«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилЯнги ўқув йилининг бошланиши нафақат халқ таълими тизимида, балки олий таълим тизимида ҳам катта муаммолар борлигини яққол кўрсатмоқда. Шулардан бири – бу ҳар йил такрор бўладиган талабаларни турар-жой билан таъминлаш масаласидир.
Талабалар шаҳарчаси ва бошқа ОТМлар ёни шу кунларда кўч-кўронини кўтарган, кимлар биландир асабий телефонлашаётган, чарчаганидан майса устига ётиб олган, хуллас ётоқхона олиш илинжида умидвор кутаётган ёшлар билан тўлган. ОАВларда эса кети узилмасдан бу муаммони таҳлил қилиш мақсадида материаллар эълон қилинмоқда. Аммо ётоқхонасиз қолиб, кунига 50-60 минг сўмдан тўлаб кунлик меҳмонхоналарда тунаётган, узоқ вилоятлардан келиб турар-жой муаммоси сабаб боши қотган ёш йигит-қизлар бу муаммоларнинг ҳали-бери ҳал бўлишига ишонишмаяпти.
Биз улар билан суҳбатлашиш учун пойтахтимизнинг Талабалар шаҳарчасига бордик ва тушкун кайфиятдаги ёшларни кўриб, очиғи ачиндик, айримларидан ҳатто муаммосини сўрашга ҳам истиҳола қилдик. Зотан, уларнинг ҳозир яшаш учун бошпана топишдан-да каттароқ муаммоси йўқ. Ўқиш, билим олиш ҳақида эса ўйлашга ҳафсаласи ҳам йўқдек, гўё.
«Шеригим ўқишни ташлаб кетди»
Йўлак четида юклари устида ўтирган йигитчаларга кўзимиз тушди. Уларнинг тушкун кайфиятда ва жуда чарчагани шундоқ юз-кўзларида зоҳир. Мақсадимизни тушунтирганимизда улар бири қўйиб, бири ётоқхона олиш билан бўлаётган муаммоларни санай кетишди.
– Техника университетига ўқишга кирдим. Аммо Тошкент шаҳрига ўқишга кирганимдан жуда пушаймонман, – дейди Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидан келган Жамшид Нуруллаев. – Ўн кундан бери сарсон-саргардонмиз. Ўзимиз билан олиб келган пулларимиз кунлик меҳмонхонларга тўлашга кетяпти. Оиламизда фақат дадам ишлайди. У кишининг ойлиги ҳам бор-йўғи 2 млн.сўм атрофида. Мен нега ўқиш учун 12 млн. шартнома пули тўлаб, камига ижарада туришим керак? Таниш-билиши бор «учар»лар ўқув йилининг биринчи кунидаёқ жойли бўлиб олишди. Биз шаҳарни билмасак, қаерга боришга бошимиз қотган...
Унинг гапига шериги қўшимча қилди:
– Самарқандга ҳам ҳужжат топширгандик, аммо биринчи танланган ўқув юрти деган жойига Тошкент Техника университетини белгилабмизда. Бундай муаммолар борлигини билганимизда ўша ёқда ўқийверардик, – дейди ўзини Фирдавс Каримов деб таништирган йигитча. – Кеча бир ўртоғимиз ҳужжатларини қайтариб олиб, ўқишни ташлаб кетди. Неча йилдан бери тайёрланиб кирганди. Ижарада туришга умуман имконим йўқ. Қолаверса, ижарага қўювчи уй эгаларининг аксарияти айнан талабалар билан шартнома қилишни исташмаяпти. Бу эса бизнинг 300 минг сўмдан давлат томонидан тўлаб бериладиган ижара пулини олишимизга тўсқинлик қиляпти. Нима қилишга ҳайронмиз.
Улар билан суҳбатлашиб турар эканмиз, ёнимиздан кўрпа-тўшак кўтариб ота-оналар, неварасини етаклаган чол-кампирлар ҳам ўтиб қолди.
Азалдан пойтахтда вилоятдан келган талабага одам деб қарашмайдиям. Ҳаттоки уй бозорларида талаба бўлса керакмас, ижарага бермайман, деб туришади аксарият ҳолларда. Талабаларнинг айтишича, шу кунларда ижара нархлари ҳам яхшигина ўсган. Шунинг учун ҳам уларнинг аксарияти ўқишни эмас, қандай қилиб яхшироқ ва арзонроқ жой топиш ҳақида ўйлаётганини яшириб ҳам ўтиришмади.
Бир четда бошини асабий чангаллаб олган ота ва ёнида «қаерданам ўқишга кирдим» дегандек мунғайибгина турган қизга эътиборимиз тушади. Аста яқинлашиб амакини суҳбатга тортамиз.
– Қашқадарёнинг Чироқчи туманиданмиз. Бу ерда бирор таниш ё қариндошимиз йўқ. Қизим география факультетига ўқишга кирди. Ўғлим Қаршида ўқийди. Иккаласи ҳам шартнома асосида. Ётоқхона аввало имтиёзи борларга берилади дейишяпти. Ижара нархларини эшитиб бошимни ушлаб қолдим. Суриштирсак бир ойга 500-600 минг сўм экан киши бошига. Камига ўртадаги даллолга ҳам фоиз бериш керакмиш. Менда бундай пулни тўлашга имкон йўқ. Бунинг устига икки фарзандим ҳам шартномада ўқийди. Яна бири мактаб ўқувчиси. Нима қилишга бошим қотди. Ёки қайтариб олиб кетсамми деб ўйлаб қолдим. Ахир қиз бола бўлса. Бирор ишончли жой бўлмагандан кейин... – дейди ўзини Қаршибой Нишонов деб таништирган суҳбатдошимиз.
Ҳа, ўйлаб қоласан киши. Нега ҳар йили такрорланадиган ушбу муаммога ҳали ҳамон ечим топишга ҳаракат қилинмайди, наҳотки фалон пуллик катта-катта ситиларни барпо қилаётган давлатимизнинг, оддий талабаларни турар-жой билан таъминлашга қурби етмаса?..
Талабаларга ижара пули тўлаб бериладими?
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил cентябрь ойида ҳукумат қарори билан ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабаларга ойлик ижара тўловининг бир қисмини давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.
Қоплаб бериладиган тўлов ижара нархларидан келиб чиқиб белгиланади. Масалан, Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 1 баравари (300 минг сўм), қолган ҳудудларда – БҲМнинг 0,5 баравари (150 минг сўм)дан ошмаслиги белгиланган. Бунда маблағ ўқув йили давомида (ҳар йили 1 cентябрдан 1 июлгача) ёки ўқув йилининг давомийлигига қараб берилади. Бунинг учун ҳар ойнинг 7-санасига қадар ижара пули олиш учун номзодлар ариза топширишлари керак экан.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот котиби Мўмин Ибодовнинг ОАВга маълум қилишича, ётоқхона аввало чин етимлар, ногиронлиги бўлганлар, кам таъминланганлар ва кейинги навбатларда бир оиладан икки фарзанди контракт асосида ўқийдиганлар, ОТМга узоқдан келганлар ва имкон борича қиз болаларга берилади. Шу рўйхатдагиларнинг орасидан ҳам кўпроқ биринчи курслар таъминланишига ҳаракат қилинади.
Вазирлик нима дейди?
ОАВлардаги бу масалага бағишланган кўп сонли чиқишлардан сўнг Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги талабаларни турар жой билан таъминлаш, ижара ва тўлов-контракт масалалари мавзусида матбуот анжумани ўтказди.
Маълум қилинишича, бугунги кунда олий таълими муассасалари сони 2016 йилдаги 77 тадан 177 тага етган. Талабалар контингенти эса 200 мингдан 1 миллионга етиб, 5 бараварга ошган. Ҳозирда 113 та давлат олийгоҳининг биргина кундузги таълим шаклида илгариги 80-100 минг талаба ўрнига 500 мингдан ортиқ талаба ўқимоқда.
Бундай ўсиш кўрсаткичлари ётоқхонага бўлган талабни ҳам бир неча баробарга ошириб юборди. Айни пайтда олий ўқув юртларининг 92 тасида ётоқхонасининг қуввати 91 451 ўринни ташкил этади.
Лекин, янги ўқув йилида 211,1 минг нафар талаба турар жойга эҳтиёжи борлигини маълум қилди. Бу дегани бугунги кунда мавжуд ётоқ ўринлари 120 минг талабага етмайди.
Ётоқхонага жойлашишни кутишдан ташқари, тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинганларнинг олийгоҳ билан шартнома тузиш жараёнлари ва талабаларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини аниқлаш ишларига қўшимча вақт талаб этилгани ҳам айнан Талабалар шаҳарчаси ҳудудида кўпчиликнинг йиғилишига сабаб бўлди.
Вазирлик томонидан «ijara.edu.uz» электрон платформаси яратилиб, унга ҳар бир ҳудуд бўйича ижара уйларининг маълумотлар базаси шакллантирилган, ижара уйларининг манзили, нархи, уй эгасининг телефон рақами кабилар ушбу платформага жойлаштирилган, тьюторлар зиммасига талаба учун ижара уйини топиб бериш мажбурияти юкланган.
Режа 4 фоизга бажарилган холос
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда иккита ОТМ – Нукус ва Самарқанд давлат университетларида ётоқхоналар қурилиб фойдаланишга топширилган. Бу 2022 йилги режадан ҳозирча 4 фоизи бажарилганини кўрсатади.
ТТЖ қуриш учун тадбиркорларга субсидиялар ажратилганига қарамай, жараён секин кетмоқда. Талабалар контингенти энг катта бўлган Тошкент шаҳрида эса бу борадаги ишлар деярли бошланмаган. Фақат Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида тадбиркор 1 200 ўринли ётоқхона қурмоқда. Режага киритилган бошқа 9 университет бўйича эса аниқ бир маълумот йўқ.
Бу борадаги ишлар ана шундай суст борар экан, ҳали бери талабаларнинг ётоқхонларга бўлган талаби қонмаса керак. Чунки ётоқхона қуришни истаган тадбиркорларга 50 фоиз субсидия ажратилиши айтилган бўлса-да, улар ётоқхонадан кўра уй қуришни афзал билишмоқда. Бу эса ҳали тизимда бир-бирига боғлиқ муаммолар кўплигини кўрсатади.
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил