«Ҳар кимки ҳаётдан олмаса таълим, унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим» деган ҳикматни ёшлигимиздан бот-бот эшитганмиз. Аммо дарахт кушандаларига ҳаёт ҳам, жорий қилинган жарималар ҳам, мораторий ҳам «сабоқ» бўлмаяпти.
Куни кеча дарахтларга нисбатан Фарғона вилояти ва шаҳримиздаги Чилонзор туманида содир этилган қирғинлар бунга яққол мисол бўлади.
Ўзбекистон туманидаги «оммавий қирғин» оқибатида табиатга 856 млн. сўмдан ортиқ зарар етказилган. Аммо бизни бир масала қизиқтирмоқда, шу жарималар ундирилиши аниқми? Агар ундирилаётган бўлса, нега шундай катта жарима тўлаб ҳам дарахткушлар хулоса чиқаришмаяпти, тарбияланмаяпти?
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевга Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани «Қирқ кетмон» қишлоғидан келиб тушган мурожаатга кўра, қишлоқдаги қимматбаҳо дарахтлар электр таъминоти ходимлари томонидан ёлғон сабаблар билан кесиб ташланган.
Давлат экология қўмитасининг маълум қилишича, 48 туп сосна, 9 туп шумтол ва 30 тупдан ортиқ мевали дарахтлар кесилиб, табиатга 856 млн. 500 минг сўм миқдорида зарар етказилган. Видеомурожаатдаги ҳолатни кўриб, тўғриси йиғлагиси келади кишининг. Ёш, навқирон, ям-яшил яшнаб турган дарахтлар ер билан битта бўлиб ётибди. Эссиз... Шунча дарахтнинг кесилиши бу ҳудуднинг иқлимига қанчалар катта зарар келтиришини ўша валломатлар тасаввур қила олишадими?
Яқиндагина мамлакатимиз иқлими бошдан кечирган «термик депрессия», яъни ўта жазирама иссиқ кунлари тангадек сояга маҳтал, ғир этган шабадага зор бўлганимиз бир пасда ёддан кўтарилганга ўхшайди. Ахир дарахтлар кесилган жойда 30 даража иссиқ 50 даража бўлиб туюлиши аниқ-ку.
Тошкент шаҳрида Ўзгидрометнинг иккита узоқ йиллардан бери ишлаб келаётган метеорологик кузатув станцияси мавжуд. Бири Юнусобод туманидаги қадимий «Тошкент-Обсерватория» станцияси бўлса, иккинчи – Тошкент шарқидаги Қибрай туманидаги (Тузел) кузатув станцияси.
– Ушбу икки станцияда ўртача йиллик ҳаво ҳарорати ўртасидаги фарқ 1 даража ва ундан юқорироқни ташкил этади. Яъни Тошкент шаҳри ичи атрофидан 1 даража иссиқ. Бу ёзда ҳам, қишда ҳам 1 даража иссиқликни тақдим этади. Ҳозир эса ёз ойларида Тузелдаги станция пойтахт ичидаги станциядан 2 даражагача паст ҳароратни тақдим этмоқда, – дейди иқлимшунос олим Эркинжон Абдулаҳатов. – Бунга катта эҳтимол Тузелга яқин ҳудудда «Янги Ўзбекистон боғи» барпо этилиши сабаб бўлиши мумкин. Ушбу боғда ҳозирда яшиллик фитомассасини яратишга куч берилмоқда. Яшиллик ҳароратни бироз пасайтираётгандек гўё. Айрим тадбиркорлар ҳароратлар юқорилаши, жазирама ҳаводан тинкаси қуриб турли йўқотишларга дуч келмагунча яшиллик фитомассасини йўқ қилаверадилар шекилли...
Бундай фожиа содир бўлишида ўша ҳудудда яшовчи аҳолининг ҳам айби катта. Аслида жамоатчилик назорати бундай вақтда биринчи ўринга чиқиши керак эмасми?
Дарахтлар кесилиб бўлгач, айюҳаннос солгандан бирор фойда борми?..
Энг ачинарлиси, экологик вазиятнинг ниҳоятда танглашиб бораётгани сабабли йирик миқёсдаги лойиҳа – «Яшил макон» доирасида қанча техниканинг, қанча инсоннинг, қанча раҳбарларнинг, қанча юртдошларимизнинг қуввати, вақти, кучи сарфланиб юртимиз бўйлаб миллионлаб ниҳоллар экилди. Ҳалигача уларни жазирама саратондан олиб чиқиш учун куч-қувват, техникалар тиним билмай сарф қилиняпти. Ушбу икки воқеа мисолидаги ишларни қандай тушуниш керак? Бу парадокс нега тегишли ҳудудлар раҳбарлари, ҳокимларни ўйлантирмаяпти?
Саида ИБОДИНОВА,
«Оила ва табиат» мухбири
Табиатни асраш йўлида жиддий қарор: камёб ҳайвонларни овлаш тақиқланади
🕔13:30, 20.07.2026
✔43
Табиат – инсонга мерос эмас, балки келажак авлодлардан олинган омонат. Шу боис биологик хилма-хилликни сақлаш, йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвонот турларини муҳофаза қилиш ҳар бир давлатнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Батафсил
Ўзбекистон Экологик партияси: Пойтахт «яшил бекатлар»га муҳтож
🕔13:23, 20.07.2026
✔40
Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракатини яхшилаш, тирбандликларни камайтириш ва автобуслар ҳаракатини тезлаштириш мақсадида алоҳида BRT йўлакларининг ташкил этилгани муҳим ва ижобий қадам бўлди. Йўловчилар ҳам ушбу янгиликни илиқ кутиб олмоқда.
Батафсил
Сайёрамизда ҳаётни сақлаб қолишнинг шарти битта
🕔13:19, 20.07.2026
✔36
Тонг нафаси ҳали тоза бўлган паллада дарахтлар орасидан эсаётган майин шамол инсон қалбига таскин беради. Қушларнинг сайраши, мусаффо осмон остидаги осойишталик – ҳаётнинг энг буюк неъматларидан.
Батафсил