«Мен ёнмасам, сен ёнмасанг...»
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилОв қилиш – кўнгилхушлик, бу эса қимммат бўлиши керак!
Табиий биохилма-хилликни сақлаш ва ривожлантиришда ўрмонлар ниҳоятда муҳим ўрин тутади. Ўрмонлар табиатдаги беқиёс мувозанатни сақлаб тургани боис ҳам уларни асраш – ўта долзарб, керак бўлса айтиш мумкинки, ҳаёт-мамот масаласидир. Чунки, табиат – бу бутун мавжудотнинг борлиги, тириклиги, қолаверса ўзаро симбиоз муносабати. Инсон ҳам ана шу табиатнинг бир бўлаги экан, унга нисбатан бугунги муносабатимизни мутлоқо ўзгартиришимиз шарт.
Ҳеч бўлмаганда бугунги табиий мувозанатни шу ҳолатида сақлаб, кейинги авлодларга етказиш инсоният олдидаги энг катта қарздир. Табиат – атроф муҳит бизга ота-бобомиздан авлодларимизга мерос ва омонат сифатида қолдирилган. Мана шу омонатга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ хиёнат қилишга. Майли ундан фойдаланайлик, лекин камайтирмасдан, балки кўпайтириб, табиат бизга берган неъматларнинг ўрнини тўлдириб, атрофимиздаги наботот ва ҳайвонот оламига бирдек эҳтиёткорона муносабатни сақлаган ҳолда жавоб берайлик она табиатга.
Тўғри, бу бўйича анча кўп ва хўп гапирилди. Амалий ишлар ҳам қилиняпти. Лекин табиатга ўзимиз етказаётган зарарнинг ўрнини тўлдириш қийин бўляпти. Биргина мисол: тоғ ёнбағирларидаги табиий ўрмонларни, пистазорларни кесиб ташлаш, яйловлардан пала-партиш фойдаланиш туфайли қир-адирларимиз ялонғоч бўлиб қолмоқда. Ва оқибатда тоғолди ҳудудларида сел хавфи йилдан-йилга ошиб бораяпти.
Маълумотларга кўра, антропоген омиллар таъсири натижасида рўй бераётган «ўрмонсизланиш» жараёни туфайли фақатгина 1990 йилдан 1995 йилга қадар Ер юзасидан 65 млн. гектар ўрмон батамом йўқ бўлган. Мутахассисларнинг ҳисобига кўра, ҳозирги пайтда ҳар йили 11,1 млн. гектар ўрмон кесиб юборилмоқда. Тасаввур қиляпсизми, ҳар бир минутда 21 гектар!
Ер иқлими айнан шу ўрмонларга боғлиқ бўлиб, уларнинг муттасил равишда кесилиб юборилиши атмосферадаги карбонат ангидрид – СО2 миқдорининг кўпайишига олиб келади ва «парник эффекти»ни вужудга келтиради.
Ўрмонлар бетакрор экологик хизматларни кўрсатувчи табиий тизим бўлиб қуруқликда яшайдиган 80 фоиз биологик турларнинг яшаш макони, муҳити ҳисобланади. Бу эса ўз навбатида флора ва фауна билан боғлиқ бўлган қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларнинг барқарорлигини таъминлайди.
Ўзбекистон табиати ва табиий бойликларини муҳофаза қилиш ҳамда биохилма-хилликни сақлаш ҳамда ўрганишда ўрмон хўжаликларининг аҳамияти жуда катта. Маълумот учун, Ўзбекистонда ўрмон фонди ерлари қарийиб 12 млн. гектар бўлиб, шундан ўрмон билан қопланган майдонлар 3,2 млн. гектарни ташкил этади. Ўрмон фонди ерларининг 81 фоизи чўл, 14 фоизи тоғли, қолган 5 фоиз қисми эса водий ва тўқай ҳудудларидан иборат.
Бундан беш йил муқаддам мамлакатимиз ҳудудидаги мавжуд барча ўрмонлар бир тизимга бирлаштирилиб, ягона ўрмон сиёсатини юритувчи тузилма сифатида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ташкил этилган эди. Қўмитага қатор вазифалар белгилаб берилган бўлиб, шулардан энг асосийлари: мавжуд ўрмонлардан оқилона фойдаланиш, қўриқлаш, сақлаш ва албатта кўпайтириш.
Ўтган йили минг гектарга яқин майдонда 80 турдан ортиқ ўрмон дарахт ва бута турларининг ниҳолхона ва кўчатхоналари ташкил этилди. Олдинги йилларга нисбатан 2-3 баробар зиёд кўчат ва ниҳоллар етиштирилди.
Жумладан, 15 млн. дона игнабарглилар, 50 млн. донадан ошиқ тез ўсувчи ва япроқбарглилар, 15 млн. донадан ошиқ мевали, ёнғоқмевалилар ҳамда буталарнинг ниҳол ва кўчатлари етиштирилмоқда.
Сел оқимлари юзага келиш хавфи мавжуд бўлган тоғ ёнбағирларида илдиз тизими тупроққа чуқур ўсувчи ва илдиз бачкилари кучли ривожланадиган, танаси мустаҳкам дарахт турлари (оқ акация, гледичия, темир дарахти, заранг) экилиб, табиий ҳимоя ҳудудлари барпо этилмоқда.
Алоҳида таъкидлаш керак, ўрмончилар томонидан Оролнинг қуриган тубида ва Оролбўйи ҳудудларида бениҳоят катта ишлар олиб борилмоқда. Охирги 3 йилда 1,7 млн. гектар майдонга чўл ўсимликларининг уруғлари экилиб, кўчатлар ўтқазилаётганидан кўпчилик хабардор. Лекин бу ишлар осонлик билан бўлаётгани йўқ. Қирқ даража совуқда ҳам темир вагонларда 4-5 ойлаб қолиб, «яшил қоплама»лар барпо этишди. Бу – катта жасорат. У ердаги экстремал, кескин континентал шароитни фақат борганлар билади. Айтиш жоиз, кўпчилик 3-4 кунга ҳам чидай олмайди. Лекин бизнинг қаҳрамонлар ўша ерда туну-кун қолишиб ишлашди.
Бундан ташқари ўрмончилар томонидан Оролбўйи ҳудудлари – Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухороо, Навоий вилояти ҳудудлари, ёки бир сўз билан айтганда, бепоён қизилқум чўли массивларида ҳам кенг кўламли ишлар бошлаб юборилди. Яъни, бу ҳудудларда ҳам «яшил белбоғ»лар ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Масалан, Бухоро вилоятининг 5 та тумани ҳудудида 120 км. Узунликда 112 минг гектарда, Конимех, Томди ва Учқудуқ туманларида 150 минг гектарда «яшил қалқон»ни экиш ва парваришлаш бошлаб юборилган.
Бугун ўрмон ҳудудларини асраш ва кўпайтириш қанчалик долзарб аҳамият касб этаётган бўлса, мавжуд ўрмонлар потенциалидан янада самарали фойдаланиш, ҳудудларнинг экологик ҳолатини яхшилаш, қўшимча даромад олиш ва янги иш ўринлари яратиш ҳам муҳим вазифалар сирасига киради.
Маълумотларга кўра, бугун ўрмонларимизда ўсимликларнинг 1400 дан ортиқ турлари мавжуд бўлиб, шулардан 18 дан ортиқ тури Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган. Ҳайвонларнинг 300 дан ортиқ турлари мавжуд бўлиб шулардан 20 дан ортиқ тури «Қизил китоб»га киритилган. Масалан, Зомин миллий табиат боғи ҳудудида 216 хил турли қўзиқоринлар бўлиб, масъул ходимлар томонидан уларнинг ўсиш шароити, кўпайиши, сақланиши ўрганилмокда. Боғ ҳудудида 44 турдаги ҳайвонлар, 102 тур қушлар, 3 турдаги балиқлар борлиги аниқланган.
Мамлакатимизда 9 та овчилик хўжаликлари ташкил этилган. Биздаги маълумотларга кўра, Қолгансир ва Далварзин давлат ўрмон-ов хўжаликлари ҳудудларида ёввойи чўчқа ва қирғовул парваришхоналарини ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда. Қоракўл давлат ўрмон-ов хўжалигида туяқушларни кўпайтириш учун парваришхоналар ташкил этилмоқда. Қўнғирот давлат ўрмон-ов хўжалигида эса балиқчилик сунъий сув ҳавзаларини яратиш ишлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бизда ов ҳайвонлари ва паррандаларини овлаш жуда арзон, керак бўлса айтиш мумкинки, деярли текин. Гап шундаки, ов – бу тирикчилик манбаси ёки жон сақлаш, қорин тўйдириш масаласи эмас. Ов бу кимлар учундир кўнгилхушлик. Кўнгилхушлик эса қиммат бўлиши, табиатга келтирилган зарар ўрнини 10 марталаб қопланиши ҳисобига бўлиши керак.
Афсуски, ҳозирги кунда мамлакатимизда бу хизмат деярли текин. Масалан, ўрдак, чуррак, каклик, қашқалдоқ учун – 10 800 сўм; каптар, бедана, ботқоқ қуши учун – 3 600 сўм; қуён – 18 000 сўм; ёввойи ғоз – 25 200 сўм; тўнғиз – 1 млн. 802 минг сўм; қирғовул учун (тустовуқ) – 25 000 сўм тўлайсиз холос.
Аслида бу каби табиатга зиён келтирадиган кўнгилхушликлар қиммат бўлиши ва бу маблағ ҳар бир йўқотилган ҳайвон ёки парранда ўрнига камида 10 тасини тиклашга сарфланиши керак.
Ана шундагина табиий мувозанатни сақлаб туриш мукин. Лекин айни шу борадаги муаммоларни бот-бот эшитамиз, гувоҳи бўламиз, баъзида браконьерлар битта ёввойи ҳайвонни овлайман деб бутун бошли тўқайларга олов қўйиш ҳолатларига ҳам дуч келяпмиз. Афсуски бу ҳолатларга қарши етарлича чора кўра олмаяпмиз. Оқибати эса нақадар аянчли...
Миллий табиат боғлари, қўриқхоналардан ташқари, бошқа ўрмон хўжалиги ҳудудларида ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг реестри деярли юритилмайди ёки таваккал-тахминий рақамларни оламиз. Яъни ўрмончиларнинг оғзаки гаплари билан хулоса қилишга тўғри келади. Шунинг учун бу борада биз экологларимизни, соҳа олимларини ҳамкорлик қилишга чақирамиз. Бу ишларни инновацион технологияларни (гео информацион техник воситалар, аэрокосмик тадқиқотлар, дронлар ва ҳоказо) қўллаган ҳолда амалга ошириш керак. Ҳозирда Инновацион вазирлиги қошида ташкил этилган илмий кенгашларга ушбу долзарб масалаларни ҳал этиш учун илмий лойиҳалар эълон қилишлари учун таклифлар беришимиз керак. Олимлар жамоалари бирлашиб, ушбу масалаларни чуқур ўрганиши, илмий асосланган тавсияларни бериши лозим. Жумладан:
– ўрмон муҳофазаси, касаллик ва зараркунандаларнинг тарқалишига қарши курашиш тизимини яратиш, ўрмон ёнғинларига қарши курашишнинг замонавий услубларини жорий этиш орқали биохилма-хилликни сақлаш;
– ўрмон фонди ерларидаги мавжуд биохилма-хилликни сақлаш учун хорижий грантларни жалб қилиш;
– овланадиган ҳайвонларни такрор кўпайтиришни йўлга қўйиш, биологик ресурсларга зиён етказмасдан ов қилиш механизмларини ривожлантириш;
– аҳолининг барча қатламлари, айниқса муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар ва уларнинг атрофида яшовчи аҳоли ўртасида табиатни муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш йўналишидаги тарғибот ишларини янада кучайтириш, аҳолининг биологик хилма-хилликни сақлаш ва ундан оқилона фойдаланиш соҳасидаги билимларини ошириш ва бу ишда уларнинг фаол иштирокини таъминлашга эришиш мақсадга мувофиқдир.
Абдушукур ҲАМЗАЕВ,
Ўзбекистон Экологик партияси
Марказий кенгаши раиси ўринбосари
Дарҳақиқат, машҳур шоир Нозим Ҳикмат «Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, у ёнмаса, зулматни ким ёритар ахир» деган даъватида ғафлатда ётганларни, лоқайдларни уйғотиш наъраси ётади.
БатафсилАбдурауф Фитрат – ХХ аср бошида Ўрта Осиё маънавий ҳаётига катта таъсир кўрсатган маърифатпарвар, ислоҳотчи ва зиёлилардан бири.
БатафсилЭнди ҳокимият органлари раҳбарлари «Кенгаш соати»да ҳисоб беради
Батафсил