Долзарб мавзу      Бош саҳифа

Энергетик хавфсизлик Масаласи ечим топадими?

Мамлакатимизда аҳолини энергия билан таъминлаш масаласида муаммолар борлигини ҳамма билади. Албатта вазият бундан 4-5 йил илгаригидек аянчли аҳволда эмас.

Энергетик хавфсизлик  Масаласи  ечим  топадими?

Аммо масалалар тўла бартараф қилинган, деб ҳам айтиб бўлмайди. Жумладан яшил энергетика, алтернатив энергия турларидан фойдаланиш масалалари ҳали етарлича ўзлаштирилган эмас.  Умуман бу соҳа бутун дунёда кун тартибидан ҳеч қачон тушмаганини ҳам айтиб ўтиш керак. Зеро сайёрамиз аҳолиси сони яқин йиллар ичида 8 миллиардга етаркан. Бундан ташқари турли можаролар, урушлар, санкциялар туфайли шу пайтгача яратилган тизимлар издан чиқаётгани ҳам бор гап. Кўриниб турибдики, яқин келажакда энергияга бўлган талаб максимал даражага чиқади.

XX асрда водород технологияларини ривожланишга тўсқинлик қилган сабаблардан бири уни ишлаб чиқариш технологияси анчайин қимматга тушган. Бироқ ҳозирда юқори технологияларнинг қўлланиши натижасида бу жараёнларни арзонлашишига эришилмоқда, яна бир муҳим жиҳати унинг экологик тоза маҳсулот эканидир. Демак, бугунги кунда давлатларнинг иқлим ўзгаришига қарши курашишдаги мажбуриятларини амалга оширишда ҳам водороднинг аҳамияти беқиёсдир. Ер куррасида аҳоли шиддат билан ўсиб бораётган шароитда бино-иншоотларни, транспорт тармоғини, саноатни энергия билан таъминлаш муаммосининг ечими сифатида водородга эътибор қаратилмоқда.

Яқин ўн йилликлардаги асосий вазифа – водород технологияларининг мутлақо янги саноатини ва бозорини шакллантиришдир. Бунда экологик тоза «яшил» водородни ишлаб чиқариш, катта ҳажмларда сақлаш ва минглаб чақиримларга қувурлар, танкерлар орқали транспортировка қилиш ҳамда энергетика, транспорт, саноат ва уй хўжаликларида қўллаш тизимини яратиш талаб этилади.

Мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 86 фоизи газ, 4 фоизи кўмир ва мазут ҳисобига тўғри келади. Ўзбекистон Иқтисодий тадқиқотлар марказининг маълумотларига кўра, ҳозирги тенденциялари ва ҳажмлари сақланиб қолган тақдирда, қазилма углеводородларимиз захираси кейинги 20-30 йилга етади, холос. Эътибор қаратинг, бу хозирги сарфлашимиз шароитида. Яъни ҳисоб китобларда аҳолининг мунтазам ошиб бориши, саноат, қишлоқ ҳўжалиги, инфротузилма, ижтимоий соҳанинг тараққий этиши назарда тутилмаган. Агар бу пунктлар ҳисобга олинса захираларимиз 15 йиллар ичида тамом бўлишини башорат қилиш мумкин. Хўш, биз манбалар тугагунча қараб ўтирамизми ёки ҳозирдан кескин чоралар кўришга киришилмоқдами?

Бугун катта потенциалга эга қуёш ва шамол энергетикаси истиқболи тўғрисида ёзмаймиз. Аксинча ҳозирда бутун дунёда углеводородлар ўрнини жадал эгаллаётган «тоза водород» ҳақида фикр юритамиз. Зеро, инсоният тараққиётининг айни босқичида кўпчилик олимлар шу турдаги ёқилғи келажакни таъминлайди деган фикрда.

Бугунги кунда ундан фойдаланаётганлар ҳам кўп. Масалан, Канадада шаҳар транспортининг катта қисми водород ёқилғисидан фойдаланади. Шундай ло­йиҳалар Голландия, Испания, Германия, Италия, Люксембург, Исландия  давлатларида амалга оширилмоқда.

Австралия, Жанубий Корея, Германия, Буюк Британия, АҚШнинг айрим штатлари ўзининг Водород стратегияларини ишлаб чиққан ва тасдиқлаган. Toyota Mirai, BMW Hydrogen7, Honda Clarity,  Ford Aistream, Mersedes GLC F-Cell, Pininfarina каби водоротда ишлайдиган мутлақо шовқинсиз машиналар ишлаб чиқилади.

Масала юзасидан Инновацион ривож­ланиш вазирлиги тармоқ корхоналарида инновацион экотизимни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Санжар Бердиевнинг фикрлари билан қизиқдик.

— Инсоният водород энергетикасининг афзалликларини анча олдин англаб етган, бироқ йирик саноат кўламида ундан ёқилғи сифатида фойдаланиш йўлга қўйилмаган. Бунга сабаб – ер юзида водород тоза ҳолда учрамайди, кимёвий бирикмалардан ажратиб олинган водород эса қазилма углеводородлардан анча қимматга тушади, — дейди Санжар Бердиев. — Қайта тикланувчан энергия манбалари (ҚТЭМ) қўлланилишининг ривожланиши «яшил водород» олиш  учун шароит яратди, янги технологиялар ривожланиши эса олинадиган водороднинг арзонлашиб боришига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистонда ҳам бу соҳага эътибор кучайяпти. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида водород энергетикаси технологиялари соҳасида умумий қиймати 10 млрд. сўмлик илмий-тадқиқотларни ташкил этиш ва 4 та янги илмий ишланма асосида водород энергиясини олиш, сақлаш ва ташиш технологиясини яратиш дастурини тасдиқлаш белгиланган.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Канада, Голландия, Испания, Германия, Италия, Австралия, Жанубий Корея, Буюк Британия, АҚШ каби давлатларнинг муқобил энергетикани ривож­лантириш соҳасидаги сиёсати ва илғор тажрибалари ўрганилди. Ўрганиш натижасида вазирлигимиз «Водород технологиялари» илмий-тадқиқот маркази ташкил қилиш таклифини ишлаб чиқилганди. Таклиф асосида 2021 йил 9 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори билан Энергетика вазирлиги ҳузурида Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институтини ва Водород энергетикаси илмий-тадқиқот маркази ташкил этилган.

Соҳани тараққий этказиш учун бундан ташқари ҳам кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, турли халқаро конференциялар ўтказилган, давлат дастурлари доирасида тадқиқотлар учун миллиардлаб маблағ ажратилмоқда. 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб, Тошкент давлат техника университетининг «Муқобил энергия манбалари (водород энергетикаси)» мутахассислиги қабул квотаси оширилиб, 3-курсдан бошлаб шу мутахассисликнинг 10 таси «Водород энергетикаси» йўналишига ихтисослаштирилди.

2022 йил 25 майда Инновацион ривож­ланиш вазирлиги томонидан  ишлаб чиқилган «Водород энергетикаси технологиялари соҳасида водородни олиш, сақлаш ва ташиш технологияларини яратиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари» дастури Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланди. Дастурга мувофиқ катта ишлар амалга оширилади.

Шулардан энг муҳими — қуёшнинг мужассамлашган  ёруғлик оқимининг иссиқлиги таъсирида ва катализаторлар ёрдамида водород олиш технологияси яратилади ва унинг асосида 1700 0С гача ҳароратда термокимёвий усулда водород олиш қурилмасининг тажриба намунаси ишлаб чиқилади.

Сувни электролиз усулида парчалаб, водород газини ажратиб олиш жараёнида қўлланиладиган маҳаллий хомашёдан катализатор турлари яратилади.

Яна бир хушхабар шуки, аммиак ва водородли ёқилғи элементларидан фойдаланган ҳолда водород газида харакатланувчи транспорт воситасининг тажриба намунаси ишлаб чиқилади.

Маълумот ўрнида

Водород мамлакатимизда қуйидаги йўналишларда ишлатилиши мумкин:

экологик тоза ёқилғи сифатида. Водород ёниши жараёнида фақат сув буғлари ажралиб чиқиб, ёниш жараёнида иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқарилиши мумкин.

ёқилғи элементлари сифатида. Бунда водороддан ёқиш жараёнисиз тўғридан-тўғри электр энергияси олинади ва натижада фақат тоза сув ҳосил бўлади. Бу элементлардан водород автомобилларида ҳам фойдаланилади.

«Яшил» энергетика нуқтаи назаридан водород ёқилғи элементларининг фойдали иш коэффициенти (ФИК) ўта юқори – 70-90%. Қиёслаш учун: энг яхши ички ёнув двигателлари ФИКи 35-40%ни ташкил этади. Қуёш фотоэлектр станциялари учун ФИК атиги 15-20% бўлиб, об-ҳаво шароитига ўта боғлиқ. Энг яхши шамол электр станцияларининг ФИКи 40%гача етади, лекин шамол станциялари ҳам қулай об-ҳаво шароитини ва қимматбаҳо хизмат кўрсатишни талаб қилади.

 

Саида Ибодинова




Ўхшаш мақолалар

Аҳоли уйларига қуёш  панеллари ва иссиқлик  насослари ўрнатиш учун субсидия  ажратилади

Аҳоли уйларига қуёш панеллари ва иссиқлик насослари ўрнатиш учун субсидия ажратилади

🕔16:31, 30.10.2025 ✔9

Янги низомга кўра, аҳоли уйларига қуёш панеллари ўрнатиш харажатларининг 20 фоизи, иссиқлик насосларининг 40 фоизи давлат томонидан қопланади. Энергия аудитининг ўзи эса тўлиқ бепул бўлади.

Батафсил
Давлат хизматларини рақамлаштириш –  «Яшил»  келажак  сари дадил қадам

Давлат хизматларини рақамлаштириш – «Яшил» келажак сари дадил қадам

🕔09:18, 23.10.2025 ✔41

Рақамли иқтисодиёт трансформацияси шароитида «Сервис давлат» тизими давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигига қандай таъсир кўрсатаётгани, уларни нафақат қулай, балки экологик жиҳатдан ҳам тозароқ қилиш масаласи айниқса долзарбдир.

Батафсил
Яширин экологик таҳдид ва  кўринмас  хавф

Яширин экологик таҳдид ва кўринмас хавф

🕔15:28, 16.10.2025 ✔55

«Телевизорни пасайтир!», «Секинроқ гапир, бақирма!», «Шовқин солма!», «Деразани ёп, жудаям шовқин!..»

Батафсил
Ҳаммасино кўриш

Сонларни танлаш

Пайшанба, 30-Декабр  
52 51 50 49 48 47 46
45 44 43 42 41 40 39
38 37 36 35 34 33 32
31 30 29 28 27 26 25
24 23 22 21 19 18 17
16 15 14 11 10 9 8
7 6 5 4 3 2 1

Ҳаммасини кўриш 

Кўп ўқилганлар

Ҳаммасини кўриш 

Фойдали манбаалар