Ҳа, биз сувни ҳалигача беармон, жуда катта исроф билан ишлатяпмиз. Нафақат кундалик ҳаётимизда, умуман, мамлакат ҳаётининг барча соҳалари, айниқса қишлоқ хўжалигида суғориш технологияси бир аср олдинги сув тақчил бўлмагандаги ҳолатини деярли ўзгартирмаган.
													
												Бутун дунё сув танқислигининг олдини олиш масаласида бош қотираётган бир паллада, серқуёш диёримизда сув ресурсларининг салмоқли қисми қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга сарфланаётганини эътиборга олсак, бу беминнат неъматдан тежаб-тергаб фойдаланиш қанчалик долзарб масала эканлигини англаш қийин эмас.
Бугун дунё бўйича мавжуд бўлган ичимлик сувнинг 70 фоизини қишлоқ хўжалиги истеъмол қилса, Ўзбекистонда бу 45 696 млн. метр куб, яъни 90 фоизни ташкил этади. Энг ачинарлиси шунинг 60 фоизи турли сабабларга кўра исроф қилинади. Яъни бугун биз қишлоқ хўжалиги учун ажратилган сувнинг ярмидан кўпини бутунлай самарасиз ишлатмоқдамиз.
Шу ўринда тўғри ва оқилона режалаштирилган суғориш тизимига бир мисол келтирсак. АҚШда бир кубометр сув сарфи ҳисобидан ўртача 4-6 долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. Бизда эса шунча сув сарфлаб 0,15 доллар (яъни 15 центлик) маҳсулот ишлаб чиқарилади. Мана шунинг ўзиёқ сувдан фойдаланиш борасида қанча вазифалар олдимизда турганини англатади.
Сувни тежаш ҳақида-ку оилаларимизда умуман гапирилмайди, десак ҳам бўлади. Аммо бу бепарволик ва лоқайдлик яқин йилларда мамлакатимиз миқёсида сув билан боғлиқ улкан муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.
Бир кунда 231 тонна сув исроф
«Сувни тежамкорлик билан ишлатиш ҳақида жамоавий тушунчани шакллантириш керак. Иқтисодий ва сиёсий патологияга олиб келадиган экологик вирусни қўзғатмаслик учун», – дейди Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси Борий Алихонов.
Бир неча йил аввал Алихонов анчайин жиддий маълумотни эълон қилган эди: 2040 йилларга бориб, Амударё ва Сирдарё оқимининг қисқариши билан Ўзбекистонда сув ресурслари тақчиллиги 33 фоизга етиши мумкин.
Шу билан бирга Жаҳон банки прогнозларига кўра, Марказий Осиёда тоза ичимлик сув етишмаслиги ЯИМ 11 фоизга пасайиб кетишига сабаб бўлади. Минтақада 80-90 фоиз сув ресурслари қишлоқ хўжалигида ишлатилмоқда. Суғориладиган ерларнинг минтақа бўйича умумий майдони 7 млрд. 695 млн. га, Ўзбекистонда эса 4,2 млн. га ни ташкил этади.
Масалан, битта одамга тиш ювиш учун бир стакан сув етиб ортади. Аммо биз бу жараёнда сувни оқизиб қўйиб ювишни маъқул кўрамиз. Бунда эса ҳар бир киши 7 литр сувни исроф қилади. Агар 33 миллион аҳолимизнинг ҳар бири 7 литрдан сувни исроф қилса кунига 231 тонна сув шунчаки оқиб увол бўлади.
– Пойтахтимизда 687 мингдан зиёд истеъмолчи бўлиб, уларга кунига 2-2,2 млн. куб тоза ичимлик сув етказиб берилади, – дейди Сув тақсимоти бошқарма бошлиғи ўринбосари Фазлиддин Раҳматов. – Асосан кечки 12 дан эрталабки олтигача суғориш белгиланган бўлса-да, аҳолимиз орасида салқинлаш учун шунчаки ичимлик сувни оқизиб қўйиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Қолаверса, кундалик турмушда ҳам жуда кўп ҳолларда ичимлик сувдан беҳудага фойдаланиш одамларимизга одат бўлиб қолган. Бизда 1 куб ичимлик сувни етказиб беришнинг 27 фоизи насос-агрегатлар ёрдамида амалга оширилади ва бунга маълум бир ҳажмдаги электр энергияси сарф бўлади. Ичимлик сувни беҳуда исроф қилиш эса мана шу икки ресурснинг ҳам увол бўлишига сабаб бўлмоқда.
Қайта ишлаш қачон йўлга қўйилади?
Масалан, Қатардаги масжидларда сувни сақлаб қоладиган махсус қурилмалар ўрнатилмоқда. Яманда эса масжидларда фойдаланилган сувни қандай қилиб қайта ишлатиш йўллари кўриб чиқилаётир. Масжидларда одатда кўп сув ишлатилади. Беш маҳал намоз ўқишга келадиганларнинг аксарияти ҳар гал таҳорат олишади. Кўпинча сув жўмраклари бекитилмай қолади. Яқин Шарқ мамлакатларида эса сув арзон эмас. Айрим мамлакатларда бир литр сув бир литр бензин нархига тенг. Қатарда диний ишлар бўйича вазирлик масжидларда сувни тежаш борасида ташвиқот ишларини бошлаб юборган. Қатар мулозимлари масжидларда сувни тежаш учун ўрнатилаётган қурилмалар ёрдамида катта миқдорда сувни тежаб қолишлари ҳақида ҳам айтишган. Яманда расман етмиш беш мингта масжид рўйхатга олинган.
Тадқиқотлардан бирида айтилишича, бу масжидларда ишлатиладиган сув билан мамлакат қишлоқ хўжалиги ерларининг етмиш фоизи суғорилиши мумкин.
Чиқинди сувлар билан эндиликда тобора қуриб бораётган анъанавий боғларни суғориш режаланмоқда. Жума ибодатларида эса имомлар ҳам сувни тежаш ҳақида ваъз ўқимоқдалар. Ваъзларда Пайғамбаримизнинг оқиб турган дарё бўлса ҳам сувни исроф қилмаслик ҳақидаги ҳадислари эслатилган.
Аҳолимизнинг катта қисми ислом динига эътиқод қилишини ҳисобга олган ҳолда бизда ҳам ана шундай технологияларни йўлга қўйиш, имомларимиз томонидан ҳамюртларимизга сувни тежаш бўйича тушунтириришлар олиб борилиши ҳам бизнингча мамлакатимизда тоза ичимлик сув танқислигининг олдини олишда катта ёрдам беради.
Сизу биз нима қила оламиз?
Тоза ичимлик сув – Ер сайёрасида инсоният кун кўриши учун энг муҳим ва зарур манбалардан бири эканлигини кўп марта таъкидлаб ўтдик. Дунё аҳолиси сони ортиб боргани сайин сувга бўлган эҳтиёж ҳам йилдан-йилга кескин ошмоқда. Уйда сувни тежаш нафақат бу қимматбаҳо ресурсни тежашга, балки истеъмолчиларнинг маблағини иқтисод қилишга ҳам ёрдам беради. Маиший турмушда сувни қандай тежаш мумкин?
1. Оқаётган кранларни, ҳожатхоналарни, маиший техника ва майса (газон) пуркагичларни зудлик билан тузатинг. Оқиш кичик бўлиши мумкин, лекин вақт ўтиши билан улар катта сув йўқотилишига олиб келади.
2. Тишларингизни юваётганда сувни ўчиринг. AҚШ атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги (EPA) маълумотларига кўра, бу оддий қадам бир ойда 700 литрдан ортиқ сувни тежаш имконини беради.
3. Кир юваётганда сувдан камроқ фойдаланинг. Кир ювиш машинаси юзлаб литр сувни сарфлаши мумкин, шунинг учун ундан оқилона фойдаланинг. Кир ювиш машинасини ишга туширишдан аввал кирни тўлиқ юклаш учун етарлича кийимингиз борлигини аниқланг. Ювиладиган кирлар сони оз бўлса, шунга мос равишда машинадаги сув миқдорини тўғирлаб олинг.
4. Ванна-ҳаммом ўрнига иложи борича душ қабул қилинг. EPA маълумотларига кўра, агар сиз беш дақиқа ёки ундан камроқ вақт давомида душ қабул қилсангиз, сиз 30 дан 45 литргача сув ишлатасиз. Бу рақамни 300 литр сув сарфлайдиган ванналар билан солиштиринг.
5. Майсазорни (газон) суғоришда ақлли тизимдан фойдаланинг. Майсазорингизни куннинг энг мақбул вақтида суғориб олинг ва суғориш тизимингиз йўлакни эмас, балки майсазорни суғораётганига ишонч ҳосил қилинг.
6. Иложи борича сувни тежайдиган кранлар, кир ювиш машиналари, ҳожатхоналар ва идиш ювиш машиналарини сотиб олинг. Сув ва энергияни тежайдиган асбобларни сотиб олиш нафақат сувни, балки электр энергиясини ҳам тежашга ёрдам беради.
7. Уйда энергия аудитини ўтказинг. Профессионаллар оддий истеъмолчи сезмайдиган сув исроф бўлган жойларни аниқлаб бериши мумкин.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугунги кунда ичимлик сувни тежаш бу борада инновацион технологиялардан фойдаланишни тақозо қилади. Яъни биз кундалик турмушда фойдаланадиган сувни қайта ишлаб уларни дов-дарахтларни суғоришга, умуман ундан қайта фойдаланишга йўналтириш керак бўлади. Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида ҳам томчилатиб суғоришга кўплаб имтиёз ва таклифлар берилмоқда. Шу имкониятлардан фойдаланиб ичимлик сувни тежашга ҳисса қўшиш эса ҳар биримизнинг чин инсонийлик бурчимиздир.
Ҳар бир катта муаммо кичиклигидан бартараф этилса, чора кўрилса уни енгиш, ечим топиш осонроқ бўлади. Агар Орол муаммосига ҳам вақтида эътибор қаратилганда бугун денгиз қуримаган, маълум бир қисми сақлаб қолинган бўларди. Шундай экан, ҳар қадамда, оилада, уйда, жамоат жойларида очиқ турган жўмракларга, беҳуда оқиб ётган тузатилмаган қурилмаларга бефарқ бўлмайлик. Фарзандларимизга ҳам шу нарсани ўргатайликки, жўмракдан сув эмас, ҳаётимиз, олтинга тенг бир неъмат оқиб кетаётганини ҳис қилишсин. Ахир ростдан ҳам дунёда бир томчи сувни олтин нархига сотиб олишга тайёр мамлакатлар ҳам борлигини асло ёддан чиқарайлик!
 
Саида ИБОДИНОВА,
«Оила ва табиат» мухбири