиладиган мураккаб технологик занжирдир.
Батафсил