Инсон ўзинг      Бош саҳифа

КАРТОШКА БАҲОНА...

1985 йили раҳматли отам бирданига шошилинч равишда нафақага чиқди. У киши ишхонасида зарур ходим бўлгани учун кўпчилик ҳайрон қолди. Отамиз ўзимизда ва бир қанча хориж мамлакатларида ўз касби туфайли машҳур эди ва эришган обрў-эътибори ҳам шунинг орқасидан эди.

КАРТОШКА БАҲОНА...

Уйдагилар ҳам бироз ҳайрон бўлганимизга жавобан у киши: «Биринчидан, нафақа ёшидан ошдим, иккинчидан, қачонгача ҳар куни ишга кеч қолдимми-йўқми деб юраман, энди дам олишга ҳақлиман» деди. Мени бу жавоб қониқтирмади ва ўзимча ишхонасида кўнглини қолдирадиган бирон сабаб бўлган бўлса керак, деган гумонга бордим.

Бир куни отам менга даладаги амакисини бирга бориб кўриб келишимизни айтди. Мен эрта билан отамни олиб, амакисиникига, Кўктерак яқинидаги уйига олиб бордим. Отамизнинг амакиси аёли билан ёлғиз яшар эди. Уларнинг фарзанди бўлмагани учун қариндошлар хабар олиб турар эдик. Чол-кампирнинг ёши саксондан ўтган, бизнинг уйимизда туришга ҳеч розилик беришмас эди. Олиб келганимизда ҳам зўрға бир кеча туришар, гўё ҳовлимиз девори нафасини бўғарди. Уларнинг уйи эса даланинг қоқ ўртасида — деворсиз ва қўни-қўшнилар уйлари ҳам узоқ эди. Амакимникига борганимизда у курси ёнида ўтирар, буви эса касал аҳволда ётган экан.

Ўша куни кечгача далада бўлдик. Амаки билан ҳазил-мутойиба қилиб, кўнглини олдик. Эртасига отам мени чақириб: «Ҳозир анча эркинман. Кеча кўрдинг, амакиникида қанча ер бўш ётибди. Шу далага бориб, ўша ерда деҳқончилик қилмоқчиман. Мен учун у ер жуда азиз, ўша ерда туғилганман, отам вафотигача ўша ерда турганман. Доим ўша ерда туриб, деҳқончилик қилишни кўнглим қумсар эди, лекин мана энди қариганимда имконим бор» деди. Мен ишонқирамадим, сабаби, отам деҳқончиликни билмас эди. Анча-мунча машҳур инсон ҳамма нарсани йиғиштириб, деҳқончилик қилиши биз учун ҳам ғалати ҳол эди. Мен эътироз билдириб, бунга ҳеч қандай муҳтожлик йўқ-ку, десам ҳам ўз фикрида қатъий туриб олди ва менга картошка уруғи топиб келишни буюрди. Уруғлик олиб келдим-да, эртасига отамни қишлоққа олиб бордим.

Отам менга: «Сен энди кетавер, бирор ҳафтадан кейин хабар оларсан» деди. Мен икки кундан кейин кечқурун қишлоққа бордим. Отам ҳовлидаги супада амакиси билан чақчақлашиб ўтирган экан. Мен четда турган уруғлик солинган қопларга қараб, «Картошкани ҳали экмабсиз-ку», дедим. Отам кулди: «Шунинг учун бир ҳафтадан кейин келгин дегандим-да» деди. Мен бирор деҳқондан ёрдамчи гаплашиб берай десам, рад этди.

Уч кундан кейин яна бордим ва кираверишда қўшниларидан бири чиқиб келаётганини кўриб, саломлашдим. Қўшни очиқ чеҳрали киши экан, мен билан бироз сўрашиб: «Биз жуда қойил қолдик отангизга. Бутун умри шаҳарда ўтган, бир кун ҳам деҳқончилик қилмаган инсон шунча ерни кетмон билан чопиб картошкани рисоладагидек қилиб экканини қаранг», деди. Кейин билсам, аввалги борган куним кўрган қоплардаги картошкани шу қўшни берган экан, мен олиб берган уруғликни эса отам ўша куниёқ экиб бўлган экан. Мени хижолат қилмаслик учун индамаган экан.

Шу алфозда ёз ўтди. Мен вақти-вақти билан хабар олиб турдим. Орада амакининг аёли оламдан ўтди. Маросимларини адо қилдик. Бу орада картошка ҳам етилиб, ҳосил оладиган вақт келди. Отам: «Мана энди сизлар ҳам ҳиссангизни қўшадиган вақт келди, фалон куни келинглар, менга картошкани қазиб олишга ёрдам беринглар» деди. Айтган куни эрталаб мен, аёлим, опаларим ва поччалар билан далага бордик. Отам экин майдонида картошкани қазиб, қопларга солаётган экан. Териб қўйилган саккиз қопни опаларимга: «Буни сизлар учун териб қўйдим, машиналарингизга солиб кетаверинглар, қолганини ўғлим билан келиним теради» деб уларни ишдан озод қилди.

Биз аёлим билан ишга тушиб кетдик. Кечгача ҳамма ҳосилни териб, уйиб қўйдик. Отам иккита бўш қоп олиб келди-да, шуни картошка билан тўлдириб, машинамга ортишни буюрди. Мен: «Айтмабсиз-да, келишимда қоплардан олиб келардим, яна етти-саккиз қоп керак», дедим. Отам: «Бизга шу икки қоп етади, қолганлари қўшнига қолади», деди. Отам бояги қўшнини чақирди-да, уюм турган картошкага ишора қилиб: «Буни сизга қолдирдик, биз керагини олдик. Энди мен ҳам уйга боришим керак, сиз амакимдан хабар олиб туринг, биз вақти-вақти билан келиб турамиз», деди.

Биз вақти-вақти билан амакидан хабар олиб турдик. Амаки ҳам вақт-соати етиб, оламдан ўтди. У кишининг ҳам ҳамма маросимларини қилдик. Бошқа картошка экиш масаласига қайтмадик.

Отам яна ўз касби бўйича фаолиятни давом эттирди. Аввалгидан кўра кўпроқ иш билан банд бўлди, ҳар куни баракали, унумли бўлиб, ишхонасида ҳам азиз бўлиб, жуда кўп хориж мамлакатларига таклиф қилинди. Умрининг охиригача одамлар эътиборида бўлди. Отам сермазмун умр кўриб, 89 ёшда оламдан ўтди.

У кишининг ҳаёт ва ижоди ҳақида ҳужжатли фильм яратиш даврида фильм ижодкорлари мендан отамнинг туғилган қишлоғига олиб боришимни илтимос қилишди. Уларни ўша қишлоққа бошлаб бордим. Гуруҳ ўз ишини бошлаб, лавҳаларни суратга олишаётган пайтда ўша қўшни киши олдимизга келиб, саломлашди ва менга: «Отангиз қандай ажойиб инсон эди, ўша йили картошка баҳона чол-кампирга қараш учун келганини биласизми?», деди мени ҳайрон қолдириб. «Нега ундан кейин ҳам, олдин ҳам бу ишни қилмаганини ўйлаб кўрмадингизми? Бир куни қарасам, отангиз ошхонадан коса кўтариб чиқиб, буви ётган хонага кириб кетди. Эртасига ҳам худди шу манзарани кўрдим. Билсам, ҳар куни уч маҳал кампирнинг оғзига қошиқ тутиб, овқатлантирар экан. Чунки кампир оғир аҳволда, ўзини эплолмас эди. Мен жуда қаттиқ таъсирландим. Кечқурун олдига келиб: «Сиз машҳур одамсиз, давлатингиз етарли, бирон-бир одамни шу ишларга ёллашингиз мумкин-ку», дедим. У киши бир жилмайди-да, кейин жиддий оҳангда: «Мен фарзандларимга айтсам ҳам бу ишни қилишади, одам ёллаш менга қийин эмас, лекин қариган одамга меҳр керак, айниқса, фарзанди бўлмаган инсонларга. Ўйлаб кўринг, шу ҳолатида унинг кўнглидан нималар ўтади. Мен буни меҳр билан қиламан, менда бу ишдан уялиш бўлмади. Қолаверса, буни болаларимга ҳам билдирмадим ва бу ерда туриш учун картошка экишни баҳона қилдим» деди.

Мен қўшнининг бу гапини ҳайратланиб эшитдим. Кўзимга ёш келди.

Кўп нарсадан воз кечиб, одамлар эътиборидан ўзини четга олиб, шу кекса қариндошларига меҳр беришни ҳар нарсадан устун қўйган отамнинг фазилатларини ҳозирда фарзандларимга гўзал хулқ намунаси қилиб гапириб юраман.

Алишер АЛИМАТОВ




Ўхшаш мақолалар

Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли

Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли

🕔15:43, 15.05.2026 ✔121

МУҚАДДИМА

Ҳақиқий ёзувчи-шоирлар ҳақиқатни ёзишни хуш кўради. Дунё­нинг ­қайси бир четидаги адолатсизлик уларга худди ўзининг уйида рўй бераётгандек туюлади. Қайдадир адолатнинг барқарорлиги ёки ғалабаси уларнинг руҳиятини кўтаради. Улар ҳар бир яхши одамнинг муваффақиятидан қувонади, одамларнинг муаммолари эса уларнинг ҳам дардига айланади.

Батафсил
Унутилмас  умр  ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон

Унутилмас умр ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон

🕔09:06, 08.05.2026 ✔114

...Уйига ҳалок бўлгани ҳақида қорахат жўнатишади. Яқинлари, бир ўғли билан уйда қолиб, зор-интизор кутаётган аёли қайғули хабардан қаттиқ изтиробга тушишади. Қишлоқ аҳли, яқинлари унинг учун аза тутишади. Ўша машъум қорахатдан сўнг орадан саккиз ойча вақт ўтиб...

Батафсил
Дарахтлар – менинг  дўстларим

Дарахтлар – менинг дўстларим

🕔16:47, 30.04.2026 ✔136

...Хурсанд аммам энам билан тенгдош, иккиси ҳам қутлуғ саксон ёш остонасида. Ҳордиқ куни меҳмон бўлиб келди, мириқиб суҳбатлашдик. Нимагадир, аммамни болаликдан опа, деб қадрлаймиз, тўнғичларимиз шундай атаган, биз уларга эргашган бўлсак керак.

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

  • Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли

    Риёсиз сўзлар Буюк ўзбек йўли

    МУҚАДДИМА

    Ҳақиқий ёзувчи-шоирлар ҳақиқатни ёзишни хуш кўради. Дунё­нинг ­қайси бир четидаги адолатсизлик уларга худди ўзининг уйида рўй бераётгандек туюлади. Қайдадир адолатнинг барқарорлиги ёки ғалабаси уларнинг руҳиятини кўтаради. Улар ҳар бир яхши одамнинг муваффақиятидан қувонади, одамларнинг муаммолари эса уларнинг ҳам дардига айланади.

    ✔ 121    🕔 15:43, 15.05.2026
  • Унутилмас  умр  ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон

    Унутилмас умр ёхуд қорахат қаҳридан қайтган қаҳрамон

    ...Уйига ҳалок бўлгани ҳақида қорахат жўнатишади. Яқинлари, бир ўғли билан уйда қолиб, зор-интизор кутаётган аёли қайғули хабардан қаттиқ изтиробга тушишади. Қишлоқ аҳли, яқинлари унинг учун аза тутишади. Ўша машъум қорахатдан сўнг орадан саккиз ойча вақт ўтиб...

    ✔ 114    🕔 09:06, 08.05.2026
  • Дарахтлар – менинг  дўстларим

    Дарахтлар – менинг дўстларим

    ...Хурсанд аммам энам билан тенгдош, иккиси ҳам қутлуғ саксон ёш остонасида. Ҳордиқ куни меҳмон бўлиб келди, мириқиб суҳбатлашдик. Нимагадир, аммамни болаликдан опа, деб қадрлаймиз, тўнғичларимиз шундай атаган, биз уларга эргашган бўлсак керак.

    ✔ 136    🕔 16:47, 30.04.2026
  • Миздаҳкан –  ўн икки минг  қўрғонли қалъа  ҳамон қад ростлаб турибди

    Миздаҳкан – ўн икки минг қўрғонли қалъа ҳамон қад ростлаб турибди

    Бугунги кунда давлатимиз томонидан сайёҳликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилиб, бу борада муҳим шарт-шароитлар яратилмоқда. Мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда элдошларимиз юрт кезиб, дунёни томоша қилишга ошиқмоқдалар.

    ✔ 224    🕔 15:32, 26.03.2026
  • Инсонийлик –  одам ва олам  мувозанатининг олий мезони

    Инсонийлик – одам ва олам мувозанатининг олий мезони

    Борлиқдаги ҳар бир нарса инсон манфаатларига хизмат қилади. Инсоннинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун минглаб табиий неъматлар туҳфа этилган. Аммо уларнинг барчаси ўлчовли. Ҳар бир киши ана шу ўлчов масъулиятини ҳис қилиб яшашга бурчлидир.

    ✔ 332    🕔 16:15, 19.02.2026
Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар